muslim.uz

muslim.uz

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳозирги кунда Хитойда аҳоли ўртасида “Коронавирус” туркумига кирувчи вирус юқиши натижасида келиб чиққан зотилжам (пневмония) касаллиги пайдо бўлгани ва тарқалаётгани эълон қилинмоқда.

Хўш, бу аслида қандай вирус?

Коронавируслар – вируслар оиласига мансуб “Атипик зотилжам” (SARS) касаллигини чақирувчисига ўхшаб кетувчи вирус бўлиб, беморларда оддий шамоллашдан то ўткир оғир респиратор синдром (ТОРС) деб номланувчи оғир кечувчи касалликни келтириб чиқаради. “Атипик зотилжам” касаллиги ҳам 2002 йилда Хитойда келиб чиққан бўлиб, 37 давлатга тарқалган ва 8 мингдан ортиқ киши касалланган эди.

Янги коронавируснинг хусусиятлари ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб лабораторияларида ўрганилмоқда. Олимларнинг изланишлари натижасида касаллик қўзғатувчиси топилган бўлиб, ушбу вирусга “2019-nCoV” номи берилди.

Ушбу вирус ташқи муҳит таъсирига ва зарарсизлантирувчи воситаларга нисбатан чидамли. Ҳозирча ушбу касалликни даволаш учун махсус дори воситалари йўқлиги сабабли, бошқа вирусларга қарши қўлланиладиган воситалардан фойдаланилмоқда.

Беморларда умумий ҳолсизлик, тумов, йўтал, бош оғриши, томоқда оғриқ, тана ҳароратининг ортиши, бронхит, зотилжам кузатилмоқда. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, коронавирус келтириб чиқарган касалликнинг грипп касаллигидан фарқи шундаки, ушбу касаллик асоратлар билан ўтиши ва ўлим билан тугаши эҳтимоли юқори, чунки ҳозирги кунда ушбу вирусга қарши одамларда ҳимоя қобилияти (иммунитети) ривожланмаган ва бу ҳолат дунё халқлари ўртасида пандемияга олиб келиши мумкин.

2020 йил 27 январь ҳолатига келиб, беморлар сони дунё бўйича 2744 тага етган ва шундан 80 таси ўлим билан якун топган. Шу сабабли касаллик тарқалаётган ҳудуд – Ухан шаҳрида карантин ҳолати жорий этилган. Касалликнинг Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Гонконг, Тайван, Макао, Филлипин, Австралия давлатларида хам рўйхатга олинаётганлиги айтилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан 22 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган фавқулодда йиғилишда мутахассислар халқаро фавқулодда ҳолат эълон қилишдан олдин авж олган касаллик ҳақида кўпроқ маълумот олишлари кераклиги тўғрисида қарорга келишган. ЖССТ расмийлари учрашувни пайшанба куни, Хитой ҳукумати таклифига биноан Уханга бир қатор Осиё мамлакатларидан келган шифокорлардан маълумот олганидан сўнг давом эттиришга қарор қилишган.

Хитойда коронавирус бўйича эпидемик вазият мураккаблашиши сабабли мамлакатимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан давлат чегарасини, айниқса, Хитойни кесиб ўтган шахсларнинг юқори сифатли тиббий мониторингини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ тизимидаги фаолият юритаётган ходимлари иштирокида эпидемик вазият ва унинг олдини олиш юзасидан семинарлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Республика Вирусология илмий текшириш институти интенсив терапия бўлимида коронавирусга гумон қилинган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилди. Республикадаги аэропорт ва темир йўл вокзаллари санитария карантин пунктларида ушбу касалликка гумон қилинган бемор аниқланса, уни дарҳол изоляторга изоляция қилиш, коронавирусга лаборатор таҳлилини ўтказиш учун намуна олиш тартиби белгилаб қўйилган.

Республикамиз ҳудудида ҳозирги кунда ушбу хасталик билан касалланганлар кузатилмади, лекин хорижий давлатлар билан иқтисодий-сиёсий алоқаларнинг ривожланиши, туризм, спорт ва бошқа сабаблар билан хориж давлатларида бўлиши ёки чет эллик фуқароларнинг бизнинг давлатимизга келиши туфайли, касаллик чақирувчи вируснинг республикамиз ҳудудига кириб келиш хавфи мавжуд. Ушбу муаммони ҳал этиш учун Динимиз кўрсатмасига амал қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилоган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ, вабо тарқалган жойга бормаслик, вабо тарқаган жойдан қочиб чиқмаслик зарур бўлади.

Мўмин-мусулмон одам бундай пайтда ўзининг эҳтиётини қилиши, вирус кенг тарқалиб бораётган ҳудудга бормаслиги, имкон қадар хавфсиз жойда бўлишга интилиши зарур. Шу боис мазкур вирус тарқалаётган мамлакатларга сафар қилмай туриш тўғри бўлади.

Қолаверса, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг давосини ҳам туширган. Бунга ушбу ҳадис далилдир.

Имом Аҳмад ривоят қилган яна бир ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар! Чунки, Аллоҳ қайси касалликни туширган бўлса, унинг шифосини ҳам туширгандир. Фақат битта касаллик – кексаликнинг давоси йўқ” деганлар.

Мўмин-мусулмон одам ўзига теккан касалликка қарши курашиб, Аллоҳ таолодан комил шифо сўраб, даволаш чораларини кўриши керак.

Аллоҳ таоло юртимизни, халқимизни бундай касалликлардан асрасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

الإثنين, 27 كانون2/يناير 2020 00:00

Масжидда билимлар викторинаси ўтказилди

Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Армижон” жоме масжиди имом-хатиби ташаббуси намозхонлар орасида ўзига хос викторина ўтказилди.

“Бешикдан то қабргача илм иста” шиори остида ўтказилган ушбу викторинада имом-хатиб Ориф домла Наимов томонидан Исломда ибодат ва бошқа масалаларда турли саволлар берилди, жавобини топишга эса бир кун мухлат берилди. Натижада намозхонларнинг қизиқиши ортиб, берилган саволларга жавоб ахтардилар, кўплаб китобларни ўқиб, ўрганишга киришиб кетдилар.

Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад қизиқарли услубларда жамоатни китоб мутолаасига кенг тарғиб этиш, саводхонликни оширишдир.

1-босқичда тўғри жавобларни топиб, ғолиб бўлганлар масжид маъмурияти томонидан мўътабар китоблар билан тақдирландилар.

Викторина босқичма-босқич мунтазам давом этиррилиши режалаштирилган.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Маълумки бугунги кунда бинолари эскирган, тор масжидлар янги имкониятлар даражасида, кўплаб намозхонларни сиғдира оладиган ҳолатда янгидан қурилмоқда. Халқ ҳашари, қолаверса ихлоси баланд кўнгилли инсонларнинг қишли суронли кунларида ҳам олиб бораётган меҳнатлари билан жойларда мунаввар масжидлар қад кўтармоқда. Бу борада ҳамма ҳаракатда: имконияти етганча Аллоҳнинг байтига эҳсон қилиб, охирати учун савоб ишлаб олиш илинжида.

Яқинда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи ўн ёшли қизча Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида янги қурилаётган “Доруломон” жоме масжиди учун ўзининг махсус идишчасида йиғиб қўйган барча пуллларини эҳсон қилди. Бу ҳақда масжид имом-хатибининг Facebook тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.

Махсус видео орқали бу ҳақда тармоқ фойдаланувчиларига эълон қилиниб, идишча ичидаги пуллар миқдори саналди. “Бу албатта катталарни ҳам ўйлантирадиган ҳолат. Ёшгина қизалоқнинг мактаб ва бошқа харажатлари учун ота-онаси берган пулларини йиғиб, барини Аллоҳнинг байти учун олиб келиб бериши инсоннни таъсирлантиради”, дейди Абдулҳамид Жуманов.

Дарҳақиқат, ҳар қандай иймон эгасини таъсирлантирадиган воқеа. Ёшгина бир қизалоқ кўплаб катта инсонлар қилмайдиган ишни қилмоқда. Аллоҳнинг байти учун ўзидаги бор-будини, яъни кўп вақтдан бери асраб, йиғиб келаётган пулларини ҳадя этмоқда. Тенгқурлари йиғган пулларига ўзларига ёққан ўйинчоқ ёки бошқа буюмни олаётган бир вақтда у эса охирати учун сарфлади... Ақл ёшда эмас, бошда, дейдилар. Қизалоқнинг бу иши эса кўплаб хайру саховатдан ғофил юрган катта одамлар учун ибрат бўлса ажаб эмас.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

Бугун биз масофалар қисқараётган, муносабатлар яқинлашаётган, маданиятлар муштараклашаётган, замон тили билан айтганда ҳамма нарса «Глобаллашаётган» бир даврда яшаб турибмиз. Шундай бир жамиятда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини билиб, тинч ва осойишта яшаб бораётган бир вақтда, бундай имкониятларимизни ва аҳиллигимизни кўра олмайдиган, буни бузиш учун ҳар қандай ёвузликка, тубанликка қўл урадиган манфур кимсалар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай ёвуз мақсадларни – юрт тинчлигини, фуқаролар аҳиллигини бузишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган тоифалар, булар экстремистик ва террористик оқимлардир. Бу гуруҳдаги оқимлар ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтишмайди. “Диний экстремизм” нима ўзи? Бу «Жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва аҳкомларни рад этиш ва уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишдир». “Терроризм” дегани  эса «Муаййан гуруҳ манфаатлари йўлида зўравонлик (суиқасд, портлатиш, гаровга олиш, беқарорлик келтириб чиқариш, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш”ни   англатади.

Демак ўз-ўзидан кўриниб турибдики бундай оқимларнинг мақсади шу жамиятдаги диний қадриятларни ва аҳкомларни рад этиб, уларга қарши ғояларни фарзандларимизга алдов йўллари билан сингдириб, уларни зўрлаб бўлса ҳам ўз юртига хоинлик қилишга, ота-онасига оқ бўлишга, тинч аҳолини тинчлигини бузишга, жамиятимизда беқарорлик келтириб чиқаришга, жамиятда етимлар сонини кўпайишига, аёлларнинг бева қолишига ва буларнинг оқибатида келажагимиз бўлган ёшларимизни тарбиясига салбий таъсир ўтказиб, халқимизни тинчлигига раҳна солишдир.

Ҳозирги кунда ҳар бир ота ўз фарзандларини келажакда соғлом фикрли, бунёдкор ғоялар соҳиби қилиб, киндик қони тўкилган ўз ватанига садоқатли фарзанд этиб тарбия қилиши учун, аввало тарбия берувчи уйдаги ота-она, боғчадаги тарбиячи, мактаб ва олийгоҳларда устоз ва мураббийлар ўзлари ҳақиқий Ислом ақидаларини яхши тушуниши, ақида, дин, шариат ўзи аслида нима эканини яхши билишлари шарт. Шундагина бизнинг ва шу жаннатмакон диёримизнинг келажаги бўлган ёшларимизни ҳар қандай оқимлардан экстремистик гуруҳлардан ҳимоя қила оламиз.

Биз алҳамдулиллаҳ мусулмонмиз. Бизнинг ота-боболаримиз ватан учун, эл-юрт учун керак бўлса жонларини ва умрларини аяшмаган. Тинчликни бузиш, инсонни ноҳақ қонини тўкиш мусулмонлик белгиси эмас, аксинча бу катта гуноҳ. Ўз мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган кимсалар ўзларига Исломни ниқоб қилиб олиб, одамларга зулм қилаётганликларини наҳот англаб етишмаган бўлишса. Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларидан бирида шундай деганлар: «Мусулмон киши – ўзгалар унинг қўлидан ва тилидан озор топмаган кишидир». Шундай экан бирон бир инсон иккинчи бир инсонга озор бериб кўнглини ранжитиши асло мумкин эмас. Биз юқоридаги ҳолатлар бошимизга тушмаслиги учун ўзимиз кўрган-эшитган нотўғри сўз ва ҳаракатларга бепарво бўлмаслигимиз керак.

Шунинг учун  айни пайтда тинч осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган ёвуз ниятли кучларнинг ниятларини пучга чикариш учун ҳаракат қилмоғимиз зарурдир.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, ҳаётимизни фаровон қилсин, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимизни ҳаммамизга насиб  этсин.

 

Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом-ноиби

Ў.Жуманазаров

Қуйида келтириладиган ҳадис, фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Сафардан қайтгач, масжидда икки ракат намоз ўқиш 

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари агар сафардан қайтсалар, ишни масжиддан бошлар, у ерда намоз ўқир эдилар”.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоятлари

*****

Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил Азийм деб бир кунда юз марта айтиш хатоларимиз денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам, уларни ўчиришини билсак-да, гўёки хатоларимиз йўқдек мазкур зикрни такрорламаслигимиз катта йўқотиш, зиёндир.

*****

Бўрон, зилзила, яшин, қаттиқ қичқириқ, жала, сел, сопол тошчалар, микроб, вирус. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг аскарларидир!

*****

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг ўлим тўшагида айтган гаплари:

«Агар ҳақ билан ҳақ ўртасидаги курашни кўрсанг, бундай курашнинг топилиши асло мумкин эмас. Чунки, ҳақ биттадир! Ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш узоққа чўзилмайди! Чунки, ботил доим йўқ бўлувчи, енгилувчидир».

*****

Аллоҳ таоло бизни тупроқдан яратди.

Тупроқ устида юрадиган қилиб қўйди.

Ўлганимиздан сўнг тупроқ остига қайтаради.

Биримизнинг биримиздан устунлигимиз пул, машина, мансаб билан эмас, балки тақво билан белгиланади.

Аллоҳ таолодан бизни тақволи бандаларидан ва жаннат аҳлидан қилишини, жаннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суҳбатларидан баҳраманд этишини сўраймиз!

*****

Ҳар қанча чиройли, келишган бўлсанг ҳам, бундан кеккайиб, мағрурланма. Чунки чирой вақтинчаликдир.

*****

Ғазабланиб турганингда гапирма. Ўша лаҳзада айтган гапинг тўғри бўлиши мумкин, аммо услубинг хато бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Муштланган қўл билан сўрашиш имкони йўқ.

Қулфланган ақл соҳиби билан тортишиш имкони йўқ.

Тош қотган ақл соҳиби билан суҳбатлашиш имкони йўқ.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

Интернет материалларидан тўплаб,

таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

Top