muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 18 آب/أغسطس 2021 00:00

Хаворижлар – жаҳолат қурбонлари

Жаҳолат, илмсизлик Исломга нисбатан энг катта душмандир. Хаворижларнинг тўғри йўлдан адашиб кетишларига айнан ҳис-туйғуни биринчи ўринга қўйишлари ва динга нисбатан ортиқ даражадаги куйинчакликлари сабаб бўлган эди.
Хаворижларни мультфилмлардаги бир кўзли махлуқ деб билмаслигимиз керак. Улар кечалари қоим, кундузлари соим, юзларидан нур ёғилиб турадиган, тиллари мудом Аллоҳни зикр қилиб турадиган тақводор инсонлар эдилар. Амалда шу қадар ғайрат ва шижоат кўрсатардиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларида бундай амал йўқ эди. Динга ўта ғайратли, шижоатли, ўта тақводор, ўта ростгўй инсонлар эдилар. Аммо, мезон бузуқлиги туфайли ҳис-туйғулар қурбони бўлдилар. Илм саёзлиги туфайли йўлдан адашдилар. Қуръони карим оятларини ўзларича талқин қилиш натижасида ғулувга кетдилар.
 
Бир куни бир киши Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)га хаворижларнинг ниҳоятда кўп амал қилишлари ва ибодатда жуда ҳам кўп жидду жаҳд кўрсатишларини ажабланиб гапириб берди. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос нима дедилар, деб ўйлайсиз?.. «Насоролар улардан ҳам кучлироқ ижтиҳод қиладилар» дедилар. Шу тариқа қисқа ва лўнда сўз билан залолат моҳиятини кўрсатиб, амалнинг зўрлиги кишининг ҳақ йўлда эканлигини англатмаслигини ифода қилган эдилар.
Ҳақиқатан, насоролар амал қилишда меъёрдан ўтиб, роҳибликни ўзларига мажбурият қилиб олган бўлсаларда тўғри йўлда бўлиб қолмадилар. Чунки, васатийликдан оғишган эдилар. Худди шунга ўхшаб, васатийликдан чиққан ҳар нарса татарруфга айланади. Йўлнинг ё у чети, ё бу четига чиқиб қолади. Бу эса айни залолатдир.
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан истеҳзо ва ҳақорат асли мусулмон бўлмаган кишидан содир бўлса, у ўлдирилмайди. Имом Таҳовийга кўра, кофир кимса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ҳурматсизлик қилса, у қатл қилинмайди. У киши бу сўзларига далил сифатида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб «ассому алайка» яъни «сенга ўлим бўлсин!», дея салом лафзини ўзгартириб талаффуз қилувчи яҳудийларга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жазо қўлламаганларини келтирадилар.
 
Чунки, кофиру мушрикларнинг ширку куфрлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат қилишдан баттарроқ бўлган ишдир.
Аммо, мусулмонлар юртида яшаётган ўзга дин вакили Ислом пайғамбарини масхараласа ёки ҳақорат қилса, султон унинг ҳуқуқларини бекор қилиши ва қатлдан бошқа жазо билан жазолаши мумкин. Нима бўлганда ҳам бу раҳбарнинг иши. Бошқаларнинг зиммасидаги иш эмас. Давлат бошлиғи жорий ҳолатдаги фойда ва зарардан келиб чиқиб иш кўради.
 
Ҳукмдор қилиши, давлат амалга ошириши керак бўлган нарсаларни ўзбошимчалик билан ижро этиш мутлақо жоиз эмас. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида чизилган карикатурани ўқувчиларга кўрсатган ўқитувчи шу ишни фаразан, Ислом мамлакатида содир қилганда ҳам унинг тегишли жазосини авом кишиси эмас балки, давлат раҳбари ўз зиммасига олиши керак бўларди динимизга кўра. Чунки, бу ҳад жазоси каби иш бўлиб, фақат ва фақат ҳукмдор амалга ошира олади. Ҳамма ўзича жиноятчиларни жазолаб юрса, анархия, фасод юзага келади. Бу шаръан жоиз эмас.
 
Энди тасаввур қилинг. Франция ислом давлатими?! Французлар у ерда озчилик бўлган аҳли зимма вакилларими?! Францияда ҳад жазолари амалдами?! Ўша ўқитувчини маҳкама ўлимга ҳукм қилдими?! Ундай эмас-ку ахир. Аксинча, мусулмонлар у ерда озчиликни ташкил этади. Битта хато у ердаги мусулмонларга катта зарар етказиши ва Исломни хунук кўрсатиб қўйиши ҳеч гап эмас.
 
Шунинг учун ҳам мусулмонлар айниқса, ўзга дин ва ўзга маданиятга мансуб инсонлар юртида яшаётган мусулмонлар Исломдан бегона бир маданият вакиллари ҳузурида ўз динлари Исломни тамсил этаётганларини унутмасликлари керак. Зеро, уларга қараб, уларнинг юриш-туришлари ва хатти-ҳаракатларига қараб исломимизга баҳо беришади. Динни қоп-қора қилиб кўрсатиб қўйиб, уламолар сўзидан энг кескин ва муросасизлари бўйича иш кўриб, ўзбошимчалик билан жоиз бўлмаган ишларни қилиб сўнгра «менга қараб Исломга баҳо берма. Мен мукаммал эмасман. Ислом эса мукаммал» деганга ўхшаш «ақлли» ва баландпарвоз гапларни гапиришнинг фойдаси йўқ.
 
Биз Исломга зарар етказиб қўймаслик нақадар муҳимлигини ҳис этмагунмизгача, бунинг катта бир масъулият эканлигини англаб етмагунимизгача анча қоқиламиз. Динимизга етказилган маънавий зарар кўлами ҳар қандай моддий зарардан ошиб тушади.
 
29 октябр куни Франциянинг Ницца шаҳрида рўй берган қотиллик ҳам афсус, ҳиссий ҳаракат қилиш ҳамда жаҳолат оқибатида юз берди. Қотил тунислик 21 ёшлик одам эканлиги маълум қилинмоқда.
 
Мана шу ишлар фонида Францияда борган сари «ислом терроризми» деган ҳайқириқ юксалиб бормоқда. Тинчлик ва олийжаноблик дини бўлган исломнинг террор деган совуқ атама билан ёнма-ён зикр қилиниши қанчалар аянчли. Бу динимизга етказилган катта маънавий зарар. Бунинг савол-жавоби оғир бўлади. «Бу ишларга Франция ҳукуматининг нўноқ сиёсати сабабчи»,» уларнинг ўзи айбдор», «нега динимизни карикатура қилишни таъқиқлаб қўймайди?»,» энди баттар бўлсин!», деган сўзлар билан ўзимизни тинчлантиролмаймиз. Чунки, динимиз Ислом ва мусулмонлар обрўси, ирзи бу нарсалардан устун туради. Ҳаққимиз йўқ, ўзбошимчалик билан, шариатга бўйсунмаган ҳолда ножўя хатти-ҳаракатлар ортидан Исломга зарар етказишга.
 
Уммат олимларга бўйсунмаса, уларга эргашмаса, ўзича интернет сайтларидан топилган маълумотлар бўйича иш кўрса, зарарга кириб бораверади. 14 аср муқаддам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 23 йиллик пайғамбарлик ҳаётлари давомида турли вақтларда, турли шароитларда содир бўлган ишлардан мустақил равишда ҳукм ола биладиган, бир-бирига зоҳиран зид келиб қолган воқеа ва тутумларга тўғри баҳо бериб, улардан керакли хулосалар чиқара оладиган одамлар эмасмиз. Бунинг учун чуқур билим, тафаккур ва уламоларнинг сўзларини ўрганиб чиқишга муҳтожмиз. Акс ҳолда, бундай кўргуликларнинг кети узилмайди.
 
Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Маҳалламизга ўрнатилган кўприк қурилишида айнан ҳазратнинг саъй-ҳаракати ётибди!

Бир куни ўғлим:

– Ая, эшонбувага айтсангиз, маҳалламизга кўприк қуришга ёрдам берсалар?!, деди.

Олдиларига бордим. Эшик олдида Туркиядан келган вакиллар, ректорлар ва Қозоғистондан келган одамлар турган экан.

Ҳазратнинг қабулига киришдан умидимни узиб қайтаётсам, ёрдамчилари:
– Журналист опа кирсин деяптилар!, дея ортимдан чақирди.

Ҳайрон қолдим. Менинг келганимни қаердан билдилар?

Кейин билсам камерадан кўрган эканлар.

Ичкарига минг хижолат билан кирдим. Саломлашгач:

– Эшонбува, қабулингизда шунча одам бор экан, мен кейин ҳам келаверар эдим!, дедим,
– Улар эркак киши, биринчи аёлнинг дарди эшитилади!, дедилар ва нима гаплигини сўрадилар.

Мен кўприк масаласини айтдим.

– Ҳм, кўприк қурилиши жуда қиммат, аммо бир иложи чиқиб қолар?, дедилар.

Шундан сўнг тез орада маҳалламизда кўприк қурилди.

Кеча ўғлим:

– Ая, мана шу кўприк қуришида эшонбуванинг хизмати катта, аммо буни кўпчилик билмайди, у киши савобни ҳеч кимга билдирмай қиларканлар, мана ҳозир қанчасини айтяпсиз, билмаганимиз қанча?!, деди.

Аллоҳ таоло раҳматига олиб, ҳазратнинг яхши амалларига ажрни кўпайтириб, жойлари Фирдавс жаннатларидан бўлсин. Омийн!

Дилдора Ҳасанова

الأربعاء, 18 آب/أغسطس 2021 00:00

Эҳсон қилиш фазилати

Аллоҳ таоло инсонларини доимо хайру эҳсон қилишга буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад), сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса, ”Нима эҳсон қилсангиз ҳам ота-онага, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг, қандай яхшилик қилсангиз ҳам Аллоҳ уни албатта билади”, денг (Бақара сураси, 215-оят).

“Эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш маъноларини англатиб, бировга бирор неъматни бериш ва фазлу-карам кўрсатиш тушунилади. Эҳсоннинг бир неча турлари бор: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошига келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон.

Мўътабар китобларда ёзилишича, хайру саховат инсонлар ўртасида меҳр ва мурувват,оқибат ришталарини боғлашга,ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларининг ортишига хизмат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада барчамизга ибрат бўлиб, эҳсон қилаётган нарсаларига келажакда ўзлари муҳтож бўлиб қолишларини ўйламас эдилар. Садақа сўраб келганларнинг бирортасини ҳам қуруқ қайтармаганлар.

Дарҳақиқат бирор кишига бир нарса эҳсон қилсангиз бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, бошқаларга фойдангиз текканлигидан хурсанд бўласиз.

Эҳсон олган киши ҳам эътибордан четда эмаслигидан,кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга душманлиги, адовати бўлса унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчилик барҳам топади, осайишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб туради, эҳсонни ўзингизга бир неча баробар қилиб қайтаради.

Инсон табиатан мол-дунёни севишга,уни кўпайтиришга мойил. Ҳатто анчагина маблағга эга бўлган кишилар ҳам баъзан эҳсон – садақа қилишга журъат қилмайдилар, уларнинг наздида гўё йиққан моллари камайиб қолаётгандек бўлади.

Ваҳоланки, Ислом дини инсонларни ана шундай хасислик иллатидан қутулишга чақиради. Қуръони каримда: “Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлай олса, бас, айнан ўшалар иқболлидирлар” дейилади. (“Тағобун” сураси, 16-оят).

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг дунё ва охиратларимизни обод қилиб, ўзаро бирдамликда ҳаёт кечириб, саховат пеша юртдошларимизнинг қилаётган яширин ва ошкора эҳсонларини Аллоҳ таола бенуқсон илоҳий даргоҳида қабул қилсин.

Фарҳод ТЎРАЕВ,

“Хожа Аҳмад Яссавий” масжиди имом-хатиби

الأربعاء, 18 آب/أغسطس 2021 00:00

Суратию сийрати гўзал инсон эдилар

Халқимиз бошига оғир синов тушди, мўмин-мусулмонларимиз катта мусибатга рўбарў келишди. Умрини Ислом дини хизматига атаган, халқимизни маърифатли қилиш йўлида тинмай меҳнат қилган таниқли уламо, Шайх Усмонхон Алимов ҳазратлари Аллоҳ таолога омонатини топширдилар.

Муфассир, буюк қалб эгаси, забардаст олимнинг юртимиздан етишиб чиқиб, шу элга хизмат қилгани, аслида, Аллоҳ таолонинг марҳамати ва раҳматидир. Қуръони каримда: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).

Бу ояти карима бандалар орасида олимларнинг фазлини, мартабасини белгилаб берибгина қолмай, уларнинг сўзлари аҳамиятини, гапларининг теран ва пурмаъно эканлигини ҳам ифодалайди.

Мен марҳум устозимиз, фазилатли Шайх Усмонхон Алимов ҳазратларининг сийратию суратида мазкур оятнинг инъикосини кўп кўрганман. Ҳануз эсимда, 2006 йил марҳум аллома Ўзбекистон мусулмонлари идорасига раис бўлиб сайланганида, дастлаб халқимизни маърифатли қилиш, кўпроқ илм билан шуғулланиб, элга зиё таратиш зарурлигини таъкидлаган эдилар.

У кишининг бу гаплари сўзлигича қолиб кетмади. Ўзлари бу борада намуна бўлиб, дастлаб “Сўраган эдингиз...” номли рисолаларни таълиф этдилар. Табиийки, савол-жавоб тарзидаги бу рисолалар халқимизга жуда манзур бўлди. Ҳазратнинг “Сўраган эдингиз...” рисолаларидан савол-жавобларни кўплаб газеталар кўчириб босди.

Шайх ҳазратнинг “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари” номли китобида келтирилган ҳадисларни ўқисангиз, худди бугун сизу бизга айтилгандек таассурот уйғотади кишида. Айниқса, бугун тобора тақчил бўлиб бораётган одоб-ахлоқ, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби миллий қадриятларимиз, маънавиятимиз, маърифатимизни шу китобдан ўқиб ўрганамиз.

Ҳадиси шарифда Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деганлар (Имом Ау Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Мана шу ҳадисни ўқисам, марҳум устозимиз қаламига мансуб “Тафсири ирфон”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар – келажагимиз”, “IX–XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Суннат ва ҳадис”, “Илмнинг фазилати”, “Эҳсоннинг фазилати” каби асарлари кўз олдимда гавдаланади.

Ҳадисда айтилганидек, Усмонхон Алимов пайғамбарлардан улуғ насибани олиш баробарида уларни халққа, юртимиз мўмин-мусулмонларига етказдилар ҳам.

Имом Раббоний ҳазратлари мазкур ҳадисни шарҳлаб: “Набийлардан мерос қолган ҳукм ва сирларга кўра илм икки турли бўлади. Ҳукмларга доир ва сирларга доир… Пайғамбарларга ворис бўлган киши ҳар иккаласидан ҳам улуш олган бўлиши лозим”, деганлар.

Усмонхон Алимов ҳазратлари ана шу икки жиҳатни ҳам ўзида мужассамлаштирган эдилар. Аввало, у киши саййидлар, яъни Пайғамбаримиз авлодидан эдилар. Қолаверса, марҳум устозимиз катта олим ва обид, тақводор зот эдилар.

Ҳазрат фақат мамлакатимизда ёки Марказий Осиё давлатларида эмас, балки бутун Ислом оламида таниқли бўлганлар. Сўз – исботи билан, деганларидек, Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалладилар. У киши ўтган 11 йилдан буён ушбу рўйхатдан мустаҳкам жой олганлар.

Яна бир муҳим жиҳат. Муфтий ҳазрат юртимизнинг қайси ҳудудига борсалар, масжидларда намозхонлар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашиб, уларга юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг гўзал натижалари ҳақида хушхабар берар эдилар. Мисол учун, Андижон вилоятидан бошланган ташрифлар давомида Шайх ҳазрат намозхонларга хушхабарлар бериб, уларга тез орада юртимизда диний соҳада катта ўзгаришлар бўлишини таъкидлаган эдилар.

Орадан унча кўп вақт ўтмай, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида қўшимча Қуръон ўргатиш курслари фаолият бошлаганидан хабаримиз бор. Бу хайрли ишлар ҳозир ҳам давом этяпти, алҳамдулиллаҳ.

Тошкент вилоятига ташрифлари асносида пойтахт билан водий вилоятларини боғловчи йўллар бўйида янги масжидлар қурилишини, ичкарироқда жойлашган жомелар кўчалар юзларига чиқарилиши айтган эдилар. Ҳозир бу ишлар изчил давом эттириляпти.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг гўзал бир сўзи бор: “Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўлларини топиб оладилар. Агар кўздан ғойиб бўлишса, атрофни зулмат қоплаб, оломон қаёққа юришни билмай ҳайрон қолади. Олимнинг ўлими билан Исломда бўшлиқ пайдо бўлади. Вақт ўтса-да, бу бўшлиқни бирор нарса тўлдира олмайди”.

Афсуски, марҳум устозимиз Усмонхон Алимов ҳазратлари ўзларининг гўзал хулқлари, ажойиб фазилатлари, юксак инсоний хислатлари, устозларча ғамхўрликлари билан орамизда асло тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқни қолдириб кетдилар. У зот ортидан илмий мерослар – китобларни, қори фарзандларни қолдирдилар. Иншоаллоҳ, қиёматгача у кишининг амал дафтарлари беркилмай, савоблар тўхтовсиз ёзилиб турилади.

Аллоҳ таоло марҳум устозимиз, Шайх Усмонхон Алимов ҳазратларининг маконларини Фирдавс жаннатларидан қилсин, охиратларини обод айласин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

 

 

Top