muslimuz

muslimuz

الثلاثاء, 28 أيار 2024 00:00

Қуёш юзлилар

Шаратимиз кўрсатмаларида жамоат намозига тарғиб қилинади. Умуман олганда мусулмонлар ўзаро меҳр-оқибатда яшашлари ва ҳожатмандлар муҳтожларнинг эҳтиёжларини яхши ҳис қилишлари ҳамда жамият аъзоларининг ҳол-аҳволларидан хабардор бўлиб туриши учун ҳам жамоатга эҳтиёж сезилади.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда айтади: “Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг” (Бақара, 43).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жамоат намози ёлғиз намоздан (яъни ёлғиз ўқувчининг намозидан) йигирма етти даража ортиқдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ривоят қилинишича қиёмат куни бўлганида Аллоҳ таоло юзлари юлдуз каби бўлган бир қавмни тирилтиради. Фаришталар улардан сўрайди:

“Сизлар нима амал қилгансиз?”.

Улар жавоб берадилар:

“Биз азонни эшитган вақтимизда ҳамма ишни ташлаб, таҳорат олгани турардик”.

Яна бир қавмнинг юзи ой каби нурли бўлур. Улардан сўрайдилар:

“Сизлар нима иш қилгансизлар?”.

“Биз азондан олдин таҳорат олардик”.

Ва яна бир қавм бўлади, уларнинг юзлари қуёш каби порлоқ, нурафшон бўлади. Улардан ҳам бунинг сабаби сўралганида улар шундай жавоб берадилар:

“Биз доимо азонни масжидда эшитардик”.

 Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шубҳасизки, ҳар бир яхши амалнинг самараси бўлгай. Қайси бир банда Аллоҳни ҳақиқатда ҳам қалбидан яхши кўрса ва Аллоҳ яхши кўрган амалларни қилса муҳаббатининг самараси – Аллоҳ ҳам уни яхши кўришлигидур. Бунинг акси ўлароқ, кимнинг қалбида Аллоҳга муҳаббати бўлмаса, Аллоҳ яхши кўрмаган амалларга ружуъ қилса уни ҳам Аллоҳ таоло ёмон кўргай. Кимники Аллоҳ таоло ёмон кўрса, бас у дунё ва охиратда зиёнкор ва ҳақиру хордур.

Аллоҳни яхши кўрган банданинг охиратда эришадиган манзили маълумдур. Аллоҳ таоло уни жаннатлардаги юксак даражаларга кўтаради, розилигини зиёда этади, жамолига меҳмон айлайди.

Шунингдек Аллоҳ ёмон кўрган банданинг ҳам эришиш макони маълум. Тез кунда дўзахнинг қаъридан бир жойнинг соҳиби бўлгай, амалига яраша бир турли жазо топгай.

Лекин Аллоҳга маҳбуб банда бўлиш учун нима қилмоқ ва Аллоҳга ёмон кўрилган банда бўлиб қолмаслик учун нималардан четланиш лозим?

Аллоҳга маҳбуб бўлиш самараси не, У зотга ёмон кўрилган бўлишни охири не? Буларни билиш жуда зарур ҳолдир.

Қачонки Аллоҳ таоло бир бандани яхши қўрса, бутун ер юзи уни яхши қўради. Кимки Аллоҳ таоло яхши кўрадиган феъл, амал ва сўзларни келтиришга ҳарис ва унда бардавом бўлса, хатто Аллоҳни мухаббатини қозонади.

Қачонки Аллоҳ таоло бир бандасига муҳаббат этса, Жаброил а.с ва бутун само аҳлини унга даъват қилур, сўнг бутун ер юзи бўйлаб у банда учун муҳаббат пайдо бўлади.

Суҳайл отасидан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло қачонки бир бандани яхши кўрса Жаброил алайҳиссаломга нидо қилади: “Албатта Аллоҳ фалончини яхши кўрди. Сен ҳам яхши кўргин”, дейди. Сўнг Жаброил алайҳиссалом унга муҳаббат қўяди ва само аҳлига нидо қилади: “Аллоҳ фалончини яхши кўрди, сизлар ҳам яхши кўрингизлар!” шунда само аҳли ҳам яхши кўради ва унга ер юзида қабулият қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Банда учун Аллоҳ муҳаббатининг самараси шуки, ер юзида уни қалблар муҳаббат ила мойиллик ва розилик билан қабул қиладилар, унда фақат яхшилик бор деб биладилар ва имкон борича ёмонликлардан мудофаа этадилар.

Бир бандага Аллоҳ таоло муҳаббат этса бутун вужуди ва қалбини ҳидоят нури билан мунаввар этади ва бу илоҳий нур сабаб инсонлар унга дўстлик ва иззату икром кўзи билан боқадилар. “Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир” (Ҳадид сураси, 21-оят).

Албатта одамлар қалбларида унга бўлган муҳаббат банда Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлганидан аломатдур.

Аллоҳнинг муҳаббатига эришмоқни умид этган банда Холиқнинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан қайтмоқлиги фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб амалларини мукаммал адо этиб гуноҳи ва бидатлардан сақланмоғи лозим. Чунки у амалларда Холиқнинг ғазаби бор.

Аллоҳ таоло марҳамат этади: “Албатта, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Раҳмон муҳаббат пайдо қилур” (Марям сураси, 96-оят).

Ҳарам ибн Ҳайён айтади: “Кимки Аллоҳга борлиқ қалби ила иқбол этса Аллоҳ таоло унга барча аҳли имонлар қалби ила ошиқур. Ҳатто уларнинг дўстлиги ва меҳри ила сийлар”.

Демак, ҳар бир банда қилаётган яхши амалларини ихлос муҳаббат ила адо эьмоғи, дуога қўл очганда ҳам бутун борлиғи ила Яратганнинг даргоҳига муножот этмоғи лозим. Шоядки, ана ўшанда биз ҳам Алоҳга маҳбуб қуллари қаторидан бўлсак.

Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу дер эдилар: “Қайси бир банда яхши ёки ёмон амал қилса, Аллоҳ таоло қилган амалига муносиб маънавий кийим кийдирур”.

Узот фақат тақволи мўминни хуш кўрар ва холис ниятларидан рози бўлар. Аллоҳ таоло кимни ёмон кўрса, уни дунё аҳлига ёмон кўрсатади. Банда Аллоҳ ҳаром этган феъл ёки ишларни келтиришига одат қилса, ҳатто бир фурсатга етиб Аллоҳ уни ёмон кўриб қолади ва Жаброил алайҳиссаломга нидо қилади: “Албатта Аллоҳ фалончини ёмон кўрди. Сен ҳам ёмон кўргин, само аҳли ҳам нафрат қилсин! Сўнг бутун дунё аҳли уни ёмон кўриб жирканишини Яратган ирода этади. Бу нафрат у учун еру осмон узра кенг таралади. Натижада уни барча махлуқот хуш кўрмас бўлади. Банданинг бу ҳолатини оқибати шуки, у Холиқнинг азобига ва ғазабига гирифтор бўлади”.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи яхши кўрган бандаларидага айласин, омийн!

 Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

 

Менинг Бани Умайя ибн Зайдлик – у ер Мадинанинг чекка маҳаллаларидан бири – ансорийлардан бир қўшним бор эди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига тушишга навбатлашар эдик. Бир кун у тушса, бир кун мен тушар эдим. Мен тушганимда ўша кунги ваҳий ва бошқа хабарларни олиб келардим. У ҳам тушганда шундай қиларди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

 

Мадомики инсонлар орасида ҳадис талаб қиладиган кишилар бор экан, улар салоҳиятда бардавом бўладилар. Агар илмни ҳадиссиз талаб қилсалар бузиладилар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

 

Аллоҳ таолонинг дини борасида ўз фикрингиз асосланиб бирор сўз айтишдан сақланинглар. Суннатга эргашишни лозим тутинглар. Ким суннатдан чиқса адашади.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

 

Агар суннат бўлмаганда, ҳеч биримиз Қуръонни тушунмас эдик.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ

 

Қачон ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабимдир.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадисни ривоят қилиб, сўнг бошқа гапни айтсам, қайси осмон мени соялантиради ва қайси ер мени кўтаради?..

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Агар мен муҳаддислардан бирор кишини кўрсам, гўё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бирини кўргандек бўламан.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Суннатлар Нуҳнинг кемаси кабидир. Ким унга минса нажот топади. Ким ундан ортда қолса, ғарқ бўлади.

Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ

 

Кишиларнинг ижмоъ қилинмаган фикрларидан сақланинглар. Роббингиздан нозил қилинган Қуръон ва Пайғамбарингиз келтирган ҳадисга эргашинглар. Агар маъноларини тушунмасангиз уламоларингизга ҳавола қилинглар. Улар билан тортишманглар. Албатта, динда тортишиш мунофиқлик қолдиқларидандир.

Имом Молик раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мана шу замон каби ҳадис талаб қилишга муҳтож бўлинган замонни билмайман. Бидъатлар зоҳир бўлиб кетди. Кимнинг ҳузурида ҳадис бўлмаса, бидъатларга воқеъ бўлади.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ

 

 Сизларнинг ҳеч бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашишни истамайдими?!

Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мужтаҳид ва муҳаддис имомларга эргашинглар. Чунки улар ўзларининг фойда ва зарарларига қарамасдан нима бўлса ёзадилар. Ўз нафси хоҳишига ва фикрига эргашганлар эса, ўзларинг зарарларига бўлган бирор нарсани хеч ҳам ёзмайдилар.

Вакиъ раҳматуллоҳу алайҳ

 

Агар менинг наздимда ҳадис тасбеҳдан афзал бўлмаганда эди, ҳадис айтмас эдим.

Вакиъ раҳматуллоҳу алайҳ

 

Аллоҳ (розилигини) истаб ҳадис талаб қилган кишидан афзалроқ амал қилган кишини билмайман.

Суфён Саврий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Ким ҳадис талаб қилса, батаҳқиқ Аллоҳ азза ва жаллага байъат қилибди.

Ибн Уйайна раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мен ушбу ҳадисларни сенга бекорга, шундоқ айтиб бермоқдаман. Бизлардан бир киши бундан оз нарса учун ҳам Мадинага сафар қилар эди.

Шуъба раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мен бир ҳадис учун бир неча кеча-кундузли масофага сафар қилар эдим.

Саъид ибн Мусаййаб

 

Қайси бир сўзим Қуръон ва ҳадисга мувофиқ келса уни олинглар. Мувофиқ келмаганини тарк қилинглар.

Молик ибн Анас раҳматуллоҳу алайҳ

 

Суннатни лозим тутинглар ва ёш фарзандларингизга ўргатинглар. Зеро, улғайганда одамларга динни ўргатадиган кишилар ўшалар бўладилар.

Аъмаш раҳматуллоҳу алайҳ

 

Энг афзал мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (амалда) йўқ бўлиб кетаётган суннатларини амалга татбиқ қилган кишидир. Эй суннат эгалари (муҳаддислар) сабр қилинглар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ

 

Мужтаҳидлик даъвосида бўлган қози ва муфтийга ҳукмларга боғлиқ ҳадисларни билиш шарт эканига барча иттифоқ қилган.

Уламолар сўзидан

 

Фарҳод ЖЎРАЕВ,

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси.

 

 

الثلاثاء, 28 أيار 2024 00:00

Эҳромда мумкин бўлган амаллар

  1. Fусл қилиши, бошини ювиши мумкин. Аммо бунда охисталик билан, соч ва тукларни тушириб юбормасликка ҳаракат қилиш лозим. Беихтиёр ўзи тушса, зарари йўқ.
  2. Эҳром кийимини ювиши ёки алмаштириши мумкин.
  3. Эркак кишилар сояланишни истасалар, дарахт шохи ёки шунга ўхшаш соя берадиган нарсалар билан бошларини сояга олсалар жоиз.
  4. Белга ҳамён, белбоғ боғлаш ҳам мумкин.

Эҳромда кўпгина ҳикматлар бор. Масалан, дунёвий кийимлардан, ҳавойи нафснинг шаҳватларидан холи бўлиш Аллоҳ йўлида ўзини бағишлаш рамзидир.

Инсон эҳромга кириш вақтида, яъни кийимларидан жудо бўлаётган ва эҳром кийимини ўраётган пайтида бир кун келиб, кафаннинг ичига киришини ўйласин. Чунки у Аллоҳ таолога йўлиқишда ҳам ҳажга бораётган чоғдагидек, дунёвий кийимлардан бошқача кийимда бўлади.

Шу билан бирга, эҳромда ҳамма Аллоҳнинг ҳузурида баробар эканлиги намоён бўлади. Ҳамманинг кийими бир хил – икки парча оқ латтадан иборат бўлади. Ҳамма бошяланг, оёқяланг бўлиб, Аллоҳ ҳузурида ўзининг хокисорлигини изҳор этади.

Эҳромдаги инсоннинг турли нарсалар ва ишлардан ман қилиниши унда сабр ва тоқатни, чидам ва бардошни ривожлантиради ҳамда Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилишни ўргатади, гуноҳлардан сақланиш малакасини орттиради.

Эҳромга киришнинг тайинли вақти ва тайинли макони бор. Улар “мийқот” дейилади.

Ҳажнинг замон мийқоти – Шаввол ва Зулқаъда ойлари ҳамда Зулҳижжа ойининг биринчи ўн куни.

Макон мийқоти эса, турли диёр ҳожилари учун уларнинг Маккаи мукаррамага келиш йўлларига қараб турли жойлардир. Яъни макон мийқоти – Маккаи мукарраманинг атрофидаги махсус белгиланган чегара десак бўлади.

Ҳаж ёки умра қилувчилар ўша ерларда эҳромга кирадилар. Агар бир одам мийқотдан ўтиб кетиб, эҳромга кирса, қайтиб чиқиб, мийқотдан эҳромга кириши лозим бўлади. Иложини топа олмаса, жонлиқ сўйиши вожиб бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам белгилаган мийқотлар бешта:

  1. Мадинаи мунаввара аҳлига ва ўша тарафдан келадиганларга Зул Ґулайфа деган макон. Ҳозир у ер «Обори Али» деб ҳам аталади.
  2. Шом аҳли ва ўша тарафдан келадиганларнинг мийқотлари Жуҳфа, Робиғ деган жойга яқин. Ҳозир Робиғдан эҳромга кирилади.
  3. Нажд ва ўша тарафдагиларнинг мийқоти – Қорнул Манозил.
  4. Яман аҳлининг мийқоти – Яламлам.
  5. Аҳли Ироқнинг мийқоти – Зотул Ирқ.

Ушбу мийқотлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом белгилаб берган мийқотлардир. Ҳозирги кунда мазкур жойлар ва ўша жойларнинг рўпаралари мийқотлардир. Сув ва ҳаво йўли билан келаётган ҳожилар ғусл қилиб, эҳром кийимларини самолётга чиқишдан аввал кийиб олишса ҳам, мийқотга яқинлашганда ният қилиб, талбия айтсалар яхши бўлади. Баъзилар Жиддага келибоқ эҳромга кира бошлайдилар. Ваҳоланки, бундай қилиш асло жоиз эмас.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

2024 йил 27 май куни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Чанкири Каратэкин университети билан ҳамкорликдаги «Мовароуннаҳрдан Онадўлига ҳадис анъанаси ва муҳаддислар» мавзусида халқаро илмий конференция ўз ишини бошлади.

Халқаро илмий конференция ишини Чанкири Каратэкин университети ректори проф. др. Ҳарун Чифтчи кириш сўзи билан очиб, мазкур конференция ўтган йили Термизда бўлиб ўтган конференциянинг мантиқий давоми эканлигини таъкидлаб ўтди.

Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бош мутахассиси Ш.Исломов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ахборот таҳлил ва тарғибот ишларини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи К. Камилов, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори в.в.б. М. Жониев, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Ф. Абдуҳалимовлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Маърузачилар ислом динининг ривожланишида Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломаларимизнинг қўшган ҳиссаси, мамлакатимизда ислом динига бўлган эътиқод ва яратиб берилаётган шарт-шароитлар, соҳада бевосита илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш билан шуғуллланувчи қатор олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, тадқиқот марказлари фаолият юритаётганлиги, бу борадаги халқаро ҳамкорлик масалалари хусусида атрофлича сўз юритдилар.

Хусусан, Мовароуннаҳр мутафаккирлари билан Онадўлу мутафаккирларининг муносабатлари яқин дўстлик, қардошлик ва инсонпарварлик асосида барпо этилгани, илму маърифат йўлидаги ҳамкорлика ўрта асрлардан ҳозирга қадар давом этиб келаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Ф. Абдуҳалимовнинг «Дунё бўйича энг мўътабар ҳадис китоблари олтита бўлиб, шундан бештасига ҳамма якдил иттифоқ қилган. Булар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоийларнинг китоблари бўлиб, шулардан уч нафари – Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насоийлар юртимиз фарзандларидир» – деган фикрлари ўтказилаётган халқаро илмий конференциянинг бутун мазмун-моҳиятини очиб берганлиги шубҳасиз.

Туркиялик олим Ислом тафаккури институти директори проф. Др. Меҳмет Гўрмезнинг ўз маърузасида «Шундай маданиятлар борки, булар ўз даврида, ўз вақтида гуллаб-яшнайди, порлайди, лекин вақт ўтгандан кейин улар сўнишни бошлайди. Лекин Мовароуннаҳр маданияти шундай маданиятки, у ҳали-ҳанузгача порлаб турган, ўзининг порлоқлигини йўқотмаган маданиятдир. Қолаверса, у дунё миқёсида умуминсоний маданиятга бешик бўлган замин – Мовароуннаҳр маданиятидир» – деган фикрлари конференциянинг «қайноқ нуқтаси» бўлди.

Маълумот ўрнида: Конференциянинг 1-иш кунида 6 та шуъба бўйича иш олиб борилди, конференциянинг 2-иш куни 28 май куни давом этади. 

Имом Термизий
ХИТМ Матбуот хизмати

الصفحة 12 من 275
Top