www.muslimuz

www.muslimuz

Қуръони каримда намозга буюрилган оятларга назар солсак, ҳаммасида “намозни қоим қилиш” лафзи келтирилган. Намозга буюрилган оятларда бундан бошқа лафз ишлатилмаган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларнинг сифатлари тўғрисида шундай дейди:

الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ

“Улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга)  имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара сураси, 3-оят).

Бошқа бир оятда бундай дейилади:

وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ وَارْكَعُواْ مَعَ الرَّاكِعِينَ

“Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва рукуъ қилувчилар (намозхонлар) билан бирга рукуъ қилингиз (намоз ўқингиз)!” (Бақара сураси, 43-оят).

Яна бир оятда мана бундай дейилади:

وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ

“...Намозни баркамол ўқинг, закот беринг...” (Бақара сураси, 83-оят).

Оятларда намозни қоим қилиш, яъни баркамол адо этиш айтиляпти. Бундан ҳадиси шарифларда намозни қандай ўқиш айтилган бўлса, мазҳабимизда намознинг мукаммал бўлиши учун қандай шартлар келтирилган бўлса, худди шундай қилиб ўқиш кераклиги тушунилади.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждани батамом қилмаган бир кишини кўриб:

“Намоз ўқимадинг! Агар ўлсанг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ қилган табиатидан бошқа табиатда ўласан!” дедилар”.

Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу машҳур саҳобалардан, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарсани эшитиб, билмасалар гапирмайдилар. У киши розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждани тўлиқ қилмай, бошқа ривоятда айтилишича, худди қарға ерни чўқигандек қилиб, намоз ўқиган одамни кўриб, унга танбеҳ бердилар: Бу ўқиган намозинг намоз эмас. Агар доим шундоқ қилиб намоз ўқиб юрган бўлсанг ишинг чатоқ. Мободо ўладиган бўлсанг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг миллатларидан бошқа миллатда ўласан, дегандек гап қилдилар. Бу кофир ҳолинг­да ўласан, маъносини бошқа лафзлар билан айтиш эди.

Ушбу ривоятни далил қилиб Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва ҳанафийлардан Имом Абу Юсуфлар рукуъ ва саждада хотиржам бўлиш фарздир, деганлар.

Имом Абу Юсуф рукуъ ва саждадаги хотиржам туришнинг фарзлиги бир марта «Субҳана Роббиял азийм» ёки «Субҳана Робиял аъло»ни шошилмай айтгунча, деганлар.

Афсуски, ҳаётимизда кўпчилигимиз, худди ушбу ривоятда рукуъ ва саждани яхши қилмай, шошилиб қарға ерни чўқигандек, қилиб намоз ўқиймиз. Демак у одатни ташлаб ҳар бир амални шошилмай, ўринлатиб қилиб намоз ўқишимиз керак. Илмли кишиларимиз Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу ан­ҳуга ўхшаб иш юритиб, намозни чала ўқиётганларга танбеҳ бериб туришлари керак.

Ҳа, азизлар намозларимизни гўзал тарзда адо этмоғимиз лозим. Намозни гўзал қилиб адо этиш эса фарз вожиб, суннат ва одобларини ўз ўрнига қўймоқдир.

Бир куни бир одам Набий алайҳиссаломнинг масжидларига кирдида, намоз ўқий бошлади. Намозини ўқиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, салом берди. У зот унинг саломига алик олгач, “Орқангга қайт ва намозингни бошқатдан ўқи. Чунки, сен намоз ўқимадинг” дедилар. Ҳалиги одам ортига қайтиб намозини бошқатдан ўқиди. Кейин келиб, яна салом берди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг саломига аввалгидек жавоб қайтардиларда, яна “Орқангга қайтиб, бошқатдан намоз ўқи. Чунки, сен намоз ўқимадинг” дедилар. Бу ҳол учинчи марта такрорлангандан кейин бояги одам “Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бундан чиройли ўқий олмайман. Менга ўргатинг” деди. Кейин Набий алайҳиссалом унга қандай намоз ўқиш кераклигини ўргатиб, намознинг барча рукнларини хотиржам адо этиши лозимлигини тушунтирдилар.

“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлиб қайрилдилар ва:

“Эй, фалончи намозингни яхшилаб ўқимайсанми?! Намозхон намоз ўқиганида қандоқ ўқиганига назар солмайдими?! Ахир ўзи учун ўқийди-ку?! Аллоҳга қасамки, албатта, мен худди олд томонимдан кўрганимдек, орт томонимдан ҳам кўрурман”, дедилар”. Муслим ривояти.

Муҳтарам ўқувчи, одамларнинг ичидаги энг ёмон ўғри кимлигини биласизми? Масжиддаги нарсаларни ўғирлайдиган кишими? Ёки фақирнинг ва етимнинг молини ўғирлайдиган кишими? Йўқ!

Набий алайҳиссалом айтдилар: “Одамлар ўғирлайдиган нарсаларнинг энг ёмони намоздан ўғирлашидир”. Шунда саҳобалар: “Қандай қилиб намоздан ўғирлаш мумкин?” деб сўрашди. У зот: “Рукуъ ва саждасини тўлиқ қилмаслик билан” деб жавоб бердилар.

Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Намоз икки (ракат), икки (ракат)дир. Ҳар икки ракатда ташаҳҳуд ўқийсан. Хушуъ қиласан, тазарруъ қиласан, мискинлик изҳор қиласан, Роббингга икки қўлинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб, “Ё, Робб!” дейсан. Ким шундоқ қилмаса, намози чаладир”, дедилар”.

Ушбу ҳадиси шарифларни ўрганиб бўлганимиздан кейин ихлос, хушуъ-хузуъ, тазарруъ ва мискинлик ила намоз ўқиш қанчалик муҳим эканлигини тушуниб етдик.

Шундай экан, биз ҳам талаб даражасида хушуъ ва хузуъ ила намоз ўқишга, олий мақомга эришишга ҳаракат қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло барчамизни намозини шошмасдан, ҳар бир рукнларини ўз ўрнига қўйиб адо этадиганлардан қилсин, омин!

 

Islom.uz портали ва бошқа интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Таҳажжуд намози ҳам нафл ибодатлар қаторига кириб, улар ичида ӯқилиш вақти бир оз ноқулайлик туғдирса ҳам, унга бериладиган савоблар ва ажр-мукофотларига кӯра энг олийси ҳисобланади. Зеро, ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз таҳажжуд намозидир», деганлар. 
( Имом Муслим ривояти) 

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:  “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят).

Оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб. Хоссатан таҳажжуд намозини адо қилишга буюрмоқда ва бу намоз Қиёмат кунида гуноҳкор умматлари учун қилинадиган шафоатлари учун сабаб бўлишига ишора қилмоқда. Айнан шу сабабдан, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозига қаттиқ эътибор берардилар. Ўзлари узрсиз асло тарк қилмаган ҳолда, умматлари учун ҳам бир қанча башоратлар бериб, ушбу намозга тарғиб қилувчи бир қанча ҳадисларни қолдирганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, жаннатда ташқариси ичидан, ичкариси ташқаридан кўриниб турадиган хоналар бор. Аллоҳ у хоналарни – таом едирган, саломни ёйган ва кечаси одамлар уйқуда ётганда тунги (таҳажжуд) намозни ўқиган зотлар учун тайёрлаб қӯйгандир»  (Имом Аҳмад ривояти)

Бошқа ҳадисда эса:  «Сизлар тунги (таҳажжуд) намозини лозим тутинглар, чунки у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одати, Раббингизга яқинлашув, ёмонликларга каффорат ва гуноҳдан қайтарувчидир»  ( Имом Термизий ривояти)

Абдуллоҳ  ибн Салом розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилган:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам (Мадинага) келдилар. Мен одамлар орасида у зотни кўриш учун келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини кўрганимда, албатта, у зотнинг юзлари ёлғончи, каззобнинг юзи эмаслигини билдим. У зотнинг биринчи гапирган гаплари: “Эй инсонлар! Саломни орангизда кенг ёйинглар, таом улашинглар, қариндошлар билан алоқани боғланглар ва тунда, одамлар ухлаётган пайтда намоз ўқинглар. Шунда жаннатга саломат ҳолда кирасизлар” дейиш бўлди”.

Ҳадисларда айтилади: “Аллоҳ таолонинг  бандага энг яқин бўладиган ҳолати кечанинг охирги қисмидадир. Агар ўша соатда Аллоҳни зикр қилувчилардан бўла олсанг, шундай бўл!” деганлар. Яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг шарафи кечаси ўқиган намози ва азизлиги инсонларнинг қўлларидаги нарсадан беҳожат бўлишидир” деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Қачон эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар, зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар».

Шарҳ: Бу эса улуғ саодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда зокир ва зокираларга мағфират ва улуғ ажр тайёрлаб қўйганини айтгандир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон эр кечаси хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб таҳажжуд намози ўқиб туришлари керак.

Муҳаммад ибн Юсуф айтдилар: «Суфён Саврий тунда бизни уйғотиб, «Эй йигитлар! Ёшликда тунги таҳажжуд намозини ўқинглар. Кучга тўлган, ёш пайтингизда ўқимасангиз, қачон ўқийсиз?», дер эдилар.

Салафи солиҳлар ҳам таҳажжуд намозига қаттиқ эътибор берардилар. Чунки улар таҳажжуднинг файдаларини кўрган ва лаззатларидан баҳраманд бўлган эдилар.

Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ айтган эдилар:

«Пайғамбарлар, соф кишилар, яхши инсонлар ва покиза зотларнинг қалбида уч хил сифат бор: ҳалимлик, Аллоҳга тавба қилиб ёлвориш ва таҳажжуд намозидан насибадорлик».

 

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан: «Нима учун тунда таҳажжуд ўқийдиганларнинг юзи гўзал бўлади?» деб сўрашди. У зот шундай дедилар: «Улар Раҳмон сифатли Зот – Аллоҳ билан холи қолишганда У Зот уларга Ўз нуридан ато этади».

Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ: «Роббининг ҳузурида ҳожати бўлатуриб, саҳар вақти, яъни тонгда ухлаган киши оқил эмас», деган эканлар. Яъни, ҳожатларингизни тундаги таҳажжуд намозида сўрашни ўрганинг!

Каъб айтдилар: “Тундаги таҳажжудда қоим кишилар борки, улардан миннатдор бўлингандир. Тунда ухловчилар борки, уларнинг гуноҳлари мағфират қилингандир. Масалан, икки мўмин киши Аллоҳ йўлида бир бирини яхши кўради. Улардан бири намоз ўқиб биродари ҳаққига дуо қилади. Ва Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилади”.

Ибн Ажлон шундай деган эканлар: “Аллоҳ таоло мўминнинг кучини жисмига эмас, қалбига жойлади. Ахир қарияларни қаранг, иссиқ ҳароратда ҳам рўза тутиб, тунда таҳажжуд намозини адо қиладилар. Ваҳоланки, ёшлар бу амаллардан ожиз бўлишади”.

Абу Сулаймон Дороний: «Таҳажжуд ўқувчилар тунни ўйин-кулги билан ўтказувчилардан кўра кўпроқ лаззатга чўмганлардир», дедилар.

Иброҳим Ҳаввос айтадилар: “Қалб касалларини даволаш беш иш билан бўлади: Қуръонни тадаббур билан (маъносини англаб) тиловат қилиш, кечаси таҳажжуд намози ўқиш, саҳарларда Аллоҳга ёлвориш, дўстлар билан суҳбат ва кам ейиш”. 

Баъзи орифлар шундай деган эканлар: «Аллоҳ таоло саҳарда уйқусидан уйғонувчиларнинг қалбига нур тўлдириб қўяди. Уларнинг қалбига фойдалар тушиб, нурга бурканади. Сўнгра фойдалар уларнинг қалбидан таралиб, ғофиллар қалбига етиб боради».

Ҳикматларда айтилади:

“Жаннатдаги аввалги манзилингга қайтишни хоҳласанг, тунда таҳажжуд ўқийдиганлар водийсига кўтарилгин, чунки карвон ана шу ердан ўтади. Тонг саҳардаги дуо қазои қадарнинг ўқи эканини ҳам унутма”.

“Тунги намоз ўқиладиган уйда нур пайдо бўлади. Уни осмон  аҳли кўради. Биз тунда осмонга қараганимизда, юлдузлар  ёруғлигини кўрганимиздек, осмон аҳли ердаги нурнинг намоз  ўқувчининг уйидан таралаётганини кўради. Ундан ҳам ажабланарлиси шуки, ҳар куни уйингдаги нурни  кўришга одатланган фаришталар тунги намоз ўқимаган кунинг сени  сўраб-суриштирадилар, чунки улар уйингда зулматни кўрадилар.  Уларга сенинг беморлигинг ёки ғамга ботиб қолганинг айтилади.  Фаришталар сенга шифо ва ғамдан халос бўлишингни сўрайдилар  ёки эҳтиёжингга қараб дуо қиладилар. Чунки улар сенинг намозинг  сабабли нур таралаётган уйингни кўришни истайдилар”.

“Таровеҳ ёки таҳажжуд намозида ота-онангнинг ҳаққига қилган дуоинг уларга атаб сўйган ўнта туянгдан афзалдир”.

“Агар бизнинг кунлик режамизда икки ракатли зуҳо намози, Қуръондан кунлик вазифа, тунги витр ва таҳажжуд намози, яхши сўзлар, фақат Аллоҳ биладиган яширилган амаллар, тонг ва кечки пайт айтиладиган зикрлар бўлмаса ҳаётнинг қандай мазаси бор. Сиз кунлик жадвалингизни тартибга солиб, уни кунлик вазифаларингиздан қилиб олинг. Шунда иншааллоҳ кунингизни роҳат ва фароғатда топасиз”.

Азиз дўстим! Ушбу маълумотларни ўқигандан кейин лоақал икки ракаат таҳажжуд намозини ўқишни қасд қилган бўлсангиз, лоақал яхши ният қилган бўлсангиз, биз мақсадимизга етдик. Дуоларда эслаб қўйинг!

 

Манбалар асосида : Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби Ёрбек Исломов тайёрлади

 

 

Қуйида келтириладиган ҳадис, фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Қўй боқиб юриб ҳам китоб ўқишинг мумкин. Маданиятни қаҳвага ҳеч қандай алоқаси йўқ.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Фейсбукка таомимизнинг расмини қўймаслигимиз бизнинг овқат емай, оч юришимизни англатмайди.

Фейсбукка аёлимиз расмини қўймаслигимиз бизнинг оила қурмаган бўйдоқ эканимизни англатмайди.

Фейсбукка масжидда ўтирганимиз расмини қўймаслигимиз бизнинг намоз ўқимаслигимизни англатмайди.

Фейсбукка фарзандларимизнинг кўкрагидаги талабалик нишонини расмга олиб, тармоққа қўймаганимиз уларнинг кириш имтиҳонларида йиқилганини англатмайди.

Фейсбукка шифохонада юрган расмларимизни қўймаслигимиз бизнинг касал бўлмаслигимизни англатмайди.

Фейсбукка саёҳат қилиб юрганимиз расмини қўймаганимиз уйимизни ичидан қулфлаб олиб, калитни ютиб юборганимизни англатмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳар биримиз бир хил кўзга эгамиз, лекин бир хил назар солишга эга эмасмиз.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар зулм бўлаётган пайтда бетараф бўлиб турсанг, демак, золимнинг ёнида туришни танлабсан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар кимдир сендан ғазаблансаю аммо сенинг тўғрингда ёмон иш қилмаса, уни ўзингга дўст сифатида танла. Чунки ғазаб башариятнинг аслини очиб ташлайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Сув билан харсангтош ўртасидаги курашда вақт ўтиши билан сув ғалаба қозонади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Одамлар олдида фариштадек бўлиб, ўзинг қолганингда иблисдек бўлма!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Кимда ким қиммат нарсани текинга бериб юборса, вақти келиб арзон нарсани жуда қиммат нархга сотиб олади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

  

mardi, 15 octobre 2019 00:00

Данагидан мағзи ширин

Расмга олган йигит шундай изоҳ қолдирибди:

«Отам ўғлимни илк бор бағрига босяпти. Уни бунчалик хурсанд ҳолда кўрмагандим».

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

mardi, 15 octobre 2019 00:00

Меъёрдан ортиқ юк

Болалигида кўпчилик космонавт, учувчи бўлишни орзу қилган. Космонавтлар, учувчилар дуч келадиган ҳолатлардан бири – меъёридан ортиқча юкдир. Буни рус тилида перегрузка дейилади. Бу танага ташқаридан ортиқча юкнинг тушиши бўлиб, лотинча g (жи) ҳарфи билан белгиланади.

Инсон қаерда, қандай  шароитда тургани, қандай тезликда ҳаракатланаётганига қараб турли юк босими остида бўлади. Кўпчилигимиз истироҳат боғларидаги аттракционларга тушганимизда, танамиздаги оғирлик, ноқулайликни ҳис этганмиз. Ана шу танага тушаётган юкдир. Бизга юк тушганда, танамиз ўз вазнидан бир неча баробар оғирлашиб кетади.

Инсон космосда вазнсизлик ҳолатида турганда унга юк тушмайди. Демак, бу пайтда унга тушадиган юк 0 g деб белгиланади.

Инсон ер сатҳида ҳаракатланмай турганда, ернинг тортишиш кучи сабабли унга 1 g оғирлигида юк тушаётган бўлади.

Самолётда кетаётган йўловчи танасига 1,5 g оғирликда юк тушади.

Парашютда тушаётган одам ерга сониясига 6 метр тезликда қўнганида унинг танасига 1,8 g оғирликда юк тушади.

Космонавтлар космик кемада Ер атмосферасига кираётган пайтда уларнинг танасига 3-4 g оғирликда юк тушади.

Парашютда тушаётган одам парашюти очилган лаҳзада унинг танасига 10 g оғирликда юк тушади.

Аэробатика (самолётни турли манёврларда, акробатик ҳаракатлар қилдириб учиш) самолётида учаётган учувчи танасига 12 g оғирлигида юк тушади.

Баъзан космик кеманинг фавқулодда тушиши асносида 20-26 g оғирликда юк тушади.

Автопойгада иштирок этаётган ҳайдовчи танасига фавқулодда 179,8 g оғирликда юк тушган.

Форт-Уортда бўлаётган автопойгада Кенни Брак исмли иштирокчи танаси бахтсиз ҳодиса туфайли 214 g оғирликдаги юкни қабул қилган.

Колибри қушлари тезкор ҳаракати, турли парвозлари сабабли уларнинг бошига 304 g оғирликда юк тушади.

Венера атмосферасининг зич қатламларида “Венера-7” сайёралараро станцияси тормоз бериши пайтида унга 350 g оғирликда юкни тушган.

Қизилиштон номли қуш тумшуғи билан дарахтга уриб, ковак очаётган пайтда унинг бошига 1000 g оғирликда юк тушади.

Қуролдан ўқ отиш пайтида стволдан чиқаётган ўқнинг юки 47 000 g оғирликда бўлади.

Аллоҳ таоло инсон учун барча шароитларни яратиб қўйган. Ерда қулай юриши, қийналмаслиги учун Ернинг тортишиш кучини ҳам, атмосферанинг босимини ҳам, инсоннинг ички босимини ҳам бир-бирига мутаносиб қилиб яратган. Бу Роббимизнинг биз бандаларига ато этган катта неъмати, меҳрибонлигидир.

         Аллоҳ таоло инсонга тоқати етмайдиган нарсани юкламаган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

لاَ يُكَلِّفُ اللّهُ نَفْساً إِلاَّ وُسْعَهَا

“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас” (Бақара сураси, 286-оят).

Кимга қандай қувват беришни, кимни нимага кучи етадиган қилиб яратишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَاللّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ

“Аллоҳ билади, сиз билмайсиз” (Бақара сураси, 216-оят).

 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top