muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 19 نيسان/أبريل 2018 00:00

Ким учун мусибат, ким учун мукофот

Нью-Йоркда журналистика соҳасидаги нуфузли «Пулитцер» мукофотининг ғолиблари эълон қилинди.

«Бадиий фотография» йўналишидаги мукофотни Мьянмадаги зўравонликлар сабаб Бангладешга қочишга мажбур бўлган қочоқ Роҳинжа мусулмонларининг расмлари билан «Reuters» агентлигининг фотомухбирлари қўлга киритди.

Таъкидлаш жоизки, Пулитцер мукофоти 1917 йилдан буён журналистика, адабиёт ва мусиқа соҳаларида бериб келинадиган энг нуфузли мукофот саналади. 2018 йилдан бошлаб бу мукофот совриндорларига тақдим этиладиган рағбатлантириш пули 15 минг долларни ташкил этди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мамлакат тараққиёти, унда яшайдиган аҳолининг ўзаро ҳамжихатликда яшашидаги энг муҳим омиллардан бири бу — миллатлар ўртасидаги тотувлик ва диний бағрикенгликнинг ўрнатилиши ҳамда унинг амалда қўлланишидир.

Мамлакатимиз аҳолисининг кўпчилик қисми эътиқод қилувчи ислом дини неча-неча асрлар давомида жамики инсонларни ҳамжиҳат бўлишга, эзгу мақсад йўлида қўлни қўлга беришга, ўзаро низо, урушлар ва миллий ҳамда диний камситишларга йўл қўймасликка, умумий уйимиз-курраи заминда дўст-биродар, аҳилликда яшашга ундаб келмоқда. Динимиздаги тотувлик ва бағрикенглик тушунчалари Қуръони Карим, ҳадиси шариф ҳамда улуғ аждодларимиз асарларида ўз исботини топган. Буни қуйидагилар мисоллида ҳам кўриш мумкин.

Биринчидан, Исломнинг асоси бўлган Қуръони каримдаги илк “Фотиҳа” сурасида Аллоҳни барча оламларнинг Парвардигори, дея тафсир этилиши динимизнинг тенглик ва бағрикенглик дини эканлигидан далолатдир. Ушбу сурада Аллоҳнинг раҳмли ва меҳрибон эканлиги эътироф эътилади;

Иккинчидан, Исломда Қуръондан кейинги энг муҳим манба бўлган ҳадиси шарифда, исломда энг яхши хислатлар очларга таом бермоқлик ҳамда таниган ё танимаганга салом бермоқликдир дейилади. “Ассалому алайкум” сўзи эса “сизга тинчлик, омонлик тилайман” деган маънони англатади. Демакки, миллатидан, эътиқодидан қатъий назар барча инсонларга тинчлик, сиҳат-саломатлик тилаш динимизда ўз ифодасини топган. Худди шу ҳадис Имом ал-Бухорийнинг “Ал-адаб ал Муфрад” асарида ҳам учрайди.

Учинчидан, Ислом адабиётида ҳам тенглик ва бағрикенглик тамойиллари кенг тарғиб этилган. Масалан, Имом ал Бухорийнинг “Ал-адаб ал Муфрад” асарида барча инсонларнинг ўзаро ҳамжихатликда яшашлиги хақида ёзилган. Жумладан, Абу Ҳурайра р.а ривоят қилади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизга ҳасад ва адоват қилманг, дунё ишларида сендан мен ўтаман, деб жанжаллашманг, бир-бирингизга тескари бўлманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, ҳаммангиз ака-ука бўлинглар” дедилар. Бундан кўриниб турибдики, жамики инсонлар бир-бирини ҳурмат қилиши, қўллаб-қувватлаши ва ўзаро низоларга бормасликлари лозим.

Шарқ адабиётида “Маънолар отаси” деб танилган Мирзо Абдулқодир Бедилнинг шундай рубоиси бор:

Шеърим менга неча юз забондин келадир,

Кўпдан бери, кўп вақту забондин келадир.

Таврот эмаски ул, то тахмин этсам:

Бир йўла магарки осмондин келадир…

Ушбу рубоийда Тавротнинг осмондан келишини таъкидлаш бежизга эмас, чунки Қуръонда Таврот ва Инжил ҳурмат ила номга олинади.

Хулоса қилиб айтганда, исломда бир жамиятда яшовчи бошқа дин ёки миллат вакиллари учун шахсий эркинлик, ҳурфикрлик, ақида мустақиллиги, дахлсизлик масалалари тўлиқ кафолатланади. Умуминсоний қадр-қимматлар билан йўғрилган ислом динидаги тотувлик ва бағрикенглик масалалари ҳали ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.

 

Бобур Усмонов тайёрлади

ЎМИ Матбуот хитмати

Савол: Бир ярим ёшимда чап оёғимдаги олтинчи бармоғимни операция қилиб олиб ташлашган. Ўшанда динни тушунадиган баъзи кишилардан буни (операцияни) қилиш мумкинми, деб сўрашганида, улар бўлади, дейишган экан. Энди эса кўплар Аллоҳ шундай яратган нарсани олиб ташлаб, хато қилишган, деб айтишяпти. Шу ҳақда динимизда нима дейилган? 

Жавоб: Қуръони каримда: 

Аллоҳ уни (шайтонни) лаънатлади. (У) деди: “Албатта, бандаларингдан белгиланган (маълум) улушимни олурман, уларни адаштираман, ҳою ҳавасга чўктираман. Уларга буюраман – ҳайвонларни қулоқларини кесадилар, Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар. Ким Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса, демак у аниқ зиён қилибди” (Нисо, 118–119), дея марҳамат қилинган. 

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ берган хилқатни ўзгартирувчиларга лаънат бўлсин”, деганлар. Келтирилган оят ва ҳадисдан кўриниб турибдики, хилқати, шакли ва жинсини ўзгартиришга ҳаракат қилиш ҳаром ҳисобланади. 

Бироқ инсондаги ортиқча бармоқ, хол, қулоқнинг ортиғи каби айрим кишилардагина учрайдиган аъзоларни кесиб ташлаш уламоларнинг фатволарига мувофиқ икки турга бўлинади. Биринчиси – ҳаром, яъни мумкин эмас. Иккинчиси – жоиз. 

  1. Агар ўша ортиқча аъзо инсон ҳаётининг бир маромда кечиши учун зарар етказмаса, унга кундалик ҳаётда ноқулайликлар туғдирмаса, уни кесиб ташлаш мумкин эмас. Чунки бу ҳам хилқатни ўзгартиришга киради. 
  1. Модомики, ортиқча аъзо инсоннинг соғлиғига муайян хавф туғдириб, тўлиқ маромда ҳаракатланиши ёки инсон табиатига хос амалларни бажаришида халал берар экан, табиб ёки шифокор маслаҳати билан уни кесиб ташлаш, қисқартиш мумкин бўлади. Чунки Ислом шариати инсонга имкониятидан ортиқ талаб юкламайди ва унинг тўлақонли ҳаёт кечиришини чеклаб қўймайди.

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди 

ЎМИ Матбуот хизмати

الخميس, 19 نيسان/أبريل 2018 00:00

Қасам ичиш ҳаром эмасми?

Савол: Қасам ичиш ҳаром эмасми? 

Жавоб: Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

“Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз” (Моида, 89). 

Динимиз беҳуда қасам ичишдан қайтаради. Қасам ичилса, фақат Аллоҳ таоло номи билан ичилади. Бизнинг диёрларда одат бўлиб қолган “нон ҳурмати”, “дастурхон ҳурмати”, “она сутим ҳаққи” деган гаплар лағв, яъни беҳуда ҳисобланади. 

Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оталарининг номини ўртага қўйиб қасам ичаётган жамоа ўртасидаги ҳазрат Умар ибн Хаттобга етиб олдиларда: “Аллоҳ таоло оталарингиз номини ўртага қўйиб қасам ичмоқни сизларга ман қилган эмасмиди?! Ким қасам ичса, Аллоҳ таоло номи билан қасам ичсин, яхшиси жим бўлсин!”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти). 

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввалроқ, Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичи Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчасидаги “Ёшлар маркази”да 21-24 апрель кунлари (йигитлар) ва 25-26 апрель кунлари (аёл-қизлар) ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик.

Мусобақа жараёнини онлайн намойиш этиш учун манзиллар ҳақида ҳам маълумот берган эдик. Йирик иншоотларда катта ҳажмдаги мониторлар ўрнатилиб аҳолимиз учун қулай шароит яратилиши кўзда тутилган.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги “Наврўз” давлат қабуллар уйида хотин-қзлар учун онлайн кузатиш имконияти яратилган эди. Бироқ аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда янада йирикроқ иншоотда ўтказишга қарор қилинди. Эндиликда хотин-қизларимиз Мусобақани Тошкент шаҳри, Беруний кўчаси, 41-уйда жойлашган "Халқ истеъмол товарларининг кўргазма-ярмарка савдоси Республика маркази" МЧЖ биносидан онлайн кузатишлари мумкин. Мўлжал: "Беруний" метро бекати.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top