muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 16 июнь куни Татаристон Республикаси муфтийси Камил ҳазрат Самигуллинни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев қабул қилди.

Учрашувда Татаристон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан, икки давлат диний идораларининг ҳамкорлик алоқаларини ривожланиш йўлида қилинаётган ишлар айтиб ўтилди. Шунингдек, юртимизда диний-маърифий соҳадаги хайрли ислоҳотлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолият йўналишлари, қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилиб, зиёрат туризми йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Мулоқотда сўз олганлар Ўзбекистон ва Татаристон ўлкалари ўртасидаги биродарлик алоқалари жуда узоқ тарихга бориб тақалиши, икки халқнинг тили, урф-одати, маданияти ва дину мазҳаби бир, кечмиши муштараклиги таъкидланди. Ўзаро ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни атоқли татар уламоларидан жуда кўпларининг Бухоройи шариф мадрасаларида таълим олганлари, ўрганган билимларини она ватанларига қайтиб, бу ерлик толиби илмларга ўргатганлари айтиб ўтилди.

Жумладан, унда 1790 йиллардан 1808 йилга қадар Бухоро мадрасаларидан бирида таълим олиб, бухоролик Нақшбандияи-мужаддидия шайхи Ниёзқули Туркмоний қўлида тариқат қоидаларини ўрганиб, ижоза олган Абу-н-Наср Абдунносир ал-Қурсовий, 1838-1850 йиллари оралиғида Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида таълим олган атоқли аллома Шаҳобиддин Маржоний, 1875 йили Бухорога бориб, у ердаги машҳур мадрасалардан бирида таълим олган Алимжон Борудий каби дин олимларининг номларини эсга олинди.

Камил ҳазрат Самигуллин самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Имом Мотуридийнинг бир неча асарлари татар ва рус тилига таржима қилингани, Ҳанафий мазҳабида ёзилган кўплаб асарлар нашр этилаётгани, Қозон босма Қуръони карим нусхасини ўз услубини сақлаган ҳолда, замонавий шаклда қайта чоп этиш ишлари амалга оширилаётганини маълум қилди. Шунингдек, у Ўзбекистонлик уламоларнинг Татаристонда ўзбек миллатига мансуб аҳоли яшайдиган ҳудудлардаги жоме масжидларга бориб, маъруза қилиш таклифини билдирди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ташриф давомида меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ғуломиддин домла Холбоев

Фатво бўлими мутахассиси

Ёрқин домла Жумабоев

Фатво бўлими ходими

Ҳикматуллоҳ домла ТОШТЕМИРОВ

Фатво бўлими ходими

Ғуломиддин домла ХОЛБОЕВ

Фатво бўлими ходими

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top