muslim.uz

muslim.uz

mercredi, 23 juin 2021 00:00

Дўстона ташриф

Туркия республикасининг парламенти – Туркия Буюк Миллий мажлисининг бир гуруҳ вакиллари юртимизда меҳмон бўлишди. Туркия-Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раҳбари, Конституцион комиссия аъзоси, Бурса депутати Усмон Местен раҳбарлигидаги меҳмонлар юртимизнинг диққатга сазовор қадамжолари бўйлаб саёҳат қилишди.

«Миллат вакили дўстларим билан бирга ота юртимиз – Ўзбекистондамиз», – деб ёзади Усмон Местен ўзининг фейсбук саҳифасида. – Тошкентда биринчи бўлиб Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилдик. Ҳазрати Усмон мусҳафи сақланаётган қадимий асарлар ва хаттотлик намуналари музейи – зиёрат қилиниши мутлақо зарур бўлган маскандир.

Усмон Местен Ўзбекистон сафари асносида пойтахтимиздаги Шайх Зайниддин қабристонига ташриф буюриб, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қабрини зиёрат қилди.

 
 
islom.uz

Ҳиндистон Англия истибдодидан озод бўлиб, мустақилликни қўлга киритгач, мамлакат бош вазири Жавоҳарлал Неру 1954 йилда собиқ совет иттифоқига ўзининг илк ташрифини амалга оширади. Ана шу ташриф чоғида у Ўзбекистонда ҳам бўлиб, республика Фанлар академиясига келганда бир киши – Пўлат Солиев исмли шахс билан учрашмоқ истагида эканлигини билдиради. Ўртада ноқулай вазият вужудга келади. Фанлар академияси президенти: «У киши вафот этганига анча вақт бўлган», дейди.

Шунда Ҳиндистон бош вазири бу олимнинг қабрини зиёрат қилмоқчи эканлигини айтади. «У киши йўлда вафот этган, шу сабабли қабри номаълум», деган жавобни эшитади…

«Зарафшон» нашрининг билдиришича, Жавоҳарлал Неру излаган инсон 1930 йилларда Ўзбекистон тарихчиларининг ҳақиқий раҳнамоси, устози бўлган олим, профессор Пўлат (Бекпўлат) Мажидович Солиев эди. Бош вазир унинг Ҳиндистон озодликни қўлга киритишидан 20-25 йил аввал ёзилган мақолалари, рисолалари ҳинд ватанпарварларига жуда кучли таъсир қилганлиги, уларга мустақиллик учун курашнинг асл моҳиятини чуқур англаш, идроқ этишда қўлланма бўлганлигини сўзлаб беради.

Бу ерда гап профессор Пўлат Солиевнинг 1920 йилларда ёзган «Англия империализми Шарқда», «Шарқдаги ҳозирги аҳвол», «Ҳиндистон Англия зулми остида» китоблари устида бормоқда эди. Бу асарлар қай йўллар билан Ҳиндистонга бориб қолганлиги, таржима қилиниб чоп этилганлигини аниқлаш олимнинг илмий мероси билан қизиқувчилар, тадқиқотчилар олдидаги вазифалардандир.

Ана шу учрашув тафсилоти, Жавоҳарлал Нерунинг олим ҳақида чуқур ҳурмат билан билдирган фикрлари хусусида Пўлат Солиевнинг қизи Фарида Пўлатовна Муҳиддинова (Солиева)га ушбу суҳбатда иштирок этган ТашДУ Шарқшунослик факультетининг ўша пайтдаги декани А.Ҳамроев ва мулоқотда бевосита таржимонлик қилган Х.Холмуродова-Барнохўжаева сўзлаб беришган экан.

Ҳиндистон бош вазирининг бундай эҳтиромига сазовор бўлган олим Пўлат (Бекпўлат) Солиев ким эди? У киши 1882 йилда Астрахан губерниясидаги қишлоқлардан бирида туғилади. Бу қишлоқда истиқомат қилувчиларнинг кўпчилиги нуғай миллатига мансуб кишилар ва Туркистондан келиб ўрнашиб қолган одамлардан иборат эди.

Пўлат (Бекпўлат) Солиевнинг отаси Мажид Соли ҳам асли туркистонлик, манғит уруғига мансуб деҳқон бўлган. У фарзандларининг илмли бўлиши учун имкони даражасида кўмаклашган. Булғуси олим ўн беш ёшга тўлганида қишлоқдаги мактабни ва Абдураҳмон Умеров ташкил қилган (йирик исломшунос олим, тарихчи, «Идел» газетасининг муҳаррири) мадрасани ўқиб тугатган эди. Илмга чанқоқлик уни Қозон шаҳридаги «Муҳаммадия» мадрасасига етаклади.

Сўнгра машҳур исломшунос, кўплаб нодир тадқиқотлар муаллифи Зиё Камолий раҳбарлик қилган, янги услубда таълим бериладиган «Ғолия» мадрасасида таҳсил олди. Икки мадрасани ҳам аъло баҳоларга битирган Пўлат Солиев бу пайтда араб, турк, форс, рус ва Марказий Осиё туркий халқларининг тилларини пухта ўрганган эди. Кейинчалик у француз ва немис тилларини ҳам ўзлаштиради.

Унга «Ғолия» мадрасасида қолиб, талабаларга таҳсил бериш таклиф этилган бўлса-да, аммо у асли ота юрти бўлган Туркистонга йўл олади.

Пўлат Солиев Тошкент вилоятининг Оққўрғон волостида ўрнашади. Бу ерда у Сегизбой Отабоев хонадонида яшаб, қишлоқда янги усулдаги мактаб очади (кейинчалик машҳур давлат ва жамоат арбоби бўлиб етишган Султон Сегизбоев айнан Пўлат Солиев қўлида таҳсил олган ва унинг раҳнамолигида ўниб-ўсган эди). Албатта, унинг янги усулдаги жадид мактабларини очиши ва бу йўналишдаги фаолияти кўплаб қаршиликларга ҳам дуч келди.

У Тошкент шаҳри, вилояти, Фарғона водийси, Бухорода кўплаб мактаблар, билим юртлари очилишига кўмаклашади, уларга бош бўлади. 1917 йилда Москва шаҳрида ўтган Бутунроссия мусулмонлари қурултойида иштирок этади. Ўша йили Қўқон шаҳрида ташкил этилган «Туркистон мухторияти»ни шакллантиришда қатнашади. Қўқон шаҳрида маҳаллий миллат вакилларидан ўқитувчилар тайёрлайдиган Халқ университетини очишда ва фаолиятини йўлга қўйишда жонбозлик кўрсатади. Ўша пайтлари ташкил этилган Ўқитувчилар институтларида Туркистон тарихи, араб тили, адабиёти бўйича маърузалар қилади. Бир қанча газета, журналларда муҳаррир вазифасини бажаради.

1924-1927 йилларда оиласи билан Москвада яшайди (у дўсти Ҳоди Файзининг синглиси Фотима Файзираҳмоновага уйланган эди). Бу ерда Свердлов номли университетнинг тарих кафедрасида фаолият юритиш билан бир қаторда, Шарқ халқлари марказий нашриётида ишлайди. Ўнлаб мақолалари турли илмий журналлар, газеталарда чоп этилади. Агар олим битган мақола, рисола, китоблар, у турли вилоятлардан излаб топган қадимий қўлёзмалар, илмий изланишларининг фақат номи санаб чиқилса, шунинг ўзи ката бир рисола бўлиши муқаррар.

Бу мақолада ушбу фидойи инсон фаолиятининг айрим қирраларига тўхталиш мумкин, холос. 1926 йилда Ленинградда ўша пайтлар мавжуд бўлган Шарқшунослик институтида унга профессор илмий унвони берилади. 1927 йилда профессор Пўлат Солиев Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Самарқанд шаҳрида ўқитувчилар тайёрлайдиган олий таълим муассасаси очилиши муносабати билан (кейинчалик СамДУ) чақириб олинади. У ушбу олий илм даргоҳини ташкил қилишда фаол қатнашади, унда очилган Шарқ мамлакатлари тарихи кафедрасини бошқаради.
Кейинчалик машҳур академик, профессорлар бўлиб етишган И.Мўминов, Я.Ғуломов, А.Аминов, Р.Набиев, Ҳамид Ғулом, Аюб Ғулом, Т.Зоҳидов, А.Ҳамроев, В.Абдуллаев, Р.Бойжонов, Б.Жўнаев унинг шогирдлари эди.

Собиқ аспирантларидан бўлган А.Алиевнинг хотирлашича, Пўлат Солиев академик В.Бартольд билан тез-тез мулоқотда бўлган. Баъзан у билан баҳсга киришиб, академикнинг айрим илмий қарашлари, шарқ қўлёзмалари таржималарида хатолар, чалкашликлар мавжудлигини рўй-рост айтган.

1920 йилларда олимнинг Қуръони карим матнини илмий шарҳлар билан илк бор ўзбек тилига ўгиргани маълум. Лекин унинг саккизта катта яшикка солинган кўплаб қўлёзмалари, китоблари, шахсий архиви, қадимий ёзма манбалар 1937 йилда олим «халқ душмани» сифатида қамоққа олинганда НКВД органлари томонидан мусодара этилган. Уларнинг бир қисми изсиз йўқолган бўлса, олим тўплаган қадимий ёзма манбалар, шахсий кутубхонаси негизида ЎзР Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтига асос солинган эди.

Пўлат Солиевнинг қамоқдаги сўнгги кунлари ҳақида унинг катта қизи Роза Солиевага 1968 йилда Самарқандда Улуғбек расадхонаси музейи директори бўлиб ишлаган Абдусалом Ҳусаинович Акрамов сўзлаб берган экан. 1937 йилда Пўлат Солиевнинг аспиранти бўлган бу инсон ҳам «халқ душмани» тамғаси билан ўша йиллари қатағон домига тортилади. Буни қарангки, тасодифан у Тошкент қамоғида устози билан бир хонага тушиб қолади ва қўлидан келгунича, соч-соқоли оқариб кетган, анча чўккан устозига кўмаклашади.

– Эллик киши сиғиши мумкин бўлган хонада бир юз эллик нафар тутқун сақланарди, - дея хотирлаган эди Абдусалом Акрамов. – Бу ерда сиёсий тутқунлар билан бирга ҳар хил тоифа ўғрилар, совет тузумига қарши қўлда қурол билан курашган кишилар бор эди. Баъзан улар ўртасида турли масалалар бўйича баҳслар бўлиб турарди. Улар «халқ душмани» тамғаси билан қамалган партия, давлат органларида ишлаган одамларга, олимларга «Бизку бу тузумга қарши курашганимиз рост. Лекин уни ёқлаб, хизмат қилган сизлар нега қамалдинглар», дея таъна қилишарди. Шунда мен домладан уларга Туркистон тарихидан сўзлаб беришини илтимос қилардим. Пўлат Мажидович бу ердагиларга Амир Темур салтанати, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, Ватанимиз тарихининг турли даврлари ҳақида соатлаб ҳикоялар сўзларди.

Ўша пайтлар биз билан қамоқхонада ётган қурбошилардан бири «Ё товба, бу авлиё одамни қамашга кимнинг қўли борди экан», дея алам билан гапиргани ёдимда. Мени 1938 йил ёзида Россиядаги лагерлардан бирига жўнатишди.

Афсуски, Тошкент қамоқхонасидаги ўша учрашув домла билан сўнгги кўришишимиз бўлиб қолди…
Қатағон қурбонига айланган теран фикрли олим, зукко инсон Пўлат Мажидович Солиев хотираси у қолдирган асарлар, авлодлари қалбида яшамоқда.

Музаффар МУҚИМОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори

mercredi, 23 juin 2021 00:00

Нега ғийбат қиладилар?

Кўчадан кетар экансиз, агар тўғри йўлингиздан юрсангиз ҳеч ким сизга эътибор бермайди. "Ўз йўлидан кетаётган бир инсонда", деб қўяди. Мабодо кетиш жараёнида йўлдан чиқиб, йўл четидаги ўт-ўланларни босиб ёки гоҳ ўнга, гоҳ чапга чайқалиб ҳаракат қила бошласангиз одамларни назарини торта бошлайсиз. Демак, киши ўзининг баъзи ножўя юриш-туришлари билан кишиларнинг гап-сўзига сабабчи бўлиб қолиши мумкин экан. Бу ҳар ким ўзининг ҳатти-ҳаракатига эътиборли бўлиш кераклига далолат қилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир" (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ушбу ояти каримага кўра ғийбат қилиш мутлақо ҳаром амалдир. Уни ҳалол санашга ҳеч қандай баҳона йўқ. Аммо инсонлар нега ғийбат қилаверадилар? Бунга асосий сабаб аввало илм ёки тақвони йўқлиги бўлса, ҳасад, ўзаро гина, кудрат ва бошқа нарсалар ҳам ғийбатга сабаб бўлиши мумкин. Агар ғийбатлар энг кўп учрийдиган жойларга назар солсак, бу маҳалла-гузар, иш жой ва ижтимоий тармоқлар бўлиб чиқади. Чунки ушбу жойлар инсонлар ҳамда манфаатлар кўп тўқнаш келадиган жойлар ҳисобланади. Энди буларни бирма-бир кўриб чиқамиз:

  1. Маҳалла. Маҳаллада баъзи инсонларнинг анъанавий ва диний қадриятларни ҳурмат қилмасликлари, масалан, аёл-қизларни ҳаддан зиёд беҳаё кийиниб юришлари, "унаштирилган" деган баҳонада баъзи йигит қизларнинг кўчада бирга дайдиб юришлари (ваҳоланки, улар ҳали бир-бирига шаръий никоҳи йўқ номаҳрам ҳисобланадилар) ёки спиртли ичимликларни ичиб олиб кўчада, уйда баланд овоз билан жанжал кўтаришлар ва баъзи тарбиясиз, уятсиз қилиқлар ўз-ўзидан маҳаллада ғийбатларни кўпайишига сабаб бўлади.
  2. Иш жой ёки корхона. Иш жойда раҳбар кишиларни корхонага тушган даромадни, мукофот пулларини адолат билан тақсим қилмасдан, катта қисмини ўзлаштириб дабдаба маишатга берилиб кетиб, қўл остидагиларига зулм қилишлари. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: "Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг" (Бақара сураси, 188-оят). Бундай ҳолларда корхонанинг зулм кўрган оддий ходимлар "юракларини бўшатиб олиш" баҳонасида ғийбатга берила бошлайдилар. Раҳбарлари эса буни сезсалар ҳам ўзларини юриш-туришларини ўнглаш ўрнига гап қилувчиларни "ичи қора"ликда "кўра олмовчи"ликда айблаб юраверадилар.
  3. Ижтимоий тармоқлар. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ривожланиб инсонларни ахборот алмашинуви осонлашгани кўпгина қийинчиликлари бартараф бўлгани айни ҳақиқат. Аммо масаланинг иккинчи томони шуки, ҳали ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини кўпчиликни ўзлаштирмаганлиги баъзи ножўя ҳатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳақиқий ҳаётимизда ножоиз саналадиган ғийбат, жосуслик, бировни обрўсини тўкиш, уятсизлик, ҳақорат ижтимоий тармоқда ҳам ҳаром, ножоиз саналади. Кўз кузга тушиб турганда айта олмайдиган сўзларини ижтимоий тармоқ орқали бемалол айтиб юбораверадилар.

Мана кўриб турибмизки, орқамиздан ғийбатларни урчишига фақатгина "ичи қора" ва ҳасадгўйлар эмас, балки ўзимизнинг баъзи ножўя ҳатти- ҳаракатларимиз ҳам сабаб бўлади. Унвонул баён китобида "Кимнинг айби кўпайса ғийбати узун бўлади" дейилади. Баъзилар эса ғийбат қилинганда кишини гуноҳи ғийбатчига ўтиши тўғрисидаги ҳадисни нотўғри талқин қилиб "Орқамдан гапирса гапираверсин гуноҳларим тўкилади" деб ўйлайди . Ваҳоланки Исломда гуноҳдан бу йўл билан фориғ бўлинмайди. Мусулмон киши бундай гуноҳга сабаб бўладиган ҳолатларга ўзи тугул бошқаларнинг ҳам тушиб қолишига асло рози бўлмайди. Қуръони карим оятларида:

 

"Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз" (Ҳужурот сураси, 10-оят) ва бошқа оятда: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир" (Моида сураси, 2-оят) дейилади.

Аллоҳ таоло барчамизни зоҳир ва ботинимизни ислоҳ қилсин. Фақатгина Ўзи хоҳлаган ва рози бўладиган йўлдан юришни насиб қилсин!

 

Аъзамжон МУСАЕВ

Ҳиндистоннинг «Anunico.in» электрон портали саҳифасида «Ўзбекистон 2021: хавфсиз саёҳат кафолатланади» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. Унда Ўзбекистоннинг радикал диний ғояларга қарши курашиш бўйича тажрибаси атрофлича таҳлил этилган.

Хусусан, мақолада террорчилик хавф-хатарлари ортиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон хавфсизлик ва барқарор ривожланишдаги устуворликлар билан ўз стратегиясини ишлаб чиққани қайд этилади. «Чора-тадбирлар ишлаб чиқилишининг биринчи босқичида террорчиликнинг турли кўринишларига нисбатан маъмурий-жиноий чоралар тизимининг шакллантирилишига, жумладан, меъёрий-ҳуқуқий заминни мустаҳкамлаш, ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимини такомиллаштириш, террорчилик ва унинг молиялаштирилишига қарши кураш соҳасида самарали одил судловга кўмаклашишга асосий эътибор қаратилди, - деб ёзади ҳинд портали. – Давлат қурилишини конституцияга зид равишда ўзгартиришга даъват этадиган барча ҳаракатлар фаолияти тўхтатилди».

«Anunico.in»нинг ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон атрофида барқарорлик ва яхши қўшничилик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик белбоғини яратишни мамлакат хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари сифатида белгилади. «Бу соҳада амалга оширилиётган ташаббуслар БМТнинг Глобал террорчиликка қарши стратегияси тамойилларига таянади», - деб таъкидлайди ҳинд портали.

Мақолада халқаро ҳамкорлик террорчиликка қарши туриш бўйича Ўзбекистон стратегиясининг ўзаги ҳисобланиши таъкидланади.

Қайд этилганидек, «Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши кураш бўйича амал қиладиган барча 13 конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади. Шуни ҳам айтиш жоизки, мамлакат халқаро терроризмга қарши курашни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган».

Мақола интиҳосида Ўзбекистон дунёнинг энг хавфсиз мамлакатлари қаторидан жой олгани таъкидланади. 2020 йил ноябрида эълон қилинган “Global Terrorism Index” рейтингида Ўзбекистон 164 мамлакат орасидан 134-ўринни эгаллагани ҳинд ўқувчиларининг эътиборига ҳавола этилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top