Мақолалар

Келингиз, бир тан-у бир жон бўлайлик!

Бошига иш тушса синалар одам,
Яхшилар бир-бирин қўллагай ҳар дам,
Бирлашсак чекинар, илло, қайғу-ғам,
Келинг, дўстлар, бир тан, бир жон бўлайлик,
Халқимиз дардига дармон бўлайлик!

Бандаларга синов ёки кулфат бу,
Коронавирус деган мудҳиш офат бу,
Гуноҳимиз учун бир каффорат бу,
Дўстларим, бир тан-у бир жон бўлайлик,
Элимиз дардига дармон бўлайлик!

Саховатпешалар дон улашмоқда,
Ким дори-дармон, ким нон улашмоқда,
Руҳга мадад сўз—эҳсон улашмоқда,
Бундай дамда бир тан, бир жон бўлайлик,
Ночорлар дардига дармон бўлайлик!

Ойнинг ярми қаро, ярмиси ёруғ,
Ҳали кунлар келар хайрли, қутлуғ,
Бу Ватан муқаддас, бу Ватан улуғ,
Келинг, Ватанга чин ўғлон бўлайлик,
Халқимиз дардига дармон бўлайлик!

Ҳар яхши-ёмон кун, ўйланг, худодан,
Беморларга шифо сўранг худодан,
Фақат эзгу ният тиланг худодан,
Бир бутун, бир тана, бир жон бўлайлик,
Бир миллат, бир халқ—Ўзбекистон бўлайлик!

 

Бобоқул Усмон
Бухоро вилояти, Шофиркон тумани.

Read 2251 times

Мақолалар

Top