Табобат

Зиранинг фойдалари

ЗИРА (Bunium persicum) — зирадошлар оиласига мансуб кўп йиллик хушбўй зиравор ўсимлик. Бўйи 40—60 см. Поясининг ярмидан юқориси шохланган. Илдизи тугунакли. Тупбарглари узун бандли, поядагилари бандсиз. Барги ипсимон бўлакларга бўлинган. Гуллари оқ, майда, ҳар бир соябончада 20—30 тадан. Июнда гуллайди, уруғи июлда пишади. Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё адирларида, тоғ ён бағирларида кўп ўсади. Уруғи майда, чўзиқ, қорамтир-жигарранг, сирти тарам-тарам, жуда хушбўй. Таркибида 2,75-3,0% эфир мойи бор. Ўрта Осиё халқлари гўшт тузлашда, қази ва бошқа овқатлар тайёрлашда қадимдан кенг фойдаланиб келади. Халқ табобатида меъда касалликларини даволашда ва сийдик ҳайдовчи дори сифатида ишлатилади. («ЎзМЭ»дан).

Халқ табобатида зиранинг фойдалари ҳақида буюк бобокалонимиз Ибн Сино шундай деган: “...Унда қиздирувчи куч бўлиб, елларни ҳайдайди ва тарқатади. Сув билан аралаштирилганини ичилса, нафас олиш қийинлашганда ёрдам беради. Жолинуснинг айтишича, “тикка нафас олишга”, ҳамда совуқдан бўлган хафақонга фойда қилади." (Ибн Сино, Тиб қонунлари, 2-жилд, 1956 й. 325-326 бетлар)

    Шунингдек, зиранинг ошқозон гастрити, сариқ касал, иштаҳани очишда, уйқусизликда, кишилар қувватини оширишда жуда ҳам катта фойдаси бор.

    Зира — иштаҳани яхшилаш учун ҳамда ошқозондаги санчиқ, ўт пуфаги ва жигардаги оғриқлар, шунингдек, йўталга қарши фойдали табиий воситадир.

    Таркибидаги шифобахш таъсир этадиган моддалар: зира таркиби  3—7 % эфир мойидан, 12—22 ёғли мойдан, шунингдек,  кверцетин ва кемпферол деб номланувчи флавоноидлар, кумаринлар, умбеллиферон, скополетин ва бошқа моддалардан иборат. Бундан ташқари унда оқсил 10—23 % ва хушбўй моддалар ҳам борлиги аниқланган.

Зиранинг фойдали хусусиятлари ва ишлатилиши

Зира — мавжуд бўлган барча даволаш воситаларидан энг яхши  карминатив (метеоризмга – қорин дам бўлишига қарши) фойда берувчи табиий ўсимлик моддасидир. Шу сабабдан ҳам у табобатда таъсирчан табиий даволаш воситаси сифатида мустаҳкам ўрин олган. Зирани кўплаб дори-дармонлар таркибида учратиш мумкин, лекин уни кўпинча ҳеч қандай бошқа нарса қўшмасдан чой сифатида дамлаб ичиш тавсия этилади. 

    Ҳозирги замон шифокорлари ҳам  зира ҳақида  ижобий баҳо бериб, ҳаддан ташқари тўлаликда, метеоризм (қорин дам бўлиши)да, ошқозон-ичак йўлларидаги енгил хасталикларда, юрак касалликларида ва эмизикли болаларда овқат ҳазм қилиш жараёни бузилганида зирани муайян тарзда истеъмол қилиш ниҳоятда фойдали эканини таъкидлашади.

Зирали рецептлар, зирали шифобахш дамланма  

  • Зирали чой дамлаш рецепти: тўла 1 чой қошиқ янчилган зира устидан 1/4 л литр қайнаб турган сув қуйилади ва 10 минутдан сўнг докадан ўтказиб олинади. Зирадан дамланган бундай чойни илиқ ҳолатда оз-оз хўплаб ичиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу чой ошқозон ҳазм йўлларининг дам бўлиши ва ичаклар сиқилиб қолишини бартараф этади.   
  • Шифобахш дамлама рецепти: 1-5 г янчилган зира устидан 100 мл қайнаб турган сув қуйилади, 10-15 минут тиндирилади. Тайёрланган дамламани 2-3 га бўлиб овқатланишдан олдин ичилади.

Халқ табобатида зира

    Халқ табобатида ошқозон хасталикларини даволашда ҳамда иштаҳани очишда, санчиқларни бартараф этишда, ўт пуфаги ва жигар касалликларида, шунингдек, йўтални даволашда фойдали табиий восита сифатида зира жуда ҳам қадрланади. Юқорида қайд этилганидек, ундан чой дамлаб ичилади, зирани ўзини чайналади ёки пичоқни учига илинганча янчилган зирани истеъмол қилинади.   

Турли хасталиклардан фориғ бўлиш учун  зира истеъмол қилиш

     Уй шароитида турли хасталиклардан фориғ бўлиш учун  зира истеъмол қилиш (бундай муолажани бошлашдан олдин  даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиб олишни унутманг)

  1. Аллергия. 50 г зирани кофемолкада янчилади, устидан 0,5 л оқланмаган қайноқ ўсимлик ёғи қуйилади,  10 минут қасқонда қайнатмасдан буғланади. Шиша идишга солиб, 1 ҳафта давомида иссиқ жойда – офтобда ёки батареяда тиндирилади. Бундай ёғ организмда тери иммунитетини тиклайди.  Катта ёшлиларга бурун катакларига 20 томчидан, болаларга 5 томчидан томизилади. 1 курс даволаниш – 3-6 ой. Даволаниш охирида томизиладиган ёғни 1 томчидан камайтириб борилади.  Ёғни  — маска, компрес, массаж учун суртиб ишлатиш ҳам мумкин.
  2. Ошқозондаги оғриқда. Зирани худди чой дамлагандек дамлаб чой ўрнига ичилади.
  3. Безлардаги етишмовчиликка оид гастритда. 15 г зира устидан 200 мл қайнаб турган сув қуйиб, 30-40 минут тиндирилади, докадан ўтказилади. Овқатланишдан олдин 1 ош қошиғидан кунига 3-4 маҳал ичилади.
  4. Ошқозоности бези касалликларида. 1 ош қошиқ зира устидан қайнаб турган 1 стакан сув қуйилади, 2 соат давомида тиндирилади, докадан ўтказилади. Кунига 3 маҳал овқатланишдан олдин 70 г дан ичилади.
  5. Қабзиятда. 2 ош қошиғи миқдоридаги зира устидан 1 стакан қайнаб турган сув қуйилади, қасқонга ўхшаш идишда 15 минут қайнаётган сувда буғланади, 45 минут тиндирилади. Дамлама овқатдан сўнг ярим стакандан кунига 2 маҳал ичилади.
  6. Йўталда. 1 ош қошиғида янчилган зира устидан 1 стакан қайнаб турган сувни қуйилади, устини ёпилади, ўралади ва совугунича тиндирилади. Сўнг докадан ўтказилади. Суткасигача 6 мартагача 2-3 ош қошиғидан ичилади. Ёш болаларга асал ёки шакар қўшиб, 1 чой қошиғидан суткасига 3-4 маҳал ичирилади.
  7. Метеоризм. Чой қошиғидан ҳам кичик десерт қошиғида кунига 1-2 марта зирани қуруқ ўзидан истеъмол қилинади.
  8. Метеоризм. 1 ош қошиқ зира устидан 1 стакан қайноқ сув қуйилади, ўраб қўйилади, 1 соат давомида тиндирилади. Кунига 3 маҳал овқатланишдан олдин 2 ош қошиғидан ичилади.
  9. Шамоллашда. 3 чой қошиғидаги зира устидан 1 стакан сув қуйиб 15 минут давомида қайнатилади, 40 минут тиндирилади, докадан ўтказилади. Тайёрланган дамламани кун давомида оз-оздан ичилади.
  10. Эмизикли оналарда камайиб кетган кўкрак сутини кўпайтириш учун. 1 ош қошиқ майдаланган зира устидан 0,5 литр қайноқ сув қуйилади, усти ёпиқ идишда 5 минут қайнатилади, сўнг докадан ўтказилади. Қайнатма кун давомида овқатланишдан  15 минут олдин 3 га бўлиб ичилади.
  11. Сурункали гастритда ошқозон шираси юқори миқдорда бўлганида. 15 г зира устидан 200 мл қайноқ сув қуйилади, 30-40 минут идиш қопқоғини ёпиб дам берилади, докадан ўтказиб олинади. Дамламани 1 ош қошиғидан кунига 3-4 маҳал овқатланишдан олдин ичилади.
  12. Эркакларда простата бези аденомаси. Бу касаллиги бўлган кишилар зирали чой дамлаб мунтазам ичишлари мақсадга мувофиқ бўлади — 1 ош қошиғидаги зира устига  1,5 стакан қайноқ сув қуйиб, 5-7 минут қайнатилади, 10 минут идишнинг оғзини ёпиб, ўраб, тиндирилади, докадан ўтказиб, кун давомида ичилади.

Эмизикли ва ёш болаларда кўпинча қорин дам бўлиб безовта қилади, зира тинчлантирувчи ва ел ҳайдовчи восита бўлгани сабабли, бундай ҳолатда болаларга шифокор белгилаган тартибда берилади. Халқ табобати мутахассислари эътироф этишича, ўсмир қизларда оғриқли ҳайз жараёнида зирали чойдан фойдалироқ бошқа восита йўқ.  Тиш ва бош оғриғида плитада эҳтиёткорона бироз қиздирилган халтачадаги зирани оғриётган жойга босиб оғриқни қолдириш халқимиз орасида кенг тарқалган табиий воситадир.

Зарарли таъсири. Зира зарарсиз маҳсулотдир. Лекин бошқа ҳар қандай эфир мойи бор шифобахш восита каби уни суистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиш керак.

Зирани истеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолатлар. Ошқозон яраси, юрак ишемик касаллиги, тромбофлебит, гастрит, инфаркт, тромбоз, қандли диабетда зирани алоҳида ўзини истеъмол қилиш мумкин эмас.

 
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади                                        

 

Read 43174 times
Tagged under
Top