muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Aлимов ҳазратлари Қўқон шаҳридаги "Ҳазрати Aббос" жоме масжидига ташриф буюрадилар.

Ташриф доирасида пешин намозини мазкур жомеда адо этиш, намоздан кейин суҳбат қилиш кўзда тутилган.

Бугун, 13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Фарғона вилоятига сафарлари давомида Фарғона туманида жойлашган “Хўжа Аҳмад Валий” жоме масжидида ҳуфтон намозини жамоат билан бирга-бирга адо этдилар. Шундан сўнг намозхонларга чиройли суҳбат қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари ўз маърузаларида юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, янгидан-янги ўзгаришлар, фойдали ижроотлар, шунингдек, келгусида яна қилиниши режалаштирилаётган хайрли ташаббуслар, бугунги мураккаб даврда ёшлар тарбиясига жуда ҳам эътиборли бўлиш, Ҳақ таолонинг берган неъматларига шукр қилишнинг фазилати, ношукрликнинг оқибати, уламоларни ҳурмат қилишнинг фазилати каби муҳим масалаларни батафсил баён қилиб бердилар.
Суҳбат якунида намозхонлар ўз миннатдорликларини изҳор этиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаравонлиги ва динимиз равнақини тилаб дуолар қилдилар.

 


Фарғона вилояти сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун 12 июнь куни Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида “ХАТМОНА  – 2021” битирув кечаси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Имом Эшон жомеъ масжиди вакиллари, билим юрти ўқитувчилари, ходимлари, талабалари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати ва дуолар билан бошланди. Ундан сўнг билим юрти мудири Ш.Бауатдинов кириш сўз билан очиб берди ва билим юрти битирувчиларини, шунингдек, ота-оналарини шу айём билан табриклади. У ўз сўзида сўнги йилларда қўлга киритилаётган билим юртининг мувофақиятлари, эришган ютуқларини эслаб ўтди ва бу натижаларда бугунги битирувчиларнинг ҳам ҳиссаси борлигини эътироф этди. Шунингдек, ота-оналарга мурожаат қилиб:

– Албатта, билим юртимизнинг эришиб келаётган юқори натижалари сизлар берган тарбия билан биз берган таълимнинг уйғунлиги деб биламан, – деб таъкидлади Ш. Бауатдинов.

Байрамга ташриф буюрган муҳтарам ота-оналар ҳам ўзларининг дил изҳорларини айтиб, айниқса, таълим-тарбия берган устозларга миннатдорчилик билдиришди ва ҳақларига дуолар қилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида билим юрти талабалари ўзлари тайёрлаган шеър, монолог ва нашидаларини намойиш этди.

Ташриф буюрган меҳмонлар учун диний-маърифий мазмунда савол-жавоблар ўйини ташкил этилиб, жавоб берган қатнашчиларга билим юрти томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир давомида ўқув йили якуни муносабати билан бир қатор фаол ўқитувчи-устозлар ва талабаларга билим юрти томонидан таъсис этилган ҳар хил турдаги номинациялар бўйича фаҳрий ёрлиқлар топширилди.

Битирувчи талабаларга устозлари томонидан келажакда илмлари яна ҳам зиёда бўлишини, ораларидан илмига амал қилувчи олиму уламолар чиқишини, халқига, динига, Ватанига хизмат қиладиган ҳақиқий жонкуяр, ўз илмининг мутахассислари бўлиб этишишини тилаб, хайрли дуолар қилинди.

Тадбир сўнгида билим юрти талабалари томонидан хатми Қуръон тиловат қилиниб, савоби Ватанимиз, халқимиз, динимиз учун шу диёрда хизмат қилиб ўтган уламоларга, устозларга ва бошқа марҳум ва марҳумаларга бағишланди.

Шундан сўнг барча меҳмонлар байрам дастурхонига таклиф қилиниб, қорақалпоқ миллий таомлари билан меҳмон қилинди. Шу таризда «Хатмона – 2021» битирув кечаси юқори савияда, аъло кайфиятда ўз якунига етди.

Нукус “Муҳаммад ибн аҳмад ал Беруний”

 ўрта махсус ислом билим юрти

 мудир ўринбосари А.Ережепов.

 

Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов 7 июнь куни Покистон Ислом Республикаси Президенти Ориф Алвига ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тантанали маросим Президентнинг «Айвони Садр» саройида бўлиб ўтди.

Маросимдан сўнгги суҳбат чоғида Покистон раҳбари Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш ўз мамлакати учун устувор йўналиш эканини таъкидлади.

Покистон Президенти Президент Шавкат Мирзиёевга ўзининг самимий ва дўстона саломини йўллади ҳамда Исломобод Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган минтақалараро ўзаро боғлиқликнинг янги стратегиясини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Ориф Алви халқларимиз ўртасидаги яқин маданий-тарихий алоқаларни қайд этар экан, покистонликлар Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломаларнинг меросини икки мамлакат мусулмон уммати маънавий маданиятининг ажралмас қисми, деб ҳисоблашини билдирди.

Самарқанд ва Бухоро, Пешовар, Лаҳор ва Мўлтон шаҳарлари зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиладиган бой тасаввуф анъаналари ва маданиятларини ўзида мужассам этиши алоҳида қайд этилди. Эпидемиология вазияти барқарорлашиб, авиақатновлар қайта тикланиши билан икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ва сайёҳлар оқими кўпайишига ишонч билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, Ойбек Усмонов ўтган йил декабрь ойида Олий Мажлис Сенатининг 10-ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси этиб тайинланган эди. У 58 ёшда. Ташқи ишлар вазирлиги тизимида 1997 йилдан буён ишлаб келмоқда. Турли йилларда Ўзбекистоннинг Карачидаги (Покистон) Бош консулхонасига раҳбарлик қилган, мамлакатимизнинг Исроилдаги элчиси ва Фаластиндаги вакили, Покистон ва Мисрда элчиси ҳамда ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ловозимларида ишлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги таниқли уламолар хизмат сафари билан Фарғона вилоятида бўлиб туришибди.

Ташриф асносида уламолар Фарғона вилоятидаги жоме масжидларда бўлиб, намозхонлар билан маърифий учрашув ўтказмоқда, юзма-юз мулоқотлар қилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов “Янги чек”, “Хужамбердибой масжидларида бўлиб, жоме жамоаси билан маърий суҳбат ўтказди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов ва Аброр Мухтор Али домла “Нур” ва “Муҳаммад авлиё” масжидига ташриф буюришиб, жоме жамоаси билан маърифий суҳбат ўтказдилар. Унда мўмин-мусулмонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Фарғона сафари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top