muslim.uz

muslim.uz

Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг “Тафсири Насафий” китобларида “Воқеа” сурасининг сўнггида шу воқеа баён этилади:

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирганларида у киши ўлим тўшагида ётган эдилар.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу  Абдуллоҳга:

“Нимадан шикоятингиз бор?”, дедилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

“Гуноҳларимдан”, дедилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

“Нима истайсиз?” деб дунёвий бирор ҳожатлари бор ёки йўқлигини билмоқчи бўлдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

“Роббимнинг раҳматини”, дедилар. Усмон розияллоҳу анҳу:

“Табиб чақирайликми?”, деб сўрадилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

“Табибнинг Ўзи касал қилди мени”, деб Аллоҳ таолони назарда тутдилар.

“Сизга бирор нарса тортиқ қилайликми?”, деб сўрадилар Усмон розияллоҳу анҳу.

“Ҳожати йўқ (ўлмоқдаман, умрим тугаяпти)”, дедилар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. Усмон розияллоҳу анҳу:

“Қизларингизгачи, уларга бирор мол-мулк берайликми?”, деб сўрадилар яна. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

“Уларга ҳам ҳожати йўқ. Мен уларга “Воқеа” сурасини ўқишни буюрганман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳар куни кечқурун Воқеа сурасини ўқиса, унга камбағаллик етмайди”, деганларини эшитганман” дедилар.

 

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

 Нуриддин Муҳаммаджон

Насронийлар мўғул қабилаларига уларни насроний динига киритиш учун даъватчиларини юборар эдилар. Туғёнкор золим Хулокухон ўзининг насроний хотини Зафархотун сабабли уларга даъват йўлини очиб берар эди. Бир куни мўғулларнинг амирларидан бири насронийликни қабул қилгани сабабли уюштирилган катта тантанага насронийларнинг бошлиқларидан бир жамоаси ташриф буюрди.

Насроний даъватчилардан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни сўка бошлади. У ерда ов ити боғланиб турарди. Насроний даъватчи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкишни бошлаганда ит қаттиқ безовталаниб, вовуллай бошлади. Сўнгра насронийга ташланиб, уни қаттиқ тирнади. Қийинчилик билан уни қутқариб олишди. Шу ерда ҳозир бўлганлардан бири: “Итнинг бундай қилиши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида айтган гапинг учун бўлди”, деди. Насроний: “Йўқ, бу ит қайсар ит экан. Қўлим билан ишора қилаётганимни кўриб, мени уради деб ўйлади ва шунинг учун менга ташланди”, деди. Сўнгра яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни баттар сўка бошлаган эди, ит боғичини узиб юборди ва насронийнинг бўйнига ташланиб, унинг бўғзидан юлиб олди. Шу ондаёқ насроний ўлди. Бунинг сабабидан мўғуллардан қирқ мингтаси исломни қабул қилишди.

Бу воқеани Аллома ибн Ҳажар Асқалоний “Ад-Дурарул камина” номли китобида келтирган. Аллоҳу акбар! Ҳайвонлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақорат қилишини кўтара олмас экан!!!

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни истеҳзо қилганлар ана шундай аянчи ўлим топадилар. Қуйидаги оятлар сўзимизнинг тасдиғидир:

إِنَّا كَفَيْنَاكَ الْمُسْتَهْزِئِينَ 

 “Aлбaттa, биз сизни мaсxaрa қилувчилaрни (жaзoлaш учун) кифoя қилурмиз.” (Ҳижр, 95)

أَلَيْسَ اللهُ بِكَافٍ عَبْدَهُ

“Aллoҳ ўз бaндaсигa (яъни, Муҳaммaдгa уни aсрaшдa) етaрли эмaсми?!” (Зумар, 36)

إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ 

 “Aлбaттa, ғaнимингизнинг ўзи (бaрчa яxшиликлaрдaн) мaҳрумдир.” (Кавсар,3)

إِنَّ الَّذِينَ يُؤْذُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَأَعَدَّ لَهُمْ عَذَابًا مُهِينًا 

 “Aлбaттa, Aллoҳ вa унинг пaйғaмбaригa oзoр бeрaдигaн кимсaлaрни Aллoҳ дунёдa ҳaм, oxирaтдa ҳaм лaънaтлaр вa улaр учун xoр қилувчи aзoбни тaйёрлaб қўйгaндир.” (Аҳзоб,57)

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта Аллоҳ таоло: “Кимки менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қилурман”, деди.” (Бухорий ривояти.)

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз то мен унга ота-онаси, фарзанди ва жамики инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча ҳаргиз (комил) мўмин бўла олмайди”, дедилар. (Бухорий ривояти).



Қудратуллоҳ Сидиқметов
Тошкент шаҳар "Аҳмаджон қори" жоме масжиди имом ноиби

 

الثلاثاء, 19 شباط/فبراير 2019 00:00

Аршни ларзага келтирган сўз

Отам доим бизларга уқдириб келадилар: “Икки сўзни тилга олишдан эҳтиёт бўлинглар, бири “талоқ”, иккинчиси “оққ қилиш”.  Оғиздан чиққан бу сўзлар инсонни икки дунё саодатидан маҳрум қилиб қўйиши мумкин”.

Ёшимиз улғайган сари айнан мана шу сўзларни инсонлар орасида оддий сўзларга айланиб бораётгани ачинарли ҳолдир.

Инсонлар ўзларини ушлай олмасликлари, иродасизликлари, қолаверса тарбиясизликлари оқибатида “Оққ қилдим” ёки “Талоқсан” деган сўзларни айтиб юбораверишади.   Ҳар икки сўзни айтилишида сабабини  сўрасангиз “Жаҳл устида айтиб юборибман”,  деб жавоб беришади.

Ота-онага оққ бўлиш кабира гуноҳлар қаторига киради.

Ишлари юришмай қолган бир йигит ичкиликка ружу қўяди. Шу даражага бориб етадики, насиҳат қилмоқчи бўлган отасига қўл кўтаришгача боради. Фарзандидан  бундай разолатни  кутмаган ота ўғлини оққ қилади.  Бир неча йилдан кейин ота қазо қилади. Аммо отасига қўл кўтарган йигитнинг бири икки бўлмайди. Охир-оқибат ўғли билан келини уни уйдан чиқариб юборишади, чунки ота-онанинг дуоси ҳам, дуоибади ҳам ўтади.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам уч марта: “Сизларга гуноҳларнинг каттасини хабарини берайми?” – дедилар.

“Ҳа, ё Расулуллоҳ!” – дейишди.

“Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оққ бўлиш”, - дедилар ва ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар-да:

“Огоҳ бўлинглар, ёлғон гап!” – дедилар.

Ана шу гапни такрорлайвердилар, такрорлайвердилар, ҳаттоки, сукут сақласайдилар, дедим” (Бухорий “Адаб”да ривоят қилган).

Ҳадисдан  кўриниб турибдики,  ширкдан кейинги улкан гуноҳ – ота-онага оққ бўлиш экан.

Кейинги вақтларда ёши улуғларимиз орасида ҳам ёшларнинг фикрига қарши бориб, уларни оққ қилаётган ҳолатларининг учраши ачинарли ҳолдир. Ўғлининг ҳаётига аралашиб, “Хотинингни талоқ қилмасанг, сени оққ қиламан”, “Отангни  десанг, оққ қиламан”, - деган сўзлар билан ўзлари ҳам гуноҳкор бўлиб қолмоқдалар. Бундай ҳолларда ақл билан иш юритиб, тафаккур билан хулоса қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳозирги вақтда оилаларнинг бузилиш ҳолатининг кўпаяётгани  жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан биридир.  Ҳаёт деб аталмиш синовли дунёда оилавий келишмовчиликларни  сабр ва бағрикенглик билан бартараф этиш мумкин бўлган ҳолда кўп ёшларимиз шошқалоқлик, тез аччиқланиш, сабрсизлик ва  талашиб-тортишиш каби салбий иллатларни ўзларига эп кўрмоқдалар. Йигитларимиз томонидан аёлига нисбатан “Уч талоқсан”, “Қум талоқ”, “Минг талоқсан”, “Онангникига борсанг талоқсан” каби  сўзларнинг айтилиши кўпайиб кетган. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол – талоқдир”, дедилар”. (Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ деган)

Одатда талоқнинг ҳукмини билмасдан, жаҳл билан айтилган сўз учун оилалар пароканда бўлишини ҳис қилишмайди.

“Бир марта жанжал бўлган хонадондан қирқ кун барака кетади” деган жумланинг асл моҳиятини тушунмай жанжаллашаверади. Оқибатда оилага дарз кетади.  Бундай жанжалларда  эр ҳам аёл ҳам ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишади. Фарзандларнинг, атрофдагиларнинг фикри, ҳаёти уларни умуман қизиқтирмайди. Оиладаги келишмовчиликларнинг сабабларидан яна бири баъзи аёлларнинг эридан  бошқаларга ўхшаб яхши яшашни талаб этишидир.  Жанжалларга кўп сабаб бўлаётган яна бир ҳолат  рашкдир. 

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади»-дедилар» (Сунан соҳиблари ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.

Эрининг кайфиятига қараб муомала қилиш маданиятига ҳамма аёллар ҳам сазовор эмас, шунинг учун ҳам дарров тилга эрк беришади. “Сенга тегиб нима кўрдим?”, “Қўлингдан нима келарди?” каби сўзлар  эркакларни қуюшқондан чиқишига сабаб бўлади. Турмуш чорраҳаларида  кўзланган эзгу  амалларга чиройли сабр билан эришиш мумкин. Афсуски, буларнинг баъзи аёлларимизга қизиғи йўқ. Аслида овозни бир парда кўтариб эмас, балки бир оз паст келиб, баланд-баланд ишларни ҳал қилиш мумкин.

Аллоҳ таоло дунё ҳаётида эрларни аёлларда устворлигини таъкидлаб шундай хабар беради:

 “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир...”  (Нисо сураси, 34-оят).

Айрим жоҳил йигитларимиз аёлининг ақл билан тузатиш мумкин бўлган камчилиги ёки хатоси бўлса, тузатишга чора ахтармасдан дарров бошқа аёлга уйланишга ёки бегоналардан таскин қидиришга шошилиб қолишади. Аёл эрининг феълидаги ҳар қандай нуқсонга чидаши мумкин, аммо хиёнатига эмас.

Аллоҳ таоло эркак кишини табиатан ҳиссиётга берилмайдиган, оғир, вазмин, ақлли қилиб яратган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам эркак киши ўзини оғир тутиши керак бўлади.

Оғзимиздан чиқаётган ҳар бир сўзни ўйлаб, кейини пушаймонликка олиб келмаслиги учун мушоҳада билан фикр юритиш керак.

Аллоҳ тало Қуръони каримда марҳамат қилади:

Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).

Аллоҳ таоло томонидан эркак киши учун аёли, фарзандлари омонатга берилган. Аллоҳ таоло ҳар биримизни оилаларимиз билан чиройли муомалада бўлиб яшашда бошқаларга ўрнак бўладиган солиҳ бандалари қаторида қилсин! Омин! 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

الإثنين, 18 شباط/فبراير 2019 00:00

Бегона аёл билан ёлғиз қолиш хатарлидир!

Нега Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларни бегона аёллар билан холи қолишдан қайтарганлар? Бунинг ҳикмати нима?

Британия қироллик жамияти аъзоси, Лондон Коллеж университетининг фахрий профессори, биолог олим Тим Ҳант 2001 йилда “Ҳужайранинг бўлиниш услуби” мавзусида халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлган. У илмий конференцияда аёллар ҳақидаги баёнотлар билан чиқиш қилгач, мансабидан четлаштирилди.

Олим ушбу баёнотида “Имтиҳонларда аёл ва эркакнинг бир хонада бўлиши хатодир. Эркак ва аёлнинг орасини ажратиб, уларни алоҳида-алоҳида хонага ўтқизиш керак. Чунки, эркакнинг ёнида аёлнинг бор бўлиши имтиҳон пайтида эркак зеҳнини чалғитади” деган эди.

Профессор Тим ҳақиқатни гапирган эди, лекин атрофидагилар, жумладан, университет жамоаси унинг гапларини қабул қилмадилар ва унга қаттиқ ҳужум уюштирдилар. Бу эса Тимнинг университетдан кетишига олиб келди.

www.telegraph.co.uk сайтида нашр қилинган “Гўзал аёллар эркак саломатлиги учун хатарлидир” сарлавҳали мақоласида “Сенинг бегона аёл билан беш дақиқа ўтиришинг танангда махсус гармон (кортизол) миқдори ошишига кифоя қилади” деган хулоса берилган.

Валенсия университети олимларининг таъкидлашича, жозибали аёл билан холи қолиш эркак танасида кортизол (Cortisol) гармонининг ошиб кетишига сабаб бўлар экан. Бу гармон тананинг стресс ҳолатига жавобгардир.

Устида тадқиқот олиб борилган бир неча шахслар аёлларга қарамасликка уринишган, баъзилари умуман аёлларга қарамай, уларни хаёлида ўйлаган. Аммо буларнинг барчаси кортизолнинг кўп миқдорда ишлаб чиқарилишини пасайтирмаган.

Кортизол гармони, агар паст даражада ишлаб чиқарилса, тана учун жуда ҳам керакли ва фойдалидир. Аммо унинг миқдори ошса ва бу жараён бир неча бор такрорланса, охир-оқибат эркакда юрак билан боғлиқ касалликлар, қон босимининг ошиши, қандли диабет, жинсий ожизлик (импотенция) ва бошқа хатарли хасталиклар келиб чиқишига олиб келади.

Олимларнинг айтишича, бу гармон эркак киши фақат бегона аёл билан ёлғиз қолгандагина кўпаяр экан. Аёлнинг жозибаси ошгани сари эркак танасидаги кортизол миқдори ҳам ошиб борар экан.

Аммо эркак ўз онаси, синглиси, қизи билан ёлғиз ўтирса, бу ҳол кузатилмас экан.  

Бошқа тадқиқотларнинг хулосасида эса ушбу гаплар ҳам айтилган:

“Аёлларга қараш ва улар ҳақида ўйлаш кўп такрорланса, вақт ўтиши билан эркак танасида турли сурункали касалликлар ва депрессия каби руҳий изтироблар хуруж қилади”.

Барчамиз энди мана бу ҳадиси шарифга эътибор берайлик:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эркак (бегона) аёл билан ҳаргиз холи қолмасин!” дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Бу ҳадис эркак кишининг бегона аёл билан ёлғиз қолишини ҳаром қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кўрсатмалари орқали бизни ижтимоий, руҳий ва жинсий касалликлардан узоқлашишга чорлаяптилар.

Мўмин одам аёлларга назар солишдан ва улар билан холи қолишдан тийилса, бу ҳол жамиятда фаҳшу зинолар ёйилишининг олдини олади. Шунингдек, жамият аъзоларини вабо, сўзак, заҳм, оитс, стресс ва депрессия каби касалликлардан ҳимоя қилади.

Ҳа, азизлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш инсоннинг икки дунё саодатига эришишига сабаб бўлади.    

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси  

 

Top