muslim.uz

muslim.uz

Ғусл сўзи фуқаҳолар тилида баданни ювиш маъносидадир. Агар бутун баданга сув оқизилмаса, бадан ювилган ҳисобланмайди. Намлаш ёки ҳўллаш ювиш дегани эмас, ювишда сув бутун бадан бўйлаб оқиши керак. Ғуслнинг рукни сувни баданнинг ҳамма тарафига оқизиб етказишдир. Сувнинг бир марта етиши фарздир. Агар баданнинг озгина жойига, масалан, бирор тук тагига сув етмай қолса ҳам, ғусл қилинмаган бўлади. Демак, бутун баданга сув етказиб ювиш ғуслдир. Аллоҳ таоло: “Агар жунуб бўлсаларингиз, пок­ланингиз – чўмилингиз!” яъни, баданларингизни поклангиз, деган (Моида сураси, 6). “Баданларингизни поклангиз” буйруғи зоҳиру ботинни қамраб олади. Яъни, “бадан”нинг устини ҳам, ичини ҳам, хуллас, “қийналмай тозалаш мумкин бўлган ҳамма жойини тозалаш керак”, деганидир. 

ҒУСЛ   ҲУКМЛАРИ   ҲАҚИДА

Ғуслда баданнинг ичкарисидан ҳисоб­ланган оғиз‑бурунни чайқаш фарз. Демак, бутун баданга сув етказиш ва оғизни чайиш, бурунни ачиштириб чайқаш фарз бўлди. Агар оғиз ва бурун чайқалмаса, бутун бадан неча марта ювилса ҳам, ғусл адо бўлмайди. Оғиз ва бурунни чайқаш таҳоратда фарз эмас, суннат эди. Бунинг сабаби, оғиз ва бурунга сув етказиш қийинлигидан эмас, балки таҳоратда юзни ювиш фарз бўлгани учундир. Оғиз ва буруннинг кўз тушадиган ташқи томони юз ҳисобланса ҳам, ичи юз ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло “ғусл қилишда бутун баданларингизни тозаланглар” деб буюрган, баданнинг ичию ташқарисини – қийналмай ювиш мумкин бўлган ҳамма жойи­ни ювиш ғусл ҳисобланади.

Ғуслда соқолнинг тагига сув етказиш шарт бўлгани каби унинг ораларига ҳам сув етказиш шарт. Демак, соқолни ҳам тўлиқ ювиш керак. Шунингдек, сочи ўрилмаган, балки ­ёйилган аёл ҳам ғуслда сочини тўлиқ ювиши ва ораларига тўлиқ сув етказиши шарт. Фақиҳ Абу Жоҳир Бандовий ҳам шундай деганлар. Чунки соч-соқолга шу ҳолатда қийналмасдан сув етказиш мумкин. Аммо аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, уни ёйиб ювиш керакми? Бу тўғрида уламоларда икки хил ҳукм бўлди. Баъзилари агар сочи ўрилган бўлса ҳам, сочини ёйиб унинг ораларига сув етказиш керак, дедилар. Пайғамбаримиздан :  “Ҳар бир тук остида жунублик бордир. Огоҳ бўлинглар, сочнинг ҳар бир тукини ҳўлланглар ва туксиз баданни покланглар” мазмунли ҳадис ҳам ривоят қилинган. Яъни, тук бўлмаган жойларини тўлиқ ювганингиз каби бадандаги тукларни ҳам ювинглар, соч-соқол каби тукларга ҳам сув етсин, деб буюрдилар. Демак, агар аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, уни ёзиб, ораларига сув етказиб ювиши шарт, дейдилар айрим уламолар. Баъзи уламолар, соч ўрилган бўлса, уни ­ёйиб, ҳар бир соч орасига сув етказиш вожиб эмас, дейишади. Мазҳабимизнинг улуғларидан шайх имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ҳам шу ҳукмни ихтиёр қилганлар. Шу ҳукм тўғридир. Бунга далил шуки, Умму Салама  онамиз: “Мен бошимдаги кокилимни қаттиқ боғлаб ўраман, ғусл қилганимда шуни ечиб ғусл қилишим керакми?”  деб сўраганларида Расулуллоҳ : “Бошингдан ва бутун баданингдан сув қуйгин ва ўша қуйган сувинг сочинг тагига етиб борса,  кифоя қилади”,  дейиш билан мана шу енгилликни берганлар. Чунки шариат аёл кишига ўриб боғланган сочини ечишга буюрса, унга танглик-қийинчилик бўларди. Аммо ўрилмаган сочга нисбатан айтиладиган “ҳар бир соч орасига сув етсин” деган гапда ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Ҳадисдан шу маъно чиқади.

Юқорида келтирилган “ҳар бир тук тагида жунублик бор, ҳар бир тукни ювинглар, ҳар бир тукка сув етсин” ҳадисидан: агар соч ёйилган бўлса, шундай қилинглар, деган маъно келиб чиқади. Умму Салама  онамиздан ривоят қилинган кейинги ҳадис эса ўрилган сочни ғуслда ёйиш шарт эмаслигига далил бўляпти. Демак, ғусл вақтида сочни ёйиш шарт эмас, лекин ҳар бир тола соч тагига сув етмаса, ғусл бўлмайди.

Киндикнинг ичига ҳам сув етказиш вожибдир. Киндикнинг ичи ҳам баданнинг ташқариси ҳисобланади ва ғусл вақтида у ҳам ювилган бўлиши керак. Чунки киндикка қийналмай сув етказиш имкони бор. Демак, киндик ичига намланган ҳўл бармоқ киритилса, тоза бўлади ва ундаги бир дона тук тагига ҳам сув етмай қолмайди. Аёл киши ғусл қилганда ташқи жинсий аъзосини ювиши лозим. Чунки уни ҳам қийналмай ювиш мумкин.

Динимиз ғусл вожиб бўлмаган баъзи ҳолларда ҳам ювинишга буюради. Масалан, жума намозига чиқишдан олдин ғусл қилинади. Зеро, жамоат жойида, хусусан, руҳий поклик маскани – масжидда кишидан бадбўй ҳид келиб туриши суннатга хилофдир. Айниқса, бу ҳолат ёз ойларида жуда сезилади. Динимиз барча соҳада покликка буюриб турсаю, мусулмон одам қандай унга зид иш қилиши мумкин? Ислом уммати ўзининг сўзи билан ҳам, амали билан ҳам, ҳатто баданидан чиқадиган ҳид билан ҳам бировга озор етказмаслиги керак. Бировга озор тегишини истамаган киши ўзига қараши, сўнгра буни бошқаларга ҳам насиҳат қилиб, тушунтириши лозим. Чунки поклик дини бўлган бизнинг динимизда бутун вужуд ва қалб поклиги ҳар бир киши учун катта аҳамият касб этади.

Ювиниб олиш жуда осон бўлиб қолган ҳозир­ги замонда пок ва тоза юриш ҳамма учун, айниқса, мусулмон учун оддий ҳол бўлиши керак. Ҳолбуки, бизга покликни ўргатаётган бу дин бир минг тўрт юз йил аввал жазирама араб саҳросида ҳар томчи сув олтиндан юксак қадрланадиган, ҳеч қандай қулайликлар бўлмаган шароитда ҳам бутун баданни уч мартадан ювишга буюрган. Пайғамбаримизнинг  таҳорат ва ғусл бобида ўзлари бажариб кўрсатган амалларини покликнинг умматга ибрат бўлиб қолган андозаси деса бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) масжидга кириш одоблари бобида кўплаб ўгитлар берарканлар, айниқса, хом саримсоқ ё пиёз еган одамларнинг у ерга йўламаслигини буюрганлар. Бунга сабаб шуки, ўша ҳид билан ёнидагига озор беради. Терлаб ювинмаган одамнинг ҳиди эса саримсоқ еган одам ҳидидан ёмонроқ бўлади. Динимиз мана шунга ҳам қарши бўлиб, тоза бўлиш кераклигини уқтиради.

Ислом поклик дини экан, энг кичик нарсада ҳам поклик бўлиши керак. Масалан, ўнг қўлда овқат ейиш суннат. Таом учун қўл ювилдими, энди уни фақат таомни ушлашга ишлатиш керак. Бирор нарсага ҳожат бўлса, иккинчи – чап қўлни ишлатса бўлади. Тозалик талабларига чинакам риоя қилиб яшайдиган мусулмон кишининг бутун вужудидан эса поклик балқиб туради. Шунинг учун мусулмон одам тозаликнинг энг юқори мақомида бўлиши керак. Кўзимизга жуда арзимас  бўлиб кўринган ишда ҳам пок бўлиш лозим.

Бу ҳолатларда ғусл қилиш фарздир: жунуб[1], ҳайз ва нифосдан сўнг. Аллоҳ таоло жунуб ҳолатда ғусл қилиш фарзлигини ояти каримада билдирган: ,,Агар жунуб бўлсаларингиз, пок­ланингиз, чўмилингиз” (Моида сураси, 6). Яна бир ояти каримада: “Эй мўминлар то гапираётган гапингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар ва яна сафарда бўлмасангиз то чўмилмагунингизча жунуб ҳолингизда (намозга яқин келманглар) (Нисо сураси, 43) дейилган. Демак, жунуб киши ғусл қилмасдан пок ҳисобланмайди ва масжидга кирмайди, қилган ибодати ҳам мақбул бўлмайди.

 

Шайх Алоуддин МАНСУР

таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

[1] Бу ўринда эҳтилом ва жинсий яқинлик назарда тутилган.

 

Cавол: Мусулмон эр ёки аёл бошқа диндагилар билан турмуш қуриши  мумкинми?

Жавоб: Мусулмон киши аҳли китобларнинг аёлларига уйланиши жоиз. Аҳли китоб Таврот, Инжилга эътиқод қилувчилардир. Қуръони каримда: “Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, аҳли китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир. Зинокорлик ёки махфий ўйнаш қилиб олиш учун эмас, балки маҳрларини берсангиз, мўмина аёлларнинг иффатлилари ва сизлардан олдин Китоб берилганларнинг иффатли аёллари (ҳам ҳалолдир). Ким, имондан куфрга қайтса, (қилган савобли) иши, албатта, зое бўлур ва у охиратда зиён кўрувчилардандир” (Моида, 5), дея марҳамат қилинган.

Мусулмон киши оташпараст, бутпараст ёки бошқа шунга ўхшаш ой, қуёш каби нарсаларга сиғинувчилар билан ҳам турмуш қуриши мумкин эмас.

Аммо муслима аёл бошқа диндагиларга эрга тегиши мумкин эмас (“Ҳидоя”).

السبت, 07 نيسان/أبريل 2018 00:00

Сўраган эдингиз

Cавол: Қибла тарафда ухлаб ётган ёки гаплашиб ўтирган одамнинг ортида намоз ўқиса бўладими?

Жавоб: Қиблага қараб ўтирган ё турган кишининг ортида намоз ўқиса бўлади. Пайғамбаримиз  Икримани  қиблага юзлантириб қўйиб ортида намоз ўқи­ган­лар.

Аммо намоз­хонга юзланиб ­тур­ган ёки уни ибодат­дан чал­ғитадиган даражада баланд овоз билан гаплашаётганлар ёнида, қибла тарафида ухлаб ётган киши қиршисида ўқиш макруҳдир (“Шарҳи Аврод”).

ЎМИ Матбуот хизмати

 

السبت, 07 نيسان/أبريل 2018 00:00

Сувни қадрланг (шеър)

Жилдираб оқар ариқ,

Фақат қадрин билмаймиз.

Гўё уммонда балиқ,

Назар-писанд қилмаймиз.

Ифлос қилманг, пок сувни,

Авайлаб, асранг уни!

Эл дуосини олинг,

Даркор охират куни!

Қўлдан келса гар ариқ

Қазиб, сув беринг элга.

Дуо қилади халқ,

Умр учмайди елга.

Автолару от-улов

Ювишни бас қилинглар!

Жўмракка қўйинг жилов,

Сув қадрини билинглар!

Неча халқлар сувга зор,

Фақат бизда бемалол.

Оқар сувни қадрланг,

Асранг, асло қилманг хор.

Сув, ҳаво, нон учовлон

Бўлмаса нетар инсон?

Сув билан тирик жаҳон,

Оқар сувни қадрланг?!

Тўловини унутманг,

Ўз вақтида узинг қарз,

Тўлаш бўйнингизда фарз,

Оқар сувни қадрланг!

Мамадали ТУРДИАЛИ ўғли,

Жиззах вилояти Пахтакор шаҳри

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Aбдуллоҳ ибн Амр  ривоят қилади: Расулуллоҳ : “Агар умматимга қийин қилиб қўй(ишни ўйла)маганимда, уларни саҳарларда, албатта, мисвок қилишга буюрган бўлардим!” дедилар (Абу Нуайм). “Худди котиб қулоғига қалам қистирганидек, Набий  ҳам қулоқларига мисвок қистириб олар эдилар” (Байҳақий). 

Расулуллоҳдан  ўрнак олиб, саҳобалар ҳам мисвок тутишга катта эъти­бор беришган. Миқдом ибн Шурайҳ ибн Ҳониъ Ҳорисий отасидан ривоят қилади: “Мен Ойшадан : “Набий  уйга кирсалар, ишни нимадан бошлар эдилар?” деб сўраганимда, “Мисвок (ишлатиш) билан”, деб жавоб бердилар” (Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад). Бу ривоятдан мисвок ишлатиш фақат таҳорат ва намоз вақтига боғлиқ эмаслигини билиб оламиз. Расулуллоҳ  оила аъзоларига чиройли суратда юзланиш учун уйга киришлари билан мисвок қилганлар. Аллома Муновий бунга қуйидагича далил келтиради: “Мусулмон киши уйга кирганида аҳлига салом бериши керак. Саломда Аллоҳнинг исми бор. Аллоҳнинг исми эса фақат пок оғиз билан айтилади”.

Зайд ибн Холид Жуҳаний  ривоят қилади: “Расулул­лоҳ  мисвок қилмасдан туриб, намоз ўқиш учун ташқарига (яъни, масжидга) чиқ­масдилар” (Табароний). Баъзи уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Уйда ёки масжидга кирмасдан олдин мисвок қилиб олингани маъқул”, дейишган.

Тунги уйқудан таҳажжуд ёки бомдод намозларига турилганида мисвок қилиш Расулуллоҳ  суннатларига мувофиқдир. Гарчи ҳадисда тунги уйқу назарда тутилган бўлса-да, умуман, кундузги уйқудан кейин ҳам мисвок қилиш яхшидир.

Ойша  айтади: “У зотнинг таҳорат суви ва мисвоклари тайёрлаб қўйилар эди. Тунда уйқудан уйғонганларида, олдин ҳожатга бориб, сўнгра мисвок ишлатар эдилар” (Абу Довуд).

Жума куни мисвок ишлатиш ҳақида ҳам алоҳида таъкидланган. Чунки бу куни мўмин-мусулмонлар жума намозини ўқиш учун масжидга тўпланишади.

Ибн Умар  ривоят қилади: “Расулуллоҳ  мисвокни ёнларига ҳозирлаб қўйган ҳолда ухлардилар. Уйқудан уйғонганларида ишни мисвок қилишдан бошлар эдилар” (Аҳмад, Абу Яъло ва Табароний).

Расулуллоҳ  эртаю кеч жиддий аҳамият берган нарсага бизлар ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Бу эса ўз ўрнида тишларни тоза тутиш ўта фазилатли амал эканига ишорадир.

Одилхон ИСМОИЛОВ,

Тошкент шаҳри “Шайх Зайниддин” жоме

 масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Top