muslim.uz

muslim.uz

Самарқанд бош имом хатиби З.Эшонқулов бошчилигида Самарқанд шаҳри ҳамда Самарқанд тумани имом-хатиблар вилоятимизнинг қатор диққатга сазовор жойларини зиёрат қилдилар.

Дастлаб, “Имом Бухорий” мажмуаси зиёрат этилди. Кейин эса мажмуа ёнида қад кўтарган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишилди. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида мазкур иншооатлар билан танишиб, ушбу маскан бизга буюк аждодларимизнинг кимлигини англатиши, маънавият, маърифатни тарғиб этишини таъкидлаган ва бу ерни ҳар бир юртдошимиз зиёрат қилиши мақсадга мувофиқлигини қайд этган эди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шукрулло Умаров давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган марказ ва ҳадис илми мактабининг яратилиш тарихи, бу ерда икки йил давомида амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, илмий ходимлар ва тингловчиларнинг буюк аждодимиз меросини ўрганиши учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди. Марказдаги музей ва тарихий қўлёзмалар фонди ушбу масканнинг том маънода халқаро аҳамият касб этиши, унинг дунё миқёсидаги нуфузи ва салоҳияти юксаклигини кўрсатиб туриши қайд этилди.

Имом-хатибларга марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Марказ ёнида бунёд этилган Ҳадис илми мактабида тингловчилар учун яратилган шароит, бу ердаги ўқув жараёнларнинг замонавий ахборот технологияларига асосланганлиги имомларда катта таассурот қолдирди.

Шу куни “Махдуми Аъзам” ҳамда “Хўжа Донёр” зиёратгоҳларига ҳам ташриф буюрилди.

 

   

Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

2012 йилда АҚШнинг Орегон университети олимлари томонидан қиёмат кунига, ҳисоб борлигига, дунёда қилинган жиноятлар учун охиратда дўзахда азоб борлигига ишонувчилар устида тадқиқот ўтказилди. Тадқиқот якунида маълум бўлишича, мазкур инсонлар жамиятда жиноятчиликка энг кам қўл урадиганлар экани маълум бўлди.

Олимлар ушбу тадқиқотнинг хулосасида мана бу гапларни таъкидлаб айтдилар: “Азобдан қўрқиш инсонни жиноятлар содир этишдан тўсади. Шу билан бирга Аллоҳга, охират кунига, ҳисоб ва азобга иймон келтириш жиноятчиликнинг олдини олишда энг осон йўлдир!”

Ушбу тадқиқотнинг тўлиқ хулосаси www.sciencedaily.com сайтида “Халқаро тадқиқот ўз хулосасида шундай таъкидлайди: “Жаҳаннамга иймон келтириш жиноят миқдорини пасайтиради!” сарлавҳали мақола тарзида эълон қилинди. Мақоладан иқтибос келтирсак:

“Орегон университети томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида тадқиқотчи олимлар бундай хулосага келдилар: “Охират кунига, жаҳаннам азобига иймон келтиришнинг жиноятчиликдан узоқлашишда жуда катта ҳиссаси бор. Аллоҳга иймон келтириш ёшларни нотўғри йўлларга оғишдан асрайди. Ёшларни жиноятдан ҳимоя қилиш учун уларнинг Аллоҳга бўлган иймонларини кучайтириш керак!” (Иқтибос тугади)

Бу – илмий тадқиқотнинг ўз хулосасида айтаётган гаплардир. Динга, охиратга ишонмайдиганлар бу тадқиқот ҳақида қандай фикрда эканлар?!

Уларнинг жаҳаннамга иймон келтириш яхши нарса эканини, бу иймон инсонларни жиноят қилишдан тўсишини эътироф қилишдан бошқа чоралари йўқ.  

Динга ишонмайдиганлар “Адолат!” деб жар соладилар, аммо адолат қарор топадиган, золимдан мазлумнинг ҳаққи олиб бериладиган қиёмат кунини инкор этадилар.

Улар “Илм!” деб додлайдилар, аммо олимларнинг илмий хулосаларини инкор этадилар.

Улар “Ахлоқ!” деб жар соладилар, аммо барча Пайғамбарлар олиб келган гўзал хулқларни инкор қиладилар.

Уларнинг сўзлари билан ишлари доим бир-бирига тескари, ўзлари доим изтиробда юрадилар. Бу эса Қуръони Карим хабар берган ҳолатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган: 

 بَلْ كَذَّبُوا بِالْحَقِّ لَمَّا جَاءهُمْ فَهُمْ فِي أَمْرٍ مَّرِيجٍ

 “Балки уларга ҳақ келганда, уни ёлғонга чиқардилар. Улар изтиробли ишдадирлар”. (Улар ҳақни инкор қилганлар. Буни олдида бошқа нарсаларни инкор қилиш ҳач гап эмас.) (Қоф сураси, 5-оят).

Оятдаги مَّرِيجٍ (марийж) сўзи “изтиробли”, “ихтилофли”, “қарама-қарши” деган маъноларни ифода этади.

Сўзимиз охирида Аллоҳ таолодан бизни мана бу оятдаги дуони айтувчилардан қилишини сўраймиз:

 وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا اصْرِفْ عَنَّا عَذَابَ جَهَنَّمَ إِنَّ عَذَابَهَا كَانَ غَرَاماً إِنَّهَا سَاءتْ مُسْتَقَرّاً وَمُقَاماً

 “Улар: “Эй Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир. Албатта, у энг ёмон қароргоҳ ва турар жойдир”, дейдиганлардир” (Фурқон сураси, 65-66-оятлар).

Эй Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир. Албатта, у энг ёмон қароргоҳ ва турар жойдир.

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Хабарингиз бор, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ногиронлиги бўлган фуқаролар, жумладан, эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони бўлган фуқаролар билан тизимли равишда учрашувлар, хайрия тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Бу каби учрашувлар, ўзларига қаратилаётган эътибордан мамнун бўлаётган юртдошларимиз ташкил этилаётган тадбирлардан ўзлари учун кўплаб билим, манфаатлар топаётганликларини кўзларда ёш билан изҳор қилишмоқда. Яқинда ўтган Робиъул аввал ойи муносабати билан илк бор имконияти чекланган мусулмонлар учун махсус Мавлид тадбирларида Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васаллманинг муборак сийратлари гўзал ижод намуналари, кўргазмали воситалар асосида таништирилган эди.

Энди эса, яна бир хушхабар - юртимизнинг марказий  масжидларида имконияти чекланган фуқаролар, эшитиш ва нутқ аъзоларида нуқсони бор кишилар учун Жума мавъизаси Сурдо таржимон воситасида масжидда тўғридан-тўғри кўрсатилади. Бунинг учун Республиканинг ҳар бир худудидаги марказий масжидда Жума мавъизаларини сурдо-онлайн  узатиш имкониятлари яратилади. Бунда ўша масжид ташқи қисмига муайян тоифага мансуб ногиронлиги бор кишилар учун махсус имкониятлар мавжудлигини билдирирувчи халқаро белги қўйилади. Жума намозига келган имконияти чекланган фуқаролар ўзлари учун белгиланган жойда мониторларларда имом-хатибни, унинг ёнида эса сурдо таржимон ҳаракатларини кузатиб бориш имконига эга бўладилар.

Кеча  биринчи бор Тошкент шаҳрининг “Шайх Зайниддин”, Тошкент вилоятининг “Чирчиқ марказий жоме масжиди”, Самарқанд вилоятининг “Хўжа Исҳоқ Валий” жоме масжидларида Жума мавъизалари тўғридан-тўғри сурдо таржимон воситасида тушунтириб берилди.

Жума намози адо этилгач, намозхонлардан бири Шуҳрат Абдураҳимов ўзларига яратиб берилган бундай имкониятлардан севиниб, таржимон воситасида қуйидаги дил сўзларини изҳор қилди:

“Авваллари ислом дини ҳақидаги билимларга деярли эга эмасдим. Чунки буни менга ўргатадиган киши бўлмаган. Ташкил этилаётган суҳбатлар, мавъизалар ёрдамида шукурки, ҳидоятдан баҳраманд бўлмоқдаман. Бугун ҳам Аллоҳ таолонинг уйида мавъизалардан таъсирланиб, аввалги хатоларим, гуноҳларим учун пушаймонда бўлиб, йиғлаб тавбалар қилдим... Сизларга катта раҳмат. Бизларни тарбиялаяпсизлар. Маърифатга чорлаяпсизлар.

Бундай эзгу тадбирлар ҳар бир вилоятда, кўплаб масжидларда бўлишини истардим. Афсуски сурдо таржимонлар ҳозирда етарли эмас. Иншаллоҳ келажакда уларнинг сони кўпайиб, биз кабилар ҳам Жума мавъизаларидан роҳатланиб баҳраманд бўлишларини Аллоҳ насиб этсин.”

Келгуси Жума намозидан, 1 февралдан Республика бўйлаб 25 та жоме масжидда махсус сурдо-онлайн таржималар ташкил этилиши белгиланган. Мазкур лойиҳа босқичма-босқич кейинчалик ҳар бир вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган. Бу каби хайрли лойиҳалар юртимизда диний сохада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Сизнинг севимли ҳамрохингиз, қалбингизга нур бағишловчи, тафаккурга чорловчи “Ҳидоят” журнали 2019 йилда янгича шакл ва мазмун билан хонадонингизга кириб боради.

Журналимизнинг шу йилдаги илк сонида бир-биридан ажойиб қуйидаги мавзулардаги мақолалар ўрин олган:

Тафсир рукнида Бадриддин Садриддин ўғлининг Қуръони карим Бақара сураси, 255-оятини мўътабар манбалар асосидаги шарҳи;

Имом-хатиб Авазхўжа Баҳромов ижодидан “Кулиш учун гоҳида йиғлаш керак” номли таржима мақоласи;

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуровнинг мухбиримиз билан уюштирган “Тарихий анъана тикланди” мавзуидаги суҳбати;

Қуръон қиссалари рукнида Абул Ҳасан Надавийнинг “Пайғамбарлар қиссалари” асари асосида тайёрланган “Фиръавн аҳлидан чиққан мўмин…” қиссаси;

Саодат асрига саёҳат рукнида Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асаридан олинган Пайғамбаримизнинг насаблари ва туғилишлaрига оид парча;

Тадқиқот рукнида Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистрантининг “Китобини Расулуллоҳ (алайҳиссалом) маъқуллаган бухоролик фақиҳ” ҳақидаги мақоласи билан танишишингиз мумкин.

Ҳурматли муштарийлар, “Ҳидоят”журналига obuna.hidoyat.uz сайти, “Ўзбекистон почтаси”нинг ҳудудий бўлимлари ёки ўзингизга яқин бўлган масжидларда обуна бўлишингиз мумкин.

Бугунги кунда юртимизда юзлаб нашрлар миллионлаб ададда босилиб, ўқувчилар қўлига етиб бормоқда. Бундай нашрлар орасида “Ислом нури” газетасининг ўзига хос ўрни бор. Сабаби газетада босилган диний-маърифий мавзудаги мақолалар юртимиз мусулмонларининг кўнглидан жой олиб улгурган.

2019 йилда янги шаклда чоп этилган ҳамда материаллари устида тинмай ишланган газета муштарийлар томон йўлга чиқди.

Газетамизнинг жорий йилдаги илк сонида қуйидаги мавзулардаги мақолалар билан танишишингиз мумкин:

Юртдошларимиз вақф ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун таҳририятимизга: “Вақф нима?”, “Қандай мулк вақф ҳисобланади?”, “Вақф молидан кимлар фойдаланиши мумкин?”, деган саволлар билан мурожаат қилишмоқда. Кўпсонли мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, “Вақф нима?” номли мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

Газетамизда “Мусулмон одоби” номли рукн кўпчилик учун фойдали бўлиши турган гап. Ушбу рукн остида “Энг енгил садақа” мақоласидан баҳраманд бўлинг.

Муҳаммад ибн Сулаймон Тамимий ҳақидаги «Куёв жаноблари» номли мақолани ўқиб, ўзингиз баҳо берасиз деган умиддамиз.

Ҳаёт чорраҳаларида рукни остидаги “Онаизор мактуби” номли мақолани ўқиб кўнглингизда онангизга бўлган муҳаббатингиз янада ошади. Ушбу ҳикояни ўқиб кўнглингиз юмшаши, ҳаттоки кўз ёшларингизни ушлаб қололмаслингиз ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бундан ташқари, газетамизнинг илк сонида “Оғиздаги тош”, “Кўзгудаги биз”, “Виждон азобида қолмайлик…”, “Анор” сингари мақолаларни ўқишингиз мумкин.

Ҳурматли муштарийлар, “Ислом нури” газетасига obuna.hidoyat.uz сайти, “Ўзбекистон почтаси”нинг ҳудудий бўлималари ёки ўзингизга яқин бўлган масжидларда обуна бўлишингиз мумкин.

Top