www.muslimuz

www.muslimuz

الأربعاء, 01 نيسان/أبريل 2020 00:00

Уйда қолинг!

Ота-она дийдорини ўйласангиз,
Ўғил-қизнинг камолини ўйласангиз,
Хонадоннинг аёлини ўйласангиз,
Кўча кезманг, илтимосим уйда қолинг!

Гап-сўзларга, миш-мишларга тутманг қулоқ,
Саросима, қўрқувлардан бўлинг йироқ,
Ўз уйингиз барча жойдан сокин, тинчроқ,
Насиҳатим кўча чиқманг, уйда қолинг!

Фарзандлар гул дийдорингиз кўриб тўйсин,
Китоб-дафтар, қалам беринг, меҳр қўйсин,
Ҳамма фақат Сизни десин, Сизни суйсин,
Кўча кезманг, илтимосим уйда қолинг!

Олам узра кезар ўлатнинг сояси,
Ҳар ким бугун ўз-ўзининг ҳимояси,
“Уйда қолинг!” Бу юртбошининг ғояси,
Кўча чиқманг, илтимосим уйда қолинг!

Ойнинг ярми қаро бўлса, ярми ёруғ,
Оғир дамлар ўтар, кунлар келар қутлуғ,
Шукур қилинг, соғ-омонсиз, қилинг қуллуқ,
Уйда бўлинг, илтимосим уйда қолинг!

Aллоҳимдан мадад сўранг, дуо қилинг,
Шифо сўранг, паноҳ тиланг, нидо қилинг,
Бу ўлатни ўзингиздан жудо қилинг,
Уйдан чиқманг, уйда бўлинг, уйда қолинг.


Бобоқул Усмон
Бухоро вилояти, Шофиркон тумани.

الأربعاء, 01 نيسان/أبريل 2020 00:00

Келингиз, бир тан-у бир жон бўлайлик!

Бошига иш тушса синалар одам,
Яхшилар бир-бирин қўллагай ҳар дам,
Бирлашсак чекинар, илло, қайғу-ғам,
Келинг, дўстлар, бир тан, бир жон бўлайлик,
Халқимиз дардига дармон бўлайлик!

Бандаларга синов ёки кулфат бу,
Коронавирус деган мудҳиш офат бу,
Гуноҳимиз учун бир каффорат бу,
Дўстларим, бир тан-у бир жон бўлайлик,
Элимиз дардига дармон бўлайлик!

Саховатпешалар дон улашмоқда,
Ким дори-дармон, ким нон улашмоқда,
Руҳга мадад сўз—эҳсон улашмоқда,
Бундай дамда бир тан, бир жон бўлайлик,
Ночорлар дардига дармон бўлайлик!

Ойнинг ярми қаро, ярмиси ёруғ,
Ҳали кунлар келар хайрли, қутлуғ,
Бу Ватан муқаддас, бу Ватан улуғ,
Келинг, Ватанга чин ўғлон бўлайлик,
Халқимиз дардига дармон бўлайлик!

Ҳар яхши-ёмон кун, ўйланг, худодан,
Беморларга шифо сўранг худодан,
Фақат эзгу ният тиланг худодан,
Бир бутун, бир тана, бир жон бўлайлик,
Бир миллат, бир халқ—Ўзбекистон бўлайлик!

 

Бобоқул Усмон
Бухоро вилояти, Шофиркон тумани.

الأربعاء, 01 نيسان/أبريل 2020 00:00

Жамоат фондига беғараз ёрдам кўрсатилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари ихтиёрий равишда ўз иш ҳақларининг бир қисмини «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига беғараз ёрдам тариқасида ўтказиб берди.
Ўзингиз, яқинларингиз соғлиғи учун уйда қолинг ва дуода бўлинг!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Алҳамдулиллаҳи роббил аламийн, вал ақибату лил муттақийн,  вас солату вас саламу ала росулиҳи Муҳаммадин ва ала алиҳи
 ва соҳбиҳи ажмаиъйн!

Ислом таълимотида сиҳат саломатликнинг улуғ неъмат эканлиги ва унинг қадрига етиш лозимлиги алоҳида таъкидланган. Ер юзидаги жамики мавжудот учун сиҳат саломатликнинг ўрни муҳим. Жумладан, инсонлар саодатли ҳаёт кечириш ва кўзлаган мақсадларини амалга оширмоқлиги учун бу неъматнинг аҳамияти катта. Акс ҳолда ҳаёт мазмуни йўқолади ва дунёнинг ҳеч қандай лаззати ва жозибаси татимайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар ғанимат билишлари лозим бўлган неъматлар сирасида сиҳат саломатликни зикр қилиб ўтганлар. Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:

إِغْتَنِمْ خمَسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ وَغِنَاكَ قَبْلَ فَقْرِكَ وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ (رواه البيهقي والحاكم)

“Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат бил: кексалигингдан аввал ёшлигингни, бетоблигингдан аввал саломатлигингни, фақирлигингдан аввал бойлигингни, бир ишга машғул бўлиб қолишингдан аввал бўш вақтингни ва ўлиминг келмасидан аввал ҳаётлик вақтингни”.[1]

Саломатлик улкан неъмат бўлгани боис бутун дунёда одамлар соғликларини муҳофаза қилиш йўлида катта саъй-ҳаракатлар қилиб, кўп маблағлар сарфлашади. Баъзи инсонлар эса, касал бўлмасдан туриб уни олдини олиш чораларини кўришади. Бу эса касал бўлиб кўп маблағ сарф қилгандан кўра самарали ва яхшироқдир.

Маълумки ислом дини, аввал бошидан токи охиригача инсониятга фақат ва фақат яхшилик келтиради. Чунки бизни йўқдан бор қилган Зот, инсонга нима фойдалигу, нималар зарарли экани ҳақида бизларни огоҳ этган! Шунинг учун ҳам ислом дини, барча замон ва маконларга салоҳиятли бўлган илоҳий таълимотдир. Аллоҳ таоло шундай дейди:

أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ(14)

Яратган зот билмасмиди? У сирларни билувчи ва баридан хабардордир!”[2]

Аллоҳ таоло, инсонга имтиҳон майдони қилган бу дунёда бошқа синовлар қатори турли хасталикларни ҳам яратган. Бандаларига тўғри  йўлни кўрсатиб, уларни ризқлантирган Зот, улар касал бўлганларида шифо бергувчи ҳам Унинг Ўзидир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

الَّذِي خَلَقَنِي فَهُوَ يَهْدِينِ  (78)وَالَّذِي هُوَ يُطْعِمُنِي وَيَسْقِينِ (79)

 وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ(80)

У мени яратган, мени ҳидоят қиладиган ҳам Ўзидир. Мени едириб-ичирадиган ҳам Ўзидир. Беморлигимда шифо берадиган ҳам Ўзидир”.[3]

Ояти каримада яратиш сифатини Аллоҳ таолога нисбат берилмоқда. Дарҳақиқат, коинотдаги барча махлуқотларни Аллоҳ таоло яратган. Кеча ва кундуз, йил фаслларининг алмашиниши, аъзоларимизнинг бир бирига мутаносиблиги, буларнинг барча-барчаси,  ёлғиз яратувчи томонидан эканига далолат қилади.

79-оятда эса, ризқни Аллоҳ таолога нисбат берилмоқда. Маълумки,  осмон билан  ер орасида, денгиз билан ер остида қанча қанча миллиардлаб жонзотлар бор. Кеча оқшом мана шу миллиардлаб жонзотларнинг барчаси: “Эртага нима еймиз?” демасдан хотиржам уйқуга кетганлар. Мана бугун янги тонг отди! Улар худди кечагидек кунларини давом эттиришмоқда. Уларнинг инсонларга ўхшаб егулик маҳсулотларни ғамлаб қўядиган музлатгичлари ҳам, сандиқда пуллари ҳам ёки овқат сотиб оладиган дўконлари ҳам йўқ. Шундай бўлсада, улар хотиржам уйқуга кетишмоқда, акс ҳолда улар ухламас эдилар. Аммо уларда асосий нарса бор, у ҳам бўлса Аллоҳ таолонинг ризқига қаноат ва хотиржамликдир.

Шу ўринда айтиб ўтишимиз лозимки, барчамиз биладиган ва имон келтирган “ризқ ҳам, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, Аллоҳдан”, деган ақидамизга қай даражада мустаҳкам ёки заиф эканимиз шу кеча-ю, кундузда билиниб қолди. Дунёнинг барча давлатларида тарқаган СОVID-19 Коронавирус пандемияси муносабати билан диёримизда карантин ҳолати эълон қилиниши баробарида, баъзи юртдошларимиз ўзларини бироз йўқотиб қўйдилар. Ҳукумат томонидан қанчалар огоҳлантирилмасин, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатликка чақирилмасин, ватандошларимиздан баъзилари озиқ-овқат ва йўл кира нархларини оширишга ҳаракат қилишди. Зиёда озиқ-овқат захиралари уйларимизни тўлдирди, талаба фарзандларимиз уйига қайтиш учун кўчада бир муддат сарғайиб туришди. Гарчи бу “баъзи”лар жуда камчиликни ташкил қилсада, асрлар давомида Ислом оламига буюк зотларни етиштириб берган шу халқ учун, бу орият масаласидир.

Мазкур мақолада буни эсламасдан ўтиб кетиш мумкин эди. Лекин “танқид – келажак меваси”, деган тамойилдан келиб чиқиб, буни эсладик. Шоят, бу каби “бошга иш тушганда, ундан фойдаланиб қолиш” иллатига, қалбимизда тамомила ўрин қолмасин!   

Алҳамдулиллаҳ! Буларга барҳам берилди. Ҳукуматимиз ва олийжаноб-ҳимматли юртдошларимиз, қўлларидан келгунича ўзгаларга ёрдам қўлини чўздилар. Талабалар ҳам уйларига соғ-саломат етказилди, озиқ-овқат васвасасига ҳам барҳам берилди.

Ватанимиз мўъмин-мусулмонлари томонидан Қуръон карим хатми, Саҳиҳ Бухорий хатми, истиғфор, салавот, қурбонлик каби хайрли ишлар ҳанузгача давом этмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташаббус билан чиқилгани жума кунида барча вилоят, туман ва зиёратгоҳларда қурбонликлар қилиниб, ўқилган хатми Қуръон, хатми Саҳиҳ Бухорий ва салавотлар, ўтганларимиз ҳаққига бағишланиб, бутун дунёга синов ўлароқ келган бу касалликни даф этишини сўраб Аллоҳ таолога дуолар қилинди. Айнан ўша дуолар қилинган жума кунида, осмондан Аллоҳ таолонинг майин раҳмат ёмғирлари ёғди. Бунда барчамиз учун дуоларимизни қабул бўлганлиги хушхабари бордир инша Аллоҳ.

Зеро, бошга бирор мусибат тушганда, хайрли амаллар қилиниб, уларнинг барокатидан ўша мусибатни аришлиги умид қилиниши, динимиз таълимотларида келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам мушкилотлар бўлганида, Аллоҳга ибодатлар қилиб дуо қилар ва саҳобаларга ҳам шуни тавсия қилардилар. Биз ҳам ожиз ҳолимизда, бу қилинган ожизона дуоларимизни Буюк Парвардигоримиз қабул қилишидан жуда ҳам қаттиқ умидвормиз ва бу ҳақда гўзал гумондамиз! Чунки, яхши гумонда бўлиш, мўминга хос. Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган саҳиҳ ҳадиси қудсийда бу ҳақда шундай дейилади:

أنا عند ظن عبدي بي .

“Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман”. [4]

СОVID-19 Коронавирус пандемияси бугун жисмоний ва иқтисодий жиҳатдан бутун дунё халқларини ташвишга солиб турган энг катта муаммо десак муболаға бўлмайди. Лекин, мусулмон киши яхши биладики, бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларга бир синовидир. Эътибор қилинса, бу барча инсонларни қанчалик тараққиётга эришмасин, ўзларини қанчалик кучли деб билмасин, Аллоҳ таолонинг заррадан ҳам кичик бир вирус ўлароқ яратган бир махлуқи олдида қанчалар заиф эканини исботлаб қўйди. Бу нарса эса, Аллоҳ таоло бизга бергани, қанча-қанча улкан неъматларга ношукр эканимизни ва уларнинг қадрига етишимиз лозимлини англатди.

Бу синов, биз инсонлар, ўзганинг ҳаққини порахўрлик билан бўлсин ёки тарозудан уриш ёхуд зўравонлик билан бўлсин бир биримизга зулм қилаётганимиз, бизга кўплаб покиза емакларни ҳалол қилиб берилган бўлсада, Яратган қўйган чегарани бузиб, ҳаром-ҳариш нарсаларни истемол қилаётганимиз, покиза ҳаёт тарзини муҳайё қилиб қўйган бўлсада, фисқ-фужур амалларга ўтганимиз ва қолаверса ҳаёт аталмиш босиб ўтган йўлимизни тўғри давом эттиришимиз учун ортга бир назар солиб, қилган ишларимиз оқибати ҳақида тафаккур қилишга мажбур қилди.

Маълумотларга қараганда СОVID-19 Коронавирус пандемияси сабабли кўчалардаги тартибсизликлар, маст қилувчи ичимликларни истеъмоли, ёмон-фаҳш ишлар камайгани ва тозалик даражаси ортиб,  ота-оналар кўпроқ оила-аъзолар билан бирга бўлаётгани, фарзандларнинг ҳолидан яқиндан бохабар бўлиши айтиб ўтилмоқда. Албатта, биз бу синовлар ортидан яхшиликлар келишига умид қиламиз. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг китобида шундай деган:

وَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَعَسَى أَنْ تُحِبُّوا شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَكُمْ

وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ (216)

 “Ёқтирмаган нарсангизда сизларга яхшилик бўлиши мумкин, ёқтирган нарсангизда эса сизларга ёмонлик бўлиши мумкин. Аллоҳ билганини сизлар билмайсизлар”.[5]

Аллоҳ таоло бизларга ота-онамизданда меҳрибон ва раҳмлидир. Шундай экан, билишимиз лозимки, инсониятнинг бахт-саодати Унинг буйруқларига мувофиқ яшашда ва унинг бахтсизлиги Унинг қайтариқларидан қайтмасликдадир. Тарихга назар солинса, қанча-қанча офат, бало, касаллик ва кўнгилсизликлар Аллоҳ таолонинг амрига қарши чиқиш натижасида рўй берганига гувоҳ бўламиз. Шундай экан, ҳар бир кунимиз ва ҳар бир амалимизда, Унга мувофиқ ҳаёт кечиришимиз, ортимиздан фақат ва фақат яхши из қолдиришимиз лозим бўлади. 

Барчамизга маълумки, СОVID-19 Коронавирус пандемияси бу бир давлат ёки бир элат вакилларига эмас, балки бутун инсоният бошига мусибат бўлиб келди. Бутун дунё аҳолиси ундан қутулиш чораларини кўрмоқда. Биз оддий аҳолидан эса, бор йўғи уйимизда, оиламиз билан биргаликда чиқмасдан ўтириш талаб қилинмоқда холос.

Юқорида айтиб ўтганимиздек киши, вабо тарқалган вақтда шариатимиз кўрсатмасига амал қилиб, Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлган ҳолда савоб умидида уйида ўтирса, гарчи ўша вабо сабабли вафот қилмасада шаҳиднинг ажр-савобига эга бўлади. Имом Аҳмад келтирган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

لَيسَ مِنْ رَجُلٍ يَقَعُ الطَّاعُونُ، فَيَمْكُث فِي بَيتِهِ صَابِرًا مُحْتَسِبًا يَعْلَمُ أَنَّهُ لَا يُصِيبُه إلَّا مَا كَتَبَ اللهُ لَهُ؛ إلِّا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ الشَّهِيدِ (أخرجه أحمد)

“Вабо келган вақтда, Аллоҳ унга ёзганидан бошқаси бўлмаслигини билган ҳолда савоб умидида уйида ўтирган кимсага шаҳиднинг ажри бўлади”.[6]

Аксинча шариат ва жамият қоидаларини менсимасдан ўзи ва ўзгаларни хатарга солиш, ўзини ҳалокатга ташлаш билан баробардир. Имом Термизий келтирган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

لَا يَنْبَغِي لِلْمُؤْمِنِ أَنْ يُذِلَّ نَفْسَهُ، قَالُوا: وَكَيْفَ يُذِلُّ نَفْسَهُ؟ قَالَ: يَتَعَرَّضُ مِنَ الْبَلاَءِ لِمَا لاَ يُطِيقُ. (أخرجه الترمذي).

“Мўъмин киши ўзини хорлаши дуруст эмас”, дедилар. “Ўзини қандай хорлайди?”, дейишди. “Тоқати етмайдиган балога ўзини рўбарў қилади”, дедилар.[7]

Ҳақиқатдан ҳам касални даволатгандан кўра, касалликни келтириб чиқарадиган нарсалардан узоқ бўлиш енгил ва яхшироқдир. Халқимизда: “Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ” деган ҳикмат бор. Бу касалликни олдини олишнинг энг самарали йўли – уйда қолишдир. Чунки, ҳозирда бу касалликка қарши   барча бирдек курашмаса, Аллоҳ асрасин буни оқибати жуда ёмон бўлиши мумкин. Вабо, чегара билмас касаллик экани тарих китобларида ҳам сақланиб қолган.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ “Миръот”да тўрт юз қирқ тўққизинчи йилдаги ҳодисаларни ёритар экан, шундай дейди: “Жумодул охир ойининг охирларида менга Бухородан мактуб келди. Унда шундай дейилганди: “Биз тарафларда мисли кўрилмаган даҳшатли ўлат тарқалди. Бир куннинг ўзида шаҳарни 80 минг нафар одам ташлаб чиқиб кетди. Самарқандда касаллик шу даражада авж олиб кенг тарқадики, ҳар куни олти мингдан зиёд одамнинг ёстиғи қуриб борди. Тирикларнинг асосий қиладиган иши кечаси ҳам кундузи ҳам фақат ўлик ювиш, кафанлаш ва дафн этиш бўлиб қолди”.

“..Шаҳар аҳолиси ўта ночор аҳволга тушиб қолди. Одамлар ўлат олдида мутлақ ожиз эдилар. На бирор табиб ва на бирор руқячи бу дардни даволай олмади. Фақат ва фақат Аллоҳдан нажот кутишдан бошқа чора қолмади. Ўлатдан қутулиш учун мутасаддилар тарафдан кўчага чиқиш қатъий тақиқланди. Икки мингдан ортиқ ҳовлининг дарвозалари ичида одамлари билан ташқаридан дамбалаб ташланди. Азим шаҳар кўчалари худди арвоҳ шаҳридек ҳувиллаб қолди. Халқ ўлатдан халос бўлиш учун ёппасига Аллоҳга ёлвориб тавба қила бошлади”

“…Ўлат дастлаб Туркистондан бошланди. Кейин Қашғарга, ундан Фарғонага ундан эса Самарқандга ўтди. Балхга эса бир неча нафар одам Бухородан сафар қилиб Балхликлар орасида тарқалишига сабаб бўлди. Вабодан ўлганларнинг умумий сони ҳисоблаб чиқилганда уларнинг адади бир миллион олти юз эллик минг нафардан ошиб кетди”.  (Иқтибос тугади).

Бу мўъжазгина мақола, СОVID-19 Коронавирус пандемияси ҳақида айтмоқчи бўлган сўзларимизни барчасини қамраб олмасада, ҳеч бўлмаса ўз уйимизда савоб умидида ўтиришимизга ва ўзгаларга зарар етказмаслигимизга сабаб бўлса ажаб эмас. Зеро мақсадимиз ҳам, ўзлигимизни англаш ва касалликка қарши бирга курашишдир. Мақола охирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифларини хулоса ўрнида келтирмоқчиман:

وَعَن أبي سعيد الْخُدْرِيّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه أَن النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ قَالَ لَا ضَرَرَ وَلَا ضِرَارَ، مَنْ ضَارَّ ضَارَّهُ اللَّهُ، وَمَنْ شَاقَّ شَاقَّ اللَّهُ عَلَيْهِ (أخرجه الحاكم)

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу, Наби соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб дедилар: (Исломда) Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ. Кимки зарар берса, Аллоҳ унга ҳам зарар беради. Кимки машаққатга солса, Аллоҳ ҳам уни машаққатга солади”.[8]

Аллоҳ таоло бизларни Ўзининг ҳидоятидан адаштирмасин ва бошимизга тушиб турган бу касалликни кўтарсин ҳамда Ўзи муқаддас китобида айтганидек машаққатдан кейин келадиган енгиллик-яхшилиги билан барчаларимизни сийласин! Ва охиру даъвана анилҳамдулиллаҳи роббил аламийн!

Олимхон Юсупов
Ҳадис илми мактаби ректори
[1] Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким ривояти.
[2]Мулк сураси 14-оят мазмуни. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Шарқ. Тошкент. 2019 йил. Б.201.
[3]Шуаро сураси 78-80-оятлар мазмуни. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Шарқ. Тошкент. 2019 йил. Б. 40-41.
[4] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти. Саҳиҳ ҳадис.
[5] Бақара сураси 216 оят мазмуни. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Шарқ. Тошкент. 2019 йил. Б.206.
[6] Имом Аҳмад ривояти.
[7] Термизий ривояти.
[8] Ҳоким ривояти.  Саҳиҳ ҳадис.
Top