muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 2 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Оққўрғон туманига ташриф буюрди.

Жасурбек домла мазкур тумандаги янгидан барпо этилаётган ва таъмирланаётган масжидларда бўлиб, қурилишини кўздан кечириб, уста қурувчи ва ҳомийларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берди. Ташриф давомида хайрли ишга ҳисса қўшаётган инсонлар ҳақига хайрли дуолар қилди.

Айни пайтда тумандаги "Имом ал-Бухорий" масжиди таъмирланяпти. Жорий йилда ушбу жоме фойдаланишга топшириш режа қилинган. Шунингдек, тумандаги “Намозвой бобо” масжиди ҳам аҳоли ҳашар йўли ва ҳомийлар кўмагида бунёд этилмоқда.

Ташриф доирасида Жасурбек домла туман имом-хатиблари билан йиғилиш ўтказиб, эртанги жума намозига пухта тайёргарлик кўриш ва кун тартибидаги бошқа бир неча масалаларни муҳокама қилинди.

Маълумот учун, Оққўрғон туманида жами олтита масжид бўлиб, улар: марказий "Нодирхон қори", "Жувонмард", "Қосим ота ўғли Ҳасанбой", Имом ал-Бухорий", "Шоҳрухия" ва "Намозвой бобо" масжидларидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Меҳир акцияси” доирасида Мўйноқ тумани “Тўқмоқ ота” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимжон Тлеўбаевнинг ташаббуси билан тумандаги “Artemiya Bio Resurs” кархонаси ҳомийлигида турар жойга муҳтожлиги бўлган Қириқбоева Бибинозга уй ҳадя қилинди.

Мазкур турор жой Мўйноқ тумани ҳокимияти, “Artemiya Bio Resurs” кархонаси, “Тўқмоқ ота” жоме масжиди вакиллари иштирокида топширилди. Янги уй соҳиблари ушбу савобли иш ташаббускорларига ўз миннатдорчилигини билдиришди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

 

Наманган шаҳридаги “Ҳазрати Лангар” жоме масжиди узоқ тарихга эга. Ривоятларга кўра, XIV аср бошларида Наманган аҳолиси оғир табиий офатларга дучор бўлган. Тўхтовсиз зилзилалар, тез-тез содир бўлган сув тошқинлари аҳолини мадорини қуритган. Аҳоли аста секин бошқа жойларга кўчиб кета бошлаган.

Юрт оқсоқоллари маслаҳатлашиб, Шош музофотидаги илоҳиёт ва тасаввуф илмининг йирик намояндаси, етук мутасаввиф Шайх Хованди Тоҳур ҳазратларига юрт безовталиги ҳақида хабар беради. Унинг кўрсатмаларига биноан етук шогирди ва жиянлари бўлмиш Саййид Маҳмуд Наманганга келиб, ҳозирги “Ҳақиқат” маҳалласида жойлашган кўлнинг жанубига лангар ташлайдилар. Халқ у зотни ҳурматлаб “Лангар бобо” деб атай бошлаган.

Лангар деган жой номининг келиб чиқиши ҳақида манбашунос олим Аҳмад Убайдуллоҳ бундай дейди:

– Бу ўринда “Лангар” сўзининг бир қанча маъноларни англатишига эътибор қаратиш ўринли. Бу сўз “Кема лангари”, “Дарбоз лангари” маъносидан ташқари “Йўловчи ёки карвон тўхтайдиган манзил”, “Камбағал ва етим-есирларга таом бериладиган жой, ғарибхона” мазмунларини ҳам англатади. Ўрта Осиёнинг кўп жойларида учрайдиган Лангар деб аталувчи жойлар бу атаманинг мана шу охирги икки маъноси билан боғлиқ.

“Ҳазрати Лангар” масжидининг аввалги ўрни мазкур кўлнинг шимолий-шарқий қисмида бўлган. XVIII аср ўрталарига келиб, аҳоли сони ортгани сари масжид торлик қилиб қолади. Ҳовлиси томондан кенгайтириш иложи бўлмагани сабаб масжидни кўлнинг жанубий қисмидаги кенгликка кўчиришга қарор қилинади. 1746-1751 милодий (ҳижрий 1157-1162) йиллар мобайнида Мулла Бадал исмли киши таклифига биноан Мавлоно Ражаб Хўжандий (Кухий) ва Хўжа Амин II Парранда мақбараларидан 15-20 метр чамаси ён томонга маҳаллий халқ ҳашари билан масжид хонақоси, кейинчалик айвони қуриб битказилади.

Масжид қурилишида уста Раҳим бобо бош меъморлик қилади. Орадан бир неча йил ўтгач, ҳовлисига пишиқ ғиштдан қўшимча хоналар (дарсхоналар) ва минора билан дарвозахона қурилади. Қурилиш даврида масжид атрофидаги кўл қисқартилиб, ҳовуз шаклига келтирилган.

“Ҳазрати Лангар” масжиди қадимдан зиёратгоҳ жой ҳисобланган. Айни пайтда тарбия ўчоғи вазифасини ҳам бажарган. Бу даргоҳда кўплаб таниқли илм эгалари ва зиё намоёндалари камол топган. Хусусан, улуғ ғазалнавис шоир Бобораҳим Машрабнинг болалик йиллари ана шу даргоҳда ўтган. Бу ерда бошқа илм даргоҳларига нисбатан тасаввуфга мойиллик сезиларли даражада юқори бўлган. Фақатгина XIX асрнинг ўзида шаҳарнинг кўзга кўринган уламоларидан Мулла Иноятхўжа Лангарий, Мулла Йулдош Хилватий, Мулла Отахон домла (Авлиё домла), Собитхон тўра (Абул Маъоний), Нуриддинхўжа эшон ва Тожихон Махдумдек улуғ зотларнинг шу даргоҳдан етишиб чиққани фикримиз далилидир. Шунга кўра бу масжид 1930 йилга қадар Намангандаги бош жоме масжид сифатида эътироф этилган.

Мустабид тузум даврига келиб, мақбара ва Лангар бува қадамжолари ва унинг атрофидаги 5-6 гектарли қабристон бузилиб, сув бостириб экинзорга айлантирилган. 1918-1930 йилларда масжид ҳудудидаги мадраса ва бошқа бинолар бузилиб, ғиштлари ташиб кетилган. Фақатгина хонақо, айвон ва иккита қўшимча хонаси сақланиб, улар ҳам колхознинг омборхонасига айлантирилган.

1943 йили Ўрта Осиё ва Қозағистон мусулмонлари диний идораси ташкил этилганда Наманганда фақат шу масжид фаолият кўрсатишига рухсат этилган. Бир оз муддат ўтгач, масжид фаолияти тўхтатилиб, ўрнига “Шайх Эшон” масжиди фаолият кўрсата бошлаган.

Мамлакатимиз истиқлоли арафасида 1989 йили масжид ўз фаолиятини қайтадан бошлади. Мутахассислар фикрига кўра, масжид колхоз омбори сифатида фойдаланилган даврларда турли кимёвий дори-ўғитлар сақлангани сабаб бино яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шу йили маҳаллий аҳоли ҳашари билан олти ой давомида масжиднинг янги биноси қад кўтарди.
Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, 1992 йили масжид расмий юридик мақомда эга бўлиб, ўз фаолиятини давом эттира бошлади.

Ҳозирда масжидда намозхонлар учун барча қулай шароитлар яратилган. Жумладан, иккита катта хонақоҳ айвони билан, замон талабларига жавоб берадиган таҳоратхона ҳамда каттагина кутубхона намозхон ва зиёратчиларга хизмат кўрсатмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими

mercredi, 01 février 2023 00:00

Дунёдаги энг сахий халқ

Буюк Британиянинг Charities Aid Foundation’s ташкилоти ҳар йили дунёнинг 119 мамлакатида сўровномалар ўтказиб, хайрия ва беминнат кўмак ишларида қайси халқ вакиллари фаол эканини аниқлаб, рейтинг тузади.

Мана бешинчи йилдирки, кетма-кет индонезияликлар рейтингда биринчиликни эгаллаб, сайёрадаги энг сахий халқ деб тан олинди, дея хабар беради Coconuts Jakarta нашри.

Сўровда иштирок этган мамлакат аҳолисининг 68 фоизи моддий хайр-эҳсонлар ёки кўнгилли ишлар орқали муҳтожларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. Тадқиқотга кўра, индонезияликларнинг қарийб 80 фоизи хайрия ишларига пул ажратади ва 60 фоизга яқини ўз меҳнати ва вақтини сарфлайди.

Рейтингда иккинчи ўринни Кения эгаллади, у ерда аҳолининг 61 фоизи хайрия фаолияти билан шуғулланади, Америка Қўшма Штатлар фуқаролари 59 фоиз билан учинчи ўринда турибди.

Шуниси эътиборлики, ўтган йиллардаги пандемия ва иқтисодий қиинчиликларга қарамай, индонезияликлар хайрия ишларини янада кўпайтириб, саховат кўрсатишда мамлакат тарихидаги рекорд натижани қайд этишди.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

Сўнгги йилларда Малайзия ва Ўзбекистон муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, ўзаро алоқалар кўлами кенгайиб бормоқда. Яқинда Самарқанда вилояти делегациясининг ушбу мамлакатга бўлган ташрифи ҳам ана шу ҳамкорликни янада яхшилашга хизмат қилди.

Шу кунларда Самарқанд вилояти делегацияси Малайзия давлатида хизмат сафарида бўлиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини янада ошириш, "Самарқанд" брендини кенг тарғиб қилиш, зиёрат туризми масалаларини муҳокама этиш мақсадида Малайзиянинг бир қатор штат маъмурияти раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказмоқда. Шунингдек, диний соҳа ва олий таълим муассасалари масъуллари билан тажриба алмашиб, ўзаро алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилмоқда.

Хусусан, ташриф давомида Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Ҳадис илми олий мактаби ректори Олимхон домла Юсуповлар Малайзиянинг Перлис штатига ташриф буюриб, ушбу вилоят диний идораси ходимлари ва имом-хатиблари билан учрашдилар.

Ўзаро мулоқотда таълим муассасалари фаолияти ва диний соҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Жумладан, Малайзия томони Ўзбекистонда барча соҳаларда бўлаётган янгиланишларни ижобий баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш манфаатли бўлишини қайд этишди. Шунингдек, зиёрат туризми масалалари ҳам алоҳида муҳокама этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
Page 20 sur 1862

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top