muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳга беадад шукрки, юртимиз масжидлари кундан-кунга обод бўлмоқда. Уларнинг кўпи замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Халқимиз бундай масжидларда ибодатларини адо этаётганларидан мамнун. Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга улкан эътибор натижасидир.

Ана шундай бунёдкорлик ишларининг узвий давоми сифатида Амударё тумани “Қипчоқ ШФЙ” ҳудудида “Ҳожи эшон” масжидининг янги биносини шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига мувофиқ қайта қуриш ишлари бошланди. Ушбу масжид Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ташаббуси билан бунёд этилмоқда.

Лойиҳага кўра, жоме намозхонлар учун ҳар томонлама қулай ва шинам бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Унинг қурилишига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган.

Масжид обод этишнинг савоби ниҳоятда улуғ. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган халқимиз она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, неъматларини янада зиёда қилиб беради.

Янги барпо этилаётган ушбу жоме масжид халқимиз учун катта туҳфа бўлади, иншоаллоҳ.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти Ахборот хизмати

vendredi, 23 juillet 2021 00:00

Такфир масаласи

Бу ибора арабча “куфр” сўзи ўзагидан олинган. Луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “каффо­рат бериш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш демакдир.

Қуръонда “куфр” сўзи бир неча ўринларда кел­ган. Бир жойда кофирликни билдирса, бошқа жойда ношукрликни ифода этади. Аллоҳ таоло киши изти­рорий ҳолатда, яъни мажбурланган пайтда “куфр” сўзини айтиб қўйса, уни азобламаслигини ҳам баён қилган. Бу борада Савбондан (розияллоҳу анҳу) Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менинг ум­матимнинг хато қилган, эсдан чиқарган ва мажбур­ланган ҳолатда қилган ишидан қалам кўтарилди”, деган машҳур ҳадис ривоят қилинади.

Имом Бухорий “Саҳиҳ”идаги бир боб “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан Исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши қилган иши­ни ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди. Шунингдек, тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди.

Мусулмонни кофир санашдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва Суннада бировларни ко­фирга чиқаришдан қайтарилади. Аллоҳ таоло бун­дай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا ضَرَبْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَتَبَيَّنُوا وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلَامَ لَسْتَ مُؤْمِنًا تَبْتَغُونَ عَرَضَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا فَعِنْدَ اللَّهِ مَغَانِمُ كَثِيرَةٌ كَذَلِكَ كُنْتُمْ مِنْ قَبْلُ فَمَنَّ اللَّهُ عَلَيْكُمْ فَتَبَيَّنُوا إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) киши­га бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутин­гиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан ха­бардордир» (Нисо, 94). Бир неча саҳобалар Мадина ташқарисига чиққанларида бир гуруҳ мушрикларга дуч келадилар. Саҳобалардан қўрқиб тарқаб кетишганда, Мирдос исмли мушрик қолиб, уларга салом беради ва Имон калимасини айтади. Шунга қарамай, уни ўлдириб, нарсаларини ўлжа қилиб келтирган Зайд (ёки Миқдод)ни Расул алайҳиссалом қаттиқ койийдилар.

Оятда мушриклар ичида ҳам пинҳона имон келтирган, лекин уни ошкор қилишга қулай фурсат топа олмай юрганлар ҳам бўлган. Мўмин эканини изҳор қилган пайтда кофирликда айбламаслик зарурлиги таъкидланмоқда.

Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Агар киши биродарига “Эй кофир”, деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади». Абу Заррдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бун­дай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир, деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”. Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, қибла аҳли бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик керак. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) қибла аҳлларидан би­рор кишини кофирга ҳукм қилмаганлар.

Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видо ҳажидаайтган ушбу гаплари буни тасдиқлайди: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳрингиз каби муҳаррамдир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга ет­казсин”.

Халифа Али (розияллоҳу анҳу) даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси такфир тушунчасини ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўллаган. Улар олдин ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) ашаддий тарафдорлари эдилар. “Сиффийн” жангидан сўнг ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, ҳазрат Алига ва Муовияга қарши баробар кураш бошлашган.

Хорижийлар қурол ишлатиш билан ўз эътиқодини ёйиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилишади. Улар мусулмонларни ўлдиришни ҳалол са­нашган. “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни ҳам куфрда айблашади. Катта гуноҳ қилган ки­шини кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Хорижийларнинг такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ҳаётига ҳам тажовуз қилинган.

Ислом уламолари хорижийларнинг катта гуноҳга оид даъволарини таҳлил этиб, уларнинг гаплари исломий тушунчалардан жуда йироқ эканини таъ­кидлашади. Ислом тарихида хорижийлар қўллаган услуб бугун ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида да­вом эттириляпти. Улар ўзларига эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблашади. 2005 йил июл ойида Оммон (Иордания) шаҳрида Ислом ола­ми етакчи уламолари қабул қилган фатвода: “Тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш жоиз эмас”, деб эълон қилинган.

Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш ҳақидаги саволга бундай жавоб беради: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг Расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим”.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Усмонова Хуршида

Шуни маълум қиламизки, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари айни кунда Москва шаҳрида ўпка ва қон томир касалликлари муолажасини ўтамоқдалар. Ҳазратнинг ҳолатлари барқарор. Зарур, барча чора-тадбирлар малакали шифокорлар томонидан амалга оширилмоқда.
Муфтий ҳазратларининг ҳақларига Аллоҳ таолодан шифои комил, тан-сиҳатлик, узоқ умр, мусулмон умматига ва халқимизга узоқ йиллар хизмат қилишларини Яратган Парвардигордан илтижо қилиб қоламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кеча, 22 июль куни юртимизнинг таниқли уламоларининг Самарқанд вилоятидаги шаҳар ва туманларига ташрифи бошланди.

Сафар давомида уламолар маънавий-маърифий учрашувлар, ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, жоме масжидларда маърифий суҳбатлар ўтказиш баробарида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ва раис маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Самарқанд шаҳридаги “Шоҳи Зинда” жоме масжиди, бўлим мудири Эрдон домла Эсонов шаҳардаги “Хўжа Абду Дарун” да пешин намозини адо этиб, бу ерга келган намозхонлар билан суҳбатлашдилар.

Суҳбат чоғида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, шукрнинг фазилати ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, бугунги кунда коронавирус пандемияси сабабли республика комиссияси томонидан белгиланган карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланди.

Ташриф доирасида маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳадялар улашилмоқда.
Маълумот учун, бугун, 23 июль куни юртимизнинг таниқли уламолари Ургут, Тайлоқ, Булунғур ва Жомбой туманларига ташриф буюришади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари доирасида 2021 йил 23 июль куни Ҳадис илми мактабида 2021-2022 ўқув йили учун “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” ва “Араб тили” фанлари бўйича ижодий имтиҳонлари бошланди. Эрта тонгдан абитурентлар, имтиҳонларда иштирок эдагидан профессор-ўқитувчилар ва мактаб жамоаси иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомидхон Ишматбеков иштирок этди.

Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов тадбирни кириш сўзи билан очиб, қабул имтиҳонларига тайёргарлик жараёнлари, имтиҳонларда абитуриентларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Музаффар Комилов, Ҳомидхон Ишматбековлар Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиш мақсад ва вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтиб, келажакда мазкур даргоҳдан буюк алломаларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом  Доримий каби алломалар етишиб чиқиши учун эзгу тилаклар билдириб ўтилди. Қабул имтиҳонларини юқори савияда ташкил этиш, имтиҳонларни шоффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш, абитуриентларнинг энг билимлиларини саралаб олиш асосий мақсад экани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита Диний таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхоновлар томонидан ижодий имтиҳон ва тест синовлари учун тайёрланган қабул метериаллари, ижодий имтиҳоларни ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Ўзбекистон тарихи” фани бўйича тест синовлари эртага 24 июль куни бўлиб ўтади. 

 

Ҳaдис илми мaктaби матбуот хизмати

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top