muslim.uz

muslim.uz

Қўшработ туманида Хўжанов Адирбой бобо, Узоқов Толлибой бобо деган отахонлар умргузаронлик қилмоқда. Ўтган асрда рўй берган ва инсоният тарихида ўчмас қора доғ қолдирган иккинчи жаҳон уришининг қонли майдонларида ғаним билан жанг қилган ушбу нуронийлар бугун халқ эъзозида.

“Балиқчи ота” жоме масжиди имом хатиби Ё.Тўхташов ва “Жўш ота” жоме масжиди имом хатиби Н.Кубаев “Сиз бизнинг фахримизсиз, азиз бобожон!” шиори остида юқорида номлари зикр этилган отахонлар ҳолидан хабар олдилар. Совға-саломлар ила дилларини хушнуд этдилар. Умрни қадрлаш, тинчликни авайлаб-асраш тўғрисидаги насиҳатларига қулоқ тутиб, дуоларини олдилар.

Ушб хайрли тадбир вилоятнинг қолган ҳудудларида ҳам ўтказилди, деб хабар беради Самарқанд вилояти вакиллиги ахборот хизмати.

Таъкидлаш лозимки, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва каттамизнинг ҳаққини билмаган кимса биздан эмасдир”,дедилар”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти), деганлар.

 

   ЎМИ Матбуот хизмати

Oнам менинг касалманд-сўлғин чеҳрамга йигирма йил термилиб умидвор яшади. Уйқум қочса, у ҳам бедор, овқат емасам, унинг ҳам иштаҳаси йўқоларди. Мен чарчасам, тинка-мадори қуриган тўқсон ёшли кампирдай, оёқларини судраб босарди. Мен сабаб онам эрта қариди. Бир томони олтмишинчи йилларнинг заҳар-заққумли оғир меҳнати, иккинчиси менинг оғир касалим онамни бир чангалгина қилиб ташлади. Мен қоқилсам, у йиқиларди. “Оҳ, болам-а, қанийди сен ҳам одамлардай ўз нонингни ўзинг олиб, синдириб есанг. Худодан тилаганим, одамлардай соғлом, серфарзанд бўлгин. Ризқинг бутун, умринг узун бўлсин”, деб дуо қиларди. Шунда ҳам онам мен учун қайғуриб, куйиб, кул бўлиб бораётганини билмабман. Энди билдим, оналарни қаритадиган ҳам, яшартирадиган ҳам, яшнатадиган ҳам боласи экан. Мен инжиқ, елимдек ёпишқоқ касалликка мубтало бўлган эдим. Онамнинг бошимда ҳайкалдек қотиб турганлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳар-ҳар замон пешонамни силаб, юмшоқ, иссиқ панжаларини юзимга-кўзимга ишқаларди. Бу қўллар нақадар меҳрли, нақадар ёқимли эди, ундан аъзои баданим роҳатланиб, меҳр булоғидан сув ичгандек, юрак-бағрим қониб яйрарди.

“Она, болалар билан бир ўйнаб келсам, майлими?” дердим. Юзимга термилиб: “Кўп ўйнамагин, чопма, толиқиб қоласан”, дердилар раҳматлик. Энди ўйласам, онам зукко экан. “Йўқ, ўйнамайсан” десалар борми, менда яшашга ишонч йўқоларди. Болалар билан ўйнаб юришга ҳавасим кетиб, бир кун ўйнасам, ҳафта-ўн кунлаб тинка-мадорим қуриб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолардим. Ота-онамнинг кўрсатмаган дўхтири ҳам, ичмаган дорим ҳам қолмади. Бу дорилардан бир пиёла иссиқ сувчалик наф кўрмадим. “Касал бўлсанг ҳам, шукр қил”, дердилар онажоним. Шу биргина нурли сўз қалбимни қуёшдек ёритиб турарди. Менинг касалим асаб тизими толиқиши экан. Шифокорлар уни руҳий ҳамда жисмоний таъсир орқали даволашаркан, толиққан асаб тугунларини қўзғатиб, тиклаб соғломлаштириш илмий асосланган экан. Олтмишинчи йилларда мени силаб-сийпаб, қулоқларимдан, оёқларимдан, панжаларимдан тортқилаб  муолажа қилган нуроний отахон сабаб онадан соғлом ва бақувват туғилгандек ҳаётга қайтиб, катта-катта қадам ташлаб юришга илк бор ишонч ҳосил қилдим. Онам Аллоҳдан сўраганидек, нонимни ўзим синдириб ейдиган даражага ҳам етдим.

Кейин оила деб аталмиш боғ ҳам барпо этдим. Унда фарзанд, невара, чевара, эвара деган кўчатлар униб-ўсиб бўстонга айланди. Онамнинг дуоларини ижобат қилган Аллоҳга шукроналар айтаман. Онам болалар билан ўйнаб-кулиб юрганимни кўрса, севиниб чеҳраси қуёшдай порларди. “Менинг болам ҳам элнинг боласи бўлиб, элга қўшилди-я, Аллоҳим, элдан айирма,  эл бўлиб яшасин”, деб дуо қиларди. Шунинг учун ҳам оналар ҳадиси шарифларда улуғланган-да.

Онамдан бошланган ҳаёт мен учун бахт эшигини очди. “Нон-тузинг шу Ватан туфайли. Уни оқлаш учун умр охиригача Ватан деб меҳнат қилмоғинг, уни оилангдек асрамоғинг зарур. Шунда барака топасан. Ватан она тимсоли бўлиб, бошингни силайди. Меҳнатингга муносиб олқиш ва эъзоз беради”, дерди онам раҳматлик.

Худди шундай бўлди. Қирқ йил ўқитувчилик қилдим. Эл-юрт мени эъзозлади. Кўксимга нишонлар тақди. Онамдан бошланган ҳаёт ­– Ҳисор тоғидан эниб келаётган азим дарёдай ташна қалбимни суғориб, озиқлантириб турди. Оналар бор экан, иншааллоҳ, бундай дарёлар қуримайди.

 

Саодатли ОСТОНА,

Қашқадарё вилояти

3 май куни Тошкент Ислом институти «Таҳфизул-Қуръон» кафедрасининг 3-босқич талабаси Фатҳуллоҳ қори Дадаев ўттиз (30) пора Қуръони каримни кафедра устозлари Жаҳонгир қори Неъматов, Исломхон қори Убайдуллаев, Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев ҳамда Элёржон қори Аҳматқуловларга бир кунда, бир ўтиришда ёддан ўқиб берди.

Фатҳуллоҳ қори соат 6 дан кейин Қуръони каримни ўқиб беришни бошлаб, Аср намозигача тўлиқ ўқиб берган. Тошкент Ислом институтининг катта ўқитувчиси Саиджамол домла Масайитов ҳатми Қуръони дуосини қилиб берди.

Фатҳуллоҳ қори Дадаев Қуръони каримни ёдлашдаги машаққатларини эслар экан, ўзининг отаси Ҳамидуллоҳ Дадаев, илк таълим берган устозлари Нурмуҳаммад домла Нарзуллаев, Баҳром домла Исоқов ҳамда Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга ўзларининг катта хизматларини қўшишган “Таҳфизул Қуръон” кафедраси устозлари Зафар қори Маҳмудов, Аҳмадхон қори Рашидовларга ўзининг чуқур миннатдорлигини билдириб ўтди.

Қайд этиш керак, аввалроқ Фатҳуллоҳ қори Дадаев Қуръони каримни 58 кун (салкам 2 ой)да ёдлай олгани ҳақида хабар берган эдик.

 

Манба: http://islaminstitut.uz

Яқин кунларда юртимизга муборак Рамазон ойи ташриф буюради ва унинг шукуҳи барча мусулмонларнинг қалбини ёритади. Ушбу ой муносабати билан Ўзбекистон ва дунёнинг кўпгина мамлакатларида тайёргарлик ишлари олиб борилади.

Буюк Британия мусулмонлари ҳам ушбу ойга тайёргарликни бошлаб юборишган. Британиядаги йирик супермаркетлар тармоқлари муборак ой муносабати билан чегирмалар асосида енгиллик яратишни мақсад қилган ҳолда савдоларни олиб борадилар. TESCO, Sainsbury, ASDA ва Morrisons сингари супермаркетлар Рамазон ойи учун махсус таклифлар тайёрлашаётгани қайд этилган. Муборак ой давомида мусулмонлар тез ва кўп харид қиладиган маҳсулотларга чегирмалар жорий қилиниши кутилаётгани айтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим мусобақасидан сўнг Ўзбекистонда Ҳадиси шариф мусобақаси ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.

«Ҳадиси шариф билимдони» Республика танловининг Қашқадарё вилоят босқичи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда жорий йилнинг 3 май куни Қашқадарё бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот институтининг мажлислар залида бўлиб ўтди. Бу ҳақда "nasafziyo.uz" сайти хабар берди.

Мазкур танловда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган жами 35 нафар фуқаролар иштирок этган.

Мусобақа қизиқарли ва намунали ўтказилиб, иштирокчиларда катта таъсурот қолдирган.

Мазкур мусобақада эркаклар ўртасида:
1-ўрин: Махмудов Мухаммадяхёҳон;
2-ўрин: Холмуродов Ҳамидуллоҳ;
3-ўрин: Қурбонов Ахлиддин
3-ўрин: Жумаев Алишер ғолиб деб топилган.

Хотин-қизлар ўртасида ўтган мусобақада 1-ўринни Амонова Дилфуза қўлга киритди.

Танлов ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги томонидан диплом ва қимматбаҳо эсталик совғалари билан тақдирланган.

Маълумот учун, мусобақа умумий 100 баллик тизимда баҳоланади.
1. Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритиб бериш – 20 балл;
2. Берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадиси шарифни ифодали ўқиб, таржима қилиш ва ундан олинадиган фойдаларни баён қилиш) – 30 балл;
3. Ҳадиси шарифни араб тилидаги матнини саҳобийнинг исми билан ёддан айтиб бериш – 50 балл.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top