muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов

Ўзбек халқи оғир жудоликка учради. Машҳур диний уламо, атоқли жамоат арбоби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов шу йил 15 август куни 71 ёшида вафот этди.

У.Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилди. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда Марокаш давлатининг Қаравиййин университетида таҳсил олди.

У муқаддас динимиз асосларини, араб ва форс тилларини чуқур эгаллаб, 1980-2006 йилларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий масжидида имом ноиби, имом-хатиб вазифаларида самарали фаолият олиб борди. Буюк аждодимиз Имом Бухорий абадий ором топган табаррук зиёратгоҳда олиб борилган кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларида юксак ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятларини намоён этди.

Усмонхон домла ўзини “Имом Бухорийнинг ходими” деб ҳисоблар ва бундай шарафли ном билан доимо фахрланар эди. У муҳаддислар султони бўлмиш буюк бобомизнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида юртимизда биринчилардан бўлиб “Имом Бухорий баракоти” асарини ёзган етук уламо эди.

2000-2006 йилларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби лавозимида сидқидилдан меҳнат қилиб, катта билим ва ҳаётий тажрибасини эзгу амалларга сафарбар этди.

У.Алимов 2006 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди. Ўтган давр мобайнида у республикамизда ижтимоий-маънавий, диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш, динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини асраш ва кенг тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш ишига беқиёс ҳисса қўшди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сўнгги йилларда амалга оширилган диний соҳадаги ислоҳотлар, хусусан, янги мадраса ва масжидларнинг очилиши, Қуръон ўқитиш курсларининг ташкил қилиниши, Қуръони каримнинг араб ва ўзбек тилларида чоп этилиши, идора қошида ахборот марказининг ташкил этилиши, “Вақф” хайрия жамоат фондининг фаолиятини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари ва хорижий ҳамкорлар билан муносабатларнинг мустаҳкамланиши каби хайрли ишларда муфтий ҳазратнинг хизматлари катта бўлди.

Усмонхон Алимов юртимиз мусулмонларининг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлиш билан бирга, нафақат Марказий Осиёда балки мусулмон дунёсида юксак обрў-эътибор қозонган улкан илм ва маърифат соҳиби сифатида эътироф этилган зот эди.

У 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланди. Сўнгги йилларда Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади.

У.Алимов исломнинг барча илмлари соҳасида тан олинган беназир олим эди. Унга Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий доктори унвони берилган эди. Муфтий ҳазратнинг қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” асари Қуръони карим маъноларини она тилимизда маҳорат билан акс эттирган муҳташам китобдир.

Олимнинг “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби ўнлаб китоблари, юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалари эл-юртимиз ўртасида маълум ва машҳур бўлди.

У.Алимов ҳамиша одамлар билан бирга, халқнинг дарду қувончига шерик бўлиб яшади. Аҳолининг маърифий саводхонлигини ошириш мақсадида “Сўраган эдингиз” деган махсус рукн ташкил қилиб, жамоатчиликни қизиқтирган кўплаб баҳсли масалаларга йиллар давомида жавоб ва ечим топиб берди.

У.Алимов давлатимиз ва халқимиз олдидаги унутилмас хизматлари, жамиятимизда бағрикенглик ва динлараро тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига қўшган муносиб ҳиссаси учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган эди.

Халқимизнинг ажойиб фарзанди, машҳур уламо, атоқли жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Усмонхон Алимовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

 

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Ш.Миноваров, С.Турдиев, С.Тошбоев

2021 йил 15 август куни юртимиз аҳли улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки минтақадаги мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, фазилатли уламо, моҳир муфассир, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.

Барчамиз учун қадрли, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари 1950 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги зиёли оилада таваллуд топганлар. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда эса Марокаш давлатининг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олганлар.

Муфтий ҳазрат бутун умрлари давомида Ислом дини маърифатини тарқатиш билан шуғулландилар. У киши Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом ноиби, 1987-2006 йилларда эса имом-хатиби вазифасида   фаолият юритдилар. Шу билан бирга, 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимида ишлаганлар.

Устозимиз Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари 2006 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланиб, 15 йилдан зиёд вақт давомида муфтий лавозимида самарали фаолият олиб бордилар.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсидаги обрў-эътиборли уламолардан бири эдилар. Ҳазрат 2012 йилда Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланган эдилар.

Ислом дини маърифатини тарқатиш ва ўзаро ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Россия Федерациясининг Свердловск вилояти мусулмонлари идораси томонидан “Кумуш ярим ой” медали билан тақдирланганлар.

Марҳум Усмонхон Алимов ҳазратлари Марказий Осиё мусулмонлари маънавий тараққиётига кўп йиллар хизмат қилганлари, тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқликлари, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган урф-одатларни тиклаш ва асраб-авайлашга қўшган ҳиссалари учун Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали «Ынтымоқ» медали («Иттифоқ») билан тақдирланганлар.

Мағфур Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро эътибор ва эҳтиром сабаб Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалладилар. У киши ўтган 11 йилдан буён ушбу рўйхатдан мустаҳкам жой олганлар.

Фазилатли Усмонхон Алимов ҳазратларининг бир неча ўнлаб диний-маърифий асарлари ва юзлаб илмий-ижодий мақолаларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Халқаро ислом академияси фахрий доктори унвони берилган эди. Шунингдек, 2021 йилда Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъати раиси этиб сайланган эдилар.

2006, 2011 ва 2016 йилларда тегишлилигича Мустақилликнинг 15, 20 ва 25 йиллигига бағишланган эсдалик нишонлари билан тақдирланганлар. Шунингдек, 2021 йил 19 апрелдаги Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши қарори асосида Биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан ҳам тақдирланган эдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 1 январь кунги Фармонига асосан тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқлиги, ёш авлодни миллий ва умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшганлари, узоқ йиллардан буён Ислом динининг инсонпарварлик, олийжаноблик ғояларини кенг тарғиб қилганлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган эдилар.

Муфтий ҳазратлари юртимиздаги масжидлар фаолияти ва мадрасалари диний таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, ўқув режалари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш ишларига бевосита бошчилик қилдилар. Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларда илмий асосланган мазмунли маърузалари билан мунтазам иштирок этдилар.

Муфтий ҳазратлари юртимизда чоп этиладиган диний мавзудаги газета-журналлар таҳрир ҳайъатларининг аъзоси, нашр этилаётган диний китобларнинг масъул муҳаррири сифатида ҳам ислом маърифати тарғиботига катта ҳисса қўшдилар. Ҳазрат ўттиздан зиёд китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалар таълиф этганлар. Бугунги кунга қадар у кишининг “Тафсири Ирфон”, “Долзарб саволларга ҳақзарб жавоблар”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти”, “IX-X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Сўраган эдингиз”, “Ислом маърифати йўлида” “Ҳаётбахш маънавий мерос”, “Бухорий бобом” каби асарлари мухлислар кўнглидан муносиб жой олган.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилига таржимаси ва тафсири муаллифларидан бири эдилар. Қуръони карим оятлари маъноларини таржима ва тафсир қилиш иши жуда ҳам машаққатли, масъулиятли ва айни вақтда шарафли вазифадир. Шу маънода, халқимизнинг Қуръони каримга бўлган эҳтиёжини таъминлаш йўлида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан Қуръони каримнинг маънолари таржимаси ва тафсири китоби таълиф этилган “Тафсири Ирфон” китобида Қуръони карим оятлари бугунги воқелигимизга мослаб, халқчил тилда, айни чоғда, юксак илмий маҳорат билан таржима ва тафсир этилган.

Ислом динининг эзгу таълимотларини барчага гўзал шаклда етказиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай ифода этади:

“Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад, 7).

Ислом дини йўлида соч-соқоли оқарган мўйсафид одамлар ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَنْ شَابَ شَيْبَةً فِي الْإِسْلَامِ كَانَتْ لَهُ نُورًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ

“Ислом йўлида кимнинг сочига оқ тушган бўлса, Қиёмат куни унга нур бўлади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Демак, дин таълимотини яхши тушунадиган бўлиш инсон учун катта бахт-саодатдир. Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларига ана шундай яхшиликни ирода этган бўлсин.

Ислом дини равнақига салмоқли ҳисса қўшган, довруғи нафақат Ўзбекистон балки қўшни ва хориж мамлакатларида ҳам маълум бўлган раҳматли Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратларининг серқирра фаолиятлари барчамизнинг фахру ифтихоримиздир.

Юқорида қайд этганларимиз ва муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратларининг ярим асрга тенг – эллик йиллик дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат этганлари ҳақида қайғули хабар берган эдик.
Муфтий ҳазратларининг жаноза намозлари ва таъзия маросимлари 2021 йил 16 август, душанба куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани Орлот қишлоғи “Эшони Темирхон Тўра” (аввалги “Орлот” масжиди) жоме масжидида адо этилади.
Жаноза намози вақтини қўшимча хабар қиламиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларига кириш РУХСАТНОМАСИни Диний идоранинг qabul.muslim.uz сайти ва @qabulmuslimuz_bot ёки @qabulmuslimuz2_bot телеграм ботлари орқали юклаб олишлари мумкин. Бунинг учун абитуриент паспорт серияси ва рақамини тегишли жойга ёзади ва рухсатномани олади.
Мадрасаларга Абитуриентлар тест синовларига шахсини тасдиқловчи паспорти ва рухсатнома билан келишлари талаб этилади. Мазкур ҳужжатлардан бири бўлмаган тақдирда, абитуриент тест синовларига киритилмайди.
Қабул имтиҳонларига оид энг сўнгги маълумотларни диний идоранинг https://t.me/muslimuzportal телеграм канали орқали хабардор бўлиб боринг!
Эслатма: Имтиҳон рухсатномасини олиш учун qabul.muslim.uz сайтидаги "Ariza holatini tekshirish" банди орқали аризангиз ойнасига киришингиз ҳамда "Imtihon ruxsatnomasini yuklab olish" тугмаси орқали юклаб олишингиз мумкин.
@qabulmuslimuz_bot ёки @qabulmuslimuz2_bot телеграм ботлари орқали эса паспорт серияси ва рақами ёзилади ва юклаб олинади

dimanche, 15 août 2021 00:00

ОҒИР ЖУДОЛИК

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари оғир хасталикдан сўнг вафот этдилар.

Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларини Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло ҳазратимизнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларининг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан муфтий Усмонхон Алимовнинг оила аъзолари, фарзандлари, сафдошлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top