muslim.uz

muslim.uz

vendredi, 19 août 2016 00:00

БЕШ ЁШЛИ ҚУРЪОН ҲОФИЗИ

Беш яшар Ҳусайн Муҳаммад Тоҳир кўзи ожиз бўлиб дунёга келди. Бироқ ҳар бир соғлом кўз эгаси қодир бўлмаган ишни Аллоҳнинг марҳамати ила содир этишга муваффақ бўлди. Муҳаммад Тоҳир кўзи ожиз бўлса-да, радио орқали Қуръони каримни тинглаб, уни қалбига жойлади.

Ҳусайн Муҳаммад Тоҳирнинг отаси фарзанди телевизор кўришга имконияти йўқлиги сабабли радио туҳфа қилгани ҳамда кун давомида бетўхтов Қуръони карим тиловати бериладиган радио тўлқинини қўйиб бергани ҳақида айтиб ўтди. Ҳусайн Муҳаммад Тоҳир уч йил радио орқали Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга муяссар бўлди.

Жиддадан Мадинага ўз отаси билан бирга борган Муҳаммад Тоҳир отасидан Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг масжидларига олиб боришни илтимос қилади. Отаси агар фарзанди Бақара сурасининг дастлабки оятларини тиловат қилиб берса, олиб боришлигини айтди. Ҳусайн Муҳаммад Тоҳир Бақара сурасини бошидан охиригача ёддан тиловат қилиб беради.

Ҳозирда Муҳаммад Тоҳир Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг масжидларидаги кўзи ожиз болаларга Қуръони каримни ўргатувчи гуруҳнинг аъзоси ҳисобланади.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади      

Саудия Арабистони ҳукумати подшоҳликда зика вируси ва Яқин Шарқ корона вируси юқишининг олдини олиш мақсадида мамлакатга кириб келаётганлар назоратини кучайтиришни татбиқ этмоқда.

Хабар беришларича, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳожилар ўртасида айнан менингит, безгак, орқамия безгаги ва полиомиелит каби касалликлар белгиси сезилган зиёратчиларни аниқлаштиришни мақсад қилиб қўйган. Мамлакатга келаётган зиёратчилар тиббий текшируви билан 97 кишидан иборат бўлган тиббий гуруҳ аъзолари шуғулланадилар, улар зиёратчиларда касаллик белгилари бор йўқлигини ва ҳар бир ҳожида эмланганлиги ҳақида ҳужжат мавжудлигини текширадилар.

Биринчи маротаба Яқин Шарқ корона вируси 2012 йилда аниқланган эди. Шундан буён 2015 йилга келиб 1115  киши шу касалликка чалинган бўлиб, 480 нафари эса вафот этган.  

Islam-today                                                                 

 

                                Халқаро алоқалар бўлими 

2016 йилнинг 17 август куни Имом Бухорий халқаро марказида“Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан нашр қилинган,таниқли исломшунос олим, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимида Марказнинг барча илмий ходимлари ва амалдаги 7 босқич тингловчи имом хатиблари иштирок этишди. Тақдимотни Марказ директори Ш.Зиёдов кириш сўзи билан очиб, бугунги дунёдаги турли мафкуравий-маънавий таҳдидлар кечаётганини айниқса, ёшларимизга қаратилган таҳдидлар, асосан, интернет тармоғи орқали кириб келаётган турли бузғунчиликлар, бунга қарши курашиш борасида салмоқли ишлар қилингани, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан биринчилардан бўлиб, глобал тармоқдаги иллатлардан ёш авлодни ҳимоя қилиш бўйича ўқув қўлланма тайёрланиб, омма эътиборига ҳавола этилиши таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади. Шунингдек, ушбу китоб асосида марказдаги ўқув соатларда тингловчилар билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тадбирлар давомийлигини ҳам келтириб ўтди.



Шундан сўнг, сўзга Тошкент шаҳар Бектемир тумани бош имом хатиби Искандар Халилов чиқиб, йиғилганларни аввало яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами билан қутлаб, бугунги кунда динимизга, мусулмонларга бўлаётган ҳар-хил таҳдидлар, ғаламис дин душманлари бу борада айниқса интернетдан кенг фойдаланаётганларини айтиб ўтди. И.Халилов бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари томонидан Республикамизнинг турли шаҳар ва вилоятларида 300 дан ортиқ мана шундай тадбир ва тақдимотларни ўтказиб келинаётгани ва бунинг натижаси ўлароқ, халқимизда бу хатарли иллатдан огоҳлик ҳисси уйғонаётганини фахр билан айтиб ўтди. У нутқи якунида 70 нафар тингловчи имом хатибларга мазкур китобдан бир донадан совға қилди.



Малака ошириш ўқувлари бўлими мутахассиси И.Сиддиқов

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур. Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир (Фуссилат, 34-35).

Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Ибн Аббос (Розияллоҳу анҳу): “Яхшилик “Ла илаҳа иллаллоҳ”, ёмонлик қўполликдир”, деган. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Яхшилик Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг оиласини севиш, ёмонлик уларга ғазаб қилишдир”, деган. Имом Заҳҳок (раҳимаҳуллоҳ): “Яхшилик илм, ёмонлик фаҳшдир”, деган. Яхшиликни тоат-ибодатнинг бирор навига, ёмонликни ҳам гуноҳ масиятнинг бирор турига хослаб қўйилмайди. Оятдаги сўз умумий бўлиб, барча яхшиликларни ва ёмонликларни қамраб олади. 

Имом Зажжож (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди “Тоат билан масият, имон билан куфр баробар бўлмас”. Бошқа олимлар ҳам уни турлича тафсир қилганлар “Кўрувчи билан кўзи ожиз, сабрли билан бесабр, озорга бaрдошли билан ёмонлик қилувчи тенг бўлмас”, деганлар. Пайғамбаримизга Абу Жаҳл кўп озор бергани учун уни кўрсалар ғазабланардилар, шунда Аллоҳ таоло уни афв қилишга, кечиришга буюрди.  

Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! Яхшилик ва ёмонлик ўртасида катта фарқ бор. Сизда иккита яхшилик қилишни имконияти бор, шу иккисининг гўзали билан баъзи душманлар томонидан келган ёмонликни даф қилинг. Шунингдек, сизга бир кимса ёмонлик қилса уни кечиришингиз яхшилик бўлса, сизга ёмонлик қилган жойда яхшилик қилишингиз гўзал бўлади. Ёки болангизни ўлдирган кимсанинг фарзандини душман қўлидан қутқариб қолиш яхшиликнинг гўзалидир.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) “гўзалроқ (муомала) билан” деган маънодаги оятнинг қисмини “Ғазаб чиққанда сабр қилиш, жоҳиллик вақтида ҳалим бўлиш, ёмонлик қилинганда афв этиш”, деб тафсир қилган. Имом Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) “Ёмон кўрган кимса билан учрашиб қолганда салом бериш, рўбарў келиб қолганда қўл бериб кўришиш деган маъно тушунилади”, деган. 

Яхши сўз билан ёмонини, ла илаҳа иллаллоҳ билан ширкни, сабр билан ғазабни даф қилиш каби маънолар тушунилади.

(Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Ёмонликни гўзал муомaла билан даф қилсангиз сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қариндошингиз каби яқин бўлиб қолади.

Ушбу оятни Набий (алайҳиссалом)га кўп озорлар берадиган душман бўлиб, кейинчалик у зотга яқин дўстга айланган Абу Суфён ибн Ҳарб ҳақида нозил бўлган дейилади. Бошқа ривоятда Набий (алайҳиссалом)га кўп азият берган Абу Жаҳл ибн Ҳишом ҳақида нозил бўлган дейилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни сабрга чақириб, у билан қўл бериб сўрашишга буюрган.

Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур. Яхши сўз ва ёмонликни даф қилиш, Аллоҳни тоати ҳамда фарзларни адо қилишда сабр қилган ва охиратда буюк насибаси бор бандаларга берилади.

Али ибн Абу Толҳа (розияллоҳу анҳу) ушбу оятни тафсири ҳақида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилади. Аллоҳ таоло мўминларни ғазаб чиққанда сабрга, жаҳл келганда ҳалим бўлишга, ёмонлик қилинганда афв қилишга буюрди. Мана шуларни бажарса, Аллоҳ уни шайтондан сақлайди, душманларини бўйсундириб яқин дўстдек қилиб қўяди. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “улуғ насиба” калимасини савоб деб тафсир қилган. Имом Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) эса жаннатдан бошқа улуғ насиба бўлмайди деган. Қатода (раҳимаҳуллоҳ) “улуғ насиба” жаннат бўлади. Шунинг учун у жаннат вожиб бўлган инсонларга берилади деб айтган.  

Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Шайтон сизни васваса қилса уни ёмонлигидан Аллоҳ паноҳ беришини, бардош билан туришни сўранг. Имом Муқотил (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оят тафсирида “Шайтондан сизга фитна бўлса Аллоҳдан паноҳ сўранг”, деганлар. Имом Калбий (раҳимаҳуллоҳ) “Ёмонликни даф қилиш мобайнида бирор гуноҳ содир бўлиш хавфи пайдо бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг”, деб айтганлар.

Икки киши Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларида бир-бирларини сўкдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бир сўзни биламан ким уни айтса, ғазаби кетади”, дедилар. Буни эшитган кишиларнинг бири “Мени мажнун деб ўйлаяпсанми?” деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир” оятини ўқидилар (Имом Бухорий, Муслим ривояти).

Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир. Аллоҳ таоло паноҳ сўрашингизни эшитувчи, кофирларни сўзини ҳам азобланишини ҳам билувчи зотдир.

 

Манбалар асосида

Баҳриддин Жўрабек ўғли

тайёрлади

jeudi, 18 août 2016 00:00

ҚУРЪОН ЎҚИГАНДА...

  1. Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг.

«Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар» (Воқеа, 79).

 

  1. Қуръон ўқишни таъаввуз (Аъзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм) билан бошланг.

«Қачонки, Қуръон ўқисангиз, албатта, қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрангиз!» (Наҳл, 98).

 

  1. Қуръонни тафаккур ва тадаббур билан ўқинг.

«Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!» (Аъроф, 204).

 

  1. Қуръони каримнинг ҳар бир оятига имон келтиринг.

«(Эй, Муҳаммад!) Булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, уларни Сизга ҳаққонийлик билан тиловат қилиб бермоқдамиз. Бас, улар (Макка кофирлари) Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб, қайси сўзга имон келтирмоқдалар ўзи?!» (Жосия, 6).

 

  1. Қуръонни тажвид қоидаларига амал қилиб тиловат қилинг.

«...Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил, 4).

 

  1. Қуръонни шошмасдан, дона-доналаб, аниқ ва равон ўқинг.

«(Эй, Муҳаммад!) Биз у (Қуръон) билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун манна шундай (оз-оздан нозил қилдик) ва уни тартили билан (равон) ўқиб бердик» (Фурқон, 32).

  

  1. Қуръон оятларидан ибрат олиб, уларни ҳаётингизга татбиқ этинг.

(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир (Сод, 29).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top