muslim.uz

muslim.uz

 

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси Ҳаж ва умра масалалари бўйича Атташеси томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этилган расмий маълумотга кўра, жорий йилнинг 13 июнь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ҳаж ва умра вазирликлари томонидан Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилган.

Унда “Ҳаж-2021” мавсумини ташкил этиш масалалари ҳақида тўлиқ ахборот берилган. Жумладан, жаҳонда кузатилаётган мураккаб эпидемиологик вазият ҳамда ҳожиларнинг соғлиғини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида “Чет эл фуқаролари учун Ҳаж зиёратини чеклаш, маҳаллий аҳоли ва мамлакатда доимий яшовчи резидентлар учун Ҳаж тадбирини ўтказиш тўғрисида” ҳукумат Қарори қабул қилингани эълон қилинган.

Шунингдек, расмий хатда ҳожиларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида, жорий йилги ҳаж тадбири – Саудия Арабистони Подшоҳлиги аҳолиси ва ушбу мамлакатда муқим яшаб келаётган 18 дан 65 ёшгача бўлган, энг асосийси, “COVID-19”га қарши эмланган фуқаролар (резидентлар) учун ташкил этилиши кўрсатиб ўтилган.

Ўз навбатида, бу йилги Ҳаж ибодатини бажарадиган маҳаллий зиёратчиларнинг чекланган миқдордаги умумий сони 60 минг нафар этиб белгилангани, хорижий мамлакатлардан зиёратчилар қабул қилинмаслиги ҳам қайд этилган.

Саудия ҳукуматининг ушбу қарори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Саудия уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ислом мамлакатларидаги кўплаб фатво ҳайъатлари ва бошқа илмий марказлар томонидан маъқулланган.

Маълумот учун, ҳозирги вақтда Саудия Арабистони Подшоҳлигида мураккаб эпидемиологик вазият сақланиб қолмоқда. Ҳар куни ўртача 1 000 дан ортиқ вирус билан касалланиш, 15-20 та ўлим ҳолати кузатилмоқда.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистони ҳукуматининг ҳожилар манфаатлари, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишни таъминлаш нуқтаи-назаридан қабул қилган ушбу қарорини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, кези келганда, Жамоатчилик кенгаши ҳаж сафарига боришни режалаштирган фуқароларимизнинг навбатлари кейинги мавсум учун сақланиб қолишини эслатиб ўтади.

 

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

Бугун, 14 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Aлимов ҳазратлари Наманган шаҳридаги "Абу Юсуф" жоме масжидига ташриф буюрадилар.

Ташриф доирасида ҳуфтон намозини мазкур жомеда адо этиш, намоздан кейин суҳбат қилиш кўзда тутилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Фарғона вилоятига сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Фурқат туманидаги “Ал-Мадинатул мунаввара” масжидида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов “Чилигижийда” масжидида жамоат билан намозларни адо этиб, улар билан маърифий суҳбат қуришди.

Мулоқотлар асносида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, келгусидаги режалар ҳақида маълумот бердилар. Унда мўмин-мусулмонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Эл юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва деҳкончиликка барака тилаб дуои хайрлар қилинди.

Шунингдек, Салоҳиддин домла Шарипов ва Иброҳимжон домла Иномов Фурқат тумани “Томоша” маҳалласида истиқомат қилувчи бемор Н.Расулова ҳолидан хабар олишиб, “Вақф” фондининг беш миллион сўм пул, озиқ-овқат жамланмаси ва диний-маърифий китобларни беришди. Ҳақ таолодан беморларга шифо, мурувватли ҳомийларга ажру мукофот сўраб дуолар қилинди!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Қуръони каримда марҳамат қилинади:  “(Эй имон келтирганлар! Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: «Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!» (Эй Муҳаммад!) Мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (тавҳид) оғирлик қилди. Аллоҳ унга (динга) Ўзи хоҳлаган кишиларни танлар ва Унга инобат қиладиган кишиларни ҳидоят сари йўллар” (Шўро сураси, 13).

Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил эътиқодли кишиларнинг бир заминда олижаноб ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.

Яна бир ояти каримда марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир” (Моида 8).

Ғайри динлар мусулмонлар тилида “Аҳли зимма” деб номланади, яъни самовий дин эгаларининг барчаси мусулмонларнинг зиммасида дегани. Мусулмонлар бу аҳли зиммани омонлиги, тинчлиги, моли, жонини ўз зиммаларига олган. Уларни ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий таъминот билан таъминлаш мусулмонларнинг бўйнига бўлган. Шунинг учун уларни “Аҳли зимма” деб аталган. Улар ўз динларининг кўрсатмаларига биноан бемалол яшайверади. Фақат ўзларининг динларини мусулмонларга тарғиб қилмасликлари керак.

Ҳозирги глобаллашув жараёнда диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири. 1995 йил 16 ноябрда БМТнинг фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕСКО томонидан Бағрикенглик принциплари декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир.

Бош қомусимизда мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек, эътиқод эркинлигини мустаҳкамлайди.

Конституциясимизнинг 18-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”, дея қайд этилган.

Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшайди. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб, ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда.

Шунингдек, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. 

Юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг ўз она тилида ўқиши учун кенг имкониятлар яратилгани, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва мактабларда барча миллат вакиллари учун тенг шарт-шароитлар яратилгани, кўплаб тилларда газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар олиб борилаётгани бу борадаги фаолиятнинг яққол далилидир.

Мустақиллик йилларида республикамизда юзлаб масжид, черков, синагога ва ибодат уйлари қурилди, борлари қайта таъмирланди.

Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган.
 Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб белгиланган. 

Ушбу моддани амалга ошириш механизми 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида кенг ёритиб берилган. Унинг 3-моддасига кўра: «Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир».

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга, бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка тартибда, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”, деб белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

Муҳаммад Ғоибов,

Сайхунобод тумани “Мулла Негмурод”

Жоме масжид  имом-хатиби

Бугун, 14 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган шаҳрида жойлашган “Мирёқуббой-Мирҳакимбой” жоме масжидининг янги биноси пойдеворига тамал тоши қўйиб бердилар.

Муфтий ҳазратлари ушбу жоме масжидга ташрифлари чоғида мутахассислар билан учрашиб қурилаётган бинони мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам қилиш, хонақоҳларни кенг ва ёруғ бўлиши юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, олиб борилаётган қурилиш ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб бориш, атрофларини обод ва кўркам этишга алоҳида урғу қаратиш борасидаги муҳим тавсиялар берилди.

Тамал тоши қўйилган ушбу жоме масжиди барпо этилишига жуда катта ҳисса қўшаётган масжид имомлари, мутаваллилари, фаоллари ҳамда қурувчи-муҳандислар, саховатпеша мурувватли инсонларнинг ҳаққиларига ва уларнинг ўтган марҳумларининг руҳи покига Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб дуои хайрлар қилдилар.

Ишонаманки диёримизда қурилаётган масжидлар тинчлик-осойишталигимиз, халқимиз фаровонлигига, юртимизнинг равнақига гаров кафолат бўлади. Диний-маърифий ишларнинг кўркига кўрк қўшади. Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top