muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг «Мунофиқлар ёлғончидирлар», деб берган гувоҳлиги рост. Мунофиқлар ишончли ваъда берган бўлишларига қарамасдан, ўз дўстларини ёрдамсиз қолдирадилар.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар билан уларнинг аҳли китоб биродарларининг ҳақиқий башараларини яна фош этаверади.

«Эй мўминлар!

 «Албатта, уларнинг қалбларига Аллоҳдан кўра сизлар кўпроқ қўрқинчли туюласизлар. Бу, албатта, улар яхши англамайдиган қавм эканидандир» (Ҳашр сураси, 13-оят).

Ҳақиқатан, мунофиқу кофирлар Аллоҳдан кўра мўмин-мусулмонлардан кўпроқ қўрқадилар. Агар Аллоҳнинг Ўзидангина қўрққанларида эди, мунофиқ ҳам, кофир ҳам бўлмас эдилар. Нима учун улар Аллоҳдан қўрқмай, бандадан қўрқадилар?

«Бу, албатта, улар яхши англамайдиган қавм эканидандир».

Чунки улар Аллоҳнинг улуғлигини тушуниб етмаганлар.

Қуръони Карим Ислом душманларининг асл башараларини фош этишда давом этади:

«Эй мўминлар! Яҳудийлар ва мунофиқлар

 «Сизларга қарши уюшиб, очиқ уруш қила олмаслар, балки қўрғон билан ўралган қишлоқларда ёки деворлар ортидан (уруш қилурлар). Ўз ораларида адоватлари шиддатли. Уларни бир деб ўйлайсан. Ҳолбуки, қалблари тарқоқдир. Бу, албатта, улар ақл юритмайдиган қавм эканидандир» (Ҳашр сураси, 14-оят).

 Яъни мунофиқлар ва яҳудийлар қўрқоқ бўлганлари учун, мусулмонларга қарши юзма-юз туриб уруша олмайдилар.

«Сизларга қарши уюшиб, очиқ уруш қила олмаслар...»

Балки қочиб-писиб, деворлар ортидан туриб урушадилар.

«...балки қўрғон билан ўралган қишлоқларда ёки деворлар ортидан (уруш қилурлар)».

Сиртдан кўрсанг, улар иттифоқ, бирдам, ҳамкор бўлиб кўринадилар.

Аслида эса қалблари тарқоқ, ораларида ихтилоф томир отган.

«Ўз ораларида адоватлари шиддатли. Уларни бир деб ўйлайсан. Ҳолбуки, қалблари тарқоқдир».

Ушбу ҳақиқат мунофиқлар ва яҳудийларга қарши ўтган барча урушларда ўз исботини топган.

Бу умумий қоида бўлиб, барча замон, барча макон ва барча миллатларга ҳам тегишлидир. Яъни аъзолари тарқоқ бўлган ҳар бир қавм ва миллат доимо мағлубиятга учрайди. Табиийки, ихтилофлар туфайли истаклар, мақсадлар, фирқалар ва шиорлар кўпаяди. Бу эса ҳар бир миллатни ҳалокатга олиб боради. Ҳар бир миллат ўз фарзандларининг бирлиги, иттифоқлиги ва мақсадларининг бирлиги туфайлигина кучли бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ояти кариманинг охирида:

«Бу, албатта, улар ақл юритмайдиган қавм эканидандир», – дейди.

Демак, мағлубиятга олиб келадиган ихтилофлар, уруш-жанжаллар халқнинг сиёсий хомлигидан, ўзига нима фойдаю нима зарар эканини англаб етмаганидан келиб чиқади.

Бану Назир қабиласининг бошига тушган кун янгилик эмас. Балки аввал ҳам кофирлиги, осийлиги учун азобга дучор бўлганлар ўтган. Яъни

 «Бу худди улардан олдинги, яқинда ўз қилмишларининг уқубатини татиганларга ўхшашдир. Ва уларга аламли азоб бор» (Ҳашр сураси, 15-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Мадинада яшаб ўтган бошқа бир яҳудий қабиласи – Бану Қайнуқоъ воқеасига ишора қилмоқда.

Бану Қайнуқоъ воқеаси Бадр урушидан кейин бўлиб ўтган. Расулуллоҳ алайҳиссалом у қабила билан аҳднома тузган эдилар. Бадр урушида мусулмонларнинг мушриклардан ғолиб келгани яҳудийларга ёқмади. Бу улкан ғалабага ҳасад қилдилар ва Мадинада мусулмонларнинг обрўси ортиб, ўзларининг обрўлари пасайишидан қўрқдилар. Бану Қайнуқоъ қабиласи Набий алайҳиссаломга қарши уюштираётган фитна ҳақида хабар келди. Ул зот яҳудийларга аҳдномани эслатдилар ва оқибати ёмон бўлишини таъкидладилар. Улар қўполлик билан танқид аралаш жавоб бердилар: «Эй Муҳаммад! Бизни ўз қавминг деб ўйлаяпсанми?! Урушни билмайдиган қавм устидан қозонган ғалабангдан кеккайма! Аллоҳга қасамки, биз сенга қарши урушсак, кимлигимизни кўрсатиб қўямиз!» – дейишди.

Бану Қайнуқоъ қабиласи турли фитналарни қўзғай бошлади. Бозорда бир муслима аёлни ҳақорат қилганларидан сўнг, улар билан мусулмонлар ўртасида уруш бошланди.

Набий алайҳиссалом уларни бир муддат қамал қилиб турдилар. Охири Қайнуқоъ аҳли ўзлари билан молу мулкларини олиб, қурол-аслаҳаларини қолдириб, Мадинаи Мунавварадан Шомга кўчиб кетадиган бўлишди.

Демак, биз кўриб ўтган ояти каримада Бану Назир аҳли ҳам хиёнат, исён туфайли худди улардан аввал Бану Қайнуқоъ аҳли тушган ҳолатга тушганлари эслатилмоқда.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

 

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Қози Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Отам вафот этганида мен ёш бола эдим. Онам мени газлама оқловчига олиб бориб топширди. Мен Абу Ҳанифанинг дарс ҳалқалари олдидан ўтиб кетаётиб, у ерда тўхтаб дарс эшитиб ўтирардим. Ортимдан онам келиб, қўлимдан тутиб, дарс ҳалқасидан олиб, газлама оқловчининг олдига элтиб қўяр эди. Мен эса онамнинг хоҳишига хилоф ўлароқ Абу Ҳанифанинг дарсига борар эдим.

Иш шундай давом этавергач, онам Абу Ҳанифага: «Бу бола етим бўлиб, фақатгина менинг урчуғим (ип йигирадиган чарх) орқасидан едирадиган нарсамдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Сиз эса бу болани айнитдингиз», деди.
Шунда Абу Ҳанифа: «Қулоқ солинг, ўйламасдан гапирманг, ҳали бу бола шундай илм оладики, ферузадан бўлган ликопчада хандон писта ёғидан қилинган фалузаж, яъни ун, сув, асал ва бошқа унсурларни қўшиб тайёрланадиган юмшоқ ширинликни ейди», деди.

Онам: «Сиз ақлдан озган қария экансиз», деди.
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: «Мен қози бўлиб ишлаётганимда бир куни халифа Ҳорун ар-Рошиднинг ҳузурида эдим. Шу пайт ферузадан бўлган ликопчада фалузаж олиб келинди. Шунда у менга: «Бундан енг, бу нарса биз учун ҳамма вақт ҳам тайёрланавермайди», деди.

Мен: «Бу нима экан, эй мўминларнинг амири?», деб сўрадим.
У: «Бу фалузаж», деди.
Мен жилмайиб қўйдим.
У: «Нима учун куляпсиз?», деди.
Мен: «Шунчаки кулдим, Аллоҳ мўминларнинг амирининг умрини узоқ қилсин!», дедим.
У киши эса: «Кулишингиз сабабини айтинг», деди.
Мен мазкур воқеани айтиб бердим.
Шунда у: «Илм дунё ва охиратда манфаат беради ва юқори мартабага кўтаради. Аллоҳ Абу Ҳанифани раҳматига олсин! Дарҳақиқат у кўз билан кўра олмайдиган нарсаларни ақл кўзи билан кўрар эди», деди».

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ «У шогирдларимнинг ичида энг билимдони», деб айтар эдилар. (Ал-Бидоя ван-ниҳоя)

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги 345-сонли «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.


Мазкур қарор асосида эндиликда мамлакатимизда хусусий сектор томонидан «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш имконияти яратилмоқда.


Унга кўра, туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг «Умра» хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилмоқда:
100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўяди;


«Умра» хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлайди;


«Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлишини таъминлайди;


«Умра» хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш таъқиқланади;
«Умра» хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширади.


2023 йил 1 октябрдан «Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Баҳолаш тизими Туризм қўмитасининг махсус сайтида эълон қилиб борилмоқда.


Эслатиб ўтамиз, қарорда белгиланган қўшимча лицензия талаб ва шартлари 2023 йил 1 ноябрдан қўлланилади.


Шу ўринда, муҳим бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим: 
Мазкур қарор асосида эндиликда фақат «Умра лицензиясига эга» бўлган мамлакатимизда фаолият юритаётган туристик ташкилот «Умра» тадбирларини ташкил этади.


Умра фаолиятини 1 ноябрдан сўнг ташкил қилишни реклама қилаётган ҳар қандай «турфирма»нинг лицензияси мавжудлигини суриштириб олишингизни тавсия қиламиз!
Ноқонуний «турфирма»  ёки «турагент»лардан огоҳ бўлинг!


Эслатиб ўтамиз! Туристик ташкилотлар томонидан «Умра» тадбирлари юқоридаги қарор ижросини қатъий таъминланган ҳолда ташкил этилади.

Аллоҳ таоло тақводорларга ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни ажратадиган, ҳидоят ва нур бериб қўяди. Улар ана ўша тўғри йўлдан юради. Шу боис уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Бу катта бахтдир.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (“Ҳашр” сураси, 18-оят). Ушбу ояти каримада бандаларни тақво қилишга буюрилмоқда.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур” (Талоқ сураси, 2-3 оят). Ким тақво ила Ҳақ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, икки дунё саодатига мушарраф бўлади.

Аллоҳ таоло тақводорларнинг мушкулини осон қилиш билан бирга, унга ўзи ўйламаган томондан ризқ етказади.

Аллоҳга тақво қилиш олий даражаларга етиштиради. Тақвога ҳусни хулқ қўшилса, янада улуғ иш бўлади. Зотан, улар бир-бирига чамбарчас боғланган.
Абу Зарр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил”, дедилар” (Имом Термизий ривояти). Мазкур ҳадиси шариф мўмин киши тутиши лозим бўлган учта улкан ишнинг биринчиси ўлароқ тақвони зикр қилмокда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсонларни энг кўп жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўрашди. У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни ҳулқ”, дедилар (Имом Термизий ривояти)

Аллоҳ таоло тақводор бандаларини таърифлаб бундай марҳамат қилади: “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Набийларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўл ўғилларига (кўчада қолганларга), тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” (“Бақара” сураси, 177-оят).

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтди: “Кундузларини рўза тутиб, кечаларини намоз ўқиб ўтказиб, бошқа пайт гуноҳни ҳам содир этиш Аллоҳга тақво қилиш эмас. Ҳақиқий тақво Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк этиш, У Зот буюрган нарсани бажаришдир. Ким булардан ташқари яна бирор яхшиликка эришса, бу яхшилик устига яхшилик ҳисобланади” дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий тақво соҳиби бўлиб яшашимиз ва охиратда Ўзининг жамолини кўриш бахти билан мукофатласин!

“Вақф” хайрия жамоат фонди
Сурхондарё вилояти филиали раҳбари
Абдусалом домла Фатуллаев
тайёрлади

mardi, 24 octobre 2023 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳридаги “Мунаввар қори” жоме масжиди имом ноиби Баҳодир қорининг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан марҳума онахоннинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Баҳодир қори домлага ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Page 64 sur 301
Top