muslim.uz

muslim.uz

Тарихдан маълумки, буюк аждодларимиз юртимиз довруғини бутун дунёга ёйган. Ўрта асрлардан буён Ғарб мамлакатларида эл-юртимиз тарихи ва маданияти, тили ва адабиёти, бор қадимий ва бой маънавий меросимиз чуқур ўрганиб келинган.
Ватанимиз истиқлолга эришгач, жаҳон адабиётининг шоҳ асарларини ўзбек тилига таржима қилиш билан бир қаторда, бизнинг илмий, бадиий ва тарихий асарларимизни ҳам дунё тилларига, жумладан, француз тилига таржима қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бир пайтлари француз адабиётининг машҳур намуналари рус тили орқали ўзбек тилига таржима қилинган. Ўтган асрнинг сўнгги ўн йилликларига келиб француз тилидаги асарларни бевосита, яъни тўғридан-тўғри ўзбек тилига таржима қилиш бошланди.

Бироқ Виктор Гюго ва Александр Дюма каби забардаст адиблар бадиий услубларининг сайқал топишига хизмат қилган жозибадор француз тилини мукаммал даражада биладиганлар саноқли экани ҳам бор гап. Шу маънода, айни соҳани юртимизда француз таржимашунослиги мактабининг асосчиси ва дарғаларидан бири – Шоазим Миноваровсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Моҳир таржимон, ўз касбининг устаси, камтарин инсон Шоазим Миноваров 1951 йил 1 август куни Тошкент шаҳрида – жадидчилик мактабининг йирик вакили Мунавварқори Абдурашидхонов хонадонида туғилган. Дарвоқе, 2020 йилда Ўзбекистон Президенти Фармонига кўра жадидчилик ҳаракати намояндалари – Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “ Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланганда, Шоазим ака маърифатпарвар бобосининг муносиб вориси сифатида ана шу юксак давлат мукофотни қабул қилиб олган.

Ш.Миноваров 1973 йилда Ўзбекистон Миллий университети француз тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича таҳсил олиб, кўп йиллар давомида турли масъулиятли лавозимларда ишлаган. Жумладан, собиқ СССРнинг Гвинеядаги элчихонасида, Жазоирдаги бош консулхонада хизмат қилган.

Истиқлол йилларида Шоазим ака Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, Ўзбекистоннинг Мисрдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Тошкентдаги Француз альянси раиси, Ислом цивилизацияси марказининг директори лавозимларида самарали фаолият олиб борди.

Айни пайтда Ш.Миноваров Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, шу билан бирга Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти бошқарув кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Ш.Миноваров бадиий адабиёт таржимони сифатида француз адибларининг бир қатор асарларини ўзбек тилига тўғридан-тўғри таржима қилгани ҳам диққатга лойиқдир. Хусусан, Шарль Перронинг “ Она ғоз эртаклари”,“Қизил қалпоқча”, “Кулойим ёки биллур бошмоқчалар”, “Устаси фаранг ёки этик кийган мушук”, “Сеҳргарлар”, “Кокилдор Рикэ” каби эртаклари, Ле Клезионинг “ Одель. Мондо ва бошқа ҳикоятлар” асари, Франсуа Мориакнинг “Илонлар комида” романи, Чарльз Диккенс-
нинг “ Катта умидлар” романи ( инглиз ва рус тилларидан), Монтескьенинг “ Форс номалари” асари, Люсьен Кереннинг “ Буюк Темур” пьесаси, Патрик Модианонинг “ Тўй саёҳати” романи, Мопассаннинг ҳикоялари шулар сирасига киради.
Шу билан бирга Ш.Миноваров миллий маънавиятимиз бойлиги ҳисобланувчи бир қанча китобларни, жумладан, таниқли ўзбек адиби Эркин Аъзамнинг “ Алвидо, эртаклар” номли асарини, ЮНЕСКОнинг “ Темурийлар Уйғониш даври” китобини француз тилига таржима қилган. Амир Темурнинг “ Темур тузуклари” асари ўзбек, форс, рус, инглиз ва француз тилда ягона жилдда жам ҳолда Шоазим Миноваров раҳбарлигида Ислом цивилизацияси марказининг бир гуруҳ илмий ходимлари томонидан нашрга тайёрланган.

2020 йилда Шайх Абдулазиз Мансур томонидан тайёрланган “ Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” китоби нашрдан чиққан. Ушбу муборак нашрнинг таҳрир ҳайъати аъзолари ҳисобланувчи таниқли олимлар сафида Шоазим Миноваров ҳам бор. У киши адабиётшунос сифатида ҳам кўплаб китоблар чоп эттирган, мақолалари матбуотда мунтазам эълон қилинмоқда. Ҳар бир таржима қилинган асар халқларни бир-бирига яқинлаштиради, маданиятлар, маънавиятлар, тилларни бойитишга хизмат қилади. Ш. Миноваровнинг “ Чўлпон Францияда” номли мақоласида қайд этилганидек, “Таржимачилик ёзма адабиёт билан бир пайтда пайдо бўлган. Агар Ибн Сино, Беруний, Улуғбек каби олимлар Птолемей, Платон, Гиппократларнинг асарларини араб тилига ва Толедода (Испания) Ўрта асрларда фаолият кўрсатган таржимачилик мактабидагилар Шарқ олимлари асарларини лотин тилига ўгирмаганларида, инсоният кўплаб илмий-маданий бойликлардан маҳрум қилинган бўларди”.

Ҳақиқатан ҳам, олис тарихга назар солсак, Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларида халқлар, маданиятлар ва адабиётларнинг ўзаро яқинлашиши ҳамда бир-бирларидан куч-қувват олиб якдил юксалишида айнан таржимонларнинг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёс бўлганини кўрамиз. Шундай экан, Учинчи Ренессанс сари дадил одимлаётган янги Ўзбекистоннинг янада юксалиши йўлида Шоазим Минавваров каби фидойи зиёлиларимиз ҳали кўп хизмат қилишларига аминмиз.

Акмал САИДОВ,
академик
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 30 июль сонидан

Бугун Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида бўлиб, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси қошида ташкил этилган "Қуръон карим ва тажвид" ўқув курслари фаолияти ва тингловчилар учун яратилган шароитлар билан танишди ва марказ, таълим муассасаси ходимлари, "Қуръон карим ва тажвид" ўқув курси тингловчилари билан суҳбат ўтказди.

Суҳбат давомида Қуръони каримнинг фазилати, Қуръон ўқилган жойда баракотлар зиёда бўлишлиги, диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ Республикамизнинг барча вилоятларида Қуръони каримни халқимизга етказиш мақсадида "Қуръони карим ва тажвид" ўқув курслари ташкил этилаётгани ва кундан-кунга ушбу ўқув курслари учун ажратилган ўринлар сони ортиб бораётгани шу билан бир қаторда "Имом Термизий" ўрта махсус таълим муассасасига ҳам 60 та ўрин қўшиб берилгани қувончли ҳолат. Албатта бу берилган имкониятлар Аллоҳ таолонинг неъмати эканлиги, ҳар бир инсон ушбу неъматларга шукр қилиб, Аллоҳга ҳамд айтиб бу неъматларнинг қадрига етиши лозимлиги, шукрни бардавом қиладиган бўлсак Аллоҳ таоло неъматларини зиёда қилишлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Суҳбат давомида Устоз Шайх Алижон қори ушбу ўқув курслардаги таълим сифатини ошириш бўйича бир қатор амалий тавсия ва таклифлар берди. Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Ш.Умаров Шайх Алижон қорига қимматли вақтини аямасдан, узоқ йўл босиб ушбу даргоҳга ташриф буюрганликлари ва ўзларининг керакли тавсияларин берганликлари учун миннатдорчилик билдирди.

Учрашув сўнгида Устоз Шайх Алижон қори томонидан таълим муассасаси қошидаги "Қуръони Карим ва тажвид" ўқув курси ўқитувчиси Музаффар Аҳмедовга Қуръон ўқитиш учун шаҳодатнома (ижоза), "Қуръон карим ва тажвид" ўқув курсини тамомлаган тингловчиларига томонидан сертификатлар топширилди.

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Матбуот хизмати

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов хамда Сурхондарё вилоят бош имом хатиби Алиакбар Сайфутдиновлар Сариосиё туманидаги “Домла Шоқосим” жоме масжидида намозхонлар билан учрашув ўтказиб, жамоат билан эътиқоднинг инсон ҳаётида тутган ўрни, динда иймон келтириш ва тавбанинг фазилатлари хусусида қизғин суҳбат қурди.

Ташрифлар давом этмоқда...

Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш бўйича янги тизимга асос солингани ўзининг амалий ва ижобий натижаларини бераётгани барчамизга яхши маълум.
Шу йўналишда диний соҳа раҳбарлари, бир гуруҳ уламолар халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаш ва ишлаш йўлидаги фаолиятларига ўзгача мазмун, кўтаринки руҳ олиб кириб, бундай ишларни янги босқичга олиб чиқмоқдалар.
Хусусан, Сурхондарё вилоятига Тошкент шаҳридан 21 нафар уламолар ҳамда зиёлилардан ташкил топган гуруҳ ташриф буюриб, кенг халқ оммаси билан маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, масжидларда мавъизалар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга оширмоқдалар.
Ана шундай савобли ишларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманига ташриф буюриб, ушбу туманда истиқомат қилувчи “Меҳр-2” операцияси орқали она-Ватанимизга қайтариб келинган юртдошимиз фуқаролар ҳолидан хабар олиб, улар билан дилдан суҳбат ўтказди. Иброҳимжон домла динимизда она-Ватанга бўлган муҳаббат, ватанпарварлик ҳақида ваъз-насиҳат қилди.
Шунингдек, маҳалладаги кам таъминланган оилалар билан учрашиб, ҳолидан хабар олди. Уларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик киритди.
“Вақф” хайрия жамоат фондининг пул маблағлари ҳамда совғаларини топширди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Хабарингиз бор, бир гуруҳ уламолар Сурхондарё вилоятининг олис ва узоқ туманларидаги масжид, маҳаллаларга ташриф қилиб, масжид қавми, мўйсафид отахонлар, кенг аҳоли вакиллари ва ёшлар билан учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.
Ана шундай файзли учрашувларнинг навбатдагиси Сариосиё туманида бўлиб ўтди. Унда қироат илми устози, 10 та қироат соҳиби, серғайрат олим, мударрис, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли иштирок этди.
Устоз Алижон қори дастлаб вилоятидаги Сариосиё туманига қарашли “Сўфи Оллоҳёр” жоме масжидига ташриф буюриб, Қуръони каримдан тиловат қилар экан барчанинг қалбини жунбушга келтирди. Аллоҳнинг каломи қалбларга ҳузур ва дардларга шифо бағишлади.
Шундан сўнг, Каломуллоҳ ҳофизи Қуръони карим ва ундаги ҳикматлар, юртимизда етишиб чиққан буюк муҳаддисларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида нутқ сўзлаб, Аллоҳнинг берган неъматларидан унумли фойдаланишга чақирди.
Қолаверса, Шайх Aлижон қори фарзанд камолотида мунис оналарнинг ўрни ва аҳамияти жуда катта эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ҳар бир ота-она фарзандининг тарбияси учун масъул эканини унутмасликка чақирди.
Ҳадисларда айтилганидек, фаришталар ҳозир бўладиган илм мажлисининг якунида Шайх Aлижон қори эшитган маъруза ва насиҳатларни бошқаларга ҳам етказишни тайинлаб, жамоатнинг ҳақига дуои хайрлар қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top