muslim.uz
Кувайт билан алоқалар ривожланмоқда
Ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Кувайт университети ижтимоий фанлар коллежининг сиёсатшунослик фанлари профессори Ҳайла Ал-Мекайми билан учрашув бўлиб ўтди.
Ҳайла Ал-Мекаймига марказ ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу марказнинг асосий мақсадлари минтақадан келиб чиққан ва жаҳон илм-фанига ўз кашфиётлари ва асарлари билан улкан ҳисса қўшган буюк олим ва мутафаккирлар қолдирган меросни сақлаш, ўрганиш, ушбу бебаҳо мерос воситасида ўсиб келаётган ёш авлодни она-Ватанига юксак фахр ва аждодларига эҳтиром туйғуларида тарбиялаш, Ислом динининг асл моҳияти тинчликсеварлик, инсонийлик ва яратувчанлик дини эканини намойиш қилишдан иборатлиги таъкидланди.
Ҳайла Ал-Мекайми Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк аллома ва олимлар нафақат ислом цивилизацияси балки жаҳон цивилизациясида ўчмас из қолдирганини эътироф этди. У Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда сўнгги йилларда амалга ошираётган ислоҳотлари, шу жумладан, диний соҳадаги ислоҳотларини катта қизиқиш билан кузатаётганини ва ушбу мавзуда рисола ёзаётганини, унда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига махсус боб ажратилганини маълум қилди. Олима мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги салоҳияти юқори эканини таъкидлади. Келажакда у Кувайтдаги миллий кутубхона ва қатор хусусий жамғармалар билан умумий маънавий мерос бўлган қўлёзмаларни йиғиш, ўрганиш ва тарғиб қилишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ва Қувайт кутубхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилишида ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
Ислом цивилизацияси маркази Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Агар ўқишдан мақсад фақат аъло баҳо олиш бўлса, таълимдан кўзланган мақсадда адашибмиз”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Эй Роббим, торлик узра уйқуга кетган кишини кенглик узра уйғот! Маҳзун ҳолда уйқуга кетган кишини хурсанд ҳолида уйғот! Қийинчилик устида уйқуга кетган кишини енгиллик устида уйғот!
“Фикр дурдоналари”
*****
Агар ўқишдан мақсад фақат аъло баҳо олиш бўлса, таълимдан кўзланган мақсадда адашибмиз.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Умидсизликка тушма! Одатда калитлар уюмидаги охирги калит эшикка тушадигани бўлади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Хотиржам ейиладиган бир бурда нон безовталик билан истеъмол қилинадиган катта зиёфатдан яхшидир.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Унга шанба куни мансаб берсанг, якшанба куни ниқоби ечилади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Ишлаб чиқаришга уринмайдиган миллат, ҳатто тоғлари кумушдан, водийлари олтиндан бўлса ҳам, ўлади.
Амин Райҳоний
*****
Агар тўқсон тўққиз марта тўғри иш қилиб, бир марта хато иш қилсанг, одамлар тўғри ишларингни тарк этиб, беркитадилар-да, қилган хатоингни эълон қилиб, ошкор этадилар. Одамларнинг устингдаги чангларини қоқиб ташла.
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ
*****
Аллоҳ таоло сени бошқа махлуқотлардан ажралиб туришинг учун ақлли қилиб яратди. Аммо “Ҳамма шундай қиляпти-ку” деган асос билан адашган тўдага қўшилиб кетишинг сендан “ақлли инсон” деб аталмиш хислатингни суғуриб олади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Баъзи бировлар бошқаларнинг хатоларини, худди хазина излагандек излайдилар.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Кечириш осон. Лекин унутиш ва қайта ишонч билдириш энг қийинидир.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Айбларингни мисга ўйиб ёзадилар, фазилатларингни эса сувга ёзадилар.
Аббос Маҳмуд Аққод
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Аллоҳ бандам десин!
Бир мурид шайхи Боязид Бистомийни (қ.с.) тушида кўрди ва сўради: “Мункар ва Накирдан қандай ўтдингиз?” Шайх дедилар: “Мункар ва Накир” “Раббинг ким?” деб сўраганларида мен: Бориб, Аллоҳдан сўранг, «Боязид сенинг кимингдир?» деб. Ул не деса Боязид ўшадир. Ул «Боязид бандамдир» демагунича менинг минг карра «Раббим Аллоҳдир!» деб айтмоғимнинг фойдаси йўқ.»
Мазкур ривоятни кўп бор ўқиганмиз. Ҳозир ҳам такрор ва такрор ўқийман. Негаки, ҳар гал ўқиганимда, кунлаб ҳафталаб миямдан битта савол йироқлашмай мени қийнайверади. Аллоҳ таоло қиёмат куни мени ҳам “бандам” дермикан? Охиратда Аллоҳ таолонинг назаридан четда қолмасмиканман, бу дунёдачи?
Эсимда бор, ёшлик кезларим қишлоқда, бобомнинг ҳовлисида ўйнаб юрардик. Агар шўхлик қилсак бобом ва момом бизларни “Ҳа, Аллоҳнинг назаридан қолмагурлар”, дея койирди. Ўша вақтларда тушунмаган эканман. Энди билсам, бобом ва момом бизларни койимаган, аксинча дунёдаги энг улуғ ният билан дуо қилган эканлар. Чунки улар, умрнинг ғаниматлигини, дунё ва охиратдан мурод эса Аллоҳнинг назаридан қолмаслик эканлигини яхши англаб етганлар. Дарҳақиқат, раҳмат ва фароғат, ҳотиржамлик ва саодат, ҳатто жаннатнинг калити ҳам фақатгина Ягона бўлган Буюк Зотнинг ҳукмидадир. У кимга назар солса, кимни бандам деса ўша одам нажот топгайдир.
Хўш, Аллоҳнинг назари тушганини банда қандай англайди? Уламолар бу саволга шундай жавоб қилганлар: “Банда, ўзига Аллоҳнинг назари тушганини Аллоҳга бўлган мухаббати кучайишидан англайди. Зеро, банданинг қалбига Аллоҳга бўлган муҳаббат фақатгина Аллоҳ таолонинг назари билангина пайдо бўлади”.
Ҳазрати шайх Ҳариси Муҳосибий (қуддиса сирруҳу) айтганлар: Аллоҳнинг муҳаббатига лойиқ зот бўлиш учун банда ўн икки хислатда қатъий турмоғи лозим:
- На ёлғон, на рост гапга қасам ичмаслик.
- Ёлғондан гапирмаслик.
- Ваъдасидан қайтмаслик.
- Махлуққа лаънат ўқимаслик.
- Ҳеч кимни дуойи бад қилмаслик (яъни қарғамаслик).
- Зулм кўрса таҳаммул (сабр) этмоқлик.
- Ҳаромлардан сақланмоқлик.
- Ўзини ҳеч кимсадан улуғ кўрмаслик.
- Ҳеч кимсанинг қалбини синдирмаслик (ранжитмаслик).
- Қазо келса сабр ва шукр қилмоқлик.
- Аллоҳ фарзларини бажо келтирмоқлик.
- Ўзгаларни ҳам яхшиликка даъват этиб, ёмонликдан қайтариш.
Аллоҳ таоло ҳеч биримизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймасин. Дунё ва охиратда Аллоҳ таоло суйган бандалардан бўлишлик барчамизга насиб этсин!
Саидаброр Умаров
Фоторепортаж: Самарқанд сайқали рўйи замин аст
Ёқутистонда қирғизистонлик таксичилар қарияларни совуқда қолдирмасликка интилмоқда
Россиянинг Ёқутистон (Якутия) ҳудудида қишнинг энг совуқ кунлари давом этмоқда. Бундай аёзли кунларда асли қирғизистонлик бўлган такси ҳайдовчилари жамоат транспортини бекатларда кутиб турган қарияларни совуқда қолдирмасликка ҳаракат қилишмоқда.
Нуронийларни такси ҳайдовчилари ўзларининг автомобилларида бепул манзилларига етказаётганликлари маълум қилинган. Бу ҳақдаги видеолавҳа ижтимоий тармоқларда ҳам тарқатилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати