Сийрат ва ислом тарихи

Муҳожир саҳобаларнинг фазли

Муҳожир дегани, тарк қилувчи, бир жойдан бошқа жойга кўчиб ўтувчи деган маъноларни англатади.

Сийрат китобларида зикр қилинган муҳожирлар эса, асли маккалик кишилар бўлиб, дину иймон учун она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган зотлар тушунилади. Уларнинг кўплари ҳижрат сабабли мискин, фақирга айланган эдилар. Улар фақат Аллоҳ берадиган фазлини деб ва Унинг розилигини топамиз деб, бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан Аллоҳнинг ишига ва Пайғамбарга қўлларидан келган ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни иймонларида содиқ кишилар, деб мақтаб, Ҳашр сурасидаги қуйидаги оятни нозил қилган:

«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган камбағал муҳожирларникидир, зеро, улар Аллоҳдан фазл ва ризолик истайдилар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берадилар. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар» (Ҳашр 8-оят).

Яна бошқа оятда Аллоҳ муҳожирларга охиратда тайёрлаб қўйган мукофот ҳақида хабар бериб айтади:

«(Маккадан) ҳижрат қилган, юртларидан бадарға қилинган, Менинг йўлимда азият чеккан, жанг қилган ва қатл этилганларнинг гуноҳларини каффорат қилурман ва Аллоҳнинг мукофоти сифатида уларни остиларидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий яшаладиган жаннат (боғлари)га киритурман. Аллоҳнинг ҳузурида (мўминлар учун) яхши савоблар (бордир)» (Оли Имрон 195-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирларни фазлини баён қилиб: «Агар ҳижрат бўлмаганида, ансорийлардан бири бўлардим», деганлар. Яъни ҳижратнинг фазли ансорий бўлишдан устун. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиснинг ўзида ансорлик ҳам нақадар улкан мақом эканини билдириб: «Ансорлардан бири бўлардим», демоқдалар.

Имом Муновий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда муҳожирларнинг фазли янада равшан бўлади:

عن أبي سعيد الخدري قال : قال رسول الله - صلى الله عليه وسلم - : " إن للمهاجرين منابر من ذهب يجلسون عليها يوم القيامة قد أمنوا من الفزع " .رواه المناوي

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат кунида муҳожирлар учун олтиндан ясалган минбарлар бўлади. Улар унга ўтирадилар. Муҳожирлар (қиёмат) қўрқинчидан омонда бўладилар», дедилар».

Доктор Абдуллоҳ Тароблусий муҳожирларнинг фазлларини жамлаб қуйидагиларни санаб чиққанлар:

· Илк мусулмонлар жамоаси муҳожирлардан экани;

· Пайғамбарликни биринчи тасдиқлаган саҳобалар ҳам муҳожирлардан экани;

· Пайғамбарга биринчи саҳоба бўлган инсонлар ҳам муҳожирлардан экани;

· Пайғамбарни ҳимоя қилган илк жамоа ҳам муҳожирлардан экани;

· Ислом даъватини бошқаларга етказган илк саҳобалар ҳам муҳожирлардан экани;

· Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиган илк жамоа;

· Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижратда ҳамроҳ бўлган саҳоба ҳам муҳожирлардан экани;

· Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам муҳожир эканлари;

·  Аллоҳ таоло муҳожирларни Қуръонда мақтаб зикр қилгани;

· Аллоҳнинг Ўзи уларнинг барчасидан рози бўлгани ҳақида хабар бергани;

·  Энг олий мақомлардан бири ҳисобланган собиқунлар ҳам муҳожирлардан экани;

· Тириклигида жаннатийлиги башорат берилган ўнта саҳоба ҳам муҳожирлардан экани;

· Тўрт буюк халифалар ҳам муҳожирлардан экани;

· Аллоҳнинг Ўзи муҳожирларнинг иймонда содиқ эканларини таъкидлагани;

· Қиёмат кунида уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилиши;

·  Энди бу мақомга қанча уринмасин ҳеч ким сазовор бўлолмаслиги.

 

Нурмуҳаммедова Васила

Read 4513 times
Top