Фиқҳ

Уламолар мазҳаббошимиз ҳақида

Мазҳабимизни ўрганамиз

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби имомларидан энг улуғи, Ислом миллатининг фақиҳи Имом Абу Ҳанифа ҳижратнинг саксонинчи йили Ироқнинг Куфа шаҳрида туғилганлар. Бир неча саҳоба билан суҳбатдош бўлганлари, хусусан, Анас ибн Моликни (розийаллоҳу анҳу) ва яна етти-саккиз нафар саҳобани кўрганлари ривоят қилинади. Имоми Аъзам улуғ чашмалардан – Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўрган кишилардан баҳра олган зотдирлар. Ривоятларда яна Абу Ҳанифа тобеинлардан тўрт минг кишидан дарс олганлари ва шунча саноқдаги одам у кишидан дарс олиб, олим бўлиб етишгани айтилади. Шунинг учун у зотни барча тан олади, уламою фузало “Имоми Аъзам”, яъни, “Улуғ имом” дея, ўзларидан устун ва илгари қўяди. 

Замондошларидан Яҳё ибн Маъин бундай гувоҳлик беради: “Абу Ҳанифа ниҳоятда ишончли эдилар, қайси ҳадисни тўла ёд билсалар, ўша ҳадисни айтар, тўла ёд билмаган ҳадисни ривоят қилмас эдилар”.

Бундай сифат кам учрайди. Яъни, Абу Ҳанифа фақат ҳадисдан бир ҳарф бўлса-да ё нари, ё бери бўлишини кўтаролмас, ҳадис мазмунини тўлиқ билсалар-да, етказишда бирор сўз алмашиб қолишидан ҳавотирда уни ривоят қилишга ботинмас эдилар. Бу баҳо у зотнинг замондошлари томонидан берилган. Мана, орадан минг йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бугун у кишини яхши танимаганлардан: “Имом Абу Ҳанифа кам ҳадис ривоят қилган”, деган гаплар ҳам чиқиб қолади. Бу каби баёнотлар, албатта, билимсизлигимиз оқибати. Аслида Имоми Аъзам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ҳадисларини худди Қуръон оятлари каби аниқ ёд билган кишигина тилга чиқариши мумкин, деган талабчанлик билан ёндашганларидан, кўп ҳадис билсалар-да, уларни ривоят қилмаганлар.

Демак, тарихда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини етказишда ишончли саналган бир неча киши бўлиб, шулардан бири Имом Абу Ҳанифа эканлар. Бу жуда катта мартабадир.

Шофиъий мазҳаби асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган эдилар: «Моликдан[1] “Абу Ҳанифани кўрганмисиз?” деб сўралди. У киши: “Ҳа, кўрганман. Мен шундай одамни кўрдим, агар у мана шу рўпарадаги устунни тилла экан деб айтса, албатта, шунинг тилла эканига ҳужжат келтирар эди”, деб жавоб берди».

Эътибор қилинг: бошқа мазҳаб етакчиси Абу Ҳанифа қандай одам бўлганига учинчи мазҳаб эгасининг сўзларини далил келтирмоқда. Бу ҳол уларнинг эътирофлари қанчалик кўламли ва самимий эканини кўрсатади.

Фақиҳ Абу Абдуллоҳ Ғомярий бундай дейди: “Абу Ҳанифа қозиликка буюрилди. Хато ҳукм чиқариб қўйиб, Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлиб қоламан, деган хавфда бу ишдан бош тортдилар. Қайта-қайта таклиф бўлди, қабул қилмадилар. Оқибат, қозилик мансабини олмаганлари учун ўн дарра урилдилар, сўнг зиндонга ташланиб, ҳибсда дунёдан ўтдилар”.

Қаранг, Имоми Аъзам жиноят учун эмас, адолатсизликка сабабчи бўлиб қолмаслик ташвишида обрўли мансабни эгаллашдан бош тортганлари туфайли зиндонда вафот қилдилар. Тақво шу қадар эди! Демак, у киши гаплари роса далилланмаса, аниқ ояти каримадан, саҳиҳ ҳадислардан, суннатдан, саҳобалардан ҳужжатлари бўлмаса, гапирмаганлар. У кишининг мазҳабидаги ҳар бир масала шу даражада ишончлидир.

Абу Ҳанифанинг шогирдлари, Ислом оламида тан олинган улуғ зот Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Молик фақиҳроқми ёки Абу Ҳанифами?” деб сўралди. Шунда у киши: “Абу Ҳанифа”, деб жавоб бердилар.

Истилоҳда “фиқҳ” сўзининг маъноси – динни англаш, оят, ҳадиснинг тагига етиш, умуман, Ислом динининг мағзини тушунишдир. Билиш – “илм”, тагига етиб, бутун чуқурлиги билан моҳиятни англаш “фиқҳ” дейилади. Дунёда фиқҳ дарсини бошлаб берган зот Имоми Аъзамдирлар. Яъни, оят ва ҳадисларнинг лафзигагина асосланиб ҳукм чиқармасдан, айтилаётган гапнинг қачон ва қай ҳолатда, нима учун айтилаётганини ўрганиб, шу гап бошқа ўринда ҳам айтилганми ёки йўқми – ҳаммасини солиштириб, барча вазиятларни ҳисобга олган ҳолда “Бундан шу маъно чиқади”, деб англаб-англатиш Абу Ҳанифа тамал қўйган ишдир. Буни бутун дунё тан олади. Шу маънода, ким фақиҳроқ экани тўғрисидаги саволга Ибн Муборакнинг олимлар шаҳри бўлмиш Мадинаи мунавваранинг энг пешқадам олими Имом Моликдан ҳам Абу Ҳанифани фақиҳроқ деб жавоб беришлари бежиз эмас.

Ҳарибий айтади: “Абу Ҳанифага икки хил одам тош отади: ё ҳасадгўй, ё жоҳил...”

Замондошлари орасида Имоми Аъзамга кимдир тош отган бўлса, бу фақат ҳасаддан бўлган. Кейинги даврларда, жумладан, бизнинг замонимизда у зотни камситадиган одамлар фақат нодонлиги, жоҳиллиги учун, Абу Ҳанифа кимлигини, умуман, динни билмагани учун бу ишни қилади. Шу икки тоифадан бошқаси у кишига тил теккизмайди. Аксинча, унга ҳамма раҳмат айтади, эргашади, барча у зотни тан олади.

Улуғ олимлардан Яҳё ибн Саид Қаттан дейди: “Аллоҳни, Унинг динини ҳақ деб биламиз, Аллоҳ номи билан айтаман: биз Абу Ҳанифанинг фикридан чиройлироқ фикрни эшитган эмасмиз. Абу Ҳанифа бир масала ҳақида фикр айтса, энг тўғри, энг гўзал фикр шу кишиники бўларди. Бошқа олимлар у кишининг даражасига етолмасди. Шунинг учун биз у кишининг фикрларини олганмиз”.

“Агар Имом Абу Ҳанифанинг илмини унга замондош ҳамма олимлар илми билан тарозига солинса, Абу Ҳанифанинг илми оғир келар эди”, дейди Али ибн Осим.

У кишига замондош олимлар бизнинг замонамиздаги ёки бундан беш юз йил олдинги олимлар эмас, балки саҳобаларни кўрган олимлар эдилар. Қаранг, шуларнинг ҳаммасининг билими қўшилиб, тарозининг бир палласига, Абу Ҳанифанинг илмлари иккинчи паллага қўйилса, Имоми Аъзам ҳазратларининг илмлари оғирлик қиларкан.

Ислом оламида тан олинган олимларнинг буюк имомимиз ҳақидаги бу эътирофларини беҳуда келтирмаяпмиз. Қандай улуғ устозга эргашаётганимизни, имомимиз, мазҳабимиз раҳбари Қуръону ҳадисни, Ислом динини бизга бу даражада мукаммал етказган инсон эканини шояд яхшироқ танисак, жоҳил бўлиб қолишдан сақлансак, озгина бўлса ҳам кўзимиз очилса ва алал-оқибат, яхшиликлар қадрига ҳам етсак.

Етук олимлардан бири Ҳафс ибн Файёз диққатга сазовор бундай фикрни айтади: “Абу Ҳанифанинг фиқҳ ҳақидаги гапи шеърдан нафисроқ”.

Бир қарашда оддий туюлган бу сўзларни биз бежизга диққатга сазовор демадик. Назм жуда инжа сўзлар билан ифода этилиши ва шу тарздаги гўзал иборалар тўпламидан шеър туғилиши маълум. Абу Ҳанифа фиқҳ – масала ҳақида гапирар эканлар, худди илҳом билан шеър оқиб келганидек, балки ундан ҳам нозикроқ, ундан ҳам чиройлироқ қилиб етказардилар. Шунинг учун Абу Ҳанифани фақат жоҳил одамгина айблайди, ақли бор одам у кишини танийди ва албатта эътироф этади.

Тобеинлар улуғи, муҳаддис олим Аъмашдан бир масала ҳақида сўралди. Шунда у зот: “Бу масалага энг яхши жавобни ипакфуруш (у кишининг шундай касблари бўлиб, ипак дўконлари ҳам бор эди) Нўъмон ибн Собит беради. Менинг ўйимча, Аллоҳ Нўъмон ибн Собитга илмда барака берган”, деган эдилар. Ислом оламида энг тан олинган инсонлардан бири “Бу масалани мендан сўрама, мен билмайман, жавоб қилишга ҳаққим йўқ. Бу масалага энг чиройли жавоб айтадиган Абу Ҳанифадир”, деяптилар!

Имом Шофиъийнинг машҳур сўзлари бор: “Фиқҳда барча олимлар Абу Ҳанифанинг оила аҳлидир. У зотга тенг келиб масала айта оладиган киши йўқ”.

Яна бир олим, Абу Ҳанифанинг афзаллигини исботлашга ҳожат йўқ, дея: “Ким кундузнинг кундуз эканига бир далил топиб бер, дейдиган бўлса, у ҳолда одамларнинг зеҳнида тўғри нарсанинг ўзи йўқ экан-да?!” деган мазмундаги шеърни келтирган экан.

Ажабо! Кундуз пайти, ёруғда туриб, кундузнинг кундуз эканига ҳужжат талаб қилиш қандай бўлади? Абу Ҳанифанинг қандай олим эканига ҳужжат айт, дейиш ҳам худди шундай иш. У кишининг олимлиги кундузнинг ёруғлиги каби очиқ-ойдин. Агар одамлар у зотнинг олимлигини тан олмасалар, унда улар ҳеч нарсани тўғри деб билмас эканлар-да, демоқчи олим.

Замондошлари ва улардан кейин келган уламолар – дунё тан олган шахслар Имоми Аъзамни мана шу даражада таърифлайдилар.

Имом Абу Ҳанифа ҳижратнинг юз эллигинчи йили, етмиш ёшларида дунёдан ўтдилар. Қабрлари Бағдод шаҳрида.

Алоуддин МАНСУР 

 

 

[1] Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ – моликия мазҳаби асосчиси, Имом Абу Ҳанифадан ёшроқ, Шофиъийдан каттароқдирлар. Шофиъий Имом Абу Ҳанифа вафот қилган йили туғилганлар.

 

Read 7920 times
Top