Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари

Масжидул Ҳаромдан кейинги энг мўътабар ва табаррук масжид “Масжидун Набий” жомеи (Пайғамбаримизнинг масжиди) Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида жойлашган. Масжид ўрнини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн динорга сотиб олганлар ва масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, шахсан ўзлари иштирок этганлар. Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохи, устунлари эса хурмо ёғочидан бино қилинган. Ёмғир ёғса шифтдан сув ўтиб, сажда қилган одамнинг пешонаси лой бўлар эди. Жоме кейинчалик ҳазрат Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум ҳамда кейинги халифа, подшоҳлар томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин олти юз эллик йил мобайнида масжиднинг ҳеч қандай гумбази бўлмаган. Биринчи бўлиб 1279 йили султон Мамлук уни ёғочдан қурдирган. Дастлаб у бинафшаранг, кейинчалик оқ ва кўк рангларда бўлган. 1837 йил ҳозирги яшил кўринишга келтирилди. 

Масжид қурилган дастлабки йил унинг узунлиги 35 метр, майдони 1050 кв. метрни ташкил этган бўлса, ҳижратнинг еттинчи йилига келиб масжид томонлари 50 метр, майдони эса тахминан 2475 кв.м бўлган тўртбурчак шаклга келди. 1951 йил мамлакат раҳбари Абдулазиз Оли Сауд буйруғи билан масжид кенгайтирилди. 1955 йили охирига етган таъмирлаш ишларидан кейин масжиднинг ҳудуди 12271 кв.м.га етди. 1984 йил подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан  “Масжидун Набавий”ни янада кенгайтириш бўйича биринчи ғишт қўйилди.

Ҳозирда масжид юз минг квадрат километрли муҳташам майдонга айланган бўлиб, унда 1 миллиондан ортиқ мусулмон намоз ўқиши мумкин. Масжиднинг бир юз беш метрли иккита, етмиш беш метрли тўртта минораси, 400дан ортиқ устуни, 6800 та қандили, зиёратчиларни қуёшнинг жазирама нурларидан тўсиб турувчи очилиб-ёпиладиган катта соябонлари мажмуанинг кўркига кўрк қўшади. Кундузи қуёш нуридан мажмуа қум рангида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган ҳужра гумбази эса яшил рангда товланади.

Масжидга ўзгача кўрк бахш этаётган қуббаси ҳамда деворларига Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ёзилган.

Шунингдек, ушбу масжид Арабистон яриморолида илк бора электр қуввати пайдо бўлган иншоот ҳисобланади. Усмонлилар ҳукмронлиги даврида 1910 йилда ушбу масжидга чироқ ўрнатилган. Ҳатто турк султони саройида ҳам электр тармоғи бир неча йилдан сўнг пайдо бўлган.

“Масжидун Набий”да ўқилган намознинг савоби улуғдир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу масжиддаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаром бундан мустасно”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳар йили ҳаж ибодатини адо этиш учун келган миллионлаб ҳожилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш мақсадида ушбу масжидга ҳам ташриф буюришади. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлур”, деганлар (Имом Қози Иёз ривояти).

                              

Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади

Read 10349 times
Top