muslim.uz

muslim.uz

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар: “Кимки ҳар бир (фарз) намоз орқасидан Аллоҳга 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд, 33 марта такбир айтиб, юзинчисида “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку валаҳул ҳамду ваҳува алаа кулли шайъин Қодийр” деб айтса, гуноҳлари денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам кечирилади”. Имом Молик, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Табароний ривоят қилишган.

Бу ҳадисга яхшилаб эътибор берайлик! Гуноҳларнинг кўплиги денгиз кўпигига ўхшатилмоқда. Маълумки, бу кўпик жуда кўп бўлиб, денгиз мавжлангани сари ундаги кўпик миқдори ҳам ошиб боради. Ҳадисда ана шундай кўп миқдордаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда.

Банданинг денгиз кўпигичалик кўплаб гуноҳлари кечирилиши учун у ҳар бир фарз намоз орқасидан Аллоҳ таолога 33 марта тасбеҳ айтиши керак. Тасбеҳ – Аллоҳ таолони пок деб ёд этишдир. Яъни СУБҲАНАЛЛОҲ дейишдир. Кейин 33 марта ҳамд айтиши лозим. Яъни АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ дейиши лозим. Ундан сўнг 33 марта такбир айтиши зарур. Яъни АЛЛОҲУ АКБАР дейиши керак. Мана шу билан саноқ тўқсон тўққизта бўлади. Охирида, яъни юзинчисида ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАҲДАҲУ ЛАА ШАРИЙКА ЛАҲУ ЛАҲУЛ МУЛКУ ВА ЛАҲУЛ ҲАМДУ ВАҲУВА АЛАА КУЛЛИ ШАЙЪИН ҚОДИЙР деб айтиши шарт. Зикрларни мана шу тарзда айтган одамнинг кўплаб гуноҳлари мағфират қилинади.

Биз, Ўзбекистон мусулмонлари намозларимиз охирида юқоридаги зикрларни ҳадиси шарифда кўрсатилган тартибда ва ададда айтишни одат қилганмиз. Намозни жамоат билан ўқиган киши ҳам, ёлғиз ўзи ўқиган киши ҳам бу зикрларни айтади. Буларни айтишга кўп вақт кетмайди. Имкон қадар ушбу зикрларни фарз намозлардан кейин қолдирмай айтишга ҳаракат қилайлик!  

Нозимжон Иминжонов

Жорий йилнинг 15-16 май кунлари Мир Араб олий мадрасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчи курс талабалари ўртасида “Ягона олимпиада – 2019” нинг якуний Республика босқичи бўлиб ўтади.

Ягона олимпиада ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи курс талабалари орасидан умумтаълим, чет тили ва мутахассислик фанлари бўйича қобилиятли ва истеъдодли талабаларни аниқлаш, уларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш, ихтисослигини чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.

 

Мир Араб олий мадрасаси Матбуот хизмати

Рамазон кечалари олам узра илоҳий раҳмат нурлари тинимсиз ёғилади. Чунки, бу тунларда кўплаб жоме масжидларда таровеҳ намозларида ўқилаётган хатми Қуръонлар қилинади.

Азиз алломалар ҳоки пойи саналган Бухорои шарифда ҳам Рамазон кечалари Қуръони карим қироати, амри маъруфлар ила шукуҳли ўтмоқда. Вилоятда бу йили 46 та масжидда хатми Қуръонлар қилинмоқда. Уларда 71 нафар кўҳна юртнинг ҳофизи Қуръонлари Қуръони каримни ёддан ўқиб беришмоқда. Масжидларда намозхонлар учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Туннинг майин шабодасида ибодат завқидан кўнгиллар илоҳий раҳматга тўлмоқда. Рамазон диёримизд ана шундай файзу-футуҳ билан давом этмоқда.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Танловга!

Оиша Рамазон бошланмасиданоқ Қуръони каримни хатм қилишга киришган эди. Биринчи ўн кунлик тугамасидан Мусҳафни тўлиқ ўқиб тугатди. Қайнонасига буни билдирган эди, у жуда севиниб деди:

- Қизим, агар йўқ демасангиз, онамга шуни савобини бағишласак, тўғриси мен у кишини эслолмайман. Уч ёшлигимда раҳматлик бўлиб кетганлар...

- Ҳа, албатта. Уларга ҳам, бошқа ўтганларга ҳам савобини бағишлаймиз. Хатми Қуръондан кейин қилинган дуолар ижобат дейишади...

Жума куни кечаси Оиша ваъдага мувофиқ хатм дуосини қилди. Пайғамбаримиз, уларнинг оилалари ҳамда у зотнинг ортидан яхшилик ва ислом билан эргашганларни биринчи дуо қилди. Қайнонасининг онасини ҳам алоҳида дуо қилди. Навбат ўзининг яқинларига келди. Дуо қиляптию, кўзлари жиққа ёш, сўзлари зўрға-зўрға чиқар эди. Чунки, яқин икки йил ичида анча яқинларидан жудо бўлган эди. Баъзиларининг меҳрига қониб, баъзиларига қонмаган эди:

“Розийту биллаҳи Роббан. Ва бил Ислами дийнан. Ва би Муҳаммадин саллоллоҳу алайҳи васаллам росулан ва набийян!”

Аллоҳим, ушбу хатмнинг савобини аввало бобомга бағишладим. Қабрларини кенг қилиб, раҳматингга, нурингга тўлдириб қўйгин. Ушбу савоблар қайдан келди? деб сўрасалар, севимли набирангиз сизга хатми Қуръон савобини бағишлади”, деб айтилишини насиб эт...

Ҳақиқатда, бобоси уни қаттиқ яхши кўрар, диний илмлар ўрганишига сабабчи бўлган эди. Ўзи ўқишини назорат қилар, илмга рағбат кўрсатар эди. Бир куни алоҳида ўзи учун Мусҳаф ҳадя қилди. Ўша Мусҳафдан Оиша Қуръон ёдлади, неча маротабалаб хатм қилди. Аллоҳдан сўради: “Эй, Худо, дин йўлида, илм йўлида нимаики яхши иш қилсам, савоби камайтирилмаган ҳолда, бобомга ҳам етказиб тургин! Амин!”

“Аллоҳим, яна хатмимнинг савобидан бувимга бағишладим. Қабрларини кенг қилиб, раҳматингга, нурингга тўлдириб қўйгин. Ушбу савоблар қайдан келди? деб сўрасалар, севимли набирангиз сизга хатми Қуръон савобини юборди”, деб айтилишини насиб эт...”

Меҳрибон ва жонкуяр бувиси. Ёшлигидан бирга намоз ўқишни ўргатиб, панд-насиҳатларини канда қилмасди. Айниқса, онаси ишда бўлганлиги боис, асосий уй-рўзғор тутумларини бувиси ўргатган эди. Ёшлик қилибми, ишни чала-чулпа қилиб кўчага қочар, наридан-бери кўзга кўринадиган ерларни тозалаб, дугоналари ёнига равона бўлар эди. Тарбия ҳиссини қаттиқ англаган момо кўчада ўйнаётган жойидан ушлаб уйга олиб кирар, ишни тоза ва пухта қилишини талаб қилар эди. Оиша гап қайтарар, ишдан бўйин товлар эди. Йўқ, барибир бувисининг айтгани бўлар эди: “Билиб қўй, сен бир жойга бориб келин бўлсанг, бувини тарбиясини олган қиз дейишади. Яхши бўлсанг, яхши гап, ёмон бўлсанг, маломати менга келиб тегади. Керак бўлса, бир кун кечгача кир ювдираман. Модомики, тоза ва мукаммал иш қилмас экансан, овқат пиширишга қунт қилмас экансан, ўртоқларингни олдида шунақа уялтириб олиб келавераман. Наридан-бери иш ишми?!” Шу койишлар, шу таълимлар энди асқотиб, бир рўзғорни, бир оилани тебратиб келмоқда. Бувининг ўгитлари қулоғида туради. “Аллоҳим, шу хонадонда дуо олсам, савоби бувимга боришини насиб эт!”

Аллоҳим, ушбу хатмнинг савобини падари бузрукворимга бағишладим. Қабрларини кенг қилиб, раҳматингга, нурингга тўлдириб қўйгин. “Ушбу савоблар қайдан келди?” деб сўрасалар, севимли болангиздан сизга хатми Қуръон савоби келди”, деб айтилишини насиб эт...

Отаси яқинда оламдан ўтган эди. Унинг фироқи қалбидан кетмаган. Шу қадар меҳрибон, шу қадар ғамхўр эдики, отасининг ёнида худди ёш боладек ҳис қиларди ўзини. Ҳеч кимга ишонмас, ўқишга, кўчага машинасида олиб борар, илм ўрганиши учун тинмай ҳайдовчилик қилиб пул топарди. Институтнинг шарнома пули кечикмаслигига қаттиқ ҳаракат қилар эди. Қуръон ўқиса, бирга тинглаб ўтирар, ҳатто вақтинг кетмасин, сен Қуръон ўқийвер деб, эрталабки нонуштани бомдоддан сўнг ўзи тайёрлаб берар эди. Ўғилларига қараганда, қизига кўпроқ дардини айтарди. Шунга “сирдош ота-болалар” дейишарди. Куёв танлашда ҳам отаси сўнгги нуқтани қўйди: “Берсам, фақат шу болага бераман, тамом!” Ҳақиқатда, отаси куёвини ўғилдай кўрар, келса ўтқизгани жой тополмай қоларди...

“Аллоҳим, дин йўлида нимаики яхши иш қилсам, ушбу ўзлари бош-қош бўлган турмушимдан қандай яхшиликлар содир бўлса, савобини камаймаган ҳолда отамга юборгин...” Йиғидан бўғилиб қолаёзди...

Дуо қиляптию, яқинлари билан ўтган йиллари кўз ўнгидан кино тасмадай ўтиб бораверди. Улар учун яна янги хатм бошлади. “Рамазоний туҳфа” тайёрлашга бел боғлади.

Таҳовий “Таҳзибул осор”да келтирадилар: “Бизга Муҳаммад ибн Башшор айтиб берди, у Абдурроҳман ибн Усмондан, у Авн ибн Халлос ибн Амрдан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: “Албатта сизларнинг амалларингиз ўтган қариндошларингизга кўрсатилади. Агар яхши ишни кўрсалар, хурсанд бўладилар. Мабодо ёмонликни кўрсалар, уни ёқтирмайдилар”.

Ибн Абу Дунё “Маномат”да келтирадилар: “Абу Бакр, у Абу Ҳишомдан, у Яҳё ибн Ямондан, Абдулваҳҳоб ибн Мужоҳиддан, у отасидан ривоят қилади: “Албатта, мўмин дунёдан ўтганидан сўнг фарзандининг солиҳ амали, яхшилигидан кўзлари қувониб, севинади”.[1]

Н.Саидакбарова тайёрлади

 

 

[1] Абдулфаттоҳ ибн Салоҳ Қидиш Яфиъий, “Ат-тавассул бис солиҳин байна мужизийна вал маниъин”, 175 б.

Top