muslim.uz

muslim.uz

Яратганга шукрки, бугунги кунда юртимизда икки мингдан зиёд масжидлар фаолият кўрсатмоқда. Янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, таъмир талаблари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда. Ўтган йили Тошкент шаҳрида қад ростлаган маҳобатли “Минор” жоме масжиди, ҳозирда қурилиш ишлари жадал давом этаётган “Жўрабек” жоме масжиди, ўтган йили қайтадан қурилган “Авайхон”, “Яккасарой”, “Пулемас ота” масжидлари бу каби савобли ишларнинг яққол намунасидир. Бу каби бунёдкорлик ишлари нафақат пойтахтимизда балки юртимизнинг барча вилоятлар миқёсида ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, 2016 йил 29 июль муборак жума кунида, Сурхондарё вилояти Узун тумани “Боботоғ” ҚФЙ “Оқмасжид” маҳалласи “Ойбулоқ” қишлоғи ҳудудида жойлашган “Оқмасжид” номли янги жоме масжид намозхонлар ихтиёрига топширилди. Шу муносабат билан масжиднинг очилиш тадбири ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бошлиғи Абдулҳамид Турсунов, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Эргашали Рутамов ва кенг жамоатчилик ҳамда ёши улуғ кексаларимиз иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бу каби хайрли ишлар диний қадриятларга бўлган улкан эътиборнинг натижаси эканини таъкидлашди. Шунингдек, бу борада ояти каримада ҳам қуйидагича таъкидлангани эслатиб ўтилди: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18). Ушбу ояти каримадан ҳам маълум бўладики, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва мустаҳкам эътиқоднинг кўринишидир.

Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагида, бунёдкорлар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайратлари билан меҳнат қилишди. Зеро, масжид қуриш, уни обод қилишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда қаср барпо қилади” (Имом Бухорий ривояти). 

Ҳақиқатан ҳам, масжидларни кўркам қилиш, қулай шароитларни ташкил этиш катта ажр бериладиган амаллардандир. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бандай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. 

Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган кишилар она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу мустажоб дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top