muslim.uz
Жаҳолатга қарши – маърифат билан...
Муқаддас динимиз бўлмиш “Ислом” дининиг луғавий маъноси “Тинчлик, Омонлик” деган мазмунда. Ислом дини одамларнинг тинчлик ва омонликда яшашларига, бошқаларга ҳамда ғайри дин вакили бўлса ҳам зулм қилмасликка буюрган. Динимиз кўрсатмаларида меҳр–оқибат, раҳм–шафқатга, инсонпарварлик, биродарлик, ўзгаларни ҳурмат қилиш, ёмонлик қилган инсон учун ҳам яхшилик қилишга, кечиримли бўлиш каби олий хислатларни қамраб олган.
Босқинчилик, таъқиб, қўпорувчилик терроризмнинг ҳар қандай шунга ўхшаш хусусиятларидан бири бўлиб, буларнинг ҳаммаси инсонийлик ғоялари, демократия, адолат унсурларига қарши ҳисобланади. Ҳар қандай ёвузликни амалга оширилмасин, очиқчасига инсониятга, тараққиётга, эзгуликка қарши қаратилган буюк жиноятдир. Уларнинг барчаси муайян бир гуруҳни мумкин бўлмаган ҳолда онгли равишда куч ишлатадилар. Бунда террорчилар аниқ мақсадни амалга оширишда ижтимоий – сиёсий мухит билан бевосита алоқада бўлишади.
Терроризм тушунчаси ҳар вақт террористик ҳаракатларнинг тез суръатда амалга оширилишини билдиради. Энг хавфлиси шундаки, ядровий, биологак, бактериологик қуролларнинг террорчилар қўлига тушиб қолиш эҳтимоли энг катта ҳавфдир. Ҳозирги замондаги инсонлар бошига мислсиз кулфат солаётган, уларнинг ҳаёти ҳазон бўлишига, қанчадан – қанча фарзандларнинг етим қолишига сабаб бўлаётган турроризм кўплаб давлатларни ташвишга солмоқда. Бу эса жаҳон ҳамжамияти олдида катта хатар келтирмоқда. Болаларга мўлжалланган сафсата бемани бузғунчи ўйинлар, ҳуддики терроризимнинг кичик кўринишига ўхшайди. Бугунги кунда ҳам мустақил ривожланиш йўлидан олға қадам босаётган юртимизга нисбатан ғараз ва бузуқ ниятли кишилар, ёвуз кучлар терроризим йўли билан гуллаб яшнаётган юртимизни ҳамда ўсиб келаётган соф табиатли ёшларимизни чалғитишга уринмоқда, бизни яна қарамликка солишга уринмоқда.
Бундай кучларга, жаҳолатга қарши маърифат билан, миллий ғоя билан курашмоғимиз жуда ҳам муҳимдир.
А.СОЛИЖОНОВ,
Чуст туманидаги “Каттабоғ” жоме
масжиди имом-ноиби
Эркак ва аёл миясидаги фарқлар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзлари буюк ҳақиқат бўлиб, Аллоҳ таолонинг Ўзи “У ҳаводан нутқ қилмас” дея у зотни васф этган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканингизни кўрдим», дедилар. Улардан бир гапга уста аёл:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?» деди.
«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларнинг ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди.
«Ақлнинг нуқсони – икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир. Аёл бир неча кунларни намоз ўқимай ўтказади ва Рамазонда рўза тутмайди. Бу диннинг нуқсонидир», дедилар».
Бухорийнинг иборасида:
«Ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимай, рўза тутмай қўядими?» дедилар.
«Худди шундай», дейишди.
«Бу диннинг нуқсонидир», дедилар» шаклида келган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни “ақли ва дини ноқислар” дея васф қилганлар. Хўш, нима учун шундай деганлар? Бу ноқислик қандай маънони англатади ва биз буни қандай тушунишимиз керак? “Ақли ноқислик” деган гапни тушунишга уриниб кўрайлик!
Ҳақиқат шуки, аёлнинг ақлидаги ноқислик маънавий эмас, моддийдир. Яъни эркак миясининг вазни 1360 грамм бўлиб, аёл миясининг вазни бундан 100 грамм кам экан, яъни 1260 грамм.
Олимлар эркак ва аёлнинг мияси устида кўп изланиш ва тадқиқот олиб борганларидан сўнг аёл миясининг ҳажми эркак мияси ҳажмидан 10-15 фоизга кичик эканини аниқладилар. Мия кичик бўлгач, ундаги ҳужайралар сони ҳам кам бўлади.
Шунингдек, ўрганишлар натижасида аёлнинг мияси таркиби эркак мияси таркибидан фарқ қилар экан. Аёл киши ҳис-туйғуларга берилувчан, тез таъсирланувчан бўлади.
Аёллардаги бу ноқислик сабаб шариатимизда гувоҳлик пайтида иккита аёл бўлиши талаб этилади. Чунки, уларнинг бири унутса, дугонаси унга эслатади.
Ҳар бир инсон кўп яхшиликларга эга бўлишни орзу қилади. Қуръони Каримда “кўп яхшилик” жумласи иштирок этган икки оят бор. Бири Бақара сурасида, кейингиси Нисо сурасида келган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилган:
يُؤتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاءُ وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْراً كَثِيراً وَمَا يَذَّكَّرُ إِلاَّ أُوْلُواْ الأَلْبَابِ
“У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади. Фақат ақл эгаларигина эсларлар”. (Ҳикмат билан тасарруф қилган инсон ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб. қоиллатиб қилади. Садақада ҳам ҳаддидан ошмай, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлишлик унга жуда кўп яхшилик келтиради. Бу ҳақиқатни ақл эгаларигина эслайдилар, тушуниб етадилар.) (269-оят).
Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ يَحِلُّ لَكُمْ أَن تَرِثُواْ النِّسَاء كَرْهاً وَلاَ تَعْضُلُوهُنَّ لِتَذْهَبُواْ بِبَعْضِ مَا آتَيْتُمُوهُنَّ إِلاَّ أَن يَأْتِينَ بِفَاحِشَةٍ مُّبَيِّنَةٍ وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَيَجْعَلَ اللّهُ فِيهِ خَيْراً كَثِيراً
“Эй иймон келтирганлар! Сизларга аёлларни зулм-ла меросга олиш ҳалол эмас. Очиқ фоҳиша иш қилмасалар, берган нарсаларнингизнинг баъзисини олиш учун уларни зўрлик-ла ушлаб турманг ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (19-оят).
Эътибор берсак, биринчи оятдаги “кўпгина яхшилик” ҳикмат, кейинги оятдаги “кўпгина яхшилик” аёл экан. Демак, Аллоҳ таоло аёл кишида кўплаб яхшиликлар пайдо қилар экан. Мана шунинг ўзиёқ Ислом дини аёлни улуғлаганига далолат қилмайдими?
Аёл кишининг “дини ноқислиги” эса ҳайз, нифос кўрган пайтларида намоз ўқий олмаслиги, рўза тута олмаслиги, Каъбани тавоф қила олмаслиги, Қуръонни ушлай олмаслиги, тиловат қила олмаслиги деган маънодадир.
Ҳисоб-китоблардан кейин маълум бўлдики, агар аёл кишининг қиладиган ибодатларини бутун умрига тақсимлаб чиқсак, юқоридаги ҳайз, нифос каби узрлар сабаб у эркакдан 10-15 фоиз кам ибодат қилар экан.
Демак, аёл миясининг эркак миясидан кичиклиги 10-15 фоиз, ибодатларининг эркак ибодатларидан камлиги ҳам 10-15 фоиз экан. Илм-фан бугунга келиб аниқлаган ушбу ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср олдин юқоридаги муборак ҳадисларида айтиб қўйганлар.
Биласизми, Қуръони Каримда (رجل) “эркак” сўзи 24 марта, (امرأة) “аёл” сўзи ҳам 24 марта келган. Инсонийлик жиҳатидан эркак ва аёлнинг тенглиги шунинг ўзидан ҳам маълум.
Аммо (رجال) “эркаклар” сўзи 27 марта, (نساء) “аёллар” сўзи 46 марта зикр қилинган. Бу эса Исломнинг аёлга бўлган эътиборидир.
Қуръони Каримдаги узун суралардан бирининг номи “Нисо” (Аёллар)дир. Аммо Қуръони Каримда “Эркаклар” деган сура йўқ. Бу ҳам Ислом дини аёлни эъзозлаганининг ёрқин кўринишларидан биридир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳажжатул Вадоъдаги энг сўнгги васиятларида ҳам “Аёлларга яхши муносабатда бўлинглар!” деб амр қилганлар. Бу ҳам Ислом динида аёлларнинг ўрни қандайлигини кўрсатади.
Мана шу далиллардан кейин ким “Ислом аёлларни икром қилмаган” деб айта олади?!
Аллоҳ таоло барчамизга Динимизни янада чуқур ўрганиб, иймонимиз нури бундан-да ошиб, ихлосимиз зиёда бўлишини насиб этсин!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Навоий масжидлари обод бўлмоқда
Бугун мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларининг устидан чиқасиз. Шиддаткор замоннинг ўзи ривожланиш йўлида янгича ташаббуслар, илғор фикрларни амалга ошришни талаб этмоқда. Ана шу янгиланишлар қаторида мўътабар ибодат уйлари бўлган масжидлар ҳам замонавий талаб ва шарт-шароитлар даражасида янгиланмоқда. Қолаверса, жамоат намозлари, айниқса жума ва ҳайит намозларида намозхонлар сони ортиб борётгани сабаб кичик бинолар энди торлик қилмоқда. Сиғими кенг, шинам хонақоҳларни бунёд этишга эҳтиёж туғилмоқда. Айниқса қиш мавсумида жамоатни илиқ ва пана жойга сиғдириш, етарли шароит ҳозирлаш учун масжид ходимлари, байтуллоҳ хизматида қоим бўлган кишилар кўплаб ишларни амалга оширмоқдалар.
Навоий вилоятида бугунги кунда 9 та масжид тубдан қайта қурилаётган бўлса, яна шунча масжиднинг хонақоҳлари таъмирланмоқда.
Нурота туманидаги "Деҳибаланд" қишлоғи "Обод қишлоқ дастури" дастури доирасида тарққий топиб, янгича қиёфа касб этди. Ҳудудда жойлашган “Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн” тарихий масжиди ҳам реконструкция қилиниб, атрофлари кўкаламзорлаштирилди.
Қизилтепа туманидаги "Боязид Бистомий" жоме масжидида ҳам қиш мавсумига тайёргарлик бошлаб юборилган. Хонақоҳга иссиқ пол тизими ўрнатилмоқда. Таъмирга муҳтож асбоб - ускуналар иситиш, электр-энергия ускуналари ва қувирлари янгиланмоқда.
"Хўжа Жалол", "Чангир" жоме масжидларида ҳам маҳаллий аҳоли ҳашари, ҳомийлар кўмагида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни биз умматларини қандай таниб оладилар?
Қиёмат куни Одам алайҳиссаломдан бошлаб то Қиёматгача яратилган барча инсонлар маҳшар майдонида тўпланадилар. Тасаввур қилинг, ўша пайтда қанча одам бўлади. Ҳозир дунё аҳолисининг сони 7 миллиарддан ортиқ бўлса, Одам алайҳиссаломдан то Қиёматгача қанча инсон яшаб ўтган бўлади? Жуда ҳам кўп! Аниқ саноғини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шунча миқдордаги кишилар орасида турган умматларини қандай таниб оладилар? Бу ҳақида ворид бўлган ҳадислардан бирини келтирсак:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, умматим Қиёмат куни таҳоратнинг асаридан «Ғурран Муҳажжалийн» деб (пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида) чақирилурлар. Сизлардан ким ўзининг ғуррасини (қашқасини) узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин!» Бухорий ривояти.
“Ғурра” деб отнинг пешонасидаги оқ қашқага айтилади.
“Муҳажжал” деб олд ва орқа оёқларининг туёқларидан юқори қисми оппоқ бўлган отларга айтилади.
Одатда кўпгина отлар ичида мазкур сифатга эга бўлганлари гўзаллиги ва қашқалари билан ажралиб туради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларининг юзларидан ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турганини кўриб, шундан таниб олар эканлар. Бу нур таҳорат сабабли пайдо бўлар экан. Энди ким “Қиёмат куни нурим узун ва ёрқинроқ бўлсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олишлари яна ҳам осон бўлсин” деса, доим таҳоратли юришга, ибодатларни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилсин!
Аллоҳ таоло барчамизга қиёмат куни ана шундай нур ато этсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Ҳадис илми мактабида мустақиллик дарси ўтказилди
Ҳадис илми мактабида Давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан ташкил этилган «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл обод!» шиори остида ўтказиладиган Мустақиллик дарси
Бугунги кун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам бир қатор муҳим вазифа ва талабларни қўймоқда. Ислом дини равнақи йўлида улкан ишларни амалга оширди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитлари умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилинди. Мусулмонлар ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинди.
Истиқлол йилларида улуғ аждодларимизнинг хоки поклари мангу қўним топган қадамжолар обод этилиб, уларнинг маънавий мерослари халқимизга етказилди.
Ҳадис илми мактабида 2019 йил 5 сентябрь куни Давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан ташкил этилган «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл обод!» шиори остида ўтказиладиган Мустақиллик дарси бўлиб ўтди. Мазкур ўқув машғулотини Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ўтказди. Шунингдек, ушбу Мустақиллик дарсида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ш.Жалилов, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Илмий ишлар бўйича проректори З.Абдирашидов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Д.Мамадқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Б.Рустамов иштирок этди.
«Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл обод!» шиори остида ўтказиладиган Мустақиллик дарсида маърузачи Ўзбекистонда сўнги йиллар давомида амалга оширилган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги устувон вазифалар, Ўзбекистоннинг хорижий, айниқса, қўшни давлатлар билан ўрнатилган дўстона муносабатлари, 2018-2019 йиллардаги диний-маърифий соҳадаги энг муҳим ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонининг мазмун-моҳияти тўғрисила маъруза қилди.