muslim.uz

muslim.uz

Рига шаҳридаги қабристонни тозалаш учун турли миллат вакилларидан иборат мусулмонлар жамоаси ҳашар ташкил этдилар. Бутундунё татарлари конгресси маълумотларига кўра, ҳар йили Латвиядаги икки мусулмонлар қабристонида ободонлаштириш ишлари ташкил этилади.

"Чишма" маданияти жамияти ташаббуси билан ташкил этиладиган ҳашарда ўзбеклар, ҳиндлар, латишлар, русслар ва олмонлар иштирок этишган.

Маълумот учун, Латвияда 2012 йилда қабул қилинган қонунга кўра, жаноза намозларини ислом дини талабларига мос шаклда ўтказишга рухсат берилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الثلاثاء, 05 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

08.11.2019 й. Исломда аёлларга муносабат

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي جَعَلَ النِّسَاءَ شَقَائِقَ الرِّجَالِ، وَأَكْرَمَهُنَّ أَفْضَلَ الْإِكْرَامِ فِي الْحَالِ وَالْمَآلِ، وَصَلَّى اللهُ وَسَلَّمَ عَلَيَ  مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ ذَوِي الْفَضْلِ وَالْإِجْلَالِ، أَمَّا بَعْدُ

ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА МУНОСАБАТ

Муҳтарам жамоат! Динимизда ҳар бир инсоннинг у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин жамиятда ўзига яраша ўрни ва ҳурмати бор. Аллоҳ таоло ҳар бир жинс вакилига унинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий ҳолатига мос, адолатли мартаба ато этган. Ўрни келганда шариатимиз манбаларида аёлга бўлган муносабат қандай эканлигини ўрганиб чиқиш фойдадан холи эмас. Чунки мусулмонлар ичида аёлларни қадрлайдиган, ҳурматини жойига қўядиганлар кўп бўлгани каби, гоҳида уларнинг заифалигини суиистеъмол қиладиган ва ҳақларини поймол қиладиганлар ҳам учраб туради.

Ислом тарихига назар солсак, жоҳилиятда аёлларнинг деярли ҳуқуқлари бўлмаган. Улар нафақат меросдан маҳрум қилинган, балки ўзлари бир буюм сифатида меросхўрлар ўртасида тақсимланган. Ҳатто келажакда қўлига қурол олиб жанг қила олмайди, асирга тушиб бизни номусимизни ерга уради, камбағалликка сабаб бўлади, деб қиз чақалоқларни тириклай кўмиш тез-тез учраб турар эди. Инсониятни залолатдан ҳидоятга олиб чиққан динимиз, бу масалани ҳам адолатли ҳал қилди.  Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча инсонлар, жинсидан қатъий назар, тенг эканини ва уларни бир жондан яратганини баён қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً...

яъни: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!... ” (Нисо сураси 1-оят)

Аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланади. Улар мерос олади ва мерос қолдиради, никоҳда розилиги сўралади. Улар доим эркак қариндошлари таъминоти остида бўлишади. Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сураларида ва кўплаб ҳадиси шарифларда аёлларга тегишли ҳукмлар мавжуд. Ҳатто улар ҳақида “Нисо” (“Аёллар”) деб номланган сура ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси Ислом динида аёлларга бўлган юксак эътибордир.

Аллоҳ таоло инсонни яратди ва бошқа жонзотлардан мукаррам қилди. Бу мукаррамликда аёл ҳам эркакка шерикдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ ...

яъни:Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро сураси 70-оят).

Баъзи шаръий истисноларни ҳисобга олмаганда аёл киши эркаклар билан баробар динга амал қилади. У ҳам намоз ўқийди, рўза тутади, бой бўлса, закот беради, имкон топса, ҳаж қилади.

Аёллар турли ибодат ва яхшиликлар учун савоб олишда ҳам эркакларга тенгдирлар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

وَعَدَ اللَّهُ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَمَسَاكِنَ طَيِّبَةً فِي جَنَّاتِ عَدْنٍ

яъни: “Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшаладиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди” (Тавба сураси 72-оят).

Аёл кишига Аллоҳ таоло икки масалада масъулият юклайди, бири – жуфти учун руҳий, маънавий хотиржамлик, сукунат бўлиш, иккинчиси – фарзанд дунёга келтириш ва унга ғамхўрлик қилиш машаққатлари. Шариатимизда шу залворли машаққатлар муқобилига бир нечта масалаларда аёлларнинг руҳий, жисмоний ҳолати эътиборга олиниб, уларга икром кўрсатилган, енгиллик берилган:

  1. Ҳаётнинг турли жабҳаларидаги жавобгарлик масъулияти эркакка юклатилди, бу машаққатлардан аёллар озод қилиндилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ...

яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо сураси 34-оят).

  1. Ислом аёллардан урушда қатнашиш мажбуриятини олиб ташлади.
  2. Ислом аёлларни жума намози ва жамоатга ҳозир бўлишга буюрмади.
  3. Гувоҳлик бериш масъулияти ҳам аёллар учун эркакларникидан икки баробар енгил қилинди. Қасос ва жиноятларда гувоҳлик бериш масъулиятини улардан соқит қилди. Лекин аёлларга хос масалаларда уларнинг гувоҳлиги комил ҳисобланади ва бу шариатимизнинг уларга катта ишонч билдиришидир.
  4. Аёл киши рўзғорига харажат қилишга мажбур эмас. Бу тўлиғича эрнинг вазифаси. Эр хотиннинг мулкига дахл қилмасдан маҳр беради, тўй қилади, уй-жой билан таъминлайди, хотин бола-чақасини парвариш қилади. Бу ҳолат аёл учун молиявий имтиёздир.
  5. Агар ҳамроҳ бўладиган маҳрами бўлмаса, аёлларга ҳаж фарз қилинмади.
  6. Исломда ким аёлга зино билан туҳмат қилса, унга жазо тайинланади.
  7. Исломда, агар эр зулм қилса, хотинга хулуъ – талоқ (ажрашиш)ни талаб қилишга рухсат берилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни камситишга чек қўйиш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини англатиш учун умматларга етарлича кўрсатмалар берганлар. У Зот алайҳиссалом яратилиш жиҳатидан эркак ва аёлнинг асли бирлиги ҳақида шундай дейдилар:

إِنَّمَا النِّسَاءُ شَقَائِقُ الرِّجَالِ

(رواه الامام أبو داود عن عائشة رضي الله عنها)

яъни: “Албатта, аёллар – эркакларнинг туғишганлари” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Афсуски, ҳозиргача қиз фарзанд дунёга келса, хафа бўлиш, ўғил туғмадинг, деб хотинига зуғум ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга қиз фарзандларни чиройли таъминот қилиш, тарбиялаб, турмушга узатиш жаннатдаги олий мартабаларга сабаб бўлишини уқтирадилар:

مَنْ عَالَ ابْنَتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا، أَوْ أُخْتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا، حَتَّى يَبِنَّ أَوْ يَمُوتَ عَنْهُنَّ كُنْتُ أَنَا وَهُوَ فِي الْجَنَّةِ كَهَاتَيْنِ - وَأَشَارَ بِاِصْبَعِهِ الْوُسْطَى وَالَّتِي تَلِيْهَا

رواه الامام ابن ماجه عن أنس ـرضي الله عنه

яъни: “Ким икки-уч қиз ёки сингилни (ғамхўрлик қилиб) тарбияласа ва улар ундан ажралсалар (яъни, турмушга чиқиб кетсалар) ёки ўша кишининг ўзи вафот этса, мен ва у жаннатда мана шундай бўламиз (деб, ўрта ва кўрсатгич бармоқларига ишора қилдилар)” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

    Аёллардаги жисмоний заифлик қораланмайди. Чунки улар бунга айбдор эмас. Қалбларининг нозиклиги, ҳис-туйғуларининг кучлилиги эса, мўтадил бўлса, мақтовга лойиқдир. Бу нарса улардаги латофат ва гўзалликни зиёда қилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёллардаги мана шу заифликни доим эътиборга олар ва уларни ҳимоя қилишга ҳарис эдилар. Ҳатто видолашув ҳажларидаги машҳур хутбада ҳам, аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. У Зот алайҳиссалом бирорта аёлларига қўл кўтармадилар, уларга яхшилик қилишда умматга ибрат бўлдилар ва шу ишга тарғиб қилдилар:

خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ، وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْلِي (رواه  الامام الترمذي عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما)

яъни: “Яхшиларингиз – оила аҳлига яхши бўлганидир. Мен – аҳли аёлига энг яхшингизман” (Имом Термизий ривоятлари).

Аёллар Исломда она сифатида бениҳоя қадр топдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Қуръонда Қиёматгача келадиган мўминларнинг онаси, деб эълон қилинди. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигида, деб эътиборга олинди. Ҳатто ҳадиси шарифларда яхшилик қилишни онадан бошлаш тавсия қилинди.

Кунларнинг бирида Муовия ибн Жоҳима ас-Суламий разияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурига келиб: “Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилмоқчиман”, – деб рухсат сўрайди. Пайғамбаримиз алайҳисалом унинг онаси тириклигини билиб, онасига хизмат қилишни буюрадилар. Яна рухсат сўрайвергач, У Зот: “Барака топгур, волидангизнинг оёғига маҳкам ёпишинг, ўша ерда жаннат бор!” –  дейдилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кишилар жиддий бир сабабсиз ўз аёлини нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб йўлини очади. Бу билан эр Аллоҳ таолонинг бир қанча (оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби) катта неъматларига ношукрлик қилган бўлади.

Баъзи номардлар очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.

Баъзи ҳолатларда узоқ муддат чет элларда юрадиган кишилар, у ерларда фаҳш ишларга ўралашиб, касбининг баракасини қочириб, турли касалликларни юқтириб келмоқдалар. Гоҳида бедаво касалликларни уларни кутиб турган пок аёлларига юқтириб, ўзларига ҳам, жуфтларига ҳам жабр қилишмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга гўзал муомалада бўлишга тарғиб қилиб, уларга зарар бериш мақсадида ушлаб туришдан қайтарди. Бу ишни “ҳаддан ошиш” ва “зулм” деб атади. Талоқ масаласи Аллоҳ таолонинг оятларидандир. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилган:

وَإِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَبَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَأَمْسِكُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ أَوْ سَرِّحُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا...

яъни: “Хотинларни талоқ қилганингизда (улар идда) муддатига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолингиз ёки яхшилик билан жавобларини берингиз. Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!...” (Бақара сураси 231-оят).

Муҳтарам жамоат! Ҳозирги вақтда динимиз душманлари Ислом динини ёмон кўрсатиш мақсадида аёл-қизлардан қурол сифатида фойдаланмоқда. Дарҳақиқат, айрим низо ўчоқларида бўлаётгани каби аёлларга зуғум ўтказиш, уларни қул қилиб сотиш, жангариларнинг жинсий ҳирсини қондиришни “никоҳ жиҳоди”, деб ниқоблашмоқда. Уларнинг қўлларига қурол бериб жангга йўллаш, ўзини портлатиш каби ишларга йўналтириш, тинч  исломобод юртидан эрининг рухсатисиз, ота-онаси ва фарзандларини қон қақшатиб ташлаб чиқиб кетиш ва бу разолатини “ҳижрат” деб аташ, бошида эри бўла туриб сохта мужоҳидга эрга тегиш кабилар муқаддас динимизда мутлақо ҳаром амаллардан саналади.

Аллоҳ таоло оила масалаларида аксар ўринларда эркакларга хитоб қилган. Бу – оилада эркакнинг масъуллигига ишора! Бу раҳбарлик вазифасини суиистеъмол қилиб, уни ожизаларга зулм қилишга восита қилиб олмаслик керак.

Юртимизда аёлларни ҳар жиҳатдан қадрлаш, ижтимоий-ҳуқуқий томондан ҳимоя қилиш давлат томонидан амалга оширилади. Аёллар ҳамма соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқлилик асосида фаолият олиб боришмоқда. Уларнинг ичида раҳбар ходимлар ҳам бор.

2019 йил 9 сентябрда бир йўла иккита Ўзбекистон Республикасининг Қонуни эълон қилинди.

  1. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”. Ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда мазкур қонуннинг мазмун моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб берадилар...)

  1. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”. Ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда мазкур қонуннинг мазмун моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб берадилар...)

Бунинг устига юртимизда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва Оила марказлари фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирда хотин-қизларнинг маънавий-маърифий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир маҳаллада малакали отинойилар хизмат қилиб турибдилар.

Хулоса қилиб айтамизки, динимизда аёлларни қадрлаш, уларни асраб-авайлаш қаттиқ тарғиб қилинган амалдир. Чунки улар – оналаримиз, жуфтларимиз ва сингилларимиздир. Қадимдан Ислом динига амал қилиб келган халқимизнинг миллий қадриятларида аёл зоти эъзозланади. Давлатимиз томонидан ҳам аёлларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатилиб, уларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиб келинмоқда.  

Аллоҳ таоло барчамизга шариатимиз кўрсатганидек, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам намуна бўлганларидек аёлларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва чиройли муомала қилиш бахтини насиб  қилсин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК” мавзусида бўлади.

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида америкалик мутахассислар иштирокида илмий-амалий анжуман ва “Талабалар илмий жамияти” бўлиб ўтди. Анжуманнинг 1-қисмида  таълим муассасаси директори, фалсафа доктори Нозима Ибрагимова томонидан Institute of Global Engagement қошидаги “Center of Women, Faith and Leadership”нинг 2019 йилги дастури доирасида амалга оширилган лойиҳа бўйича нутқ сўзланди. Унда Нозима Ибрагимова “The pride of Uzbek women” мавзусида тақдимот қилди. Сўнг қисқа танаффус уюштирилиб, меҳмонларга таълим муассасаси талаба қизлари иштирокида мавлид ойи муносабати билан гўзал нашидалар куйланди. Танаффусда америкалик меҳмонлар таълим муассасаси бўйлаб саёҳат қилдилар. Талабалар билан жонли суҳбатда бўлдилар.

Анжуманнинг 2-қисмида “Талабалар илмий жамияти” бўлиб ўтди. Унда 11 таталаба қизлар иштирокида дин ва маънавият уйғунлиги ҳақида, хусусан, “Wisdom in Islam”, “The Religious Tolerance in Uzbekistan” каби мавзуларда тақдимот асосида нутқ сўзладилар. Шундан сўнг, меҳмонлар ўзбек таомлари ва анъаналаридан баҳраманд бўлдилар. Бу учрашув ва анжуман жуда мазмунли ва эсда қоларли бўлди. Меҳмонлар ва талаба қизларда катта таассурот қолдирди.

 

 

 Маънавий-маърифий ишлар бўйича

директор ўринбосари Зайнаб Комилжонова

 

 

 

 

 

 

 

 

الثلاثاء, 05 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Зикр

Куз фаслида дарахт баргларининг кўп ва кетма-кет тўкилишини, йўлакларда сочилиб ётишини, шамол эсса қуриган барглар ерни қоплаб олишини кўп бора кузатганмиз. Бугун ҳам кўчаларда ана шу манзарага тез-тез гувоҳ бўламиз. Гуноҳларимиз ҳам зикр сабабли худди шундай тўкилади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْراً كَثِيراً وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلاً

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч уни поклаб ёд этинглар”. (Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам дунёда катта ўзгаришлар рўй беради. Шунинг учун ҳам бу икки вақтда Аллоҳни поклаб ёд этиш алоҳида таъкидланмоқда.) (Аҳзоб сураси, 41-42-оятлар).

Азизлар, Аллоҳ таоло бу оятда Ўзини кўп зикр қилишимизни буюрмоқда. Кейинги оятда эса Ўзини эртаю кеч поклаб ёд этишимизни амр қилмоқда. “Поклаб ёд этиш” арабчада “Тасбеҳ” дейилади. Яъни бу Субҳаналлоҳ дейишдир. Бу улуғ зикрлардандир. Демак, Роббимизни кўп зикр қилишимиз учун Уни эртаю кеч, доим зикр қилиб юришга барчамиз одатланишимиз керак!  

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барглари қуриган дарахт ёнидан ўтдилар. Асо билан дарахтга ургандилар, барглар тўкилди. Шунда у зот алайҳиссалом: «Албатта, Алҳамдулиллаҳ, Субҳаналлоҳ, Лаа илааҳа иллаллоҳ, Аллоҳу Акбар банданинг гуноҳларини, худди ушбу дарахт барглари тўкилгани каби тўкиб юборади» дедилар.

Демак, қилган гуноҳларимизга астойдил тавба қилиш билан бирга ушбу ҳадисда келтирилган зикрларни ихлос билан кўпроқ айтиб юрсак, иншаа Аллоҳ, гуноҳлардан фориғ бўламиз.

Қаранг, ушбу ҳадисда келган зикрлар тилга осон. Уларни айтиш учун инсонда ихлос, муҳаббат бўлиши керак. Бир дақиқа ичида мазкур зикрларни кўп бор айтиш мумкин. Ана шунда, аввало, Аллоҳни зикр қилганимиз учун савобга эришамиз, қолаверса, гуноҳлардан ҳам қутуламиз.

Аллоҳ таоло бизни кўп зикр қилувчи зокир бандаларларидан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Замонавий воқеалик диний экстремизм ва халқаро терроризмнинг салоҳияти ҳам сифат ва миқдор жиҳатдан жиддий ўсганини кўрсатмокда. Бу эса ўз навбатида диний терроризмнинг глобал хавфсизликка йуналтирилган жиддий таҳдидга айланаётганини бугундаги воқеаликлардан кўриб, билиб турамиз. Глобаллашув жараёнлари ва йирик геосиёсий давлатлар орасидаги узаро манфаатлар тўқнашуви ва шу билан бирга  фан – техника ютуқларидан бор бўйича фойдаланиш халқаро терроризмнинг “бой озуқа”си хисобланади.

Диний экстремизм жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидавий аҳкомларни рад этиш, ўз ғояларини муросасизлик ва мутаассибларча тарғиб қилишдан иборат. Марказий Осиёда қуриб олган шундай ташкилотлар минтақа халқлари учун минг йиллардан бери анъанавий ҳисобланган ҳанафий мазҳаби ва мотуридия ақидасини рад қилиб, аҳолии ўртасида сиёсийлаштирилган ислом ғояларини сингдиришга ва бу билан ёшлар онгини заҳарлаб, ўзларининг разил ва қабиҳ ғояларини амалга оширишда улардан ишчи қурол ўрнида фойдаланишга уринмоқдалар. Терроризм муайян сиёсий мақсадлар устига қурилган зўравонликка асосланган кучдир. Уларнинг мақсади ўз режаларини амалга ошириш жараёнида, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, ахолининг кенг қатламларини қўрқув ва ваҳима остида ушлаб туриш. Терроризмнинг бош мақсади қонуний ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишдан иборат. 

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, одамларимизнинг тўқ ва фаровон яшаётганликлари, яратиб берилган имтиёз ва эркинликлар, энг асосийси, тинч хаётимиз ана шу халқаро террористик ва диний экстремистик ташкилотлар ва уларнинг маънавий раҳнамоларига ёқмаяпти. Шу боисдан улар зўр бериб, ўз ғаразли мақсадлари – ғояларини ёйишга, миллат бирлиги, юрт тинчлигига  раҳна солишга уринишмоқда.

Диний – экстремистик гуруҳларнинг бош мақсади – «халифалик» ёки «ислом амирлиги» тузиш шиори остида хокимиятни эгаллашдир. Ушбу мақсадга эришиш йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтишмайди. Аввало, аҳолига ҳанафийлик мазҳабига зид мутаассиб ғояларни сингдириш, ижтимоий – сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, ҳукуматга тазйиқ ўтказиш, аҳоли орасида қўрқув, поракандалик, давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини шакиллантириш ҳамда Республика раҳбарияти томонидан дин соҳасида олиб борилаётган сиёсатни обрўсизлантириш каби оралиқ мақсадларига бўйсиндирилган фаолият олиб боришга ҳаракат қилишади. Уларнинг асосий фаолият услублари экстремистик руҳдаги адабиётлар, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, яширин гуруҳлар тузиш, ўз аъзоларини давлат тизилмаларига киритишга интилиш, мавжуд ижтимоий – сиёсий воқеаликни кескин қоралаш, давлат ва диний идора вакилликларини обрўсизлантириш ҳамда шу билан бирга террористик ҳаракатларни ўтказишдан иборат. 

Минг афсуслар бўлсинким, ақидапараст оқим ва гуруҳларнинг ёвуз фаолияти туфайли, дунёнинг турли нуқталарида минг-минглаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилмоқда. 

Диний экстремистик ва террористик гуруҳларнинг пешволари биринчи навбатда ёшларимиз орасига кириб олишга, уларнинг энди шаклланаётган онги, тасаввурини ўзларининг ботил ва ёвуз йўлларига солишга интилишади. Бу мақсад йўлида ҳеч нарсадан тойишмайди. Турмушнинг кичик муаммоларини дастак қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш орқали ўз йўлига тортиш синалган усуллардан бири. 

Ёки қадим кадриятлар, мустаҳкам ақидаларни бузиш, уларни бошқача талқинга солиш ҳам кўп қўлланиладиган усуллардан бири. 

Ақидапараст оқимлар биринчи навбатда келажагимиз бўлмиш ёшларга кўз тикишлари бежиз эмас. Бугунги ёшлар эртанги кунимизни, тараққиётини белгилаб берувчи кучдир. 

Динимизда тарбияга алоҳида ўрин берилиши бежиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя бера олмас», — деб марҳамат қилганлар. Фарзандларимизнинг фаол, ватанпарвар ёшларга айланиши кўп жиҳатдан ота-онага боғлик. Халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади” мақоли бежиз айтилмаган. Бу борада нафақат ота-она маҳалла-кўй, ўқув даргоҳлари, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида иш олиб боришлари даркор. 

Ёшларимизни нотаниш, мақсади ёвуз бўлган даъватчилардан асраш лозим. Биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарлашга қаратилган ғоялардан қатъият билан ҳимоя қилсаккина, ҳар қандай ғаразгўй кучлар юртимиз мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига раҳна сола олмайди.

 

Ў.Жуманазаров

Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом-ноиби

Top