muslim.uz
Бутун дунё мусулмонлари Имом Бухорий ҳурмати ҳаққи ўзбеклар билан ҳамкорлик қилишга тайёр
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган дўстона алоқалар кўп асрлик тарихга эга. Буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Карл VI га йўллаган мактубида “Биз сизнинг давлатингиз гуллаб-яшнашини дўстона тилаб қоламиз”, деган самимий истакларни ўқиш мумкин. Етти аср муқаддам битилган ушбу нома икки мамлакат ўртасидаги дўстлик нақадар мустаҳкам асосга эга эканини яққол намоён этади.
Куни кеча Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Францияга ташриф буюрди. Сафардан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон президенти ташаббуси билан юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ислом тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз, азиз авлиёларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш, табаррук қадамжоларини обод этиш борасидаги ишларни халқаро ҳамжамиятга етказиш, манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашишдан иборат.
Франция Ислом фондида бўлиб ўтган учрашув самимий руҳда кечди. Унда Ўзбекистоннинг виждон эркинлигини таъминлашдаги бой тажрибаси, турли динларга эътиқод қилувчиларга ўз ибодатларини адо этишлари учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
“Глобаллашув жараёнлари шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги шароитда турли миллат ва дин вакилларининг бир-бирини тушуниши, қўллаб-қувватлаши, жамият тараққиёти йўлида ҳамкорлик қилиши ўта зарур”, - дейди Франция Ислом фонди президенти Жан Пьер Шевенман. - Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бораяпмиз. Шубҳасиз, мамлакатингиз Марказий Осиё минтақасида ҳал қилувчи кучга эга. Биз Ўзбекистон билан маданий-маърифий соҳада ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз”.
Қайд этиш керакки, мазкур фонд 66 миллионлик Франция аҳолиси ичида 7 миллиондан зиёд мусулмонларнинг ўзига хос ўрни ва мавқеини сақлаш, уларнинг жамиятга ҳар томонлама интеграциялашувини таъминлашга қаратилган кенг қамровли фаолиятни амалга оширади. Фонд ходимлари Ўзбекистондаги ислом тадқиқотлари марказлари билан ҳамкорликда ислом динининг тинчликпарвар моҳиятини ўрганиш, биргаликда илмий лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканларини билдиришди.
Эътиборли жиҳати, Франция Ислом фонди 2021 йилда Франция маданият ишлари вазирлиги, Лувр музейи билан ҳамкорликда Париж шаҳрида “Буюк ипак йўли маданияти” мавзусидаги халқаро кўргазмани ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда. Франция томони ушбу кўргазма доирасида “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” номли мамлакатимизнинг қадимий ва бой тарихига оид экспозицияларни тайёрлашда ҳамкорликка умид билдирди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдиришди.
Одам алайҳиссалом Ҳавво онамиз билан никоҳланганда маҳрга нима берган?
Уйланаётган эркак келинга маҳр беради. Шариат қонунига кўра, маҳр келиннинг мулки саналади. Маҳр исталган нарсадан иборат бўлиши мумкин. Миқдори энг ками 30 грамм кумуш оғирлигида бўлади, кўпи эса чекланмаган. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом маҳр беришда ҳаддан ошишдан қайтарганлар.
Шунингдек, келин катта маҳр талаб қилиб, бўлажак турмуш ўртоғини қийин аҳволга солиб қўймаслиги унинг ақли, фаросати ва меҳрибонлигидан нишона бўлади. Ҳадиси шарифда ҳам ўзи чиройли бўла туриб унчалик кўп маҳр талаб қилмайдиган келиннинг энг яхши аёл ёки қиз экани айтилган.
Хўш, Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз ўртасидаги маҳр қандай бўлган? Бу ҳақда “Пайғамбарлар тарихи” китобида бундай дейилади:
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга узоқ уйқу бериб унинг чап қовурғасидан Ҳаввони яратди. У уйғонганида Ҳаввони кўрди-ю, унга ошиқ бўлди.
Жаброил алайҳиссалом Одам алайҳиссаломга никоҳ қилиш учун маҳр бериши лозимлигини айтганида: “У нима?” деб сўради. Жаброил алайҳиссалом: “Расули акрам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга уч марта салавот айтинг. Аллоҳ таоло бутун оламни унинг севинчи учун яратди ва Қиёматда у барча мўмин-мусулмонларга шафоатчи бўлади”, деди.
Шундан кейин Одам алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтди ва Ҳавво онамизни никоҳлаб олди.
Шундай қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш мўминларга Одам алайҳиссаломдан суннат бўлди.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Уяли алоқами ёки...
Уяли алоқа масофаларни яқинлаштириб, яқин инсонларнинг бир-бирига ғойибона дийдорлашувига бир воситадир. Уяли алоқадан фойдаланганда, айниқса, жамоат жойларда эҳтиёт бўлиб гаплашиш зарур. Телефонда айтаётган сўзимизнинг салмоғини тарозига солиб кўриб гапирганимизда шу нарса аниқки, суҳбат узоққа чўзилмайди.
Бир куни ёшгина аёлнинг телефонда дугонаси билан сўзлашаётгани қулоғимга чалинди. Узоқ суҳбатининг орасидаги бир жумла эътиборимни тортди. “Кеча Нодира билан эрини учратиб қолдим, эри бирам ширин эканки, кўзлари қоп-қора, жуда-жуда ширин” дея кўп бора таъкидлади. Гўё ёмон сўзни эшитгандай унга қараб қўйдим. У эса бепарволик билан гапида яна давом этаверди...
Номаҳрам эркак ҳақида шу қадар тўлқинланиб гапириш аёл кишига ҳаром эмасми?..
Илгарилари киноактёрлар ва машҳур қўшиқчилар ҳақида шундай таърифу тавсиф қилган қиз-жувон беҳаё кўринарди. Бугунги аёллар эса бир-бирининг турмуш ўртоқлари ҳақида шундай ношаърий ўй-хаёлларга бормоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларни бундай огоҳлантирган: “...Бас, сизлар (номаҳрам эркакларга) майин сўз қилмангиз, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса (сиздан) тама қилиб қолур. Яхши (тўғри) сўзни сўзлангиз!” (Аҳзоб сураси 32-оят).
Муслима ҲУСНИДДИН қизи
Юртнинг фидойилари мангу ҳаётдир
“Хотира ва қадрлаш куни” – ҳазрати инсонни қадрлаш кунидир. Халқ хотираси деган сўзни эшитган заҳоти барчамизнинг кўз ўнгимиздан азиз Ватанимиз ибтидосидан бугунига қадар шу юрт учун ва шу меҳнаткаш халқни деб курашган, ақл ва билимини, керак бўлса азиз жонини фидо қилган қанчадан-қанча буюк зотлар ўтади. Жумладан, соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро ва кўплаб аждодларимиз ёдимизга тушаверади. Шу куни Ватанимиздаги барча қабристонлардан зиёратчилар қадами аримайди. Одамларимиз зиёрат асносида марҳумларни хотирлаб, кўзлари ёшланиб, қалблари юмшаб, охиратни эслашни қасд қилишади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга маълум бўлди (яъни Аллоҳ томонидан буюрилди) энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади” (Имом Термизий ривояти).
Хотира – йўқотилган нарсани эслаш. Йўқотиб, кейин хотирлаб юргандан кўра борида қадрига етган афзал. Шунинг учун хотира ва қадрлаш тушунчалари моҳиятан бир-бирига узвий боғлиқ. Бу умумхалқ байрам тарихнинг оғир синовларини бошдан кечирган, фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги отахон, онахонларимизга ҳурмат, эҳтиром ва қадр кўрсатиш айёмидир. Доно халқимизнинг “Қадр кўрсатган қадр топади” деган ҳикматли ўгити барча ёшларга фойдалидир. Маънавиятчиларимиздан бири айтганидек “Хотира ва қадрлаш маросимининг маъно-мазмуни, яъни ўтганларни эслаш, ҳаёт бўлганларни қадрлаш, Ватанни ҳимоя қилиш, уни дахлсиз сақлаш каби олижаноб фазилатларни ёш авлодимизнинг онгу тафаккурига сингдириш, фарзандларимиз, болаларимизнинг биз киммиз, кимнинг авлодимиз, деб ота-боболаримиз жасоратидан ибрат олиб, мана шу мусаффо осмонни, она-юртимизни биз асрамасак, ким асрайди, деган эътиқод билан яшаши, ҳеч шубҳасиз, бугунги ва эртанги ҳаётимиз учун жуда катта аҳамиятга эга”.
Соҳибқирон доимо юришлари олдидан ва зафар билан қайтганида муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни зиёрат қилган, инсон хотираси ҳамда қадрини ниҳоятда эъзозлаган. Амир Темурнинг Шаҳрисабз шаҳрига ихлоси баландлиги туфайли у доим йирик юришлари олдидан ва жангларда зафар қучиб қайтгач, албатта ота юртига тушган. Устозлари, отаси, қариндошлари қабрларини зиёрат қилган.
Хуллас, Амир Темур даврида ҳам хотирлаш маросимлари, диний байрамлар билан боғлиқ бўлган удумларни ўтказишга катта эътибор берилган. Ҳозирги мустақиллик даврида ҳам уларни янада теран ўрганиб, халқимизга етказиш ишлари янада изчил йўлга қўйилмоқда. Буни биргина зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Абдуллахон МИРЗАЕВ,
“Домулло Афанди” жоме масжиди
имом-хатиби
Қайтар дунё
Тунов куни бир муштипар онахон билан суҳбатлашдим. Унинг ҳазин овози ҳали ҳам қулоғимда жаранглаб турибди. Онахон мана бу сўзларни гапириб берди: “Ҳаётимда энг катта хатойим, қулоқсизлигим бўлган. Ота-онам ва қариндошларимнинг сўзларига кирмаганман. Онажонимни унчалик ҳам қадрламасдим. Ёшларга ибрат бўлар деган ўйда ҳаётимни сўзлаб берсам, ўзим ҳам енгил тортардим, она қизим. Ота-онам туғилишимни 10 йил кутишган (йиғлайди). Туғилдим, муҳтожлик кўрмай улғайдим. Отам раҳматли олий маълумотли қилдилар. Сўнгра ўзимизнинг қариндошимизга узатмоқчи бўлишди. Мен эса бирга ўқиган курсдошимга кўнгил қўйдим. Ўртамизда аҳду паймон бор эди. Улар вилоятлик бўлгани учун уйдагиларим тўйимга розилик билдиришмади. Шундай бўлса-да, ота-онамни розилигисиз у йигитга турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим жуда ажойиб инсон эди. Йигирма бир йил бўлди, оламдан ўтганига.
Кунлар ўтди, йиллар ўтди. Мен ҳам фарзанд кўрмадим. Онамга тортдим шекилли 10 йилдан сўнг фарзанд кўрсам керак, деб кута бошладим. Аммо 12 йилда ҳам фарзандли бўлмадим, сўнгра болалар уйидан бир ойлик қизчани боқиб олдик. Ўстирдик, уни катта олима қилдик. Аммо бир марта бўлса ҳам меҳр кўрмадим. Отаси вафот этгандан сўнг қизим бошқа-бошқа яшайлик, менга уй олиб беринг, деб талаб қила бошлади. отасидан қолган машинани сотиб, ёнига пул қўшиб уй олиб бердим. Мана шу ёшгача у ҳам ёлғиз, мен ҳам ёлғиз яшаймиз. Ёлғиз уй мени ютиб юбораётгандек баъзида. Ўша асраб олган қизимдан бўлак ҳеч кимим йўқ. Кўзим яхши кўрмайди, оёқларим эса юришни истамайди. Қизимдан ҳар зарда ва меҳрсизлик кўрганимда онажонимни эслайман. Менинг шундай муомаламдан онам ҳам қаттиқ азият чеккан эканлар-да... Йиғлайман, йиғлайман. Аммо фойдаси йўқ. Отам ҳам онам ҳам ёнимда йўқ. Агар бўлсайди... тиз чўкиб, минг бор кечирим сўрардим. Агар гапларига кирганимда, ҳозир сўппайиб ёлғиз бўлиб ўтирмасмидим...?! Қилган яхши ва ёмон амалларимиз қайтмасдан қиёмат бўлмайди, деб эшитганман, аммо айнан ўзидай қайтишини билмаган эдим. Ота-онасига мен каби хатокорлар бўлса, қайтинглар. Катта бахтсизликлар ҳаммаси биз кичкина деб ўйлаган хатоларимизда яширинган экан. Ғафлатимиз сабаб ўзимиз кўп неъматларни қўлдан бой берамиз. Ҳеч бир гуноҳ ё хатога беписанд қарамаслик керак. Ўлгунингча, албатта, тўлови бўларкан. Шу ёшимда бўлса ҳам хатоларимни англатган, Раббимга беҳисоб шукрлар бўлсин”.
Хуморбегим