Мақолалар

Қайнона-келин аҳил бўлса

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсон зотини ҳам жуфт қилиб яратди. Шу жуфтлик орқали одамлар ҳалол йўл билан оила қуриб, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, инсон сулоласининг давом этишини таъминлайди.
Аллоҳ таоло эрлар ва хотинлар ўзаро муроса ва тотувлик билан яшаши учун улар ўртасида иноқлик ва муҳаббат туй¬ғуларини ҳам пайдо қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Унинг аломатларидан (бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун ибрат-аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эр ва хотин, қайнона ва келин ўзларининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этишлари лозим. Зеро, оила фақат эр-хотиндангина иборат эмас, уларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам шу оиланинг аъзолари саналади.
Шариатимизда қайнота ва қайнона куёв ёки келинга нисбатан қандай мақомда туриши ҳам баён этилган. Қайнота келинга ўз отасидек абадий маҳрам, қайнона куёвга ўз онасидек абадий маҳрам саналади. Қайнота ва қайнона куёвга ҳам, келинга ҳам ота-она ўрнида бўлади ва уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда розилигини олиши вожибдир. Улар менинг ота-онам эмас, уларнинг розилигини олишим шарт эмас, де¬йиш нодонлик ва илмсизликдир.
Келинлар қайноналарини ўз онасидек яхши кўриб, ҳурмат кўрсатиши, уларни ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиши керак. Бу эрнинг ҳам розилигига сабаб бўлади. Эрнинг розилиги эса жаннат йўлидир. Баъзи хонадонларда келинга худди хизматкордек муносабатда бўлиш ҳолатлари учрайди. Баъзи хонадонларда эса аксинча, келинлар йўқ жойдан муаммо чиқариб, катта-катта талаблар қўйиб, эрнинг топганига қаноат қилмай, эри билан қайнонасининг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирда айрим оилаларда эркак кишининг турмуш ташвишларидан ўзини четга олиб, оилани бошқаришни аёллар зиммасига ташлаб қўйгани ҳам оилалар парокандалигига олиб келмоқда. Бу айниқса, қайноталарнинг янги оила қурган фарзандлари тақдирига етарли даражада эътибор қаратмаслиги оқибатида қайноналарнинг келинига ўз ҳукмини ўтказишга интилишида яққол кўринмоқда. Оила, турмуш борасида ҳали тушунчага эга бўлмаган келинга панд-насиҳат қилиб, уни йўлга солиш ўрнига арзимаган мол-матоҳ учун рўзғор юмушларини бажаролмагани туфайли уни камситиш инсонийликка тўғри келмайдиган ҳолат.
Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон даражадаги инсон одамлар унинг ёмонлигидан сақланиш учун ташлаб кетилган кимсадир”,деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Не орзу-ҳаваслар билан оила қурган келин қайнонанинг жабру ситамига чидай олмай уйдан кетишга мажбур бўлмоқда. Ҳатто баъзилари бу ғавғоларни кўтара олмай, ўз жонига қасд қилишгача бораётган ҳолатлар учрамоқда.
Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Шундай экан, қайноналар ёш келинларидан ўтган камчилик ва хатоларни кечира билишлари ҳам олижаноблик саналиб, ёшларнинг тўғри йўлга тушишига ёрдам беради. Оилада қайноналар ёши улуғ, тажрибали бўлганлари учун ёшларга имкон бериши, билмаганларини ўргатиши, бағрикенглик қилишлари даркор. Айни пайтда келинлар ҳам хатоларини тан олиб, қайноналардан узр сўрашлари уларнинг ҳурматлари ортишига олиб келади.
Шу ўринда ҳар икки томонга тегишли бўлган бир ҳадиси шариф¬ни айтиб ўтиш ўринли бўлади.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган киши биздан эмас” (Имом Термизий ривояти). Кечиримли бўлиш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Ўзгани кечириш нафсга ёқмаса ҳам, бу катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги хотиржамликни таъминлайди.
Оила ҳаёти ҳеч қачон бир текис, фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Баъзида қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши йўлида ўзларининг ҳою ҳавасларидан воз кечишларига ҳам тўғри келади. Қачонки, эр-хотин биргалашиб, оила тотувлиги йўлида курашсагина қийинчиликларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлигига эришади.
Аллоҳ таоло жамиятимиздаги барча оилаларни бахтли ва мустаҳкам қилсин!



Комилжон ШОДМОНОВ,
“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 13728 times

Мақолалар

Top