muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 27 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

“Қўшнилар ёмонлиги учун уй сотилади”

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالجَنبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً

“Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас” (Нисо сураси, 36-оят).

Оламлар Робби бу оятда биз бандаларини Ўзига ибодат қилишга, ота-оналаримизга, қариндошларимизга, етимларга, мискинларга, яқин, ён қўшниларимизга, ҳамроҳларимизга, кўчада қолиб кетганларга ҳамда хизматкорларимизга яхшилик қилишимизни буюрмоқда.

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Тўрт нарса саодатдан: солиҳ аёл, кенг уй-жой, яхши қўшни ва ёқимли маркаб (улов), тўрт нарса эса бахтсизликдан: ёмон хотин, ёмон қўшни, ёмон маркаб ва тор уй-жой». Имом Ҳоким, Абу Нуайм «Ҳиля»да, Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилганлар.

Расмдаги девордаги ёзув:

“Қўшнилар ёмонлиги учун уй сотилади”

Бу жуда ёмон ҳолат. Ёнидаги инсон озорларга чидай олмай кўчиб кетса-я! Қўшнисига, у кўчиб кетишга мажбур бўладиган даражада ёмонлик қилса-я! Бу оғир гуноҳ. Аллоҳ таоло бизни бундай кўнгилсизликлардан асрасин!

Хўш, Сиз қандай қўшнисиз?

Аллоҳ таоло бизни қўшнисига яхшилик қилувчилардан айласин!

 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

الأربعاء, 27 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Ислом – соф ақидадан иборат

Дунёдаги ҳар бир халқ ёки миллат бирор-бир динга ишонади. Хусусан, ўзбек халқи Ислом динига эътиқод қилади. Ҳақиқий ислом дини инсонга азиз ва мукаррам зот сифатида қараб, унинг маънавий камолотига хизмат қилади. У меҳр-оқибат, диёнат, адолат, ҳалоллик ва покликка даъват этади. Динни ўзига ниқоб қилиб олган ёвуз ғоя ва мафкураларнинг энг кўп тарқалган шаклларидан бири ақидапарастликдир. Бундай ижтимоий иллат инсоният ХХI асрга қадам қўйган ҳозирги даврда ҳам дунёдаги тинчлик, осойишталик, тараққиётга таҳдид солмоқда. Ақидапарастлик қаерда, қачон фаолият кўрсатишига қарамасдан, ҳамиша жамият учун хатарли ҳодиса бўлган. Дунёда тараққиётга интилиш, бунёдкорлик ҳисси бор экан, жамиятда илғор ғоялар пайдо бўлаверади. Бузғунчи ғоялар эса вайронкор интилишлар туфайли юзага келади.

Мусулмон (Ислом динига эътиқод қилувчи) бўлиш ҳозирги вақтда албатта араб миллатига мансуб бўлишни назарда тутмайди. “Мусулмон” сўзи “ўзини Аллоҳга бағишлаган” деган маънони англатади. Ислом динига эътиқод рамзи қуйидаги икки калимада мужассамлашган: “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг Пайғамбаридир”).

Бу икки асосий калимани мусулмонлар тил билан айтиб, дил билан тасдиқ этиши шарт қилинган. Уларни инсон тил билан айтса, дили билан тасдиқламаса, яъни ўзи ишонмаса, ундай киши Исломда мунофиқ ҳисобланади.

Вақт ўтиши билан Ислом динига эътиқод қилувчилар сони ортиб бориши ва диннинг энг ривожланган ҳудудларидан бири деб тан олиниши бизнинг эътиқодимиз нақадар кучли эканидан далолат беради. Марказий Осиё ҳудудидан етишиб чиққан Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмуд аз-Замахшарий каби буюк боболаримиз Ислом динининг янада ривожланиши ва тараққий этишида ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшганликларини бутун дунё тан олган.

Имом ал-Бухорий мусулмон дунёсида Ислом динининг асосий манбаи Қуръони каримдан кейин турадиган манба сифатида қараладиган “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ" ҳадислар тўмламининг муаллифи ҳисобланадилар.

Ислом дини ҳамиша эзгуликни тарғиб қиладиган, динни ниқоб қилиб турли ғаразли мақсадларни амалга оширувчи гуруҳларнинг ниятларини қоралайдиган дин ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб “Ҳақиқий мусулмон – мусулмонлар унинг қўлидан ҳам, тилидан ҳам омонда бўлишган кишидир” дедилар.

Жаҳондаги нуфузли Ислом муассасалари, чунончи Миср Араб Республикаси Фатво Бошқармаси ва Саудия Арабистони уламолари ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар эълон қилганлар. Шунингдек, фиқҳ китобларимизда ўз жонига қасд қилиб ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар.

Ҳозирда Ислом тушунчасига катта аҳамият берилиб келинмоқда. Соф Ислом ақидаси тушунчасини ҳар биримиз тўлиқ англаган ҳолда яшашимиз лозим.

 

Собиров Муҳаммадсиддиқ

Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти мударриси

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Эҳтимол, золим зулм билан кўп нарсага эга бўлар. Лекин мазлумнинг дуоси билан ҳамма нарсасидан ажралади.

Аллоҳ таоло барча мазлум мусулмонларга нусрат берсин!

“Ховатир роқия журнали” саҳифаси асосида

*****

Муҳим эслатма!

Намозингни ҳеч қачон тарк қилма! Бир марта сажда қилиш учун ҳаётга қайтарилишни орзу қилиб ётган миллонлаб вафот этганлар бор.

“Фикр ажойиботлари”

*****

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу дедилар:

“Агар қалбларимиз пок бўлганида, Роббимизнинг Каломига тўймаган бўларди”.

*****

Меҳри дарё онам 

Қоматимни тиклаш учун ўзларининг қоматлари эгилган онам саломат бўлсинлар!

Мени ўқитаман деб ўзлари кўп ўқишга вақт тополмаган онам омон бўлсинлар!

Қорнимни тўйдираман деб ўзлари оч қолган онам соғ-саломат бўлсинлар!

Мени хурсанд қилиш учун ўзларининг оғриқларини яширган онам барака топсинлар!

Эй Роббим, барча ота-оналарга, шу жумладан, менинг ҳам ота-онамга икки дунё саодатини бергин!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Қабрдаги савол-жавоб

— Роббинг ким?

— Роббим Аллоҳ.

— Пайғамбаринг ким?

— Пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.

— Дининг нима?

— Диним Ислом дини.

Эй Аллоҳ! Бизни савол-жавоб пайтида собит қилгин!

*****

Зиёнга учраш, йўқотишнинг энг оғири тури - жаннатнинг кенглиги осмонлар ва ерчалик бўлиши, аммо у ерда бизга жой бўлмаслигидир.

Ё Аллоҳ! Бизни жаннат ва унга яқинлаштирадиган сўз ва амал ила ризқлантир!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Аёлларга савол

Сочингиз ҳам АВРАТлигини биласизми?! 

 

Интернет материалларидан тўплаб,

таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

الأربعاء, 27 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Видеолавҳа: Одоб - миллат кўрки

"Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти

Матбуот хизмати

الأربعاء, 27 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Ислом - эзгулик дини

Самарқанд шаҳар 21- умумтаълим мактабида “Ислом - эзгулик дини” мавзусида ўқувчилар билан учрашув ўтказилди. Ўқувчи ёшларга “Қорабой Оқсақол” жоме масжиди имом-хатиби Бобобек Абдураҳимов Қуръони карим оятлари, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадислари асосида мавзуни ёритиб берди. 

Сўнгги пайтларда, исломдан ва мусулмонлардан қўрқув ва уларга нафрат туйғуси билан қараш, шу билан бирга ислом динини қолоқ, мусулмон маданиятини эса қотиб қолган, ҳурфикрлиликка мойил бўлмаган, аёллар фаолиятини чеклайдиган ва бошқа маданиятларга таҳдид солувчи, уруш, қотиллик, босқинчликка далолат қилувчи дин, каби ноўрин айбловлар ҳам қўйилаётгани, аслида Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этиши ҳақида сўз юритилди.

Албатта, имом-хатибларнинг аҳоли, айниқса ёшлар билан шу каби диний-маърифий суҳбатлар олиб бориши уларнинг ҳаётда тўғри йўлни танлашларида муҳим ўринни эгаллаши шубҳасиздир.   

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги 

Top