muslim.uz

muslim.uz

Ўзбек ва қозоқ халқи бир илдиздан сув ичган халқ. Азалдан Ўзбекистон замини қозоқ халқи учун илму маърифат манбаи, маънавий таянч маскани бўлиб келган. Қозоқ заминида мангу қўним топган буюк Туркистон пири Аҳмад Яссавий ҳазратлари Бухорои шарифда, Хожа Юсуф Ҳамадоний даргоҳида таълим олган.

Буюк қозоқ маърифатпарвари Абай Қўнонбоевнинг ўзбек халқига ҳурмати ниҳоятда баланд бўлган. У миллатимизга бўлган чексиз ҳурматини “Ўзбеклар ҳақида мақола”сида қуйидагича изҳор қилган: “Ҳозирда кўрмоқдаманки, ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, ўзбек савдогари қадами етмаган жой йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшашади, адоват қўзғашмайди. Рус савдогарлари йўқлигида қозоқларга кийим-кечак ва марҳумларига кафан келтириб беришди... Руслар замонига келиб эса янгиликларни бошқалардан олдинроқ ўзлаштиришмоқда. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандчилик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми – ҳаммаси уларда бор..."

Кўҳна тарих қаърини титкилайверсангиз ўзбек ва қозоқ халқининг ҳар жиҳатдан бир-бирига кўмакчи ва ишончли йўлдош бўлиб келганига доир мисоллар жуда ҳам кўп топилади.

Бугун эса ажойиб замон. Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам  барқарор тараққиёт йўлига тушиб олиб жадаллик билан одимлаб бораётир. бугун икки давлат орасида интеграциялашув,  савдо алоқалари, таълим, тиббиёт, фан ва маданият, қишлоқ хўжалиги, саноат, спорт, ёшлар ўртасидаги мулоқотлар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш икки мамлакат ривожи, икки миллат равнақига хизмат қилади.

Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Остонага боради.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг кенг кўламли кун тартибига эга биринчи маслаҳат учрашувида иштирок этади. Ушбу учрашувни ўтказиш таклифини Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрь ойида ўтган 72-сессиясида илгари сур  ган ҳамда Самарқанд шаҳрида бўлган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда яхлит дастур даражасигача ривожлантирилган эди.

Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусини минтақадаги барча мамлакатлар қўллаб-қувватлаб, Қозоғистон олий даражадаги биринчи учрашувни Остонада ўтказиш истагини билдирган эди.

Маълумингизки, 2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилинди.  Давлатимиз раҳбари Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросимида иштирок этади.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашуви ҳам режалаштирилган.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда, деган сўзлар бошланган қарор беш банддан таркиб топган.

Унда Абай Қўнонбоевнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан халқларимиз маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб ҳамда ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, эл-юртимизни қозоқ адабиётининг улуғ намояндалари ижоди билан кенг таништириш мақсад қилинган.

Қозоғистонда Ўзбекистон йили эълон қилиниши, Ўзбекистонда буюк қозоқ шоирининг ижодий меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш тўғрисида давлат раҳбарининг қарори қабул қилиниши икки халқнинг қалбини янада яқинлаштиради, хайрихоҳлигини янада оширади, қардошлик алоқаларини мустаҳкамлайди. Бундан эса барча инсонлар манфаатдор бўлади, иншоаллоҳ!

ЎМИ Матбуот хизмати

Шу кунларда кўп инсонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандларига бўлган раҳмати кўриниши ва насибаси ҳақида сўрашади. Афтидан, уларнинг бу суриштиришларидан танқиднинг ҳиди келаётгандек ёки биз кўп марта эшитган ва ўқиган илоҳий раҳмат кўринишини учратмай бу қиш ҳам ўтаётганини кўриб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони беҳад чексиз раҳматга эга сифат билан тасвирлашдан ажабланиш маънолари сезилаётгандек бўлади.

Мен ўша сўраб-суриштирувчиларнинг сўроқ саволларидан хайратга тушаман, улар Аллоҳ ҳар йили ўргатиб қўйган ёмғирлар мисолидаги бандаларига ёғдирадиган Аллоҳнинг раҳмати ҳақида сўраб муҳокама қиладилар. Кейин инсонлар бир-бирига бўлган меҳрибончиликлари ҳақида бирор нарса дейишмайди.

Бир муҳит ёки шароитда яшаб туриб, улар ўнгу сўллари ва олдиларига ёки орқаларига бурилиб қарасалар меҳрибонлик маъносини таниб бўлмайдиган даражада ўзгартириб юборган одамлар жамоасини кўрар эдилар. Фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло раҳим қилган озчилик одамлардагина меҳрибонлик муносабатини учратардилар.

Аллоҳ уларни ўргатиб қўйган ёмғирлар кўринишидаги Аллоҳ азза ва жалланинг раҳматини нима учун тўхтаб қолганини суриштирадилар-у, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган Аллоҳнинг бандаларига бўлган раҳмати ва инсонлардаги  меҳрибонликларига боғлиқ бўлган раҳмат тўғрисида суриштирмайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Раҳим қилмаган кишига Раҳим қилинмас”.

Мана шу ҳолат уларни таажжубланишларига, сўроқ-савол қилишларига балки инкор қилишларига ундайди.

Агар мусулмонлар умумий кўринишларида ҳамдард ва меҳрибон бўлганларида эди, иш эсанкираш ёки таажжубланишга ундамас эди.

Лекин воқелик бу тасаввурнинг тескарисидир. Балки ҳар биримиз кўриб турган умумий воқеликда қайерга қандай қарамайлик, одамлар ўзлари мусулмон бўлишларига қарамай, бир-бирига нисбатан салбий муносабатдалар. Меҳрибонлик кўринишларини фақат у ер бу ердаги тирқишларда жуда оз қолганини кўрасиз.

Бойлик жуда кўп, лекин бу бойлик эгалари ўзлари ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг насиҳатлари ўртасидаги тўғриликни четга суриб қўйдилар.

Улар меҳрибон ва ҳамдард бўлишга ҳамда бойликларини Аллоҳ азза ва жалла таклиф этган меҳрибонлик йўлида унга шукр ва ҳамд айтиш учун ишлатишларига буюрилган эдилар.

Аксинча, бу ўринда чексиз хашамат ва ўз соҳибини Аллоҳ таолога бўлган итоатли бандалик чегарасидан хатарли туғён даражасига чиқарадиган манманлик пайдо бўлди.

Бу жойда Аллоҳ азза ва жалла берган неъматга бир қанча одамларни маст бўлаётган воқелиги кўринади. Улар Аллоҳ азза ва жалла ишониб топширган ушбу неъматлардан кибр, туғён ва манманлик даражасида фойдаланадилар. Биз бунга жуда кўп мисолларни анчадан бери тавсифлаб уни эслатиб келяпмиз. Таажжубланиш нимаси, ваҳолангки ,Расулуллоҳнинг: “Раҳим қилмаган кишига раҳим қилинмас”, деган сўзларида Аллоҳ бандаларининг ишида қандай йўл тутишини эслатиб қўйган.

Шундай тарбия кўринишларидан кейин Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларига ўз раҳматини тўла намойиш этишига нима учун ажабланиш керак? Одоб ва тарбия қамчисини улар олдида силкитиб туришидан нима учун  хайрон бўлиш керак?

Мана шу оламлар Раббисининг бандалари ишида кўрсатиб берган йўлидир. Шу билан бирга Аллоҳ азза ва жалла доимо Раҳмон ва Раҳимдир. У доимо ўз бандаларига саховатли ва мурувватли зотдир.

Бандаларини уйғотиб тарбия бериш учун ҳамда адашганларидан кейин тўғри йўлга чақириш учун улардан гохида ёрдамини тўхтатиб туради.

Аллоҳнинг раҳмати ва ундаги насибасини суриштираётган кишига ҳайрон бўламан. Қандай қилиб еру осмон орасида тўлиб тошган Аллоҳнинг раҳматини кўрмайди?

Ўз жисминг ва офиятингдаги Аллоҳ азза ва жалла берган раҳматни кўрмайсанми?

Сенинг оёғинг тагига ерни текис тўшаб қўйган ва ҳар лаҳзада ҳаётингни янгиланиб туриши учун келиб-кетиб турувчи шабадаларни бўйсундириб қўйган Аллоҳ азза ва жалланинг раҳматини кўрмаяпсанми?

Атрофингдаги бу дунёнинг борлиқларини ва сенга бўйсундириб қўйган нарсаларидаги Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг раҳмат кўринишларини кўрмайсанми?

Сени ерга юттириб юбормаган ва ерни тўхтовсиз зилзила бўлишига амр қилмаган ҳамда атрофингдаги дунёни ҳалок қилувчи микроб бактериялар билан тўлдириб ташламаган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сенга берган раҳматига қарамайсанми?

Аллоҳ хоҳласа сени шу нарсалар билан ҳалок қилиши мумкин эди.

Сени уйғотиш учун ва Аллоҳ азза ва жалланинг буйруқларига қарашинг учун олдингда тарбия қамчисини силкитиб туришни хоҳласа-ю, сен афсусланиб Аллоҳ таоло раҳматининг насибасини суриштирасанми?!

Ҳой одамлар! Агар биз ўз ҳолимизга қайтсак, нафсимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу васаллам ҳадисларида мисол қилиб келтирган мўминлик сифатидан жуда узоқлашиб кетганини кўрамиз.

Пайғамбаримиз айтадилар:

“Мўминлар бир тана мисолидирки, унинг бир аъзоси шикастланса бошқа аъзолари ҳам шиддату бедорликда у билан бирга бўлади”.

Ушбу сўзга назар солиб кейин яна мусулмонларни воқеликларига қайтиб кўрсанг, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзларига зид юрганларини топасан. Чунки улар ушбу сўздан оддийгина ўнгу сўлга бурилиб кетдилар. Йўқ, балки улар Аллоҳ азза ва жалла буюрган нарсага тескари юрганларини кўрасан.

Турли тантаналарда ёзиладиган зиёфат базмларни кўринглар. Бу неъматларни натижасига қараб ўйлаб кўринглар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг неъматларини тановулига киришаётганларга қаранглар. Агар Аллоҳ азза ва жалла хоҳласа бу неъматлардан уларни бир зумда махрум қилиб қўяди.

Уларга қаранг, яъни уларнинг кўпчилигида Аллоҳнинг неъматлари билан муомала қилишда манманлик, жирканиш ва туғёнларни учратасиз.

Кеча айтган эдим, яна эслатиб ўтаман: ўша кўпчилик одамлар таомга қандай муносабатда бўлмоқда? Олдидаги табоқларга турли емишлар қўйилади. Улар еб турганларидан кейин ҳам у дастурхонда бу шаҳардаги тўлиб тошган оччиққан кишиларнинг қорни тўядиган даражадаги таомлар ортиб қолади.

Кейин ушбу ортиб қолган таомлар устига пўчоқ ва қоғозларни (ишлатилган салфетка) солиб, уни борадиган жойи сизлар билганингиздек, очиққанлар ҳам ейишга жирканадиган кайфиятда ахлат қутисига ташланади.

У одамлар бу ишни ўзларига қоида қилиб олганлар. Бу ишлари билан ўзларининг дабдаба ва такаббурликларини кўрсатиши учун қиладилар.

Бу ҳолатни кўрмаяпсизми, эй биродарлар?

Балки тантаналар ва кечалари уйда ўтказиладиган тўлиб тошган зиёфат дастурхонлари, ресторан ва кафе ҳамда ошхоналарда бўлаётган йиғинлардаги ҳолатни тасаввур қилиб кўрмайсизларми?

Буни бошлаб берувчилари кимлар? Уни бошлаб берувчилари ёки уларнинг кўплари мусулмонлардир.

Бу ишни бошловчилар ўзларини ислом билан безаб кўрсатадилар. Улар бу тантаналарни бундай кўринишда ўтказишларининг сабаби, улар ўзларини Аллоҳ таоло эҳтиром қилган бойлармиз, деб тасаввур қиладилар. Хўп, Аллоҳ уларга эҳтиром қилган бўлса, нима учун улар бир-бирининг олдида Аллоҳ бергани билан фахрланмайди,  мақтанмайди? Нима учун буни аҳамиятли деб ҳисобламайди? Нима учун ўзларидаги қолган неъматларни четга суриб оёқлари билан тепиб ташламайди?

Бу сиз билган кўринишдир. Бу одамларда бўлиб ўтаётган воқеликдир. Яна қайтариб айтаман аксар одамларнинг амалдаги воқеликлари…

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг”, (Анфол,25).

Шундан кейин ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг тарбия қамчисини силкитиб туриши ажойиб ғайриоддий нарсами?

Лекин мен айтаман:

Агар Аллоҳ ўз ёрдамини тўхтатиб қўйса, бойлик маст қилган ўша кишилар қаёққа боради? Тилла ва қоғозлари нима қила олади? Агар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни дард билан бир луқма таом ёки бир ҳўплам сув ичишдан тўсиб қўйса уларнинг хазина ва сандиқлари нима фойда бера олади? У ер бу ердаги банкларга топширган пул чеклари нимага ярайди?

Агар Аллоҳ ерга амр қилиб ундаги ўсимликларни қуритиб қўйса ҳозирда қимматбоҳо қоғоз деб аталаётган бойликлар менга нима фойда беради? Аллоҳ осмонга амр этиб, мендан ўз ёрдамини тўхтатса?  Чорва молларининг сутлари қуриса? Олтинни нима қиламан? Бойликни нима қиламан? Бир ҳўплам сувни қайдан топаман? Бир луқма таомни қайдан излайман?

Ким бирор кун Аллоҳнинг ушбу сўзи олдида тўхталиб уни ўйлаб мулоҳаза қилган?

“Сен: «Айтинглар-чи, агар сувларингиз ерга сингиб кетса, сизларга ким осонгина топиладиган сувни келтиради?» деб айт“ (Мулк, 30).

Аллоҳнинг неъматлари билан эҳтиромга эга бўлган инсон бандалик либосини кийиши ҳамда Аллоҳни уйларини доимо маҳкам тутиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ҳижолатдан уялиб қалби эзилиб кетиши унинг учун энг муносиб ишдир. Ҳа шундай.

Биз Аллоҳнинг раҳматини суриштирамиз. Биз бугунги кечага кириб келамиз, лекин билмаймизки, оқибат-натижаси нима бўлади?

Унинг натижаси Аллоҳ билан янгитдан ярашиб унга ҳамд айтган ҳолимизда уйғонсак кейин Аллоҳ осмонга амр қилиб ўз ёмғирини ёғдириб биздан ғамни кетгазадими? Ёки ёвузликда ҳаддан ошиб ёмонларга қўшилиб оёқ ости қиламизми? Ёки ажойиб бир ғалати номаълум йўналишдаги одамдек тураверамизми?

Агар мусулмонлар орасида  озчилик тавба қилиб Аллоҳдан ўтиниб сўрасалар эди. Лекин кўпчиликнинг воқелиги нима бўлмоқда.

Кошки одамлар уйғонсалар, кошки ўша одамлар тавба қилсалар эди.

Шу билан бирга, мен огоҳлантирган вақтимда кўпинча сизлардан айрим кишилар, унинг ўрнини босувчи нарсалар тўғрисида сўрайди. Ўрнини босувчи нарсалар нима? Ўрнини босувчи нарсалар масжидларимизни бошқа тантаналар билан тўлдирамиз деб айтадиганлардан эмасман. Мен бу иш бидъатдир деб айтадиган кишиларданман. Биз бидъатдан огоҳлантирувчи кишилармиз.

Барчамиз ўз уйида ўтириб яратгувчи Раббисига истиғфор айтиши ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ялиниб-ёлвориши кифоя қилади. Аллоҳдан адолатсизлик қилувчиларга, яхшию ёмонларга ва барча бандаларига раҳм қилишини сўрашимиз ҳамда бехосдан келувчи ҳалокатли йўналишдан узоқ бўлишимиз етарли бўлади. Ҳамма мусулмонлар яшагани каби ҳар бир одам ўз аҳли аёли, болалари ва дўстлари билан ўз уйида яшаса – ана шу Аллоҳ таоло буюрган ишдир…

Мусулмонлар бу ўйин-кулгилардан ва ҳалокатга олиб борувчи ахлоқсизликлардан узоқ бўлиб Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида юришга фақат илгари мусулмонлар учратмаган кўринишларни қабул қиладиган нарсани  қилганида куч топа оладиларми? Йўқ ундай эмас, унинг ҳеч ҳожати йўқ.

Бўлаётган ишлар мусулмон жамоаларда бўлмоқда. Мусулмонлар жамоаси деганимда, ҳар ишнинг бошида турган беками кўст яшовчи бойлар биринчи ўринда шу ишни қилаётганини билдирмоқчи эдим. Кошки мен уларни масжидларда ва илм дарсларида учратсам эди. Бир куни ундайларга: “Кошки мен сизларни илмий дарсларимда хафтада бир соат кўриб турсам эди”, деб айтганимда улар ўзларида жирканишни ҳис этиб, шовқин сола бошладилар, жунбушга келиб ҳаяжонга тушдилар.

Бизнинг ишларимиз шу даражага бориб етгани жуда ажабланарли: Йўлда Аллоҳдан узоқлашиб таназзулга юз тутдик. Ҳаётда юз берадиган мушкулликлар  қоронғулигида дунёнинг ўйинлари ботқоғига пастлаб шўнғидик.

Кейин биз гўзал эслатмалар билан насиҳат қилувчиларни ҳам қийнаб уларни танг аҳволга солдик.

Мана шу бизнинг воқелигимиз.

Ҳа шундай.

Мен бир неча йилдан буён ўша бойларга қилаётган ишларини эслатганимда дарғазаб бўлиб шовқин қилдилар.

Улардан бирортаси ушбу кечада толиби илмга айланиб илм ўрганиш учун мурожаат қилиб китобини олса, бир икки соат фиқҳ, ақоид, тафсир ёки ҳадис илмини ўрганиш учун вақт ажратса, кейин эртаси куни ўз жойидаги тижорат ёки хизмат ишига борса эди. Шунда Аллоҳнинг раҳмати узилмас эди. Ана шунда барака орқага кетмас эди.

Лекин иш сизлар билиб турган ушбу холга етиб дунёйимизнинг маҳбусига айландик. Биз билан Аллоҳ ўртасидаги алоқа йўлларини узиб ташладик. Натижада ишлар мана шу аҳволга етиб келди. Шунга қарамай, Аллоҳ бизнинг қилмишимиздек муомалани бизларга қилмайди. Аллоҳ мўминларга раҳимлидир. Аллоҳ биров сўрамаса ҳам нарсаларни кўплаб ато қилувчи зотдир. Аллоҳ кечиримлидир.

Аллоҳ азза ва жалла ана шундай кўринишда бизларни эслатиб туришни хоҳлайди.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий роҳматуллоҳи алайҳ

31-декабр 1993-йил.

“Эшонгузар” жоме масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

الأربعاء, 14 آذار/مارس 2018 00:00

Экин экувчининг одоби

Экин, кўчат экканда динимизда ваъда қилинган улуғ ажр савобга эга бўлиш учун қуйидаги шартларга риоя қилиш даркор:

  • Ниятни тўғри қилиш.

Фақат дунёвий манфаат кўришни ният қилмасдан, балки Аллоҳ таолодан ажр савоб умидида ўзи ва бошқаларнинг ҳам манфаат кўришларини ният қилишлик.
Имом Қуртубий “Ал-Жомеъ ли аҳкамил-Қуръан” тафсирида айтади: “Ҳар ким ерга уруғ сепаётганида истиъозани (“Аъузу биллаҳ…”) ўқиганидан кейин, Воқеа сурасидаги:

أَفَرَأَيْتُمْ مَا تَحْرُثُونَ أَأَنْتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ
سورة الواقعة/63-67)

яъни: «Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!» оятини ўқисин. Сўнгра “Ундириб-ўстирувчи, вояга етказувчи Аллоҳ таолодир. Эй Аллоҳим, Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) салавоту саломлар йўлла, бу экиннинг ҳосилидан бизларни баҳраманд эт, зараридан узоқ қил. Бизни неъматларингга шукр қилувчи, лутфу эҳсонларингни зикр этувчи бандаларингдан айла! Эй оламлар Парвардигори, буни бизга баракали қилгин!” деб дуо қилсин. Бу деҳқон учун яхши бўлади. Бундай дуо қилиш экин-тикиннинг қурт-қумурсқа, чигиртка, қурғоқчилик каби бало-офатлардан сақланиши гарови дейилган. Қуртубий бу дуони ишончли кишилардан эшитгани ва тажрибадан ўтганини айтади.

  • Эътиқодни тўғри қилиш.

Ризқ касбдан ёки ердан эмас, Аллоҳ таолодан деб билиш, ерни бўйсундириб берган, экинларни ундириб ўстирган Аллоҳ таоло деб билиш.

روي عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال : « لا يقولن أحدكم زرعت وليقل حرثت ؛ فإن الزارع هو الله » .

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Ҳеч бирингиз “(экин) ўстирдим” демасин, балки “экдим” десин. Зеро, уни ўстирувчи (зориъ) Аллоҳ таолодир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Чунки деҳқон эътиқодини тўғрилаб олиш керак. У экин экиб, сувини, ўғитини беради, чопади, лекин экинни ундириб ўстириш, ҳосилга киритиш, шаклга киритиш, ранг бериш, таъм бериш эса Аллоҳ таолонинг қудратидир, Аллоҳ таолога хос ишлардир.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

أَفَرَأَيْتُمْ مَا تَحْرُثُونَ أَأَنْتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ

 «Сизлар экаётган зироатларингиз (экинларингиз) ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!”, дейди (Воқеа, 63-64).

Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада экин экиш ишида банданинг иштироки бор, лекин уни ўстириш, ундиришда банданинг мутлақо иштироки йўқлигини баён қилди”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларнинг ерларидан ўтаётиб улардан: “Экин экишларингиздан сизларни нима тўсяпти?” деб сўрадилар. Улар: “Қурғоқчилик”, деб жавоб беришди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, ундай деманглар! Чунки Аллоҳ таоло: “Ундириб ўстирувчи Зот Менман, истасам сув билан, истасам уруғ билан ўстираман”, деб марҳамат қилган” деб юқоридаги “Воқеа” сурасидаги оятни ўқидилар.

  • Экилган экин ёки кўчат бировдан зулм билан тортиб олинган бўлмаслиги ёки бировдан зулм билан тортиб олинган ерга экилган бўлмаслиги.
  • Экин экиш, кўчат экиш сабабли Аллоҳ таолонинг хаққи – ибодатлар тарк қилинган бўлмаслиги ёки вақтидан кечиктирилган бўлмаслиги. Ибодатлар тарк қилинган ҳолда экилган экин, кўчат учун банда ваъда қилинган ажр савобларга эриша олмайди.
  • Экилган экин ёки кўчат Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалар бўлмаслиги. Тамаки, гиёҳванд моддалар каби нарсаларни эккан одамга хеч қандай ажр савоб бўлмайди.
  • Экин экиш мобайнида бирор жонзотга азият бермаслик ва зулм қилмаслик. Бунга ҳайвонларни зўрлаб, тоқатидан ташқари оғир ишларни бажартириш, ноҳақ уриш, устига ҳаддан ортиқ юк юклаш, торттириш каби ишлар киради.

Масалан, баъзида учраб турадиган холат, экинни йиғиштириб бўлгандан кейин пайкалга ўт қўйиб юбориш. Бу ҳам динимизда қайтарилган ишдир. Чунки, ҳосилни йиғиштириб олгандан кейин ерга ўт қўйиб юборилса, ер устидаги минерал ўғитлар куйиб, ер унумдорлиги йўқолади. Бугуни кунда эса экология, табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари ҳам бунга йўл қўймаслигининг сабаби ҳам шунда. Бу ишнинг ёмон тарафларидан яна бири Аллоҳ таолонинг кичик, заиф махлуқотларини куйдириш бор. Чумолими, бошқа ҳашоратларми ерга ўт қўйилганда куйиб, азобланади.

Сулаймон алайҳиссалом замонларида шунақа воқеа бўлганида, чумолилар Аллоҳ таолога шикоят қилишди. Шунда, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ваҳий юбориб: “Ер юзида Аллоҳга тасбеҳ айтаётган қавмни нега ёқасан!”, деди. Ким Аллоҳ таолонинг бирор махлуқотини куйдириб азобласа, охиратда уни ҳам Аллоҳ таоло куйдириб азоблайди.

  • Экилган экин, кўчатлардаги Аллоҳ таолонинг ҳаққини адо этиш. Экинларни йиғиштириб олган вақтда закоти, ушри, хирожини фақирлар, муҳтожлар ва хақдорларга адо қилиш. Аллоҳ таоло шундай дейди:

{ وَآتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ }

Ва экинларнинг йиғим-терим пайтида ҳаққини берингиз”, дейди (Анъом, 141).

Илҳомжон МАДАЛИЕВ,
“Мўйи Муборак” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

الأربعاء, 14 آذار/مارس 2018 00:00

Қуръон илмни мақтайди

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида илмни мақтаб, илм соҳибларига улкан мукофотларни ваъда қилган. Муфассир олимлар бу борадаги маълумотларни жамлаб қуйидаги хулосаларни берганлар:

Биринxидан, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга фаришталар билмайдиган нарсаларнинг илмини ўргатиш орқали уни ер юзига халифа этиб сайлади. Айнан илмнинг фазилати туфайли ҳозирга қадар ер юзида фаришталар эмас, балки инсонлар яшаб келмоқда.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло илмни ҳикмат деб номлаб, ҳикматни энг улуғ иш эканини айтди. Муқотил бу ҳақда шундай дейди: “Қуръонда келган ҳикмат сўзи тўрт хил маънода ишлатилган: биринчиси, панд-насиҳат; иккинчиси, фаҳм-фаросат ва илм; учинчиси, пайғамбарлик; тўртинчиси, Қуръон маъноларидир. Буларнинг бари илмга боғлиқ”.

Учинчидан, Аллоҳ таоло: “Ва сизларга фақат озгина илм берилган, холос” деб марҳамат қилган. Бунинг маъноси шуки, илм шунчалик чексизки, унинг инсониятга берилган бир қисмининг ўзиёқ коинотдаги катта-катта кашфиётларни очмоқда. Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло: “Айтинг, дунё матоси оздир”, деб бутун борлиққа оз сифатини бермоқда. Энди, тафаккур қилайлик, Аллоҳнинг наздида оз ва арзимас бўлган дунёнинг сир-синоатини билишган ожизмиз-у, чексиз-чегарасиз илмга нима деб таъриф бериш мумкин!

Тўртинчидан, Аллоҳ таоло илмлиларни илмсизлардан устун қўйди: “Айтинг, биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Албатта, йўқ, улар асло баробар эмаслар. Аллоҳ таоло Қуръонда олти нарсани олти нарсадан устун қўйган: биринчиси, нопокни покдан, яъни ҳалолни ҳаромдан; иккинчиси, кўзи ожиздан кўзи кўрадиган инсонни; учинчиси, нурни зулматдан; тўртинчиси, жаннатни жаҳаннамдан; бешинчиси, сояни офтобдан; олтинчиси, олимни жоҳилдан. Агар яхшилаб ўйлаб кўрилса, буларнинг бари илмнинг жаҳолатдан устунлиги билан боғлиқлигини кўриш мумкин.

Бешинчидан, Аллоҳ таоло олимларга итоат қилишга буюрди: “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш бошларига итоат қилинглар”. Оятдаги “...иш бошлари”дан мурод олимлардир.

Олтинчидан, Аллоҳ таоло олимларни иккита оятда Ўзидан кейинги иккинчи ўринда зикр этди. Биринчиси, “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш бошларига итоат қилинглар” ояти бўлса; иккинчиси, “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига Аллоҳ, фаришталар ва илмлилар гувоҳлик бердилар” оятидир. Сўнг Аллоҳ таоло олимларнинг мартабасини янада кўтариб, бошқа иккита оятда уларни Ўзидан кейинги биринчи мартабада зикр этди. Яъни, бир оятда: “Ва унинг таъвилини Аллоҳ ва фақат пухта илмлиларгина билади” деб хабар берган бўлса, яна бир бошқа оятда: “Айтинг, мен билан сизнинг орангизда Аллоҳ ва Китоб ҳақида илми борлар гувоҳликка кифоя қилур”,  деб олимларни биринчи мартабага қўйган. Бундан-да олийроқ мартаба, мансаб борми?!

Еттинчидан, олимларни даражаларга кўтарди: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато қилинганларани даражаларга кўтарур”. Аллоҳ таоло Қуръонда тўрт тоифани юқори даражаларга кўтарган: биринчиси, Бадр жангида иштирок этган мўъминларни; иккинчиси, мужоҳидларни; учинчиси, солиҳларни ва тўртинчиси, олимларни. Бадр аҳлини бошқа мўъминлардан юқори даражага қўйди, мужоҳидларнинг фазилатини узрли сабаб билан жанга бора олмаган мўъминларникидан бир неча даража юқори санади, солиҳларни эса юқоридагилардан ҳам баландроқ даражага кўтарди ва олимларни мазкур уч тоифадан ҳам афзал даражага қўйди. Демак, олимлар инсонлар ичида энг афзалидир.

Саккизинчидан, Аллоҳ таоло олимларни “Аллоҳдан қўрқувчи бандалар” сифати билан мақтаган: “Албатта, Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина  қўрқурлар”.                         

 

                                                             Абдуллоҳ Маллабоев

ЎМИ Матбуот хизмати

الأربعاء, 14 آذار/مارس 2018 00:00

Тўнғич қизимга мактуб

Мунис қизгинам, бир иш қилишингдан олдин обдон ўйла, шошма-шошарлик қилма, қатъий қарорингдан кейинги воқеалар кетма-кетлигига мендек жавоб берма. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади, мабодо сенга нисбатан зулм ва ноҳақликлар бўлса барчасини Аллоҳга ҳавола эт, бандасига эмас. Неки сўрасанг, Аллоҳдан сўра, беминнат ёрдамчи, ягона илоҳдир. Ҳар бир нарсани Аллоҳга таваккал қилиб бошла, ошкораю пинҳона ёд эт.

Мушкул вазият ва қийинчиликларга бардош қилиш билан кўп ютуқларни қўлга киритиш мумкин. Ҳаётдаги оғир кунлар келгусидаги мусибатли кунларга бардош беришда мадад бўлади сенга. Бу дунё ўткинчи бўлибгина қолмай, синов-имтиҳондир ҳам. Ҳеч қачон нотаниш одамлар суҳбатида бўлма, эътиқод-амалинг Буюк Қуръони карим ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳадислари бўлсин. Илм олишда дангасалик қилма, диний ва дунёвий билимларингни кучайтир. Аллоҳга ибодат қилиб ота-онанг ҳаққига ҳам дуо қил қизим. Ўрганганларингни жигарларингга ҳам ўргат, мабодо мен улгурмасам...

Билмайман, сенга қандай синовлар келади. Хотиржамликка чўмилиб, ғафлатда қолма.

Менга синов фақат турмушдан келди. Чунки мен хотиржам эдим. Оилавий масалаларда чин дилдан, очиқ кўнгиллик ила фақат яхшиликларга ошно бўлиб эр ва қариндошлар масаласида қўлимдан келганча тиришиб ҳаёт бошладим. “Ўзинг яхши – олам яхши”. Ҳар бир ишни холис Аллоҳ учун қилсам, бундан ким айб топади шиорларим ила бошлаган турмушимда совуқ, изғирин, бўронлар бошланган. Ҳар бир ишни икки томони бўлгани ҳолда фақат салбий кашф этила бошладим.

Қалбингни Аллоҳдан ўзгасига топширма. Эвазига алам оласан. Атрофингдаги бузғунчи, ғийбатчи, дилозор кишиларга фақат ачиниш кўзи билан қарагин, зинҳор нафратланма, улар сен орқали, сен улар орқали синаляпсан, сабрли бўл. Балки сенга ҳақларингга риоя этадиган, Аллоҳнинг омонатига эҳтиёткорлик билан муомала қилгувчи куёв насиб этар. Аммо ҳеч нарсадан хотиржам бўлма. Ҳаётда сен кутмаган зарбалар бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлаб қўй. Охират азобларидан дунё азобларини устун қўйма. Жаннат ҳақида кўпроқ фикр юрит, дунё матоҳидан юз ўгир. Ҳар бир нарсанинг ҳикмати бор. Зеро, Аллоҳ берганни олиб қўйгувчи йўқ, бермаганини тортиқ қилувчи йўқ. Аммо сенга бераётган насиҳатларимга амал қилишим шу ёшда ўзгаришим қийинроқ бўлмоқда. Яшаб турган уйимни амманг меники дейиши, миниб турган машинамизни амакинг бошқани номига расмийлаштиришига роса жазавам тутди. Ҳар доим ҳар хил нарсалар эгри йўллар ахтаришлари асабимнинг, соғлигимнинг йўқолишига сабаб бўлди. Дунё матоҳи учун куюнма, майли юлғучларга бер уни. Эвазига соғлигингни асрайсан. Қизим ҳаттоки оғзингдаги луқмани тортиб олишлари ҳам мумкин, аммо қалбингда “нега?” деган савол туғилмасин – азобинг ортади. Шукр қилки “ҳақхўрлар” имонингни олишга қодир эмас. Ўшалар ачинишга лойиқ бўлмасалар-да ачин ва қўл силта.

Қизим биров нарса берса севинма, миннати ўлдиради. Бировлар ёрдамига умидвор бўлма, кутма... Нафсингни ҳар томонлама енг, кўпроқ китоб ўқи, қалб гапга ўчлигини ҳам йўқот. Ҳасратларингни ўзгаларга айтиш ила енгил бўлишни ўйлама ҳам. Дўстинг Аллоҳ, дардкашинг онангдир. Мен йўқ бўлсам сингилларингга суян, ишон. Оила ва фарзандларини энг охирги ўринга қўйишини олмаган-да даданг рисоладагидек турмуш ўртоқ, аъло даражадаги отадир. Баъзи хислатларидан яқинлари фойдаланишади, халос.

Қорани оқдан ажрата оладиган ёшдасан. Илмли бўлсанг, сабрли бўласан. Сабрли бўлсанг, ҳеч кимнинг зулми ўтмайди. Баъзида сендаги жаҳлни кўриб ҳайрон қоламан, бу қаердан келди. Вазмин ва имонли бўл. Чегараларни аниқлаб, ҳадлардан ўтма. Ҳаётни, сенга берилган умрнинг ҳамда имкониятларнинг қадрига ет. Бошимдан ўтганларини шикоят қилиб эмас, ибрат бўлсин деб эслатдим. Шайтоннинг макрларидан эҳтиёт бўл деб айтдим. Аслида улар ҳам ёмон одамлар эмас...

 Ўзингни бегоналарнинг ёмон назаридан асра қизим! 

Онаизоринг

ЎМИ Матбуот хизмати

Top