muslim.uz

muslim.uz

Малайзия Миллий университети қошидаги Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори муовини, профессор Ал Адиб Самури "Дунё" ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон раҳбариятининг бой маданий, тарихий ва маънавий меросини, ўзбек халқининг миллий ва диний қадриятларини, Ислом динининг ҳақиқий гуманистик аҳамиятини очиб бериш борасидаги саъй-ҳаракатларига ўз баҳолари билан ўртоқлашди:

– Ўзбекистон ўзининг бой маданий-маънавий мероси, қадимий меъморий обидалари ва бетакрор анъаналари билан нафақат илмий, академик ва ижодий доиралар, балки жуда кенг жамоатчилик эътиборини тортишда давом этмоқда.

Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияси маданият ва дин ривожига, инсониятнинг умумий маданий меросини авайлаб-асрашга қандай марказий ўрин тутишини қизиқиш билан кузатамиз.

Зеро, аввалги замонлардаги энг яхши ютуқларни ўзлаштирган Ўзбекистон маданияти жаҳон цивилизациясининг кейинги тараққиётига, бутун дунёда толерантлик тамойилларининг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида ЮНЕСКОнинг бешта жаҳон маданий мерос объектлари, жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби Шарқ эртакларидаги қадимий шаҳарлар мавжуд.

Ўзбекистоннинг анъанавий ҳунармандчилик, ижрочилик санъати, урф-одат ва маросимларини ўзида мужассам этган саккиз унсур инсониятнинг номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг ислом цивилизациясининг бой меросини ҳар томонлама ўрганиш ва асраб-авайлаш, бағрикенглик маданиятини ривожлантириш ва ислом динининг чинакам гуманистик моҳиятини оммалаштириш масалаларига ҳар томонлама ва тизимли ёндашишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ўзбекистон ва Ўрта Осиёда яшаб ижод этган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ва бошқа бир қатор машҳур олим ва мутафаккирларнинг мақбаралари диққатга сазовор асосий нуқталардир ва зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

Афсуски, ҳозирги коронавирус пандемияси ва унга боғлиқ чекловлар эркин саёҳат қилишимизга имкон бермайди.
Лекин бу бизнинг ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан илмий ва илмий ҳамкорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилмайди.

Демак, бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яратилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази билан фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Шу билан бир қаторда яқин келажакда ўрганадиган дастлабки меваларни бошқа йирик илмий муассасалар билан алоқалар йўлга қўйилмоқда.

Мен ҳам яқин келажакда мамлакатларимиз пандемия оқибатларини бартараф этишига чин дилдан умид қиламан ва Ўзбекистонга ташриф буюриб, умумий маданий меросимиз билан алоқага чиқиш имконига эга бўламан.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Маълумки, Ислом оламининг аҳли сунна тоифаси ичида тўртта фиқҳий мазҳаб бўлиб, улар Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Агар ислом тарихига назар ташланса, бу мазҳабларнинг келиб чиқишидан олдин ҳам турли мазҳаб ва йўналишлар бўлган. Лекин у мазҳаблар муайян шахс номи билан эмас, балки шаҳар ва минтақа аҳолиси номи билан аталган. Масалан, Мадиналиклар мазҳаби, Маккаликлар мазҳаби ва ҳоказо. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг машҳур “Муватто” (оммабоп) китобларини ёзилиш тарихини зикр қилганларида шундай деган эдилар: Халифа Абу Жаъфар ал-Мансур билан ҳажда учрашиб қолдик, шунда у менга: “Мен билан сиздан бошқа олим қолмади, мен сиёсат билан машғулман. Сиз одамларга суннат ва фиқҳни баён қилувчи бир китоб ёзинг. Фақатгина, унда Ибн Аббоснинг баъзи масалалардаги рухсатларини, Ибн Умарнинг баъзи масалалардаги қаттиққўллигини ва Ибн Масъуднинг баъзи масалалардаги нодир сўзларини китобга киргизишдан сақланинг, уни оммабоп қилиб ёзинг” – деди. Китоб таълиф қилиниб, Абу Жаъфар ал-Мансурга тақдим қилинганда, у Имом Моликка: “Мен бу китобингизни Каъбага осиб қўймоқчиман, уни бутун Ислом оламига тарқатиб, ихтилофларга чек қўйиш учун одамларни ёлғиз шу китобга амал қилишларига мажбур қилмоқчиман” – деди. Шунда Имом Молик: “Йўқ, ундай қилманг, чунки саҳобалар ер юзи бўйлаб тарқалиб кетганлар. Улар мен китобга киритган Ҳижоз аҳолисининг ҳадисларидан бошқа ҳадисларни ҳам ривоят қилишган. Одамлар ўша ҳадисларни ҳам олганлар. Сиз уларни ўз ҳолларига қўйинг” – дедилар.

Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил бўлиб келмоқда. Кейинчалик забардаст уламолар томонидан саҳобий ва тобеинларнинг фатволари жамланиб, уларни таҳлил қилиш орқали янги мазҳаблар вужудга келди ва бу мазҳаблар мазҳаб соҳибининг номи билан атала бошлади. Хусусан, Кўфада Ҳанафий, Мадинада Моликий, Мисрда Шофеъий ва Боғдодда Ҳанбалий мазҳаблари пайдо бўлди. Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб эгалари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлишган. Масалан, Абу Ҳанифа Имом Молик билан кўришган, Имом Молик Имом Шофеъийга устозлик қилган, Имом Шофеъий эса Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан билан бевосита мунозаралар қилган. Шунингдек, Имом Шофеъий Аҳмад ибн Ҳанбалга устозлик қилган. Лекин шунга қарамай, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган.

Мазҳаблар ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида диннинг яхлитлиги, мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлашда энг муҳим омил сифатида курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган. Гарчанд турли оқим ва фирқалар ҳар доим ислом дини яхлитлигини бузишга уриниб келган бўлсада, ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқолмаганлар. Бу муваффақиятнинг замирида ҳам шу аҳли сунна уламолари келтирган далил ва асосларнинг мустаҳкам ва тўғрилиги асос бўлиб хизмат қилган. Мусулмонлар оммасига ушбу ҳақиқатларни тушунтириб бериш бемазҳаблик авж олган ҳозирги даврда айниқса муҳимдир.

Мазҳаблар Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб, саҳобий ва тобеинлар фатволарига мувофиқ равишда топилган Аллоҳ розилигига эриштирувчи, ҳақиқий тўғри йўлдир.Аллоҳ таолонинг энг охирги ва мукаммал, қиёматгача боқий қолувчи, барча замон ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дин Ислом эканини яқиндан англаймиз. Мазҳаблар тўла маънода бирлик, бирдамлик, биродарлик рамзи эканини англаб олмоғимиз даркор.

 

 

У.Мадаминов  

Боғот тумани “Назар ота” масжиди имом хатиби

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан Қоҳирадаги «Ҳивор» сиёсий ва ахборот тадқиқотлар марказида «Халқаро ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс асосидир» мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирдан мақсад мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни Миср жамоатчилигига етказишдан иборат.

Илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон Ислом академияси, «Ҳивор» сиёсий ва ахборот тадқиқотлар маркази мутасаддилари, Мисрдаги йирик оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Ислом академияси профессори, сиёсий фанлар доктори Муҳаммадолим Муҳаммадсодиқов юртимизда таълим, маънавий-маърифий, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Республикамизда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг очилиши, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда ҳадис мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси буюк аждодлар меросини ўрганиш, авайлаб асраш, ёш авлодга етказишда муҳим ўрин тутаётгани маълум қилинди.

«Ал-Гумҳурия» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Муҳаммад Талъат ўз маърузасида Ўзбекистон-Миср ҳамкорлиги борасида тўхталиб, сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар турли соҳаларда жадал ривожланаётганини билдирди.

Хусусан, Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очганини қайд этди. Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар натижасида эришилган келишувлар сиёсий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, маданий, илм-фан, туризм ва диний соҳалардаги ҳамкорликни жадал ривожлантиришга мустаҳкам замин яратгани алоҳида таъкидланди.

«Ҳивор» ахборот ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори Аҳмад Тоҳир Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини, 40 йилдан зиёд давр мобайнида давом этаётган низони бевосита афғонларнинг ўзлари ташқи аралашувисиз сиёсий воситалар билан ҳал этиш зарурлигига оид қатъий ташаббусини юқори баҳолади.

А.Тоҳир жорий йилда ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш каби масалаларни муҳокама қилиш ва бу борада амалий тавсиялар ишлаб чиқилиши жиҳатидан муҳим тадбир эканини таъкидлади.

У, шунингдек, Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлаш, диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган чоралар мамлакат ва бутун минтақа барқарорлигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этаётганини қайд этди.

«Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Шонли тарихдан – буюк келажак сари» шиори остида маънавий-марифий соҳаларда бошланган жуда муҳим янгиланишлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Чунончи, буюк аждодлар хотирасига, улар қолдирган бебаҳо меросга эътибор, ёш авлодни уларга муносиб бўлишга интилиш руҳида тарбиялаш бўйича олиб борилаётган туб ўзгаришлар натижасида Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор қурилмоқда», - деди «Ҳивор» маркази раҳбари.

Илмий-амалий семинар якунида Мисрда буюк ўзбек уламолари меросига бағишланган анжуманлар, ёшларга оид давлат сиёсати, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар бўйича Ўзбекистон тажрибаси бағишланган давра суҳбатини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Кечириш, кечиримлилик ҳақида динимизда нима дeйилган?

— Турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўрамиз. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилайлик. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. Гоҳида бошқалардан бирор ёмонлик ёки зулм ўтса ҳам, синов деб қабул қилишимиз зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики:

﴿وَلَمَن صَبَرَ وَغَفَرَ إِنَّ ذَلِكَ لَمِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ﴾

“Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиқидир” (“Шўро” сураси, 43-оят).

Аллоҳ таоло яна:

﴿خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ﴾

“Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”, деган (Аъроф сураси, 199-оят). Яъни ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. қилган хатоларини авф этувчи, кенг бағирли бўл.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё ва охиратдаги гўзал ахлоқга далолат қилай-ми?” дедилар. “Ҳа ё Расулуллоҳ!” дейишди.

“Сенга зулм қилганни афв қил, алоқани узганга алоқани боғлагин. Сени маҳрум қилганга бер”, дедилар. Аллоҳ янада билгувчироқ!

 

— Инсонларни нeча маротабагача кeчириш мумкин? Одамлар орасида уч мартагача кечириш мумкин, кейин кечирмаса ҳам бўлади, деган гаплар бор...

Неча маротаба кечиришининг миқдори белгиланмаган. Албатта, бу масала вазият ва ҳолатга боғлиқ бўлади. Мусулмон шахснинг умумий ахлоқига кўра, доимий ҳолда кечиримли бўлиши лозим. Мусулмонннинг кечирувчи ва бағрикенглигини поймол қилишга олиб борадиган даражада бўлмаслиги керак. Ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусулмоннинг ахлоқини “У зулм қилмайди ва ўзига зулм қилинишига ҳам қўймайди”, деб тавсиф қилганлар.  

 

— Ота-она агар ўз фарзандининг бирор гуноҳини кечирмаган бўлса, фарзанд унга оқ бўлади-ми?

Агар оқ бўлишга сабаб бўладиган даражада отаси ёки онасига одобсизлик қилган бўлса ёки уларни шу даражада ранжитган бўлса, оқ бўлади. Отаси ёки онасини рози қилиши, уларнинг кўнгилларини хушлаши лозим. Агар уларни рози қилишга улгурмаган бўлса, ҳақларида тинимсиз дуо ва истиғфорда бўлиши, садоқат ва яхшиликлар қилиб уларга савобини бағишлаши керак.

 

— Бир одамнинг дилига озор бериб, қаттиқ ранжитган одам энди ундан кечирим сўраса, у оғзида “кечирдим” деса-ю, лекин хафа қилган одам: “тилида кечирдим деди-ю, дилида кечирмади”, деган шубҳага борса, қандай йўл тутиш керак?

 Динимиз зоҳирга қараб ҳукм қилади. Тили билан “кечирдим”, дегани кифоя қилади.

 

— Ражаб ойининг кечирим сўрайдиган куни бор эмиш. Шу кунда кимни билиб-билмай кўнглини оғритган бўлсак, ундан кечирим сўраш керак экан. Шу гап тўғрими?

 Динимизда бундай гап йўқ. Кечириш учун бирон кеча ёки кун хосланмаган. Бировни дилини оғритган киши қанчалик тез кечирим сўраса, шунчалик гуноҳдан тез қутулади.

— Кимдир ўғрилигини бўйнига олиб, кечирим сўраса, мол эгаси уни кечирса, ўғри гуноҳдан фориғ бўлади-ми?

 Молиявий нарсаларда етказган зарарни қоплаб бериши шарт. Аммо жабрланувчи томонидан ўзининг ҳаққидан воз кечиши, рози бўлиши билан ўғрининг зиммасидан соқит бўлади.

 

— Инсон ноҳақ бошқа кишига зулм қилиб қўйиб, унинг олдига тиз чўкиб кечирим сўраши мумкин-ми? Шу ҳолатда унинг иймонига зиён етмайди-ми?

Кечирим сўраш энг афзал амаллардан ва мўминнинг сифатларидандир. Аммо кечирим сўраш учун гуноҳ ишга қўл урмаслиги керак. Агар зулм қилган бўлса, тиз чўкмасдан узр сўраса ҳам, узри қабул бўлаверади. Аллоҳдан бошқага рукуъ ё сажда қилиб бўлмайди. Нима қилиб бўлса ҳам жоиз бўлган йўллар билан кечирим сўраш кифоя қилади. Аллоҳ янада билгувчироқ!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мисрда чоп этиладиган “Ал-Махруса ал-Ахбария” ва “Ал-Хабар ал-Йаум” нашрлари саҳифаларида журналист Фотима Бадави қаламига мансуб «Ўзбекистонда диний ислоҳотлар – халқаро даражадаги ибрат намунаси» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Унда бугунги кунларда Ўзбекистонда барча диний конфессиялар учун мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларида самарали ва эркин иштирок этишига имкон берадиган ижтимоий-сиёсий, жумладан, диний-маърифий соҳалардаги ислоҳотларнинг янги йўли кузатилаётгани маълум қилинган. Қайд этилганидек, давлат турли муаммоли масалаларнинг ҳал этилишига кўмаклашиш йўли билан диний ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни, шунингдек, жамиятда динлараро ҳамда миллатлараро тинчлик ва ҳамжиҳатлик барқарорлиги бўйича биргаликда таклиф ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва динлараро мулоқот маданияти ривожланишини таъминламоқда. Дин соҳасидаги бундай ижобий тамойил республика раҳбариятининг сиёсий иродаси ва бу соҳадаги изчил инсонпарварлик сиёсати туфайли юзага келди.

Кейинги беш йил давомида Ўзбекистон ҳудудидаги адлия идораларида ҳаммаси бўлиб 61 та диний ташкилот рўйхатдан ўтиб, юридик шахс мақомини олди. Мақолада таъкидланганидек, шу тариқа уларнинг умумий сони 2 минг 300 тага етди.

Мақолада Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар, жумладан, махсус мандатарийлар билан диний эркинликни таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорликни фаол ривожлантираётгани алоҳида таъкидланган. 2017 йил октябрида БМТнинг диний ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид илк маротаба Ўзбекистонга келди. Унинг тавсиялари ҳисобга олинган ҳолда, парламент томонидан дин ва эътиқод эркинлиги таъминланиши бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Муаллифнинг қайд этишича, Ўзбекистонда бу соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни такомиллаштириш юзасидан фаол ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ҳозирги пайтда янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ниҳоясига етиш арафасида турибди. Уни ишлаб чиқишда давлат органлари, жамоат ташкилотлари, диний конфессиялар, оддий фуқаролар ҳамда хорижлик экспертларнинг таклифлари ҳисобга олинмоқда.

Нашр тақдим этган маълумотларда қайд этилганидек, «2019-2020 йиллари Ўзбекистон томонидан ўтказилган «Меҳр» инсонпарварлик акцияларининг натижаси ўлароқ, мамлакатнинг аёллар ва болалардан иборат 300 нафардан зиёд фуқароси Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар ҳудудларидан Ватанга олиб келинди. Уларнинг тезроқ реинтеграциялашуви ва реабилитациясига кўмаклашиш мақсадларида давлат даражасида тиббий, руҳий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар ҳаётга тадбиқ қилинди. Олиб келинган фуқароларнинг барчасини тинч ҳаётга ва жамиятга интеграциялашуви учун зарур шароитлар, уй-жой ва иш билан таъминлаш йўли билан таълим ва бошқа ижтимоий дастурлардан баҳраманд бўлиш имкониятлари яратилди».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top