www.muslimuz
Туркия ва Татаристон ўртасидаги ҳалол маҳсулотлар айланмаси ошмоқда
Туркия ва Татаристон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 314 миллион АҚШ долларидан 1 миллиард АҚШ долларилик миқдорга томон ўсиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Туркиянинг Қозондаги бош консули Исмет Эрикан маълум қилди.
Ҳалол маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмининг режаланган миқдорга етишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қозоғистон бош муфтийси болалар билан учрашди
Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, Бош муфтий Серикбай ҳожи Ўраз тоғли минтақада жойлашган "Балдаерен" республика дам олиш марказига ташриф буюрган. Бу ҳақда муфтият матбуот хизмати хабар берди.
Бош муфтий болаларнинг ўз саломатликларига нисбатан эътиборли ва ғамхўр бўлишлари кераклигини айтиб ўтган. Меҳнатсеварлик, ватанни севиш сингари мавзуларда суҳбатлашган.
Учрашувда муқаддас Ислом динининг инсон ҳаётидаги муҳим ўрни ҳақида устоз Бауржон Алиўғли сўзлаб берган. Болалар ўзларини қизиқтирган мавзуларда саволлар билан мурожаат этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Машҳур телебошловчи ҳожатхона қоғозини ишлатишдан кўра мустаҳаб қилишни тавсия қилди
Россиянинг барчага машҳур бўлган «Жить здорово!» (Яхши яшаш!) кўрсатуви бошловчиси Елена Малишева ўз чиқишларининг бирида телетомошабинларга қарата ҳожатхона қоғозларидан фойдаланишдан воз кечишни тавсия қилди. Бу ҳақда muslim.kz нашри хабар берди.
Малишеванинг фикрича, бундай воситалардан фойдаланиш нотўғри ҳамда салбий оқибатларга олиб боради. Бунинг ўрнига сув билан мустаҳаб қилиш (ювиш)ни тавсия этган.
Бошловчининг фикрини иммунолог Андрей Продеус ҳам қўллаб-қувватлаган. Мутахассиснинг таъкидлашича, қоғоздан фойдаланиш микрожароҳатларга сабаб бўлиши ва бунинг оқибатида йиринглаш келиб чиқиши мумкинлигини айтган. Елена Малишева ушбу анъанадан Шарқ халқлари фойдаланиб келишини мисол сифатида келтириб ўтган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ЯНГИ ЛОЙИҲА – Етти кунга етти китоб
Азиз muslim.uz сайти мухлислари! Сизларга тақдим қилмоқчи бўлган янги “Етти кунга етти китоб” лойиҳасида ҳафтанинг ҳар бир кунида дунёдаги машҳур китобларнинг ўзбек тилдаги таржималари, диёримиздаги уламолар тафсири ва бошқа китоблари, сийрат, фиқҳ, ақида, тасаввуфга доир энг сара китобларнинг электрон кўринишини тартиб билан ўқувчилар эътиборига тақдим этиб борилади.
Қўйиб бориладиган китоблар мавзулари:
1. Қуръон
2. Ҳадис
3. Ақида
4. Фиқҳ
5. Сийрат
6. Тасаввуф
7. Муҳим мавзулар
Ўқигувчиларимизга манфаат етказа олсак хизматимиздан беҳад мамнунмиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Илмни ёзиб қўйиш ўта муҳимдир!
Уламоларимиз вақтни ғанимат билишга, китобларда кўрган ёки хаёлларига келган фойдали фикрларни дарҳол ёзиб қўйишга ҳарис эдилар. Улар бу ишни ҳатто тунда ҳам амалга оширардилар.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ хаёлларига келган фойдали фикрларни ёзиб қўйиш учун тунда кўп уйғонардилар. Шогирдлари Фирабрий раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Бир куни кечқурун Муҳаммад ибн Исмоилнинг уйларида эдим. У киши тун давомида ўн саккиз марта ўрниларидан туриб, чироқни ёқиб, бирор фикрни ўйлаб, кейин уни ёзиб қўйганларини санадим”.
*****
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг соҳиблари Ҳумайдий у киши билан Мисрдалигида бўлган воқеани ҳикоя қилади. Ўшанда Ҳумайдий кечаси ташқарига чиққанда, Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг хоналаридаги чироқлари ёниқ турганини кўриб, деразадан қараса, қоғоз ва қалам турган экан. Воқеани ровийнинг ўзи давом эттиради: “Нима қиляпсиз, эй Абу Абдуллоҳ?” деб сўрадим. Шунда имом: “Бир ҳадис ёки бир масъаланинг маъноси ҳақида ўйладим. Кейин зеҳнимдан кетиб қолишидан қўрқиб, чироқни ёқишларини буюрдим-да, ўша фикрни ёзиб қўйдим” деб жавоб бердилар”.
*****
Ибн Аббор Ҳофиз “Мўъжаму асҳабис Садафий” китобида аллома Абул Қосим ибн Вард Тамимийнинг таржимаи ҳоли баёнида шундай деган: “У киши бирор китобни кўриб қолсалар, уни вароқлаб, юқоридан пастга кўз югуртириб, агар бирор фойдали нарсани топсалар, ёнларидаги вароққа кўчириб қўярдилар. Ҳатто шу тарзда бутун бир мавзуни жамлардилар”.
*****
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Ал-Баҳрул муҳийт” ва бошқа асарлар соҳиби бўлмиш Имом Заркаший раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолини баён қилаётганларида мана буларни зикр қилганлар: “У киши (Заркаший) китоблар бозорига бориб, китобфуруш дўкони олдида тўхтаб, кун бўйи ўша ердаги китобларни мутолаа қилиб, ўзларини қизиқтирган бирор жойи чиқиб қолса, уни ёнларидаги қоғозга қайд этиб, кейин ўша қоғоздаги маълумотни ўз асарларига иқтибос тарзида киритар эдилар”.
Али ибн Муҳаммад Имроннинг “Ал-Мушаввиқ илал қироати ва талаби илми” китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси