www.muslimuz
Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг махсус маърузачисини қабул қилди
25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саянни қабул қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан конструктив муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ушбу шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал Ҳусайн ва БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг мамлакатимизга ташрифлари натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш, бу борадаги халқаро мулоқотни янада ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжат, жумладан, БМТнинг ўнта асосий шартномаларига қўшилган. 2018 йил ноябрь ойида Самарқандда илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон парламенти томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва малака тўғрисидаги декларациясини амалга ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинган. Ушбу ҳужжат суд-ҳуқуқ соҳаси ходимларининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимларини оширишни назарда тутади.
Юртимиз суд-ҳуқуқ тизимига халқаро стандартларни жорий қилиш орқали судья ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан биридир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Олмотада 5 та хайрия ташкилоти ташкил этилди
Олмота шаҳрининг Медеус, Алатау, Наврузбай ва Турксиб туманларида Қозоғистон мусулмонлари идорасига қарашли бешта хайрия ташкилоти ташкил этилди. Бу ҳақда azan.kz нашри хабар берди.
Ушбу ташкилотларнинг очилиш маросимлари туманлардаги масжидларда ўтказилди. Тадбирда Қозоғистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, Қозоғистон Вақф ташкилоти раҳбарияти иштирок этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Кўкалдош” мадрасасига экскурсия ташкил этилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти талабалари учун “Ижтимоий” фанлар кафедраси мудири О.Тангиров бошчилигида Тошкент шаҳридаги тарихий обида ва бугунги кунда ўрта махсус ислом билим юрти сифатида фаолият кўрсатиб келаётган “Кўкалдош” мадрасасига эксурсия ташкил қилинди. Бу ҳақда islaminstitut.uz сайти хабар берди.
Дастлаб талабалар, мадраса биноси ва дарс хоналарини кўздан кечиришди. XVI асрда анъанавий шарқ услубида барпо қилинган ушбу тарихий обида асрлар давомида ўзининг салобати ва прувиқорлигини йўқотмасдан келмоқда. Мадраса тарихи тўғрисидаги маълумотлар талабаларда чуқур қизиқиш ўйғотди.
Шунингдек, талаба ёшларимиз ушбу мадрасанинг ўқув жараёнлари ҳамда билим юртининг ахборот ресурс марказларида бўлиб, у ердаги нодир адабиётлар билан танишдилар. Айниқса, мадрасада ташкил этилган хаттотлик ва наққошлик тўгараклари талабаларда катта қизиқиш ўйғотди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида ташкил этилган ушбу экскурсия талабаларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Каттақўрғондаги мактаб ўқувчиларига “Саҳиҳул Бухорий” ҳадя қилинди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги “Мерган ота” жоме масжиди имом хатиби О.Увайтов масжид ходимлари билан тумандаги 40-ўрта таълим мактабига ташриф буюрди. Имом хатиб ўқувчи ёшлар билан устознинг мартабаси ҳақида суҳбатлашди.
Ислом динида устоз-мураббийларга муносабат ҳақида гапирган О.Увайтов Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва ҳаттоки балиқгача одамларга яхшиликни таълим берувчига саловат айтадилар" (Имом Термизий ривояти), - деб айтган ҳадисларини эслаб уни шарҳлаб ўтди ҳамда мусулмонлар қадим-қадимдан устоз ва мураббийларга мисли кўрилмаган ҳурмат кўрсатиб келгани, чунки фарзандларининг камолотга етиб, дунёю охират саодатига эришишлари учун устознинг ўрни беназир эканини яхши англатишини ёшларга тушунтирди. Мисол тариқасида муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётларидан бир мисол келтириб, ушбу воқеани айтиб берди. “Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳи алайҳ бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар”.
“Мерган ота” жоме масжиди имом хатиби ва масжид жамоаси мактаб ўқувчиларига Қуръони каримкейинги энг мўътабар манба бўлмиш Имом Бухорийдан раҳимаҳуллоҳ тарафидан тасниф этилагн “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ўзбек тилидаги таржимасини совға қилидилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
БМТ махсус маърузачиси Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллигига оид масалалар бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян бошчилигидаги делегация 23 сентябрь куни Самарқандга келди.
Куннинг иккинчи яримида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуаси билан танишди. Меҳмонларни ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари Х.Саттаров кутиб олди. Уларга Имом Бухорийнинг ҳаёти ва Саҳиҳул Бухорий ҳадис тўплами тўғрисида маълумот бериб ўтди. Бу ҳақда ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати хабар берди.
Шундан сўнг, Диего Гарсия-Саян бошчилигидаги делегация билан Имом Бухорий илмий тадқиқот марказида давра суҳбати ўтказилди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари Х.Саттаров вакиллик тизимидаги масжидларнинг фаолияти, мамлакатимизда Ислом динига бўлган эътиборни ва кенг кўламда олиб борилаётган ислоҳатлар тўғрисида гапириб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати