muslim.uz
Баъзи ориф зотларнинг Қуръондан таъсирланишлари
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳдан ҳикоя қилинади: “Аллоҳнинг Байтини ҳаж қилиш мақсадида йўлга чиқдим. Сафар асносида йўлдан адашдим. Бир пайт йўл устига ташлаб қўйилган кишига кўзим тушди. У шу туришда ўлимини кутиб яшаётгандек эди.
Бориб, салом бердим. Саломимга алик олди. “Ёнингизда туришимни хоҳлайсизми?” деб сўрадим. “Сени нима қиламан?” деди ҳайрон бўлиб. “Сизга суҳбатдош, улфат бўламан” дедим. “Сенда мен учун қанақа улфатлик бор?!” деб сўради. “Агар бемор бўлсангиз, хизматингизда бўламан” дедим. У: “Менга Кифоя қилувчи, Рост сўзловчи, аҳволимни Билувчи Зот бор. Ким Уни Дўст деб билмаса, ундай кимсага бошқа улфат, суҳбатдош, дўст йўқ” деди.
“Менга яхшилик турларидан бирортасини ўргатинг ёки бирор насиҳат қилинг, эшитиб, амал қилай” дедим. Шунда у бошини кўтариб менга қаради ва: “Эй биродарим! Ўзингни ўз нафсингдан сақла! Қалбингга бирор иллат киришидан эҳтиёт бўл! Агар бир маъсиятни қилмоқчи бўлсанг, бошингни юқорига кўтар! Кимга қарши бўлаётганингни, Кимга журъат қилаётганингни, Кимга қарши уруш бошлаётганингни бил! Аллоҳга исён қилган кимса, Унга қарши урушган кимса бўлиб қолишини билмайсанми?! Қилиб турган солиҳ амалларингда бардавом бўл! Белингни маҳкам боғла! Сени бу дунёдан кетказилишидан олдин ўзинг Аллоҳ сари юзлан! Жаҳаннам муридларнинг кечаларини бедор қилганини, обидларнинг қалбларини жароҳатлаганини билмайсанми?! У Зот Ўз Китобида уларни мақтаб шундай деган:
كَانُوا قَلِيلاً مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ
“Улар кечалари оз ухлар эдилар”.
وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ
“Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар” (Зарият сураси, 17-18-оятлар).
У ушбу оятларни ўқидию, қичқириб юборди. Шу заҳоти жони узилиб, ерга ётиб қолди. У кишига ўхшаган етук кишини кўрмадим. Аллоҳ раҳматига олсин!”
Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли асаридан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Афинада халқаро кўргазмада Ўзбекистон вакиллари илк бор иштирок этди
Жорий йилнинг 10-12 март кунлари Афинада озиқ-овқат ва ичимликлар – “Food Expo Greece – 2018” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бешинчи марта ташкил этилаётган мазкур кўргазма озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларига мўлжалланган минтақадаги энг йирик кўргазмалардан бири ҳисобланади. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган навбатдаги тадбирда АҚШ, Австралия, Бельгия, Болгария, Греция, Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Италия, Исроил, Польша каби дунёнинг 22 давлатидан келган 1 минг 250 дан зиёд компания ва фирмалар вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Экспортни қўллаб-қувватлаш фонди ва Ўзбекистоннинг Грециядаги консуллиги кўмагида ўзбекистонлик ишбилармонлар илк бор мазкур кўргазмада иштирок этди.
Кўргазма доирасида 70 мингдан зиёд иштирокчи ташриф буюрган бўлиб, уларнинг 3,5 мингдан ортиғи дунёнинг 65 мамлакатидан келган харидор ва мутахассислар экани кўргазманинг минтақада нечоғлик муҳим аҳамият касб этишидан далолат.
Халқаро форумда озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар тайёрлаш соҳасидаги энг сўнгги илғор технологиялар намойиш этилди.
Ўзбекистон миллий стенди остида тақдим этилган қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қандолатчилик маҳсулотлари, макарон, биологик фаол қўшимчалар, қуритилган меваларни қайта ишлаш, асал, спирти ичимликлар кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Халқаро форумда ўзбекистонлик ишбилармонларнинг Греция, Нидерландия, Бирлашган Араб Амирликлари, Чехия, Покистон, Польша, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Хитой каби давлатларнинг етакчи компания вакиллари билан B2B доирадаги учрашувлари ташкил этилди. Музокараларда Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотлар, озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ҳамда хорижий ишлаб чиқарувчилар билан замонавий ихчам технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш бўйича қиймати 28 миллион долларлик шартномалар имзолашга эришилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳиндистон диний делегацияси Тошкентга келади
Бугун, 13 март куни Тошкент шаҳрига Деҳли шаҳри Жоме масжидининг бош имоми, Ҳиндистондаги Нақшбандия тариқатининг намояндаларидан бири Саид Аҳмад Бухорий раҳбарлигидаги диний делегация ташриф буюради. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистонга ташриф чоғида қадамжоларни зиёрат қилиш, мамлакатнинг тарихий ва меъморий обидалари билан танишиш, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом сивилизацияси маркази, Ислом академияси, Тошкент ислом университети раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиш кутилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Муносабат: Ҳаёт гулларининг қотиллари – ўзларини дўзахга отувчилардир
“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир”
Нисо сураси, 93-оят
Дунёдаги энг бебаҳо неъматлардан бири, шубҳасиз, фарзанд неъмати. Буни теран англаган, солиҳ фарзанд улғайтириш энг олижаноб мақсади бўлган болажон халқимиз: “Болалик уй – бозор, боласиз уй – мозор”, дейди.
Дарҳақиқат, фарзанд неъмати – Аллоҳ таоло бу ҳаёти дунёда ато этадиган энг улуғ инъомларидан бўлиб, унга шаръий никоҳ орқали эришилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 3-оятида: “Ўзингизга ёққан аёлларга никоҳланинг”, деб амр қилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Никоҳланинглар, кўпайинглар, чунки қиёмат кунида умматимнинг кўплиги билан фахрланаман”, деб буюрдилар (Имом Суютий ривояти).
Ислом дини беш нарсанинг муҳофазасини қаттиқ талаб қилади. Улардан бири – насл. Шу боисдан наслга тажовуз қилиш энг оғир жиноят ҳисобланади. Наслга тажовуз эса зинодир. Афсуски, баъзи кимсалар шаҳвоний нафсига қул бўлиб, энг оғир жиноятлардан бири бўлмиш зинога қўл уриб қўяётир. Натижада эса гуноҳ устига гуноҳ, жиноят устига жиноят содир этмоқда. Ана шундай мудҳиш жиноятлардан бири яқинда Наманган вилоятида содир бўлди.
Ўн олти ёшли, ҳали ўзи гўдак бўлган бир қизгина оғир гуноҳга қўл урди, бу гуноҳи кабираси кетидан ундан-да оғирроқ гуноҳни эргаштирди – ўз фарзанди жонига қасд қилди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг заволидан (йўқ бўлиб кетишидан) ҳам оғирроқдир”, деб айтганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифларида эса: “Ким бир мусулмонни ўлдиришга бир оғиз сўз билан бўлса-да ёрдам берса, қиёмат куни пешонасига “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид”, деган ёзув ёзилган ҳолда тирилади”, деганлар.
Ўзи аёллар боласининг жонига нега тажовуз қилади? Нега раҳмида тўққиз ой қийналиб кўтариб юрган фарзандини ўлдиришга уринади? Шубҳа йўқки, ундай ҳолларда бола никоҳсиз бўлади. Бу шармандаликдан кутулмоқчи бўлишади. Нима қилишни билмаганидан кейин қилган гуноҳи кабира – зиносига яна бошқа бир гуноҳи кабира – қотилликни шерик қилишади. Улуғ уламолар бекорга: “Гуноҳ ишга қўл урма, у, албатта, кетидан бошқа бир гуноҳни эргаштиради” деб айтмаган. Беш кунлик дунёда беш дақиқалик шаҳватини ҳаром, тақиқланган йўл билан қондиришга қўл ургани шундай аянчли оқибатга олиб келади. Юқоридаги оят карима ва ҳадиси шарифларда уларга нақадар оғир жазо ва аянчли азоб берилиши айтилди. “Ким бир мусулмонни ўлдиришга бир оғиз сўз билан бўлса-да ёрдам берса, қиёмат куни пешонасига “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид”, деган ёзув ёзилган ҳолда келади” Ахир Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлишдан оғир жазо борми? Бир сўз билан ёрдам берган одамга шунчалик оғир жазо берилса, қотилликни ўз қўли билан қасддан содир этганнинг оқибати нима бўлади? “Унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур”.
Иффати, ибоси, ҳаёси билан машҳур бўлган ўзбек аёллари нега зино деган шармандали ишга қўл урмоқда? Уларнинг шу даражага етиб боришига нима сабаб бўлмоқда? Бунда шубҳа йўқки, айрим ота-оналар ўз фарзандининг таълим-тарбиясига беэтибор экани сабаб бўлмоқда. Боланинг юриш-туриши, ўзини тутиши, кимлар билан дўстлашгани, ҳатто қандай кийим кияётгани, телефонида нималарни сақлаб юргани, нималарни томоша қилаётгани, интернетдаги қайси сайтларга кираётгани ва бошқа ишларига бепарволиги оқибати аянчли бўлаётир. Ахир бола бир машина эмаски, унинг озуқаси ва кераклик анжомларини олиб берсангиз, айтган тарафингизга қараб юраверса. Унинг ички олами, руҳияти ҳам бор. Унга жиддий эътибор қаратиш керак. Боланинг жисмини озиқ-овқат билан таъминлагандек маънавий озиғини ҳам бериш керак. Лекин айрим ота-оналар бунга улар эътибор қаратмаётир. Бунинг оқибатига эса барча гувоҳ бўлиб турибди. Ҳозирданоқ ушбу масалага жиддий эътибор қаратилмас экан, келажакда бундан ҳам ёмон оқибат келиб чиқмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Ахир ота-онанинг зиммасидаги асосий вазифа фарзандига гўзал таълим ва тарбия бериш эмасми! Агар улар бунга парво қилмаса, фарзандининг ҳаққига хиёнат қилган бўлади.
Шундай экан, аждодларимиздан ибрат олайлик. Улар маънавиятда энг етук сиймо бўлиб, дунёни таълим ва тарбия билан тебратганлар. Аёллармиз момоларимиздан ибрат олсинлар. Уларнинг иффат, ибо, ҳаёси ҳақида ҳатто зарбулмасаллар тўқилган. Баъзи бир минтақаларнинг бузилган ахлоқидан таъсирланишдан ўзимизни ва фарзандларимизни асрайлик. Тарихда ахлоқи бузуқ қавмлар кўп ўтган. Шу боисдан улар балоларга учраган ва ўша ахлоқсиз қавмларнинг бирортаси ҳозир қолмади. Бироқ ахлоқда, таълим ва тарбияда етук бўлган халқлар эса асрлар оша ёруғ юз билан келмоқда. Ана шу кимга эргашиш керак эканига яққол далилдир. Бунда «Ақл эгалари учун белгилар бор...» (Оли Имрон сураси, 190-оят).
ЎМИ матбуот хизмати
7 саволга 7 жавоб: Намозга боғлиқ саволлар
1-савол: Телевизорга қараб Байтул Ҳарамда ўқилаётган намозларга, жумладан, таровеҳ намозига иқтидо қилса бўладими?
Жавоб: Йўқ. Чунки у ҳолда жамоат шартлари мавжуд эмас.
2-савол: Намозда ўқиладиган сура ва оятлар маъносини билишимиз шартми?
Жавоб: Намоз ўқиётган одамнинг ўқиётган сура ва оятларнинг маъносини билиши шарт ёки фарз эмас.
3-савол: Биз оилавий водийга кўп сафар қиламиз. Йўлда намоз ўқиш учун аёллар ҳам масжидда намоз ўқишлари мумкинми? Ёз кунлари масжидда бўлмасада намозимизни ўқиб оламиз, лекин қиш кунлари қалин қор бўлгани учун бунинг иложи бўлмайди. Умуман юртимиздаги масжидларда аёллар намоз ўқиб олишлари (қазо бўлиш эҳтимоли бўлганда) мумкинми?
Жавоб: Мумкин. Масжидларнинг четида аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхоналар ажратилиши лозим. Агар шу каби шароитлар ҳозирланмаган бўлса, барча масжидларда эркаклар намоз ўқийдиган хонақоҳдан ташқари ҳам намозхоналар бўлади. Аёллар шу хоналарида ўқиб олсалар бўлади. Агар бордию хонақоҳ битта бўлса ҳам, эркаклар ўқиб чиқиб кетганларидан сўнг аёллар бемалол кириб намозларини ўқиб олишлари мумкин. Намозларини қазо қилмасликлари лозим. Бунга ҳеч қайси масжид ходимлари қаршилик қилишлари мумкин эмас.
4-савол: Мен ҳайдовчиман, хўжайинни олиб юраман. Намозларим қазо бўлиб қолмоқда. Намозларимни машинада оқиб олсам бўладими?
Жавоб: Сизнинг шафёр эканлигингиз намозингизни қазо қилишга ёки уни ўқимасликка сабаб бўла олмайди. Ҳўжайинингиз билан келишиб намозларни ўз вақтида ўқишга ҳаракат қилинг.
5-савол: Касб тақазоси билан онам ҳар уч кунда бир кун иш жойларида навбатчилик қиладилар. Иш жойлари узоқ ва ишлари қийин. Минг афсуски, намоз ўқиш учун ҳам етарли шарт-шароитлар мавжуд эмас. Ишдан кейин онам анча чарчайдилар лекин ҳамма намозларини ўз вақтида ўқийдилар. Фақатгина онамнинг иш кунларида мен ҳар эҳтимолга қарши бомдод намозини онам учун ўқиб берсам бўладими? Динимиз бунга қарши эмасми?
Жавоб: Ислом динида баданий ибодатларни бировнинг номидан бажариб бўлмайди. Яъни намоз кишиларнинг ўзлари адо этиши керак бўлган вазифаларидир. Уларнинг ўрнига бошқаларни намоз ўқиб беришлари мумкин эмас.
6-савол: Ёшим йигирмада, намоз ўқишни яқинда бошладим. Бошлагунимга қадар қолиб кетган намозларимнинг қазосини ўқимоқчи эдим. Қазо кунларини ҳисоблаганимда 2092 кун чиқди. Энди аввал бомдоднинг 2092 та қазо намозини ўқиб, кейин 2092 та пешиннинг қазо намозини ва шу тартибда ўқисам бўладими? Ёки бир куннинг беш маҳал қазо намозини ўқиб, кейин иккинчи кунга ўтайми? Ойдинлик киритиб беринг, илтимос.
Жавоб: Қазо бўлган намозларни бир кунлигини, яъни қолдирилган тартибда бир куннинг беш маҳал намозини ва витрни ўқиб, кейин иккинчи куннинг қазо намозларига ўтинг ва шу тартибда давом этинг. Чунки тартиб билан қазо намозларини ўқиш афзалдир. Сиз айтаётгандек, барча бир хил номдаги намозларни қазо қилиб, кейин бошқасига ўтиш ҳам жоиздир. Аммо ҳар кунлигини тартибли равишда қазосини ўқиш ҳар томонлама афзалдир.
7-савол: Саволим намоз борасида. Намозда қадада ўтирганда “Аттаҳиёт”ни тиловат қилинаётганда ишораи саббоба “Кўрсатгич бармоғи ишораси” қилинади, ушбу ишора бажарилгандан сўнг бармоқлар жамланиб мушт ҳолатига келтириладими ёки бармоқлар яна қайта ёзиб юбориладими? Бу ишорани қилиш бизнинг мазҳабимизда ўзи борми?
Жавоб: “Аттаҳиёт” ўқилаётганда кўрсатгич бармоқни кўтариб “ишора саббоба” қилиш суннат амалдир. Ишора қилингандан кейин бармоқлар ўша ҳолатида қолгани афзалдир.
ЎМИ Матбуот хизмати