muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 04 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Татаристонда Мавлид тадбири ташкил этилди

Жорий йилнинг 30 октбярь куни Қозон шаҳрида "Аждодлар мероси" анъанавий дўстлик кечаси ташкил этилди. Тадбир Татаристон мусулмонлари идораси ҳамда Доғистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ўтказилган.

Мавлид Қуръони карим тиловати билан бошланиб, қироатни Бутунроссия Қуръони карим мусобақаси ғолиби Илёс қори Собиров қилган.

Тадбирда икки диний идора раҳбарлари йиғилганларни Аллоҳ таолонинг ҳабиби, Сарвари коинот, Буюк муаллим, Юксак хулқлар ва камтарлик тимсоли дейилган Зот ва оламларга раҳмат қилиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари барчани муборак этганлар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الإثنين, 04 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Андижонда сайёр семинар ташкил этилди

Бугунги кун имом-хатиби ҳам мана шундай ривожланиш, янгиланиш, ислоҳатлар бўлган бир даврда бир жойда туриб қолиши асло мумкин эмас. Зеро динимизда ҳам янгиланиш, ривожланишга интилиб яшашлик кўрсатмалари бир неча бор таъкидланган.

Имом-хатибларнинг касбий маҳоратини ошириш, масжид иш юритиш ҳужжатлари, молиявий ва хўжалик ишлари, имомларнинг воизлик маҳорати ҳамда уларнинг ҳозирги кун талабларига жавоб бера оладиган шахс сифатида шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 30 октябрь куни Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги "Олтинкўл" жоме масжидида сайёр семинар ўтказилди. Бу ҳақда вилоят вакиллиги масъуллари хабар берди.

Семинарда вилоятнинг барча шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда Олтинкўл туманида фаолият кўрсатиб келаётган имом-хатиблар ҳам иштирок этди. Даставвал, режага кўра, барча шаҳар ва туман бош имом-хатиблари тумандаги масжидларнинг ҳозирги кундаги ҳолати, ободончилиги, иш юритиш жиҳатларини ўргандилар.

Ушбу ўрганишларнинг хулосалари билдирилди. Олтинкўл туманидаги масжидлар фаолиятига доир ҳужжатларидаги баъзи камчиликлар юзасидан баёнотлар берилди.
Шунингдек, диний соҳа фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги туманнинг иш тажрибалари бошқа туманларга ҳам тадбиқ қилинишлиги келишиб олинди. Мажлис сўнггида мана шундай сайёр семинарлар режа асосида вилоятнинг ҳар бир туманида ҳам ўтказиб борилишига келишиб олинди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ислом корпорацияси қурол, спиртли ичимликлар, таваккалчиликка асосланган ўйинларни молиялаштирмайди. Хизматдан фойдаланган мижознинг маблағни ислом шариати қонунлари асосида сарфланиши ҳам назорат қилиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 декабрдаги “Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 майдаги “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини амалга ошириш мақсадида, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси ўртасида жорий йилнинг 22 август куни тузилган “Исломий дарча” хизматини банкда тадбиқ этиш бўйича келишувнинг шартларига мувофиқ, 2019 йилнинг 30-31 октябрь кунлари “Трастбанк” раҳбарияти ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси вакиллари ўртасида ўзаро учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки раҳбарлари ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси раҳбари Mohammed Maher Mannai, IT-лойиҳаларини бошқариш бўйича эксперти Ibrahim Al-Saywed ва лойиҳа менежери Музаффар Низомиддиновлар иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, исломий банкчилик – дунёнинг қатор мамлакатларида кенг қўлланиладиган молиялаштириш тамойилларига мос келадиган молиявий хизматларнинг муқобил туридир.

Учрашув давомида Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси раҳбари Mohammed Maher Mannai ва лойиҳа менежери Музаффар Низомиддиновлар банк раҳбарияти ва тегишли бўлим мутахассисларига “Исломий дарча” тамойиллари ва ислом молияси тўғрисида ўз тақдимотларини намойиш қилдилар.

Бизнинг ташкилотимиз ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши жуда шарафли бўлгани учун ҳам “Трастбанк” томонидан “Исломий дарча”ни очиш ташаббусини биз мамнуният билан қабул қилдик. Демак ўз навбатида шуни айтиб ўтишим жоизки, “Исломий дарча” бу фақат мусулмонлар учун эмас, балки мусулмон бўлмаган дин вакиллари учун ҳам қўлланилади. Исломий молиянинг асосий мақсадларидан бири, бу реал иқтисодиётга таъсир қилиш ва унинг ўсишини таъминлашдан иборат. Шу мақсадда “Трастбанк” орқали “Исломий дарча” фаолиятини йўлга қўйишни кўзда тутганмиз. Албатта, бу мамлакатда банк хизматларидан фойдаланмаётган мижозлар учун ҳам қўл келади. Чунки, бу “Исломий дарча”ни очиш орқали мижозларга ва жисмоний шахсларга уларнинг эътиқодидан келиб чиққан ҳолда муқобил молиявий хизмат турларини таклиф қилиш ҳамда уларнинг молиявий эҳтиёжларини қондириш мумкин бўлади.

Учрашув сўнгида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси ўртасида “Исломий дарча”ни ишга тушириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

السبت, 02 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Росулуллоҳнинг камтарликларидан намуна

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”. (Аҳзоб сураси 21-оят) Ҳақиқатда ахлоқлари Қуръон бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бизнинг барча ишларимизга ечим бўладиган ибрат ва ўрнаклар бордир. Шулардан бири бу, “КАМТАРЛИК”дир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари барчани ажаблантирар эди. У зотнинг камтарликлари деганда: гўё руҳлари Аллоҳга ва нафслари охиратга кўчиб ўтгандай эди.

Мўминларга нисбатан камтарликлари эса, доимо ожизлари билан бирга бўлар, беморларини бориб кўрар, мискинларига хайрихоҳлик қилар эдилар. Бахтсиз, бечора ва фақирларга яхшилик қилар, заифлардан доим кўнгил сўрар эдилар. Болалар ҳамда аҳиллари билан ҳазиллашар ва ўйнар эдилар. Инсонлар билан бирга таомланар, кези келганда тупроқ устига ўтирар ва ерда ёки бўйро устида ётар эдилар. Доимо барчаси учун Аллоҳдан рози бўлар, шуҳрат, мартаба ва дунёвий ишлар мақсадида тамаъ қилмас эдилар. Инсонлар билан лутф ила суҳбат қурар, ғариблар билан эса муҳаббат ила гаплашар эдилар. Саҳобаларига табассум ила қараб: “Мен бир қулман. Қуллар егани каби ейман ва қуллар ўтиргани каби ўтираман”, дер эдилар. Агар бирор бир инсон у зотга қарганида ҳабатларидан титроқга тушса: “Ўзингни тут. Мен ҳам Маккада қодийд (қуёш нурида қуритилган сур гўшт) еган бир аёлнинг ўғлиман”, дер эдилар. 

У зот одамларни улуғлашини ва мақташини яхши кўрмас эдилар. “Марям ўғли Исони насронийлар мақтаганидек мени ҳам мақтаманглар. Мен Аллоҳнинг бандаси ва росулиман. Мени Абдуллоҳ ва Аллоҳнинг Росули денглар”, дер эдилар. 

У зот учун саҳобаларини туришларини ва бошларига келиб тик туришларидан қайтарар эдилар. Одамлар жамланган жойга келсалар бўш жойга бориб ўтирар, одамлар орасида улардан бири бўлиб юрар ва одамлар уйларига таклиф қилсалар борар эдилар. “Агар куроъ (пиширилган қўй почаси)га чақирилсам борар эдим. Агар менга қўй ҳадия қилинса қабул қилар эдим”, дер эдилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мискинларни яхши кўрар эдилар. “Аллоҳим мени мискин қилиб тирилтир ва мискин ҳолимда ўлдир ва мискинлар тўдаси билан бирга қайта тирилтир” деб, дуо қилар эдилар.

Кибр қилиш ҳаром дея ундан қайтарар ва аҳлиларини кибрдан нафратлантириб, дер эдиларки: “Қиёмат кунида такаббурлар зар (арзимас нарса) суратида тирилтирилади. Уларни ҳар тарафдан хорлик ўраб олади”. Ва ушбу ҳадиси қудсийни ҳам ривоят қилар эдилар: “Кибриё менинг ридоим (кийимим)дир ва буюклик менинг изорим (кийимим)дир. Кимки уни мендан тортиб олса, мен уни дўзохга ташлайман”.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларига қарашар, оёқ кийимларини ўзлари таъмирлар, кийимларини ямар, уйларини супурар ва қўйларини соғар эдилар.

Шунингдек, таомни меҳмоннинг олдига суриб қўяр, зиёратчилар билан самимий суҳбат қуриб, улардан аҳволларини сўрар эдилар. Агар шерик билан бирор жойга борсалар маркабни минишда навбатма-навбат минишар, жундан бўлган кийим кияр ва арпадан бўлган нон ер эдилар. Кўпинча ялангоёқ юрар ва масжидда ухлар эдилар.

Бугунги кунда аксаримиз камтарлик деб номланмиш бу гўзал сифатдан қандайдир бир сабабларга кўра бироз узоқлашиб қолганмиз. Бу бизнинг нуқсонимиз албатта. Баҳоналаримиз шу қадар кўпки, баъзида баҳоналаримизни ҳақиқат деб билиб қоламиз. Шунинг учун баъзида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва буюк зотларни ишларини ўқиб ёки эшитиб қолсак, ажабланиб, буни қандай қилишган экан деб, ўйлаб ҳам қоламиз. Аслида инсон қилган ишни бошқа бир инсон ҳам қилаолиши мумкинку. Демак, бунинг икки сабаби бор. Бири шу қадар дунёга берилиб кетганмизки, бу сифатни унитиб юборганмиз ёки ўта такаббур бўлиб кетганмиз.

Менинг фикримча Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севган ҳар бир уммат у зот қилган ишларни қилишга интилади ва қилиб бўлгач хурсанд бўлади. Келинг азиз диндошим! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севишимизни у зот қилган ишларни қилиш билан исботлайлик ва фарзандларимизга ўрнак бўлайлик.

Манбалар асосида ТИИ ўқитувчиси,

“Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом-хатиби Абдурахманов Яҳё

 

السبت, 02 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Ажиб саволга ажиб жавоб

Кунларнинг бирида журналист шайхга савол берди.

Журналист: Шайх жаноблари Аллоҳ таолони бизнинг намоз ўқишимизга, рўза тутишимизга, ҳаж қилишимизга ва бундун бошқа ибодатларимизга ҳожати борми?

Шайх: Йўқ албатта.

Журналист: Унда нима учун намоз ўқишимизга, рўза тутишимизга, ҳаж қилишимимизга, закот беришимизга, ҳалол бўлган нарсаларни истеъмол қилишимизгаю, ҳаром нарсалардан сақланишимизга ва гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлишимизга буюради?

Шайх: Бу саволингизга жавоб ўзингизни ҳаётингизда мавжудку.

Журналис: Қандай қилиб?

Шайх: Фарзандларингиз борми?

Журналис: Ҳа алҳамдуллиллаҳ.

Шайх: Сизнинг уларни сизга бирор-бир егулик ёки кийим-кечак олиб келишларига эҳтиёжингиз борми?

Журналис: Йўқ.

Шайх: Нима учун?

Журналис: Чунки ўзимнинг топганим етарли, ундан ташқари тижоратим ҳам бор. Мен аксинча фарзандларимга бериб турман.

Шайх: Демак сизнинг уларни моддий ёрдамларига эҳтиёжингиз йўқ, шундайми?

Журналис: Ҳа.

Шайх: Сиз уларни ўз ҳолига ташлаб қўясизми ёки хабар олиб турасизми?

Журналис: Албатта доимо уларнинг ҳолидан хабардор бўлиб турман. Бошларига кулфат ёки бирор-бир мушкулот тушса ёнларида туриб, унинг ечимига ёрдам бераман.

Шайх: Ниам учун сиз бундай қиласиз?

Журналис: Ахир улар менинг фарзандларим. Мендан бошқа ким уларга қалбан ёрдам қилиши мумкин?

Шайх: Сизга охирги саволим: Энг меҳрибон зот ким?

Журналис: Албатта бизни яратган Аллоҳ.

Шайх: Энди бир ўйлаб кўринг! Сиз сабаб бўлиб дунёга келган фарзандларингизга шунчалик меҳрибондик қилиб, касал бўлмасин, оч қолмасин, ёмон инсонга айланиб қолиб, инсонлар орасида шарманда бўлмасин деб, шунчалар куйинасизу, сизу бизни яратган Зот бизни бу дунёда ҳам охиратда ҳам Ўзига маҳбуб банда бўлишимиз учун эҳтиёжи бўлмасада намоз ўқишимизга, рўза тутишимизга, ҳаж қилишимимизга, закот беришимизга, ҳалол бўлган нарсаларни истеъмол қилишимизгаю, ҳаром нарсалардан сақланишимизга ва гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлишимизга буюришидан ажабланасиз? Бу бизга нисбатан Аллоҳнинг меҳрибонлигидир.

Журналист: Кўзига ёш олиб, бўлди, энди тушиндим дедида, шайхга раҳмат айтди.

“Шайх Зайниддин” масжиди имом хатиби,

ТИИ ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё

Top