muslim.uz
Саудия Арабистони инвeсторлари ва сайёҳлари учун янги имкониятлар
Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги (Жидда шаҳри) Бош Консуллиги Жидда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистоннинг инвестиция ва туризм салоҳияти” мавзусида брифинг ўтказди.
Брифингга Ислом ҳамкорлик ташкилотининг масъул ходимлари, саудиялик йирик ишбилармонлар, туристик фирмалар, журналистлар таклиф этилди.
Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, жорий йилнинг октябрь ойида очилиши кутилаётган “Тошкент – Жидда – Тошкент” авиарейси ҳақидаги маълумот йиғилганлар учун муҳим янгилик бўлди.
Хорижлик ишбилармонлар ўз сармояларини эркин иқтисодий, индустриал ва туристик зоналар, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, энергетика, қурилиш, фармацевтика, туризм, оғир ва енгил саноат соҳаларидаги мавжуд истиқболли лойиҳаларга йўналтириб, эркин фаолият юритиши қайд этилди.
“Шош Cонтаcт Травел” фирмаси вакили А.Қориев Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида маълумот берди.
Меҳмонлар “Хуш келибсиз, Ўзбекистонга!” ва “Ўзбек таомлари” деб номланган видеороликларни томоша қилди, ўзбек миллий таомларидан татиб кўрди.
манба: ЎзА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Қайнона-келин аҳил бўлса
Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсон зотини ҳам жуфт қилиб яратди. Шу жуфтлик орқали одамлар ҳалол йўл билан оила қуриб, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, инсон сулоласининг давом этишини таъминлайди.
Аллоҳ таоло эрлар ва хотинлар ўзаро муроса ва тотувлик билан яшаши учун улар ўртасида иноқлик ва муҳаббат туй¬ғуларини ҳам пайдо қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Унинг аломатларидан (бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун ибрат-аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эр ва хотин, қайнона ва келин ўзларининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этишлари лозим. Зеро, оила фақат эр-хотиндангина иборат эмас, уларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам шу оиланинг аъзолари саналади.
Шариатимизда қайнота ва қайнона куёв ёки келинга нисбатан қандай мақомда туриши ҳам баён этилган. Қайнота келинга ўз отасидек абадий маҳрам, қайнона куёвга ўз онасидек абадий маҳрам саналади. Қайнота ва қайнона куёвга ҳам, келинга ҳам ота-она ўрнида бўлади ва уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда розилигини олиши вожибдир. Улар менинг ота-онам эмас, уларнинг розилигини олишим шарт эмас, де¬йиш нодонлик ва илмсизликдир.
Келинлар қайноналарини ўз онасидек яхши кўриб, ҳурмат кўрсатиши, уларни ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиши керак. Бу эрнинг ҳам розилигига сабаб бўлади. Эрнинг розилиги эса жаннат йўлидир. Баъзи хонадонларда келинга худди хизматкордек муносабатда бўлиш ҳолатлари учрайди. Баъзи хонадонларда эса аксинча, келинлар йўқ жойдан муаммо чиқариб, катта-катта талаблар қўйиб, эрнинг топганига қаноат қилмай, эри билан қайнонасининг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирда айрим оилаларда эркак кишининг турмуш ташвишларидан ўзини четга олиб, оилани бошқаришни аёллар зиммасига ташлаб қўйгани ҳам оилалар парокандалигига олиб келмоқда. Бу айниқса, қайноталарнинг янги оила қурган фарзандлари тақдирига етарли даражада эътибор қаратмаслиги оқибатида қайноналарнинг келинига ўз ҳукмини ўтказишга интилишида яққол кўринмоқда. Оила, турмуш борасида ҳали тушунчага эга бўлмаган келинга панд-насиҳат қилиб, уни йўлга солиш ўрнига арзимаган мол-матоҳ учун рўзғор юмушларини бажаролмагани туфайли уни камситиш инсонийликка тўғри келмайдиган ҳолат.
Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон даражадаги инсон одамлар унинг ёмонлигидан сақланиш учун ташлаб кетилган кимсадир”,деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Не орзу-ҳаваслар билан оила қурган келин қайнонанинг жабру ситамига чидай олмай уйдан кетишга мажбур бўлмоқда. Ҳатто баъзилари бу ғавғоларни кўтара олмай, ўз жонига қасд қилишгача бораётган ҳолатлар учрамоқда.
Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Шундай экан, қайноналар ёш келинларидан ўтган камчилик ва хатоларни кечира билишлари ҳам олижаноблик саналиб, ёшларнинг тўғри йўлга тушишига ёрдам беради. Оилада қайноналар ёши улуғ, тажрибали бўлганлари учун ёшларга имкон бериши, билмаганларини ўргатиши, бағрикенглик қилишлари даркор. Айни пайтда келинлар ҳам хатоларини тан олиб, қайноналардан узр сўрашлари уларнинг ҳурматлари ортишига олиб келади.
Шу ўринда ҳар икки томонга тегишли бўлган бир ҳадиси шариф¬ни айтиб ўтиш ўринли бўлади.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган киши биздан эмас” (Имом Термизий ривояти). Кечиримли бўлиш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Ўзгани кечириш нафсга ёқмаса ҳам, бу катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги хотиржамликни таъминлайди.
Оила ҳаёти ҳеч қачон бир текис, фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Баъзида қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши йўлида ўзларининг ҳою ҳавасларидан воз кечишларига ҳам тўғри келади. Қачонки, эр-хотин биргалашиб, оила тотувлиги йўлида курашсагина қийинчиликларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлигига эришади.
Аллоҳ таоло жамиятимиздаги барча оилаларни бахтли ва мустаҳкам қилсин!
Комилжон ШОДМОНОВ,
“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби.
ЎМИ Матбуот хизмати
Замонамизнинг етук муҳаддис олими Ўзбекистонга ташриф буюрди
Муҳаддис олимлардан бири Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ юртимизга ташриф буюрди. Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ – аллома, муҳаққиқ, муҳаддис шайх Муҳаммад ибн Муҳаммад Аввома 1940 йил 1 январда Суриянинг Ҳалаб шаҳрида туғилган.
Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ҳазратларидан таълим олган. 1957 йилдан эса, аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳимаҳуллоҳдан ҳам дарс ола бошлаган.
Ушбу икки улуғ алломалар Муҳаммад Аввоманинг асосий устозлари бўлиб, у ушбу икки зотнинг хос ва энг илғор шогирдига айланган.
ЎМИ матбуот хизмати
Ҳалол касб – гуноҳга каффорат
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракат каффорат бўлади”, деб ўгит берганлар (Табароний ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шундай замон келадики, одамлар ўзи топган молу-дунёсини ҳалол йўл билан топдими ёки ҳаром йўл билан топдими иши бўлмай қолади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Буюк аллома Абу Лайс Самарқандий дедилар: “Ким касбининг ҳалол бўлишини хоҳласа беш нарсани маҳкам тутсин:
касби сабабли Аллоҳнинг бирорта фарзини ортга сурмасин ва уларда нуқсонга йўл қўймасин;
касби сабабли Аллоҳнинг махлуқотларига озор бермасин;
касбидан мол жамлашни эмас, балки ўзи ва аҳли-аёлининг иффатини сақлашни ният қилсин;
касб қиламан деб ўзини ортиқча қийнамасин;
ризқ Аллоҳдан деб билсин, касбдан эмас, касб – сабаб, холос. Касб қилувчи ҳар бир мусулмонга ҳалол касб қилиш илмини ўрганиш вожибдир”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).
Ойбек МАЪРУПОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Ёмон одат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръоний ахлоқ соҳиби, ҳалим-мулойим, айни вақтда виқор-салобатли, исломга ёт бўлган хатти-ҳаракатларни кўрганда, арслондек ҳайбатли, муросасиз эдилар.
Одоб дастурини бузганларга муносабати сўзимизнинг далили бўла олади.
Беодоблик Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғашига нечоғлик текканини қуйидаги мисолларда кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Саъд ривояти: “Бир киши тўсиқдан бўйнини ошириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига қаради. Шу пайт у зот қўлларида тароқ ушлаб турган эдилар, уни кўриб: Агар қараб турганингни билганимда, мана шу тароқ билан кўзингни ўйиб олган бўлар эдим. Зеро, изн сўраш қараш учун тайин қилингандир!” дедилар.
Анас ибн Молик ривояти: “Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларидан бирининг ичарисига қаради. Мен жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларидан туриб, қўлларидаги шамшир учини унинг кўзига тиқмоқчи бўлгандек ҳаракат қилганларини ҳозир ҳам кўриб тургандекман”. Бошқаларга тегишли ерга ва хавфли ҳудудига берухсат кириш, девор орқасида эшик ва дераза ташқарисида туриб уйдагиларнинг гап-сўзини тинглаш каби одатлар мўминнинг феъли эмас ва одоб доирасига сиғмас.
Бекобод тумани Улуғбек жоме масжиди
имом-хатиби Ҳ. Холбоев