muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 29 كانون2/يناير 2019 00:00

Мен ҳам ота бўлдим...

Отанинг фарзандга меҳри-муҳаббати чексиздир, чунки у фарзандини ўз суратидан кўчирилган нусха, деб англайди. Зотан, отанинг тасаввури тўғридир. Фарзанд отанинг бир бўлаги, суратда, хулқ-атворда унга ўхшайди. Шунинг учун ота фарзанди тарбиясига диққат қилади. Ўзи истаган фазлу камолни фарзандига беришга, уни ўзидан кўра ҳам мукаммал қилиб етиштиришга ғайрат қилади. Шу мақсад йўлида ҳар қандай машаққатга бардош беради. Фарзанди ҳақида халқдан: “Тарбия қилган отасига раҳмат!” деган олқишни эшитса, севинади. Фарзанди орқали кўзлаган мақсадига етишни истайди, невара, эваралар кўриб, наслининг давом этишини орзу қилади. Мазкур орзуни ўзим ҳам қила бошладим. Чунки мен ҳам ота бўлдим ва чинакамига отамнинг қадрига етиб, кўнгилларидаги туйғуларни ҳис қила бошладим. Аммо, бази фарзандлар борки отасига нисбатан одобсиз ва қўполлик ила муносабатда бўлади. дунё эса чархпалак, сиз отангизга қандай муносабатда бўлсангиз албатта ўғлингиз ҳам сизга шундай муомалада бўлади.

Ўғил кўзлари хиралашиб қолган, овқат еяётганида қўллари қалтирайдиган қари отасининг иззат ва ҳурматини бажо келтирмас эди. Бир куни чол бечоранинг қўллари қалтираб, ош сузиб берилган чинни косани тушириб, синдириб қўйди. Буни кўрган келини нордон гап айтиб унинг кўнглини вайрон қилди. Ўғил эса отасини ҳовли этагидаги зах хонага кўчирди. Келин энди қайнотасига эски ёғоч косада таом берадиган бўлди. Бундан кўнгли озор топган қария вафот этиб кетган кампирини эслаб, зор-зор йиғларди. Унинг ёлғиз юпанчи ва суянчиғи беш ёшли набираси эди. Бола бобосининг ёнига келиб ўтирарди, маъсумона сўзлари, ёқимли қилиқлари билан бобосининг кўнглини овлаб, унинг ғам ва аламларини бир оз бўлса-да, енгиллатарди. Бола қўлига пичоқ олиб бир ёғочни йўниб ўтирганида отаси: “Ўғлим, нима қиляпсан?” - деб сўради. Бола юмушидан бош кўтармаган ҳолда жавоб берди:

- Дадажон, ойим эски ёғоч косада бувамга овқат берадилар. Мен ҳам ёғоч коса ясаяпман, катта бўлганимда ойим билан сизга шу косада овқат бераман. Гўдакнинг бу ибратли гапи отага таъсир қилди. У дарҳол зах хонада ётган отаси ҳузурига кирди, тиз чўкди, кўз ёши тўкиб, узр сўради...

Бир йигит Расулуллоҳга (с.а.в.) шикоят қилиб дедики:

-Отам қариб, жуда бевош бўлиб кетганлар. Ақлдан озганларми, деб қўрқаман. Уйимга келиб, қўлларига нима илинса, шуни олиб чиқиб кетаверадилар. Сарвари коинот (с.а.в.) отани чақиртирдилар. Ҳузурларига келган қари, бечораҳол, уст-бошлари хароб одамдан: “Ўғлингнинг гаплари тўғрими?” - деб сўрадилар. -Ҳа, тўғри, - деди чол. - Мен ўғлимни ўзим тарбия этганман. Онаси барвақт вафот этган эди. Ўзим емай - ўғлимга едирдим, ўзим киймай - ўғлимга кийдирдим. Қариганимда боқар, деб умид қилдим. Аммо у бераҳм чиқди. Мендан хабар олмайди. Ўзим уйига келиб, қўлимга илинган нарсани олиб чиқиб сотаманда пулига овқат олиб ейман. Ё Расулаллоҳ! Шу ишим дурустми ё дуруст эмасми? Отанинг бу гапларини эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.) ўғилнинг елкасидан маҳкам ушладилар-да, дедилар: “Топган нарсаларинг, ҳатто сенинг ўзинг ҳам отангнинг мулкидир. Агар топган мулкинг етмаса, отанг сенинг ўзингни сотиб пулини емоқликка ҳаққи бор. Сен ўйламагинки, топган мулкларимга ўзим эгаману отамнинг унга алоқаси йўқ, деб. Ҳаммасига отанг эгадир!”

Ислом дини ота – онага яхшилик қилишни Оллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги ўринга қўйган хамда бутун мусулмон умматига ота онага яхшилик қилишга уларга ҳаргиз “уф” демасликка ота она олдида овозини кўтармасликка ва маъсиятдан бошқа хар қайси ўринда уларга итоат этишга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай мархамат этади. “Роббингиз сизларга ёлғиз унинг Ўзига ибодат қилмоқлигингизни ҳамда ота – онангизга яхшилик қилишингизни амр этди”. (Исро, 32)

 

Саидаброр Умаров

الإثنين, 28 كانون2/يناير 2019 00:00

Ибратли ҳикматлар

Муваффақият нарвондир. Икки қўлинг чўнтагингда бўла туриб ундан юқорига чиқа олмайсан.

*****

Қаттиқ бўронлар баланд дарахтларни синдириб ўтади. Лекин эгилган шохларга таъсир қилмайди.

*****

Гоҳида сенинг кулгуларингга шерик бўлган инсонни унутишинг мумкин. Лекин ёнингда туриб, сен билан бирга йиғлаган инсонни унутмайсан.

*****

Табассум ҳарфларсиз ёқимли сўздир.

*****

Оловга олов билан қарши курашадиганлар одатда кулни қўлга киритадилар.

*****

Қаттиқ зарбалар шишани майдалаб юборади, лекин темирни сайқаллаб, унга жило беради.

*****

“Билмайман”ни ўрган. Агар сен “билмайман” десанг, билгунингча ўргатишади. Агар “биламан” десанг, билмай қолгунингча савол беришади.

*****

Ўзингда йўқ нарсалар ҳақида ўйлайверма, акс ҳолда (ношукрлик қилганинг учун) қўлингдаги боридан ҳам айрилиб қолма.

*****

Қачонки вақтингни чиройли суратда тақсимлай олсанг, кунинг худди кўп нарсаларни ичига сиғдирган сандиқдек бўлади.

*****

Пулингга таом сотиб олишинг мумкин, аммо тўйиш ҳиссини сотиб ололмайсан.

Пулингга дори сотиб олишинг мумкин, лекин шифони сотиб ололмайсан.

Пулингга диван сотиб олишинг мумкин, бироқ уйқуни сотиб ололмайсан.

Пулингга уй сотиб олишинг мумкин, лекин хотиржамлик сотиб ололмайсан.

Пулингни маҳрга бериб бир қизга уйланишинг мумкин, аммо муҳаббат, бир-бирини тушуниш ва бахтни сотиб ололмайсан.

Пулингга шуҳратни сотиб олишинг мумкин, бироқ эҳтиромни сотиб ололмайсан.

Пулингга китоблар сотиб олишинг мумкин, аммо фаҳм-фаросат, маданият ва ҳикматни сотиб ололмайсан.

***** 

 mawdoo3.com сайтидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

الإثنين, 28 كانون2/يناير 2019 00:00

Филиппиннинг гўзал масжидлари

Бугунги кунда минглаб ороллардан ташкил топган Филиппин давлатининг аҳолиси юз миллион кишидан ортиқни ташкил этади. Мусулмонларнинг сони эса 5-7 фоиз атрофида экани қайд этилган. Мусулмонлар камчиликни ташкил этсада ушбу мамлакатда қад ростлаган масжидлар ўзининг такрорланмас ташқи кўриниши билан ажралиб туради. Буни ўзингиз ҳам кўриб гувоҳи бўлишингиз мумкин.

1. Котаботадаги Султон Ҳасан ао Болкиах жоме масжиди

2. Магинданаодаги "Пушти ранг" масжид ёки Димаук масжиди

3. Замбоангадаги Талуксангай масжиди

4. Маравидаги Шоҳ Фейсал масжиди

5. Тави-Тавиаги Шайх Карим ул Маҳдум масжиди

6. Маниладаги ал Даҳаб масжиди ёки Олтин масжид

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Руқойя розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Зайнаб розияллоҳу анҳодан кейин дунёга келган қизларидир. У ҳам ота-онасининг кўз қорачиғи эди. Руқойя розияллоҳу анҳо ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳо икковлари худди эгизаклардек улғаядилар. Бир-бирларини жуда яхши кўрардилар. Бу меҳр опалари Зайнаб розияллоҳу анҳо узатилганидан сўнг янада кучайди. Гўё тақдир уларнинг ҳаётини муштарак бир йўлга чизгандек бир-бирларига қаттиқ боғланиб қолган эдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо Абул Ос ибн Робиъ билан турмуш қурганидан сўнг Руқойя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳоларнинг ҳам бўйлари етиб қолди. Абу Толиб уларни биродари Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба ва Утайбага сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай жавоб бердилар: — Эй амаки, қариндошчиликни сийлайман, бироқ менга бир оз муҳлат беринг. Бу масала юзасидан қизларим билан гаплашай. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадон аҳлига Абу Толибнинг мақсади ҳақида гап очдилар, Ҳадича розияллоҳу анҳо онамиз ва қизларига аҳволни тушунтирдилар. Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳо бу гапларни эшитиб ўйга чўмдилар. Чунки Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил қаҳри қаттиқ, тили аччиқ ва ўйламай иш қиладиган хотин эканини билар эдилар. Шунинг учун қизларининг бу хонадонга келин бўлишларини хоҳламай турардилар. Бироқ раъйларини қайтармаслик учун индамадилар. Қизлари ҳам буни ҳис қилиб жим ўтирардилар. Шундай тарзда, қатьий қарор қабул қилинди. Шафқатли ота қизларига барокат тилади. Уларни азиз ва жамил бўлган Аллоҳнинг паноҳига топширди.

Кунларнинг бирида Макка осмонида бир нур кўринди ва Маккани ойдинлатиб, қоронғуликни тарқатиб юборди. Бу нур Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик нури эди. Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳо қизлари Руқойя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳоларни ўйлар эди. Умму Жамил ва унинг сўзидан ҳеч чиқмайдиган Абу Лаҳаб хонадонида қизларининг ҳоли не кечади? Қурайшийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусида аниқ бир тўхтамга келиш учун тўпландилар. Ораларидан бири:

— Сиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ишига халақит бермоқчимисиз? У ҳолда қизларини қайтариб юборинглар, у қизлари билан овора бўлиб қолади, - деди. Абу Лаҳаб Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари билан оила қурган ўғилларига:

— Агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизларини қўймасангиз, бошим бошингизга ҳаром бўлсин, - деди. Икки қиз ҳам оталик уйларига қайтиб келдилар.Умму Жамил ва Абу Лаҳаб бу ишлари билан чекланиб қолмади. Набий алайҳиссаломга доимий равишда азият етказавердилар. Аммо, Аллоҳ таоло суюкли пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга азият етказган бу икки бадбахтни жазолабгина қолмай, Қуръони каримда уларнинг қисматлари ҳақида сўз юритувчи “Масад“ сурасини нозил қилди. Таржима маъноси: ”1. Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай – ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди – ҳалок бўлди. 2. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! 3-4-5. Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам самимий ва вафодор завжасига: “Энди бизга уйқу йўқ, эй Ҳадича...” дедилар. Руқойя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳо уйларидаги муҳит ўзгариб қолганини сездилар. Уйда хурсандчиликдан асар ҳам қолмагандай, ғам-қайғу буткул ҳукмрондек кўринар эди. Бироқ опа-сингил ота-оналари билан бирга бу қийинчиликларга бардош бердилар. Қурайшийларнинг тахмини бекор бўлди, севинчлари узоққа бормади. Улар ўйлаганидек, қизларининг уйга қайтиб келиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюк вазифаларини адо этишдан тўхтаб қолмадилар. Аллоҳ таоло солиҳ, асл бир оилага мансуб, бой ва юмшоқ табиатли куёв берди. Бу киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу насаб, мавқе ва бойликда Қурайшнинг энг олди кишиларидан эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Руқойя розияллоҳу анҳони Усмон розияллоҳу анҳуга никоҳладилар ва уларга баракот тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Қурайш мушрикларининг мусулмонларга азиятлари янада ортди. Уларга жуда ёмон муносабатда бўла бошладилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитнага дучор бўлишмасин деб саҳобаларнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилишларига изн бердилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу билан завжаси Руқойя розияллоҳу анҳо ҳам йўл ҳозирлигини кўра бошладилар. Руқойя розияллоҳу анҳонинг кўзлари ёш, қалби ғам-алам билан тўла эди. Айрилиқ олдидан отасини, онасини ва қариндошларини бир-бир қучоқлади. Айтмоқчи бўлган гапларини айтолмай, сўзлари бўғзига тиқилди. Унинг бутун ҳолати гўё: “Оиладан, ватандан айрилиш жуда оғир. Руҳ билан тананинг ажралишига ўхшайди. Аллоҳ бу ишимиздан рози бўлсин. Ишончимиз йўлида жонимиз фидо бўлсин”, деяётгандек эди. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам жуда хафа эдилар. Сабрли мўмина Руқойя розияллоҳу анҳо унга юзланиб, таскин бериш учун: - Аллоҳ таоло биз билан ва Шу муборак Байтнинг атрофидаги тупроғимизда қолаётган кишилар билан биргадир, — деди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қайғуси тарқалди. Ҳабашистон томон йўлга тушдилар.

Давоми бор...

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Top