muslim.uz

muslim.uz

Дастлаб, Бароат сўзи ҳақида тўхталиб ўтсак. Хўш, Бароат сўзи қандай маънони англатади? “Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар. У Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасига тўғри келади.

Бароат кечаси қандай кеча?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй Ойша) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” дедилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар.

Бу кечада нималар содир бўлади?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми? дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.

У зот: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар. 

Бу кеча гуноҳлар мағфират қилинади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади”.

***

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади”.

***

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи”, дедилар. 

Бу кеча дуолар қабул бўлади.

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: «Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким (қалбидан) сўраса, унга (ўзининг шаънига мувофиқ) берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа (Булар ўзларининг ёмон амаллари сабабидан Аллоҳ таолонинг неъматидан маҳрум бўлгандирлар).

***

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бизга шу гап етдики, беш кечада дуолар қабул қилинар экан: жума кечаси, ийдул азҳо кечаси, ийдул фитр кечаси, Ражаб ойининг аввалги кечаси ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси”. 

Бу кеча одамлар дўзахдан озод қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтдилар: “Бу Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”. 

Бу кеча қандай амалларни бажариш лозим?

  1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг;
  2. Тавба ва истиғфор айтишга эътибор қилинг;
  3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг;
  4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг;
  5. Имкон топсангиз Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг. 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва то тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди) дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). 

Бу кечани бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.

Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар ила қиладиган жамики амалларимизни қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

الخميس, 19 نيسان/أبريل 2018 00:00

Илм одоб билан гўзал

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини соғлом, баркамол инсон бўлиб етишишини, ўзи улғайиб катта бўлган оиласига, маҳалласига, кишилик жамиятга, шунингдек, ўз Ватанига манфаати тегадиган инсон бўлиб етишишини орзу қилади. Буни Ватан миқёсида олиб қарайдиган бўлсак,

Ватан ҳам ўз фуқароларини, ўз юрти шаънини, обрўини, тараққиётини ва шу каби кишига завқ берадиган ҳайрли ишларни юксак чўққиларга олиб чиқишини умид қилади. Муқаддас Ислом динимизда бу каби масалалар кераклигича муолажа қилинган. Ўрганилган масалалардан келиб чиқиб инсонларга дунё ва охиратини обод қилишга ундагувчи кўрсатмалар ва ҳукмлар чиқарган. Бу борада муқаддас Ислом динимиз инсон манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият берган. Жамиятнинг ҳар бир аъзосига бурч ва вазифаларни юклаган. Масалан ота-она, устоз-мураббий, эр-хотин ва болалар бурчи ва вазифалари каби. Уларнинг ўз Ватани, кишилик жамиятдаги вазифаси ва бурчлари ҳам кераклигича муолажа қилинган. Демак, юқоридаги фикр ва мулоҳазалардан шуни мухтасар қилиш лозим бўладики, бугунги кун авлодлари, яъни ёшларимиз, фарзандларимизни аввало илмли, маънавияти юксак, маърифати, одоби, ахлоқи, умуман олганда таълим-тарбиясини юксалтиришга жиддий эътибор бериш бугунги куннинг талаби ва энг асосий муҳим вазифаси ҳисобланади. Агар ота-оналаримиз бу масалага алоҳида аҳамият берсалар, шак-шубҳасиз фарзандларимиз “Аждодларга муносиб авлод” бўлиб, ўзини ҳам, нафақат ўзини ўзгаларни, Ватанини, халқини бугунги кундаги турли фитналардан, алдов, уйдирма, қўштирноқ ичида ёзиладиган кимсалар, оқимлар, гуруҳларнинг ёмонликларидан сақлаган бўлади. Бу билан аввало яратган Роббимизни розилиги, ўтган аждодларнинг руҳи шоду ҳуррам бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “Мужодала” сураси “11-оят”да шундай деган:

“...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. Ушбу оятда тарбият кунандамиз инсонларни дунёда ҳам охиратда ҳам мақом ва мартабасини кўтарилишига албатта, “Илм” (маърифат, маънавят, одоб, ахлоқ, касб-ҳунар, в.ҳ.к.)ни ўрганиш орқали бўлишини баён қилган. Инсонда илм, маърифат, маънавият бўлса, аввало турли фитналардан ўзини сақлаган, ўзгаларни ҳам сақлаб қолган бўлади. Аллоҳ таоло “Таҳрим” сураси “6-оят”да шундай марҳамат қилаган:

“Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...”, деган. Дарҳақиқат, бу учун ҳам инсонда албаттта “илм” бўлиши лозим бўлади. Маърифат бўлса, нима яхшию, нима ёмон эканлигини ажратишга малака бўлади. Бу учун инсонларда соғлом эътиқод бўлмоқлиги, фарзандларини тўғри тарбияланган, билим ва касб-ҳунарли, ҳалол ва пок бўлиб вояга етишлари учун мазкур буруққа амал қилмоқлиги ҳам динимиз, шунингдек, бугунги кунимизнинг талабидир десам муболаға бўлмайди.

Демак биз ўрганган ояти карималарда Аллоҳ таоло “илм” (маънавият, маърифат)ни юксак неъмат сифатида зикр қилиши, илмли, маънавиятли, маърифатли кишиларнинг даражаси юқори эканига ишорадир. Инсон қанчалик кўп илм олса, тафаккури кенгайса, Аллоҳдан қўрқиш ҳисси, у Зотни кўриб кузатиб турганлигини эътиборга олиши, шунингдек, ўз оиласини, фарзандларини, ўзга инсонларни ҳам оқибати ёмонлик билан тугайдиган бало ва кулфатлардан сақлаган бўлади.

 

Мирзабой САИДНИЁЗОВ

Боғот тумани “Эрали эшон бобо” жомеъ масжиди

имом хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло ер юзига чиқарган жамики наботот оламини доривор хусусиятли қилиб яратган. Ер юзи ва сув остида кўкарган гиёҳ фақатгина ўзига хос доривор хислатига эга. Улардан оқилона фойдалана билиш ўзимизга, интилишимизга боғлиқ. Бу хусусда ишимизнинг асосий вазифа ва мақсади: талаба ва ёшларни табиат гўзаллигини, унинг жозибасини идрок қилишга ёрдам беришдан иборат. Лекин, шуни эсдан чиқармаслик керакки, ушбу наботат оламига яхши ниятлар билан кириб келиш, уларни гўзаллигини билиш, улардан завқлана олиш керак бўлади. Чунки, табиат инсонларга қувонч бағишлайди ва руҳий қувват беради.

Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан олдин мисвок қилишга амр этар эдим”. Юзлаб йиллар давомида Осиёнинг ўрта шарқ минтақаларида тиш тозаланиши Арак дарахтининг кичкинагина шохлар ёки томирлари орқали амалга оширилган.

Мисрда ўтказилган  тадқиқотлар шуни кўрсатадики, новдаларнинг ишлатилиши нафақат тиш қарашларидан тозалайди, балки уларнинг қолдиқлари (мисвокнинг) икки кундан сўнг ҳам бактериялардан тозалаб тураркан. Мисвок тортилган оғизни бир турдаги бактериялар сони 75 % га камаяр экан.    Бир қатор тиш пасталарида ҳам мисвок доначалари мавжуд бўлади. Ўша вақтлардаги миллий тиш пасталари асосида тозалаш учун чархтош ва синтетик жисмлар бўлиб, кичкинагина чўпчали пасталарда антисептик воситалар ва микробларга қарши қоришмалар фойдаланилган.    Бундан ташқари, чўпчалар таркибида милклардан қон оқишини ва уларнинг яллиғланишини камайтирадиган таннин мавжуд.

Мисвокдан фойдаланувчилар тишларнинг доғларини кетказувчи энг яхши восита эканлигини ҳамда уларни тиш чўткалари билан ишлатилса, тишлар янада оқ ва ярқироқ бўлишини таъкидлашади. “Агар сиз новдачадан фойдалансангиз, бу жуда осондир”,-дейди стоматолог Эрик Шапира. Уни юмшатиш учун бошида новдачани секинлик билан чайнанг. Сўнг, тишларингиздаги тозалашга киришинг. Дарахтда қарашларни камайтирадиган ёғлар мавжуд. Новдачани пластик ҳолатига келтириш учун  5 дан 10 дақиқадан сўнг ҳар бир тиш атрофи ва улардан қарашларни кетказиш учун яна 3-5 дақиқа керак бўлади.

Кўпгина Африка мамлакатларида аҳоли оғиз бўшлиғидаги қарашларни кетказиш учун “Чайнаш учун новдачалар” дан фойдаланишади. Шарқий Африкада Салвадор персикаси, Нигеряда эса фагора шимперилари ва ҳоказоларда ишлатилади.

Ажойиби шундаки, новдачаларни ишлатадиган Африкаларда казиеслар одатдагидан анча кам бўлади. Ушбу табиий воситаларнинг кўпайишига қаршилик қиладиган олтита кимёвий восита борлигини топишган. Бундан ташқари, бу дарахтларнинг бир қанчаси таркибида кариесга қарши таъсирга эга бўлган фтор моддси мавжуд бўлади.

“Биз изланишларда давом этамиз, дейди “Илликойс” унверситети профессори Кристин. Бу бир қатор компаниялар бизнинг ишимиз билан қизиқиб қолдилар ва улар ўзлариниг маҳсулотларида ушбу “табиий” компонентлардан фойдаланмоқчилар”.

 

Ирода НУРМУҲАММЕДОВА

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус

ислом билим юрти

ЎМИ Матбуот хизмати

الخميس, 19 نيسان/أبريل 2018 00:00

Оқибат қилсак – одимлаймиз

Муборак динимиз киши ўз яқинлари, қавму-қариндошлари, дўсту-биродарлари, ёрдамга муҳтож кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, уларга яхши муомала қилишга чақиради. Ўз навбатида, бу яхшилик холис бўлиши, таъмадан йироқ бўлиши ҳам таъкидланади.

Меҳр-мурувват кўрсатишнинг йўллари кўп. Пайҳамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўстингиз юзига табассум билан қарашда ҳам ажр бор” — деб марҳамат қилганлар. Моддий имконияти яхши инсон молу дунёси билан, илм маърифатли инсон доно маслаҳати, куч-қуввати бор инсон меҳнати билан ён атрофидаги кишиларга ёрдам қўлини чўзса, ажр савобга эга бўлади.

Мусулмон инсон ҳар қандай савобли ишни бошлашдан олдин ниятини холис қилиши керак. Ана ўшанда Роббисидан ажр олади ва одамлар муҳаббатини қозонади. Халқимизда “Меҳр берсанг – меҳр оласан” деган пурмаъно гап бор. Дунёда меҳр-шафқат кўрсатган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Мукофотини шу дунёни ўзидаёқ кўради.

Ҳаётда ҳеч бир иш беҳикмат бўлмайди. Яқиндагина мен билан ҳам шундай ҳикматли воқеа бўлиб ўтди. Масжидимиз фарроши доимо ўз ишини астойдил бажаради. Қишнинг совуқ кунларида ҳам вазифасига оғишмай меҳнат қилаётганини кўриб, маошини кўпайтиришни ният қилдим. Маош оладиган куни ойлик маошини кўпроқ берганимни кўриб, кулиб қўйди. Қизиқиб сабабини сўрасам: “Кеча онамнинг таваллуд кунлари эди бозордан совға олиб, она буни раҳбарим сизга бериб юбордилар ва мени номимдан табриклаб қўйинг деган эдилар” деб онамни ҳурсанд қилдим. Онам сизнинг ҳаққингизга дуо қилдилар. Яхши ишимни натижасини мана бугун ўзим кўриб, Аллоҳнинг қудратига тан бериб ҳурсандлигимдан куляпман, деб жавоб бердилар.

Ҳа, азизлар, ҳеч қайси бир амалимиз беҳуда кетмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир” (Залзала сураси, 7-8 оятлар). Аллоҳ таоло барчаларимзга олий ҳиммат ва кенг ризқ-рўз насиб қилсин.

 

Авазхон  ЖАЛОЛОВ

Гулистон шаҳар “Исо ўғли Мусо”

масжиди имом хатиби

الخميس, 19 نيسان/أبريل 2018 00:00

Шри-Ланкадаги Ислом дини тарихи

Шри-Ланка давлати Ҳинд океанида жойлашган орол шаклидаги мамлакат бўлиб, Ҳиндистоннинг жанубида жойлашган. Ушбу мамлакатда яшовчи мусулмонлар алоҳида миллат ёки халқ эмас, балки улар диний-конфессионал гуруҳдир. Мамлакат аҳолиси қарийб 21 миллион бўлиб, унинг 10 фоизини (2 миллион нафар) мусулмонлар ташкил қилади. Мамлакат аҳолисининг 70 фоизи буддавийлик, 13 фоизи ҳиндиуйлик, 7 фоизи насронийлар сифатида қайд этилган. 

Мусулмон аҳоли озгина арабча аралашган тамил тилида гаплашади, ёзувда эса узоқ вақт давомида араб имлосидан фойдаланган. Улар орасида Ҳиндистон ва Малайзиядан келганлар, шунингдек, Арабистон ярим оролидан илк кўчиб келганларнинг авлодлари бор. Хўш, Цейлон оролига Ислом қаердан келиб қолган? 

Исломнинг Шри-Ланкага кириб келиши том маънода араблар билан боғлиқ, улар ушбу ҳудудда савдо фаолиятини олиб борганлар. Араб ярим оролида Ислом пайдо бўлиши билан, Шри-Ланкага келиб ўрнашган мусулмон араблар Цейлон оролига Исломни ёйдилар ва тараққий эттирдилар, шунингдек, кейинчалик португал истилочилар Европада арабларнинг номланишидан келиб чиқиб “маврлар” деб атаган янги халқни юзага келтирдилар. Бироқ айримлар бундай номланишга рози эмас, чунки араблар ва Шри-Ланка мусулмонлари ўртасида ҳеч қандай ташқи ўхшашлик йўқ. Буни мантиқан тушунтириш мумкин – минг йиллар ичида араблар маҳаллий аҳолига қоришиб, аралашиб кетди, араб эркаклари маҳаллий аҳоли вакилаларига уйланди ва уларнинг рафиқалари Исломни қабул қилди. Шунингдек, табақаланиш ва ижтимоий зулмдан эзилган маҳаллий эркаклар ҳам мусулмон бўла бошлади. 

Бу ердаги мусулмонларнинг яна бир нуфузли гуруҳи Жанубий Ҳиндистондан келган. Айнан уларга хос тамил тили маҳаллий мусулмонлар тили учун асос бўлди ва замонавий Шри-Ланка давлат тиллари орасида ўз ўрнини эгаллади. Ҳиндистон ортидан Цейлон ороли ҳам Англия мустамлакасига айлангач, кўплаб ҳидуийлар ва мусулмон ҳиндистонликлар оролга кела бошлади. Ҳиндистонликлар чой плантацияларида ишлардилар.  

Малайлар эса Шри-Ланкада XIII асрга келиб пайдо бўлди. Малай қироли Накхон Шри Дхаммарата аскарларининг Цейлонга бостириб кириши бунинг асосий сабаби эди. XVIII асрда голланд истилочилари малай князлари ва олийнасаб зодагонларини ўз ватанларини тарк этиб Цейлон оролига кўчиб ўтишга мажбур қилишди. Улар ҳозиргача яшаб келётган малай жамоатини ташкил қилган деб ҳисобланади. Сургун қилинган малайликлар армия, полиция, ўт ўчирувчилар жамоаси, қамоқхона хизматчилари ва бошқа хизматларга жалб қилинди. Улар голланд истилоси даврида ва британияликлар келган илк йилларда ҳарбийлар сафининг асосини ташкил қиларди. Кейинроқ инглизлар ҳатто махсус малай полкини ҳам ташкил қилди, аммо кейин тарқатиб юборган. 

Турли динлар қандай ёнма-ён яшади? 

XVII асрда бу ерга илк истилочилар – португаллар келгунича Цейлон оролида мусулмонларнинг ҳаёти тинч ва беташвиш эди. Насроний ўлароқ португаллар ҳамон Салиб юришлари, Реконкиста ҳақида унутмаганди, шу сабабли улар мусулмонларни бу ҳудудлардан оммавий равишда қувди. Лекин бу диний масаланинг сиёсий томони эди, холос. 

Аввал бошдан сўнгги сиёсий эврилишларгача Шри-Ланкада буддавийлик ва Ислом тинч қўшничилик қилиб келарди. Бу, биринчи навбатда, мазкур икки маданиятнинг ўзаро қоришувида кўринади. Масалан, маҳаллий муслималар буддист ва ҳундуист аёллар каби бурунларига безак, қўлларига бир нечталаб билагузуклар тақадилар, сари ўрайдилар. 

Буддавийлик маданиятининг мусулмон меъморчилигига таъсир ҳам эътиборга молик. Шри-Ланкадаги масжидлар араб мамлакатлари ёки Марказий Осиё давлатларидаги масжидлардан катта фарқ қилади. Уларнинг қурилишида ҳам мусулмон, ҳам буддавийлик маданиятига оид белгилар қоришиб кетган. Баъзи масжидларда миноралар ва ярим ой тимсоли ҳам йўқ. Айрим ҳолларда бир нечталаб миноралар бўлиши мумкин, аммо улар таниб бўлмас даражада ўзгартирилган, жуда паст ва ингичка бўлиб, умумий меъморий мажмуада кўзга ташланмайди ҳам.  аъзи масжидлар ибодатхонадан кўра саройга ўхшайди. Берулаведаги қадимий масжидлардан бири – 920 йилда қурилган Абрар шулар жумласидандир. 

Шри-Ланкадаги қадимий масжидлар бу ерда Ислом VIII асрдаёқ мустаҳкам ўрин эгаллагани исботидир. Масалан, мамлакатнинг амалдаги пойтахти Коломбо шаҳри бош масжиди саккизинчи асрда қурилган. Манбаларда эса бу масжид ХVI асрга келиб тилга олинган. 

Мусулмонлар ўзларининг фаол савдо ишлари билан танилган эдилар ва ҳалол савдогар сифатида Цейлон халқининг ҳурматига сазовор бўлдилар. Сингалликлар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланар, савдо билан ишлари йўқ эди. Сингал қироллари мусулмон аҳолига яхши муносабатда эди, чунки айнан улар туфайли хазина тўлар, халқаро алоқалар кенгайиб борар, бу мамлакатнинг ташқи сиёсий муносабатларига ижобий таъсир кўрсатарди. Маҳаллий аҳолнинг бошқа динларга тоқатлилиги Цейлонда мусулмонларнинг ўрнашиб, тинч яшаб кетиши учун яна бир муҳим омил бўлди. 

Бундан ташқари, мусулмонлар Канди, Маванелла, Матале, Акурана ва Курунегала каби ҳудудларда малакали шифокор сифатида ўзларини кўрсатдилар. 

Мусулмонлар сони кўп бўлмасада, улар сингал қироллари армияси сафида португаллар ва голландларга қарши курашдилар. Масалан, қирол Сенерата армиясида 4000 га яқин мусулмон жанг қилган. 

Мусулмонларнинг Цейлон оролига назари 

1344 йил Цейлон оролига таниқли араб сайёҳи Ибн Батута келади. У жаннатдан ерга қувилган Одам Ато келиб тушган Сарандиб тоғини тасвирлайди. Сайёҳ бу умрида кўрган энг баланд тоғ эканини ёзади. У тўққиз кунлик йўлдан кўриниб турарди, дейди Ибн Батута. Тоққа икки йўл – Биба ва Мама орқали бориш мумкин, йўллар Одам ва Ҳавво номига қўйилган. Тоққа кўтарилишда сайёҳ унга ўйилган ўнта зинапоялар занжирини кўради, зинопояларнинг сўнггиси “иймон пиллапоялари” деб номланади, чунки ўша ергача кўтарилиб бориб, пастга қараган одам қўрқувдан кўзи тиниб, калимаи шаҳодатни айтиб юборади. 

Цейлон оролида динларнинг кўп асрлар давомида ёнма-ён яшаб келиши турли эътиқодли кишиларнинг ўзаро яқинлашуви ва бирдамлигини келтириб чиқарди. Айнан мусулмонлар туфайли тоғнинг номи Одам Ато қояси деб аталган. Гап шундаки, қоя тепасига чиқсангиз, инсон товонини эслатувчи бир чуқурлик кўриниб туради. Буддавий буни Будданинг, ҳиндувийлар Шива ёки Вишнунинг изи деб талқин қилсалар, мусулмонлар уни ер юзидаги биринчи одамзот – Одам Атонинг оёқ изи деб таърифлайдилар. Насронийлар эса бу ерда Авлиё Фома оёқ изи қолган деб ишонади. Тоғ зиёратгоҳ бўлиб, турли дин ваклларини ўзаро бирлаштиради. 

Цейлон оролида Ислом пайдо бўлгандан ХХ асргача (1983 йили оролда сингал-буддистлар ва тамил-мусулмонлар ўртасида зиддият келиб чиққунча) буддистлар ва мусулмонлар орасида бирон марта тўқнашув қайд этилмаган. Бундан ташқари, Ислом ҳеч қачон на аҳоли, на буддист роҳиблар томонидан бегона ва хавфли дин деб қабул қилинмаган. Буддизмнинг одамлар турмуш тарзи ва маиший ҳаётига таъсири бўланига қарамай, мамлакатда ҳар бир дин ўз софлигини сақлаб қолган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Top