muslim.uz
Ифторлик
Танловга!
— Фақат рўзадорларни даъват қилайлик, аяжон. Тадбирнинг номи ифторлигу, қорни тўқларни чақирамизми?..
— Яқин қариндошларни айтмасак, айб бўлади, қизим!.. Бутун маҳалла-кўй, қариндошлар таклиф қилинади-да!
“Одамлардан андиша қиламизу, Аллоҳ ва Расулидан ҳаё қилмаймизми, аяжон? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Дастурхонларнинг энг ёмони, очлар қолиб тўқлар даъват қилинганидир” мазмунда ҳадис ривоят қилинади. Рўза тутмаган, Аллоҳнинг буйруғига итоат қилмаганларга дастурхон ёзишнинг нима кераги бор, аяжон?!”... Бу сўзлар юрагидан отилиб чиқиб, бўғзида тугунланди. Онасига эътироз билдиролмади. Оқшом ифторлик дастурхони ёзилган уйларга бирин-кетин меҳмонлар жойлашдилар. Аксарияти рўза тутмаган, “қалби тоза”лар. Рўза тутмаган бўлишса-да, тортинмай ифторлик (!) дастурхонининг тўридан жой олишганига қарамай, рўзадорлар олдида оғиз очишни кутмай олдиларига қўйилган егуликларни кавшай бошлашди...
Ифторлик ўтди. Тўқлар тўйди. Баъзилари дуо қилиб, айримлари эса, шукроналикни ҳам унутиб қўзғалдилар.
— Опа,- деди ўн олти яшар жияни,- ифторликда Ислом ҳақида, Аллоҳнинг буйруқлари, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари, суннатлари, саҳобийлар ҳақида гапирилмайдими? Мен шунақа суҳбатлар бўлади деб келгандим. Одатий ғийбатлар “айланди” дастурхонда.
— Қўявер, синглим,- деди жиянидан кўзини олиб қочиб.- Бири оёғи, боши оғришидан шикоят қилганди, рўза тутишини, ҳам иймон, ҳам соғлик ҳаловатини ҳис қилишини айтиб балога қолдим. Намоз ўқимай, рўза тутмаса ҳам қалби тозалигини нақ бир соат такрорлаб чарчамади.
— Бекор гапирибсиз-да, асабингиз бузилибди...
— Йўқ, синглим, аксинча, ундайларга сабр ва чиройли муомала билан, аввало айтганларимизга ўзимиз амал қилиб, ҳол тили билан тушунтиришда давом этишимиз керак. Чунки, биз фақат насиҳат қилгувчимиз, Ҳидоятга бошлагувчи эса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи...
Умида Адизова
Рўзадорга макруҳ бўлган амаллар
Танловга!
Макруҳ амал – шариатда ёмон кўрилган, номақбул ва хунук иш саналади. Рўзадорга макруҳ бўлган амаллар дейилганда, рўзани бузмайдиган, аммо савобини камайтирадиган, бузишга яқин бўлган ишлар тушунилади.
- Рўзадор сақич ёки шунга ўхшаш нарсани чайнаши макруҳдир. Чунки, кўрган одам рўзадор эмас экан деган хулосага келади. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам “Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, ўзини шубҳали ўринга ташламасин”, деганлар
- Рўзадор аёл ёш гўдагига ёки беморга овқатни чайнаб берса бўлади. Бунда фарзанд она сутига тўймайдиган бўлса ҳамда чайнаб бериладиган таом бўлса жоиз. Чайнамай ҳам едириладиган таом бўлса, оғизга олиб чайнаб бериш шарт эмас.
- Аёл киши шўрвани татиб кўриши макруҳдир. Бу фарз рўзасида узрсиз бўлса. Агар узр сабабли татиб кўрадиган бўлса, макруҳ ҳисобланмайди. Эрнинг хулқи, феъли ёмон бўлса, узр саналади. Фарздан бошқа, масалан нафл рўзада хоҳ узр бўлсин, хоҳ узр бўлмасин, таомни татиб кўриш жоиздир. “Фатҳул қодир”да “ким бир нарсани татиб кўрса, оғзи очилмайди, аммо макруҳ бўлади”, дейилган. Хулоса қилинса, фарз рўза тутаётган аёл эрининг хулқи ёмон бўлмаса, таомнинг мазасини, тузини татиб кўриши яхши эмас.
- Киши ёғ ёки асални сотиб олаётганда яхшисидан ёмонини ажратиб олиш олиш учун уни татиб кўриши макруҳдир.
- Ўпиш, ушлаш ва қучоқлаш агар ғуслни вожиб қилувчи ишга сабаб бўлса макуруҳдир. Агар рўзани бузувчи иш содир бўлишидан қўрқмаса, жоиз деганлар.
- Хоҳ кундузи, хоҳ кечки томон бўлсин, рўзадор хўл ёки қуруқ мисвокни ишлатса бўлади. Кўп уламолар кучли эҳтиёж ва зарурат бўлмаса, мисвок қилиш макруҳ, агар ҳалқумга мазаси келса, рўзани бузади деганлар. Биз айтамиз: мисвок хоҳ қурқуқ, хоҳ хўл бўлсин, хоҳ кундузи хоҳ оғиз очишга яқин бўлсин уни ишлатиш жоиздир. Чунки ҳадисда Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан қилинган ривоятда: “Умматимга машаққат бўлмаганида, уларни ҳар намозда мисвок қилишга буюрар эдим”, деб айтганлар. Саҳобалар ҳам Пайғамбаримизни рўзадорлик ҳолатларида кўп маротаба мисвок қилаётганларини ривоят қилганлар.
- Ҳалқумга ютмай боши ва юзидан салқинланиш мақсадида сув қуйиш, хўл латтага ўраниб олиш жоиз. Таҳоратдан бошқа ўринда эса, оғизга сув олиб чайиш макруҳдир.
- Таҳорат асносида оғиз ва бурунни муболаға қилиб чайиш ҳам макурҳдир.
- Зулук ва шунга ўхшаш нарса воситасида кўп қон олдириб танани заифлаштириш.
10. Икки-уч кун ифторликсиз улаб рўза тутиш
Кўзга сурма қўйиш макуруҳ эмас. Яъни рўзага зиён бермайди.
“Фатава Сирожия” ва “Фатҳу баби иная” китоблари
асосида Н.Саидакбарова тайёрлади
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарлари кўплаб тилларда таржима қилинган
Нишонга урилган гаплар: “Агар бўрилар билан юзма-юз келиш қўлингдан келмаса, ўрмонга кирма!”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Рамазонда таҳорат асносида сувни ютиб юбормасликка уринди. Аммо у синглисининг меросдаги ҳиссасини, қўшнисининг икки метр ерини, одамлар юрадиган умумий йўлдан бир метрини ютиб юборган эди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Халқни бошқаришнинг стратегик усулларидан бири – ахлоқсизликни ва паст санъатни “яхши нарса” деб билишга халқни руҳлантириш, қизиқтиришдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ичимиздаги ижодий қобилиятни энг кўп ўлдирадиган нарса – бошқаларнинг масхара қилишидан қўрқишимиздир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Нафслар яширган нарсаларни билиш қийин. Лекин вазиятлар инсонларнинг аслини фош этади.
Нажиб Маҳфуз
*****
Агар бўрилар билан юзма-юз келиш қўлингдан келмаса, ўрмонга кирма!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Тиш оғриғидан қийналаётган киши тишлари соғлом инсонларни бахтли деб ўйлайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Кўплаб инсонлар тушуниш мақсадида эмас, жавоб бериш мақсадида жим туриб тинглайдилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Барчамиз бизни танимайдиганлар кўзига оддий бўлиб, бизни ёмон кўрадиганлар кўзига мағрур бўлиб, бизни танийдиганлар кўзига яхши бўлиб, бизни яхши кўрадиганлар кўзига ажойиб бўлиб кўринамиз.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Мол-дунё бу оламдаги ҳамма нарса эмаслигини билишлари учун барча одамлар бой бўлиб, ўзлари хоҳлаган нарсаларга эга бўлишларини кўп истаганман.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Биз ғаройиб дунёда яшаяпмиз. Фақирлар таом топиш учун бир неча километрлаб йўл босадилар. Бойлар эса таомни ҳазм қилиш учун бир қанча масофа йўл босадилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар ўзинг эгилмасанг, бирор инсон устингга миниб ололмайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов