muslimuz

muslimuz

الخميس, 13 تموز/يوليو 2023 00:00

Ғийбат гуноҳи кабирадир

Ғийбат гуноҳи кабирадир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай баён қилинган:
«...Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ғийбат энг катта ғуноҳлардан биридир. Шунинг учун ҳам у қатьий ҳаром қилинган мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло ўз бандаларига ғийбатнинг қанчалик ёмон иллат эканлигини тушунтириш учун ажойиб бир услубни қўллаган. Яъни ғийбатчининг ғийбати гўёки ғийбат қилинганнинг гўштини ейиш билан баробардир.

Одатда инсон ўзи ёмон кўрган кишини ғийбат қилади, бутун борлиги билан ундан нафратланади. Бу нафратини ғийбат қилиш орқали бошқаларга ошкор қилади. Гўштини ейиш у ёкда турсин, ҳатто у билан ўтиришни ҳам истамайди. Уни шу қадар ҳақир санайдики, қўлидан бирор пиёла чой ичишни ҳам ўзига ор деб билади. Лекин ғийбат қилиши билан гўёки унинг гўштини егандек бўлади. 

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлар ғийбат нима эканини биласизларми? «Саҳобалар жавоб беришди: «Аллоҳ ва Расули билади». Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар биродарингизни ўзи ёмон кўрган нарса билан зикр қилсангиз, албатта ғийбат қилибсиз». Сўрадилар: «Мен айтган сўзимни биродарларимда кўрган бўлсам-чи?» Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар ундаги бор нарсани айтган бўлсангиз, ғийбат қилган бўласиз, агар унда йўқ нарсани айтсангиз, туҳмат қилган бўласиз».

Жобир ибн Абдуллоҳ шундай ривоят қилди: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида сассиқ бир ҳидли шамол эсиб қолди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мунофиқлар мусулмонларни ғийбат қилдилар, шунинг учун бадбўй ҳидли шамол эсяпти», – дедилар.

Ҳакимларнинг баъзиларига айтилди: «Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ғийбат шамоли сассиқлигининг билинишида ва бизнинг замонамизда бу нарсанинг йўқлигида қандай ҳикмат бор?»

Жавоб беришди: «Чунки бизнинг давримизда ғийбат кўпайиб. бурунларимиз ғийбатнинг сассиқ ҳиди билан тўлиб битган, бунинг ўхшаши: Бир киши тери ошловчиларнинг олдиларига кирса, терининг сассиқ ҳидидан уларнинг ёнларида тура олмайди, бироқ у жойда ишловчилар бемалол ишлаб, ўша жойда овқатланиб, чой ичишадилар, улар сассиқ ҳидни сезмайдилар. Чунки уларнинг бурунлари шу сассиқ ҳид билан тўлиб бўлган. Биздаги ҳозирги ғийбат ишлари шундай ҳолатдадир».

Иброҳим Адҳам ғийбатчиларга хитоб қилиб айтди: «Эй ёлғончи! Дўстларингга дунёйинг билан бахиллик қилдинг, душманларингга охиратинг билан сахийлик қилдинг. Сен бахиллик қилган ўрнингда кечирилмайсан, сахийлик қилган ўрнингда мақталмайсан», – дедилар.

Хуллас, ҳар бир мўмин киши Аллоҳ таолодан ғийбатчи, фитначи, туҳматчи, бахил бўлиб қолишдан паноҳ сўраб дуо қилиши ва бу гуноҳи кабиралардан узоқ юриши лозим.

Муродулло Чориев,
Имом-Термизий ўрта махсус
ислом таълим муассасаси
1 - босқич талабаси

Кеча Саудия Арабистонининг “Swift News” электрон нашри саҳифасида “Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари қўмитаси раиси бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтганини юқори баҳолади” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб  хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири. 

Унда 2023 йилги ҳаж мавсуми ҳар жиҳатдан муваффақиятли ўтгани, буни жорий йил ҳаж ибодати умидида Мадина ва Макка шаҳарларини зиёрат қилган мусулмон дунёсининг бир миллион саккиз юз мингдан зиёд вакиллари қатори ўзбекистонлик зиёратчилар ҳам алоҳида эътироф этишгани таъкидланган. 

Мақолада Саудия Арабистони подшоҳлигида амалга оширилаётган мазкур ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ва хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар тубдан такомиллаштирилаётгани қайд этилган. “Жумладан, илгари бир неча йиллар мобайнида ҳаж квотаси 5200 нафар бўлган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткич 7200 нафарга етди, 2022 йилда эса 12000 нафарни ташкил этди. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 15 минг нафардан ошди. Албатта, келгусида бундан ҳам кўп ўзбекистонликларни муқаддас ҳаж зиёратига жўнатиш устида ишлар олиб борилмоқда”, деб ёзади “Swift News”.

Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республиканинг мавжуд 14 ҳудудида ҳаж марказлари ташкил қилиниши ва 2030 йилга қадар ҳажга борадиган фуқаролар сони босқичма-босқич 24 минг нафарга етказилиши, умра сафарига борувчи зиёратчилар сонини белгилаш бўйича квота олиб ташлангани натижасида ўтган бир йил давомида 100 мингга яқин зиёратчи умра амалларини адо этгани ҳам маълум қилинган.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларнинг янги даври бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил август ойида икки Муқаддас Масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан, давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлгани ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд кенг қамровли шериклик тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзолагани, ҳукуматлар ва вазирликлар ўртасида 15 та ҳужжат қабул қилингани давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Ўзаро муносабатларни ривожлантириш йўлида кўплаб истиқболли режалар амалга оширилаётгани ҳисобга олинар экан, Ўзбекистон-Саудия Арабистони ҳамкорлиги келгусида янада мустаҳкамланиб боравериши тайин”, деб ёзади Swift News” электрон нашри.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Бутунжаҳон мусулмон ёшлар форуми ҳайъати Қозоғистонда пойтахт Остонадан 533 километр узоқликда жойлашган Тараз шаҳрининг “Ясная Полина” ҳудудида янги таълим ва ривожланиш маркази қурилишига тамал тошини қўйди.

Марказ ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатиб, уларнинг турли ҳаётий эҳтиёжларини таъминлашга хизмат қилади, унинг таркибига масжид ва шаҳар ёшларига таълим-тарбия беришга ҳисса қўшадиган маърифат мактаби ва “Вақф” хайрия фонди киради.

Шаҳар аҳли энг яқин марказ ўзидан узоқда жойлашгани, бу эса ўз хизматларидан маҳрум бўлишига олиб келаётгани учун бундай марказга катта эҳтиёж борлигини таъкидлаб, Саудия Aрабистони ҳукумати ва халқининг ушбу мақсадли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Қозоғистон томони бундай ташаббусдан чексиз хурсандчилик изҳор этиб, Қодир Аллоҳдан Подшоҳликдаги осойишталик ва фаровонлик неъматларини янада бардавом этишини сўради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 28 июнь – 8 июль кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили, Фатво маркази масъул ходими Ҳабибулло Жўрабоевнинг Россиянинг Новосибирск, Томск вилоятлари ҳамда Олтой ўлкасига сафари ташкил этилди, деб  хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги Бош консуллиги маълумотига кўра, сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилининг мамлакатимиз фуқаролари кўпчиликни ташкил этадиган корхона ва ташкилотларда ишлаётган меҳнат мигрантлари, олий таълим муассаларида таҳсил олаётган ўзбек талабалари, диаспора ташкилоти раҳбарлари ҳамда фаол ватандошлар билан учрашуви, давра суҳбати ва очиқ мулоқотлари  бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, дунёвий ва диний қадриятларнинг ўзаро боғлиқлиги, оила муқаддаслиги, оила тарбиясида миллий ва умуминсоний аҳлоқий маданиятнинг ўрни, шунингдек, хорижда юрган ёшларни турли бузғунчи ёт ғоялар, экстремизм, терроризм каби салбий оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш билан боғлиқ масалалар учрашувларнинг асосий мавзуси бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Новосибирск вилояти муфтийси Салим Шакирзиянов билан ҳам учрашди. Суҳбат чоғида диний масалаларда ҳудудлараро ҳамкорлик қилиш, диний уламолар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Япониянинг туризм соҳасини ёритишга ихтисослашган «Tabizine»  онлайн журналида «Шарқ гавҳари» деб аталадиган Ўзбекистон қандай давлат?» сарлавҳали мақола  япон  тилида  эълон қилинди, деб  хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрда мамлакатимиз тарихи, замонавий  ривожланиши ва миллий ўзбек таомлари ҳақидаги маълумотлар қаламга олинган. Мақолада Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби шаҳарларимиздаги тарихий обидаларнинг суратлари ҳам  жойлаштирилган.

 Муаллиф, шуниндек, «Uzbekistan Airways» АЖнинг «Тошкент-Токио-Тошкент» йўналишидаги тўғридан-тўғри авиақатнови жорий йилнинг  14 апрель кунидан бошлаб қайта тикланганини  маълум қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Top