muslimuz

muslimuz

الأربعاء, 25 تشرين1/أكتوير 2023 00:00

Қандай қилиб Аллоҳга яқин бўлиш мумкин?

Агар банда намоз, закот, ҳаж, хайр-эҳсон, одамларни яхшиликка чақириш, ёмонликлардан қайтариш каби ибодатларни қилиш орқали Аллоҳга яқин бўлишга ҳаракат қилса-ю, лекин амаллари билан одамларга мақтанса, ғурурга берилса унинг барча қилган солиҳ амаллари ҳабата бўлади, савоб олиш ўрнига гуноҳга ботади.

Лекин банда ўзининг ожизлигини ва муҳтожлигини тан олиб, одамларнинг олдида ўзини кўрсатиш учун тили билан эмас, балки Аллоҳ таолога синиқ қалб ила юзланиб: “Ё Аллоҳим, мен Сенинг ўз жонига зулм қилган гуноҳкор қулингман. Сенга исён қилиб, гуноҳларга ботган қулингман. Сенга муҳтож қулингман Роббим. Заифман, кучсизман. Сенинг барча хато ва гуноҳларимни эътироф этаман. Менда ҳеч қандай куч ҳам, қувват ҳам йўқ. Менда ҳеч қандай яхшилик йўқ ҳолда фақат Сенинг раҳматинг ва фазлингдан умид қилиб Сенга гуноҳкор қўлларимни очиб дуо қиляпман. Аллоҳим ёлвориб илтижо қиламан дуоларимни қабул эт, менга раҳм қил. Менинг синиқ қалбимга шифо бер”.

Банда фақатгина синиқ қалб ила Аллоҳга яқин бўлиши мумкин. Ҳатто жуда кўп ибодат қилмаса ҳам, нафлларни эмас, фақат фарзларни бажарса ҳам, баъзан гуноҳ ишга қадам қўйса ҳам...

Аммо айтингчи, орамизда гуноҳларининг кўплигидан, солиҳ амалларининг камлигидан кўрқиб, Аллоҳга ожизлигини тан олиб, гуноҳи энг кўп инсон эканини эътироф этиб илтижо қиладиган бандалар қанча?

Жуда, жуда...оз. Айтайлик, агар бир инсон “Сенинг гуноҳинг жуда кўп, гуноҳларга ботгансан” деса биз унинг бу сўзларидан қаттиқ ғазабланамиз. Унга: “Сен ўзинг кимсан?” деб дарҳол аччиқланиб жавоб берамиз. Бу бизнинг гуноҳкор ва ожиз банда эканимизни тан олмаганимизга далилдир.

Бу ҳақда Шайх Абдулқодир Жийлоний бундай деганлар: “Аллоҳга яқин қилувчи турли йўлларга назар солдим. Лекин улар орасида хокисорлик, камтарлик йўлининг бўш эканига гувоҳ бўлдим”. Яъни, инсонларнинг кўпи бу йўлдан юра олмайди.

Даврон НУРМУҲАММАД

الثلاثاء, 24 تشرين1/أكتوير 2023 00:00

Ғафлатда қолиш - 52 қисм

Ғафлат нафснинг жиддий касалликларидан биридир. Бу инсоннинг Аллоҳ таоло уни кузатиб турганидан бехабардек гапириши ва ҳаракат қилишида намоён бўлади.

 Муолажа услуби

Аллоҳ таоло бандаларни кузатиб туришини, уларнинг барча амал ва ишларидан хабардор эканлигини ҳеч қачон унутмаслик керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир” (Бақара сураси, 74-оят).

Инсон Қиёмат куни ҳатто энг кичик, балки арзимас деб биладиган амали учун ҳам жавоб беради. Шунинг учун банда ҳар бир лаҳзада ўзини худди Роббининг олдида тургандек ҳис қилиши керак. Фақат шундай ҳолатдагина ғафлатдан қутилиш мумкин.

Абул Фараж Абдураҳмон ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: Ғафлатдан оғирроқ уйқу йўқ. Шаҳватдан моликроқ қуллик йўқ. Қалб ўлишидан кўра ёмонроқ мусибат йўқ. Қариликдан кўра комилроқ огоҳлантирувчи йўқ.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

الإثنين, 23 تشرين1/أكتوير 2023 00:00

Меҳмон кутганда бажариладиган суннатлар

  1. Меҳмонни ҳурмат қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим бўлсин”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

  1. Меҳмонни очиқ юз ва ширин сўзлар билан кутиб олиш.

Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келганимда: “Марҳабо! Хуш келибсиз! Эй Умму Ҳонеъ”, деб қарши олдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Авзоъий раҳимаҳуллоҳ: “Меҳмоннинг ҳурмати унга очиқ юз билан хизмат қилишдир”, деган.

  1. Меҳмондорчиликка тақводор, дину-диёнатли иинсонларни таклиф қилиш.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат мўмин билан бирга (йўлдош) бўл. Таомингдан фақат тақводоргина тановул қилсин”, дедилар.

  1. Меҳмонларни дастурхон олдида ёлғиз қолдирмай, ёнида гап­лашиб ўтириш, бирга еб-ичиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳо онамизга: “Меҳмонинг билан ўзинг ҳам овқат егин, чунки меҳмон ёлғиз ўзи ейишдан ҳаё қилади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

  1. Таомни аввал ёши улуғлардан бошлаш, кейин ўнг томондагиларга узатиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга сув узатсалар: “Катталардан бошланг”, дер эдилар.

Агар меҳмонлар ёшда баробар бўлсалар, ўнг томондан узатилади.

  1. Меҳмон бир луқма таом еганидан сўнг, ҳадеб “олинг”, “олинг” деб уни ейишга мажбурланмаслик.
  1. Меҳмонни эшик олдигача кузатиб қўйиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меҳмонни эшик олдигача кузатиб бориш суннатдир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

  1. Мезбоннинг ҳақига дуо қилиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмон қилган кишининг ҳақига дуо қилардилар:

“Аллоҳумма барик лаҳум фийма розақтаҳум вағфир лаҳум ва арҳамҳум”

 “Ё Аллоҳ, бу хонадон аҳлининг ризқига барака бер, уларнинг гуноҳларини мағфират қил ва уларга раҳм айла!” (Имом Муслим ривояти).

 “Аллоҳумма атъим ман атъаманий, васқи ман сақоний”

“Ё Аллоҳ, мени таомлантирган кишиларни Сен ҳам таомлантиргин, мени сув билан суғорган кишиларни сен ҳам сероб қилгин!”.

Афтара индакумус соимуна ва акала тоаъмакумул аброр ва соллат алайкумул малоика

“Хонадонингизда рўзадорлар оғиз очсин, таомингизни яхшилар есин ва сизларга фаришталар салавот айтиб, ҳақингизга дуо ва истиғфор айтсин!” (Имом Абу Довуд ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

الإثنين, 23 تشرين1/أكتوير 2023 00:00

Бир ҳадис шарҳи: "Зарар етказа олмайдилар"

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди", дедилар (Тўртовлари ривоят ривоят қилганлар).

"Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди". Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодат, унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

"Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради". Бундан, мен Аллоҳ берган илмни етказаман, холос. Ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади.

"Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди".

Дарҳақиқат, бу улкан башорат, мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол, барча мусулмонлар Аллоҳнинг амрини бирдек тутмаслар. Қайсидир даврда баъзилари ва қайсидир даврда кўпчиликлари Аллоҳнинг амрини тутмаслар. Аммо Ислом уммати ичида Аллоҳнинг амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга, Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмайдилар.

Бу башорат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари эканлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди. У зотдан бошқа одам бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. Бир минг тўрт юз йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларини тасдиқлаб келмоқда.

Араб мушриклари аввал бошдаёқ аҳд ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар мусулмонларнинг мағлубиятидан дарак берар эди. Лекин Аллоҳнинг тадбири ила оз сонли кучсиз мусулмонлар ғолиб, кўп сонли кучли мушриклар мағлуб бўлдилар. Ўша вақтда дунёни сўраб турган Рум ва Форс империялари ёш Ислом давлатини ер юзидан супуриб ташлашнинг пайига тушдилар. Оқибати нима билан тугагани ҳаммага маълум. Мазкур икки кучли салтанат қулаб, улар эгаллаб турган ерлардаги мазлум инсонлар Ислом адолатидан баҳраманд бўлдилар. Ундан кейин ҳам турли кучлар, тузумлар Исломга ва мусумонларга зарар етказишга уриниб кўрдилар. Бу урушларнинг кўпчилигида инсон ўлчови бўйича, Ислом душманлари ўз мақсадларига эришишлари аниқ эди. Кучлар тенг эмас, шароитлар бошқача эди. Ҳар сафар, энди Исломга қарши ҳал қилувчи зарба берилди, деб гумон қилинар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларидан бехабар мусулмонлар ҳам ноумид бўлар эдилар. Лекин ҳар сафар душманларнинг Ислом умматига қарши қилган ҳаракатлари чиппакка чиқаверди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари тасдиқ топаверди.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

1. Исломни яхши англаб, фақиҳ бўлишга тарғиб.

2. Исломда фақиҳ бўлиш – Аллоҳнинг яхшилиги эканлиги.

3. Ислом уммати қиёматгача Аллоҳнинг амрида қоим бўлиши.

4. Ислом умматига ҳеч ким зарар етказа олмаслиги.

Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадиси шариф ҳикматига жуда муҳтожмиз.

Нима учун ичимизда динимиз ҳукмларини дақиқ тушунувчи кишиларимиз йўқ даражада?

Нима учун орамизда Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилган одамлар йўқ даражада?

Ёки биз учун Аллоҳ яхшиликни ирода қилишининг кераги йўқми?

Ёки Ислом аҳкомларини дақиқ ва аниқ тушунишнинг зарурати йўқми?

Бу чидаб бўлмайдиган даражадаги ачинарли ҳолдир. Агар биз ўзимизни мусулмон ҳисобласак, Аллоҳдан, қиёмат кунидан умидвор бўлсак, Исломни яхши тушунишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган кишилардан бўлишга уринмоғимиз лозим.

"Ҳадис ва ҳаёт" китоби асосида тайёрланди.

الإثنين, 23 تشرين1/أكتوير 2023 00:00

Отангни Аллоҳ ҳимоя қилади

Қурайшнинг Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга ва саҳобаларига бўлган адовати кучайиб кетди. У Зотнинг ўзлари Қурайш тарафидан турли азиятлар кўрдилар. Ана шулардан бири Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайаҳи васаллам «Ҳижри Исмоил»да Каъба қўйнида намоз ўқиётган эдилар, бирдан Уқба ибн Абу Муайт келиб, тўнини у Зотнинг бўйнига солиб қаттиқ бўға бошлади. Шунда Абу Бакр келиб унинг елкасидан ушлаб, Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломдан ажратиб олдилар ва: «Бир кишини Роббим − Аллоҳ, дегани учун ўлдириб юборасизларми?» дедилар». Яна бошқа ривоятда Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саждада эдилар. Қурайшликлар эса бу ҳолатни атрофда кузатиб ўтиришган эди. Шу пайт Уқба ибн Абу Муайт сўйилган туянинг қорнини олиб келиб, Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг устларига ташлади. У Зот бошларини кўтара олмадилар. Дарҳол қизлари Фотима розияллоҳу анҳо келиб, у нарсани оталарининг устидан олдилар ва бу ишни қилган кимсага дуоибад қилдилар». Бундан ташқари, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни йўлларда ёки бирор мажлисда кўриб қолишса, бир-бирларига кўз қисишар, кинояли сўзлар отишар, мазах қилишар эди. Табарий ва Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом Макка кўчаларидан бирида кетаётган эдилар, мушриклардан бири бир ҳовуч тупроқни олиб, у Зотнинг бошларига сочди. У Зот уйларига бошлари тупроққа беланган ҳолда қайтдилар. Қизларидан бири дарҳол туриб, йиғлаб-йиғлаб оталарининг тупроққа беланган бошларини ювди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй қизалоғим, йиғламагин! Зеро, Аллоҳ отангни ҳимоя қилгувчидир», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига келсак, улар ҳам Қурайш тарафидан турли-туман азобларни тотдилар. Ҳатто улардан азоб остида ҳалок бўлганлари ҳам, кўзи ожиз бўлиб қолганлари ҳам бўлди. Лекин бу азобу уқубатлар уларни Аллоҳнинг динидан тирноқчалик ҳам ортга қайтара олмади. У буюк зотлар кўрган ситамлардан намуна, мисоллар келтирсак баҳсимиз доираси жуда ҳам кенгайиб кетади. Лекин биз бу ерда Имом Бухорий Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисни келтирмоқчимиз. У киши айтдилар: «Каъба соясида тўнларини ёстиқ қилиб ёнбошлаган Расулуллоҳнинг олдиларига келдим. Мушриклар тарафидан шафқатсизликлар кўраётган пайтимиз эди. «Биз учун Аллоҳ таолога дуо қилмайсизми, эй Расулуллоҳ», дедим. Шунда дарҳол юзлари қизарган ҳолда ўринларидан туриб, ўтирдилар ва: «Сизлардан илгари ўтганларнинг гўшт, мускуллари темир тароқлар билан таралган-тирналган, лекин бундай қийноқлар уларни ўз динларидан заррача ҳам буриб юборолмаган. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло бу ишни, албатта, комил қилур. Ўшанда бир отлиқ Санъодан Ҳазрамавтгача (шаҳар номи) Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмай бора олади».

Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ва у Зотнинг саҳобалари мушриклар томонидан йўлиққан азобу уқубатлар қиссасини ўқиган кишининг хаёлида дастлаб ушбу савол туғилиши мумкин: Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ўз саҳобалари билан ҳақиқат устида бўлган ҳолларида нега бунчалар азоб тортганлар? Нима учун Аллоҳ уларни ҳимоя қилмади?

Жавоб: Бу дунёда инсоний сифатларнинг биринчиси: мукаллафлиги-масъуллигидир. Яъни инсон Парвардигори томонидан барча қийинчиликларни кўтаришга бурчлидир. Бу масъулият − таклиф Аллоҳ таолога бандалик қилишнинг зарурий вожибларидандир. Мукаллафлигимизни, Аллоҳ таолога қуллигимизни идрок этмасак, келтирган иймонимиздан не маъно?!

Демак, бандалик мукаллафликни, мукаллафлик эса машаққатларни кўтаришни, ҳавойи нафсга қарши курашишни тақозо қилар экан. Ислом йўлидаги инсонлар йўлиқадиган қийинчиликлар тарих тонгидан буён давом этиб келаётган Илоҳий қонун экан.

«Алиф, Лом, Мим. Одамлар: "Иймон келтирдик", дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта, Аллоҳ ("Иймон келтирдик", деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни Ҳам аниқ билур» (Анкабут сураси, 1,3-оят).

"(Эй мўминлар) ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким (Ҳақ Йўлда) курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!" (Оли Имрон сураси, 142-оят).

Шунинг учун киши Роббининг буйруғини амалга ошириш йўлида бошига қийинчилик, машаққат тушганда ноумидликка тушмаслиги, балки аксинча, бундан ғалабага, муваффақиятга жуда оз қолгани хушхабарини олиши лозим бўлади. Бунинг далилини қуйидаги оятдан ҳам топишингиз мумкин. "(Эй мўминлар) сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли — ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: "Ахир, қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?" дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди:) «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир»" (Бақара сураси, 214-оят).

Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу мушриклар берган азиятлардан баданлари қақшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо қилишларини сўраб келгани ҳақидаги ривоятдан ҳам далил олишингиз мумкин. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хаббобга шу маънода жавоб қилган эдилар: «Агар Аллоҳ таолонинг йўлида ҳам азоб-уқубат тортиладими, деб ажабланаётган бўлсанг, билгинки, Аллоҳ таолога иймон келтирган барча бандалар устидаги У Зотнинг қонуни шудир. Ўшандай бандаларидан кўпининг баданлари темир тароқлар билан тирналиб, титиб ташланган. Лекин бундай ишлар уларни Аллоҳнинг динидан қайтара олмаган. Агар сен азоблар, қийноқлар ғалабадан узоқлаштирувчи, ноумид қилувчи нарсалардир, деб ўйласанг, хато қиласан. Балки алам, ситамлар йўлида давом этаётганинг ғалабага яқинлашаётганингдан дарак беради. Яқинда Аллоҳ таоло бу динни ғолиб қилади. Ўшанда киши Санъодан Ҳазрамавтгача Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қўрқмасдан, бемалол сайр қилиши мумкин».

Top