muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 09 نيسان/أبريل 2018 00:00

Салим қалб соҳиби бўлайлик

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссаломни мақтаб шундай деган:

إِذْ جَاء رَبَّهُ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ

“Ўшанда у ўз Роббига соғлом қалб ила келмишди” (Соффат сураси, 84-оят).

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, салим қалб нима?

Салим қалб ҳақида айтилган энг мос таъриф қуйидагичадир: “Аллоҳнинг амрига ва наҳийсига тескари бўлган шаҳватлардан, Унинг берган хабарига зид бўлган шубҳалардан саломат бўлган қалбдир. Бундай қалб Аллоҳдан бошқага бандалик қилишдан саломат бўлган бўлади. Аллоҳни яхши кўрган, Расулининг ҳукмига рози бўлган, бўйинсунган, Унинг Ўзидан қўрққан, Ўзидан умидвор бўлган, Ўзига таваккул қилган, Ўзига суянган, Ўзига бўйинсунган, ҳар қандай ҳолатда ҳам Унинг розилигини устун қўйган, Унинг ғазабига олиб борадиган ҳар қандай нарсадан узоқ бўлган қалбдир”.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни имом, етакчи қилди, ички дунёлари пок, қалблари салим эди. Аллоҳ таоло бунга Ўзи гувоҳлик бериб шундай деган:

“Ўшанда у ўз Роббига соғлом қалб ила келмишди”.

Шубҳа йўқки, Иброҳим алайҳиссаломнинг баъзи сифатларини, у кишига келган синовларни Қуръонда ўқиб билганмиз. У кишининг қилган тасарруфларидан маълум бўладики, шубҳасиз у зот салим қалб эгаси бўлганлар.

Ривоят қилинишича, Иброҳим алайҳиссалом бирор марта душманлари ҳаққига, гарчи улар кўп озор берган бўлсалар ҳам, дуоибад қилмаган эканлар.

Қуръонда душманлари ҳаққига қилган дуолари мана бундай келган:

وَمَنْ عَصَانِي فَإِنَّكَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

“Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан” (Иброҳим, 36).

Аммо мўминларнинг ҳаққига қилган дуолари эса Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам кўп келган. Макка аҳлига барака сўраб дуо қилганлари машҳурдир. Ҳатто биз бугунги кунда бу дуонинг ижобатини кўриб турибмиз.

У кишининг қалблари салим эканини кўрсатадиган ишлардан яна бири оталари ҳақига қилган дуоларидир. Оталарининг Аллоҳнинг душмани экани маълум бўлгач, ундан узоқлашганлар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг суҳбатларидан, муноқашаларидан у кишининг сийратлари нақадар пок бўлгани, қалблари салим бўлгани, ўз нафсларининг истакларидан узоқ бўлганлари яққол кўринади. У киши нафақат салим қалб бўлишга сабаб бўладиган ишларни қилардилар, балки асосий ғамлари қалбларининг саломатлигига эришиш эди. Шунинг учун ҳам у киши мана бундай дуо қилганлар. Буни Аллоҳ таоло Қуръонда келтирган:

وَلَا تُخْزِنِي يَوْمَ يُبْعَثُونَ

“Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин”.

يَوْمَ لَا يَنفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ

“У кунда на мол манфаат берар ва на болалар”.

إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ

“Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)” (Шуаро сураси, 87-89-оятлар).

Барчамиз ушбу дуога қанчалар муҳтожмиз. Чунки, барчамиз ўша кунда Роббимиз ҳузурига салим қалб билан боришни истаймиз.

Ҳар бир ота-она, ҳар бир муаллим, мураббий фарзандларини, шогирдларини қалби пок, ахлоқи гўзал этиб тарбия қилишлари лозим. Фарзандларимизни Иброҳим алайҳиссалом душманлари билан қандай муомалада қилган бўлсалар, шундай муомала қилувчи этиб тарбия қилмоғимиз керак. Иброҳим алайҳиссалом душманларга Аллоҳдан ҳидоят, истиқоматга рағбат сўраб дуо қилганлар. Тиллари иффатли, ҳикматли эди.

Энди ўзимизнинг қалбимизга назар солайлик! Одамларни қўя турайлик. Қалбимизга ким назар солиб турибди?!

Одамлар бизнинг ташқи кўринишимизга, амалимизга, тасарруфларимизга, хатти-ҳаракатларимизга қарайдилар. Лекин улар қалбимизда яширин бўлган нарсаларни билмайдилар. Қалбимизга Аллоҳнинг Ўзи назар солади. Шундай экан, қалбимизни тафтиш қилайлик. Унда ҳасад, кибр, нафс истакларига мойиллик, кўролмаслик, гина, адоват борми? Агар бор бўлса, дарҳол ислоҳ қилиб, мазкур иллатларни илдизи билан йўқотайлик. Роббимиз ҳузурига боришимиздан олдин қалбимизни салим қалб қилишга эришайлик!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

يَوْمَ تُبْلَى السَّرَائِرُ

“Сирлар фош бўладиган кундадир” (Ториқ сураси, 9-оят).

Яна бир оятда бундай деган:

وَحُصِّلَ مَا فِي الصُّدُورِ

“Ва кўкракларидаги ошкор бўлганда” (Адият сураси, 10-оят).

Билингки, қалбнинг саломатлиги дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда келтиради.

Баъзи одамларни кўрамиз, кишилар билан муомала қилганларида мулойим, кечиримли бўлишади. Ўша инсонлар ҳаётлари давомида тинч, хотиржам, бахтли яшаётганларига гувоҳ бўламиз.

Келинг, қалбимизга назар солайлик! Унда бирон касаллик бўлса, тузатишга уринайлик!

Агар қалбингиз салим бўлмаса, касалликларга мубтало бўлган бўлса, дунёда бир илож қилиб яшарсиз, аммо охиратда нима қиласиз?! Ахир охиратда фақатгина салим қалб билан келган кишигина нажот топади-ку!

Аллоҳ таоло қалбларимизнинг саломат бўлишини, охиратда нажот топувчилардан бўлишимизни насиб этсин!

 

Носир ибн Сулаймоннинг

“Ўшанда у ўз Роббига соғлом қалб ила келмишди”

номли мақоласидан Нозимжон ИМИНЖОНОВ таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

    

الإثنين, 09 نيسان/أبريل 2018 00:00

Қушларни қафасда сақлаш мумкинми?

Савол: Кўриниши ва овозидан ҳузурланиш учун қушларни қафасда сақлаш жоизми? 

Жавоб: Баъзи қушларнинг кўриниши чиройли, овози ёқимли бўлади. Гўзалликни барча яхши кўради. Гўзаллик Аллоҳ таолонинг неъматларидандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

“Айтинг: “Аллоҳнинг бандалари учун чиқарган зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?..” (Аъроф, 32). 

“У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди) (Наҳл, 8). 

Аллоҳ таоло ҳайвонот, ўсимликлар ва бошқа зийнатларни бандалари учун яратган. Улардан завқланиш, фойдаланиш мубоҳдир. Зийнат ҳисобланган балиқ ва қушларни динимиз амрларидан чиқмаслик шарти билан боқиш мумкин. Бу шартлар асосан қуйидагилардир: 

  1. Уларни боқиш билан фахр ва кибрга берилиб кетмаслик керак. 
  1. Уларни парвариш қилиш ва уларга эътибор бериш зиммасидаги ибодатлардан чалғитиб қўймаслиги керак. 
  1. Улар ўз вақтида озиқлантирилиши лозим. Зеро, мушук боқиб, унга овқат ва сув бермай қийнаган аёлни Аллоҳ таоло азоблагани ҳақидаги ҳадис машҳур. 

Икки “Саҳиҳ”да ворид бўлган ҳадисда Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Менинг эмикдош укам бўлиб, уни Умайр – “Умарча” деб чақиришар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизнинг уйга келсалар: “Эй Абу Умайр, нуғайрни (тумшуғи қизил, чумчуқсимон қуш) нима қилдик”, дер эдилар. 

Аллома Абул Аббос Қуртубий айтадилар: “Уламоларнинг “қушларни қафасда ушлаб туриш” жоиз деган фатволаридан уларга азоб бериш мумкин, деган хулоса чиқмайди, чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳайвонларга азоб беришдан қайтарганлар”. Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича: “Қиёмат куни қушлар, ўзларини қафасда сақлаб, оч қолдириб, қийнаган кишининг бўйнига осилишади ва: “Эй Раббим, мана бу мени дунёда азоблаган”, дейди”.

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 8 апрель куни ўзбекистонлик қорилар Қувайтда ўтказиладиган 9-халқаро Қуръон мусобақасида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.

Ушбу мусобақада “Ҳифз” йўналиши бўйича 2017 йилда Ўзбекистонда ўтказилган Қуръон мусобақасининг олий ўрин соҳиби, Тошкент Ислом институти 3-босқич талабаси Абдулазиз қори Раҳмонберди, тиловат йўналишидан “Ҳазрати Имом” масжиди ноиб имоми Исмоил қори Қурбонов Ўзбекистон шаънини ҳимоя қиладилар.

Иштирокчиларимизнинг ютуқлар билан юртимизга қайтишларини Яратгандан сўраймиз.

ЎМИ Матбуот хизмати

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 107-бандига қўшимча киритиш ҳақидаги Ҳукумат қарори (ВМҚ–270, 06.04.2018 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги "huquqiyaxborot" канали хабар қилди.

Қарорга мувофиқ ФҲДЁ органи эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза берилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўтган ҳафта “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларининг илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.

 

 

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, диний таълим муассасалари битирувчиларига қўйиладиган талаблар мониторингини ўтказиш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида таълимнинг кейинги босқичларига йўналтириш (олий таълим, магистратура, таянч докторантура), таълим муассасаларида ўқув жараёнига оид меъёрий ҳужжатларнинг юритилиш ҳолати ҳамда талабаларнинг одоб-ахлоқ ва ички-тартиб қоидаларига риоя қилишларини такомиллаштириш, диний таълим муассасаларида ташкил этилган “Араб тили” курслари фаолияти, диний таълим соҳасида инновацион ғоялар ва илғор педагогик технологияларнинг татбиқ этилиши, диний таълим муассасаларида ўқитиладиган мутахассислик фанлар бўйича ўқув қўлланма ва дарсликлар тайёрлаш бўйича йўл-йўриқлар каби масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

 

 

Муҳаммадали Каттабаев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири

ЎМИ Матбуот хизмати

Top