muslim.uz
Дангасалик хайр-баракани кетказади
Дангасалик лоқайдлик, эътиборсизликнинг сабабчисидир. Афсус, бугунги кунда одамлар орасида енгил-елпи ҳаётга мойиллик кучаймоқда.
Танбалликни келтириб чиқарадиган омиллардан бири ожизликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқдир ва Аллоҳга маҳбуброқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз ожизланмагин!” (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом мўминларни фойда ва манфаат келтирадиган ишларда Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда ғайратли ва пешқадам бўлишга чақирганлар, ожизланиш ва иккиланиш, журъатсизликдан қайтарганлар.
Кўп уйқу, кўп ейиш ҳам ялқовлик сабабчиси ҳисобланади. Чунки кўп ухлайдиган одамнинг баданлари бўшашиб, камҳаракат бўлиб қолади, ғафлат ва роҳатга берилади. Вақтини зое кетказиб, кўплаб фойдали ишларни ўтказиб юборади. Ибн Қайюм айтади: “Кўп ухлаш қалбни ўлдиради, жасадни ишдан чиқаради, вақтни зое қилади ҳамда ғафлат билан дангасаликни чақиради” (Мадорижус соликин).
Умр хайрли амалларни бажариш имконидир. Унинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланган ҳолда, яқинларимизга ва бегоналарга яхшиликлар қилсак, савобли ишларга ҳарисманд бўлсак, дунёмиз ва охиратимизга манфаатли бўлган амаллар соҳибига айланамиз.
Толибжон СУЯРОВ,
“Мулло Абдужалил Куҳий”
масжиди имом-хатиби