www.muslimuz

www.muslimuz

Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва валиаҳд Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни миллий байрам – Саудия Арабистони Подшоҳлиги эълон қилинган кун билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Дуо

Ё Аллоҳ! Меҳрибон Роббим! Хотимамизни гўзал қилгин! Калимаи Шаҳодатни айтиб жон беришимизни осон айлагин, омин!

*****

Муҳим вазифа

- Ассалому алайкум, устоз. Сизга шогирд бўлиб, илм ўрганмоқчиман, қалбим пок бўлишини, ахлоқим гўзал бўлишини хоҳлайман.

- Ва алайкум ассалом. Гуноҳларинг камайганда келасан.

Орадан тахминан уч йил ўтиб, ҳалиги йигит яна келди.

- Ассалому алайкум. Устоз, мен келдим. Шу ўтган йиллар мобайнида гуноҳдан тийилдим. Энди шогирдликка қабул қиласизми? Менга ҳам вазифа берасизми?

- Ва алайкум ассалом. Сенга уч йил олдин берганман вазифани. Гуноҳлардан тийилиш. Шу ишда бардавом бўлгин!

*****

Етмиш йилдан ортиқроқ ўқидим. Мана бундан чиройлироқ ҳикмат топмадим:

«Албатта, тоатнинг машаққати кетади ва савоби қолади. Албатта, гуноҳларнинг лаззати кетади ва иқоби қолади».

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Агар ака-укалар биргалашиб ишласалар, тоғлар ҳам олтин конларига айланади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Тилдан бошқа барча аъзоларга чарчоқ, қарилик етади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Юраётган йўлингга тикон сочма, тиконли ўсимлик экма. Эҳтимол ўша йўлдан ялангоёқ ҳолда ўтишинг мумкин.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳақиқат, гарчи унга ҳамма қарши бўлса ҳам, ҳақиқатлигича қолаверади!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Тарихдаги энг катта иккиюзламачилик ва лаганбардорликлардан бири

 

Мамлуклар ҳукмронлиги даврида Мисрда зилзила бўлди. Шунда шоирлардан бири подшоҳга: “Мисрда зилзила бўлмаяпти. Балки (Миср) сизнинг адолатингиздан хурсанд бўлиб, рақсга тушяпти” деди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар бир инсоннинг ахлоқини билмоқчи бўлсангиз, бошлиқлари билан эмас, балки ўзидан қуйироқ кишилар билан қандай муомала қилишига қаранг!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Жундуб ибн Жунода розияллоҳу анҳу бўлиб, уламоларимиз у кишининг Ислом динига тўртинчи ёки бешинчи бўлиб кирганликларини айтишади.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу мулоҳазали, сертавозеъ, камтар киши эдилар.

У киши ҳижратдан олдин Маккада Исломни очиқ эълон қилган зотларнинг бири эдилар. Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъламин нубала” китобида у киши ҳақида шундай деган: “У зоҳидлик, сидқ, илм ва амалда етакчи эди. Ҳақни баралла айтувчи инсон бўлиб, Аллоҳ розилиги йўлида қиладиган ишларида маломатчининг маломатидан қўрқмасди”.

У киши Табук ғазотида туялари секин юргани сабабли мусулмонлар қўшинидан ортда қолганлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ Абу Заррга раҳмат қилсин, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади, ёлғиз тирилади», дедилар».

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абу Заррдан кўра тили ростгўй ва вафодорга осмон соя солмаган ва ер уни кўтармаган. У Ийсо алайҳиссаломга ўхшайдир», дедилар.

Бас, Умар унга ҳасад қилгандек бўлиб:

«Унинг бундоқлигини ҳурматини қилайликми, Эй Аллоҳнинг Расули,», деди.

«Ҳа, унга шундоқ қилинглар!» дедилар у зот».

Термизий ривоят қилган.

 

Ушбу ҳадиси шарифда Абу Зарр Ғифорийнинг фазилатлари нақадар юқори экани маълум бўляпти. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифда келган гаплари бошқа бирор саҳоба ҳақида келмаган.

 

Аллоҳ таоло Абу Зарр Ғифорий ҳазратларидан рози бўлсин!

 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

lundi, 23 septembre 2019 00:00

ҒАЗАБНИ ИЧГА ЮТИШ

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 

وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

 

“Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).

Роббимиз “ғазаб қилмайдиганлар” демади, балки, “ғазабини ютадиганлар” деди. Ҳаммаям ғазабланади. Ғазаб ҳаммада бор. Ғазаб инсон табиатида бор нарса. Ўз ўрнида ғазабланиш ҳам керак, ҳатто шарт бўлади. Масалан, Аллоҳнинг дини, шиорлари масхара қилинаётган пайтда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ғазабланар эдилар. Аммо у зот алайҳиссаломнинг ғазаблари Аллоҳ учун бўларди, ўз нафслари учун эмас. У зот агар ғазаблансалар, юзларини тескарига ўгириб, бурилиб олардилар. Агар хурсанд бўлсалар, кўзларини пастга қаратиб олар эдилар.

У зот алайҳиссалом “Курашда енгган кучли эмас. Кучли деб ғазаби келганда ўз нафсига эгалик қила олган кишига айтилади” деганлар. Муттафақун алайҳ.

Аммо ноўрин ғазабланишдан, шариатимиз таъқиқлаган ғазабланиш пайтида ғазабни ташқарига чиқаришдан қайтарилган.

Оятда мақталаётганлар ана ўша ғазаби келганда ўзини тутиб олган, ғазабини ташқарига чиқармаган, ғазаби келиб турса ҳам, бошқаларга сездирмаган, уларга гўзал ва юмшоқ муомала қиладиганлардир. Бундай инсонлар муҳсинлар бўлиб, Аллоҳ таоло уларни яхши кўришини эълон қилмоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу оятда айтилганидек, нафақа қиладиган, ғазабини ичга ютадиган ва кечиримли бандалардан бўлишимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳужурот сурасида инсонлар ўртасидаги муомалаларда амал қилиниши лозим бўлган бир қанча тавсияларни буюрган.

  1. Адолатли бўлинглар!

 

وَأَقْسِطُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

“Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир” (Ҳужурот сураси, 9-оят).

 

  1. Ислоҳ қилинглар!

 

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

 

  1. Текшириб кўринглар!

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْماً بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

 

  1. Масхара қилмасин!

 

ا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا يَسْخَرْ قَومٌ مِّن قَوْمٍ عَسَى أَن يَكُونُوا خَيْراً مِّنْهُمْ وَلَا نِسَاءٌ مِّن نِّسَاءٍ عَسَى أَن يَكُنَّ خَيْراً مِّنْهُنَّ

“Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

 

  1. Мазах қилманглар!

 

وَلَا تَلْمِزُوا أَنفُسَكُمْ

“Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

 

  1. Лақаблар қўйиб олманглар!

 

وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ بِئْسَ الاِسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الْإِيمَانِ وَمَن لَّمْ يَتُبْ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

“Бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

 

  1. Кўп гумондан четланинглар!

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيراً مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ

“Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

 

  1. Жосуслик қилманглар!

 

وَلَا تَجَسَّسُوا

“Жосуслик қилманглар” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

 

  1. Ғийбат қилмасин!

 

وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضاً أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتاً فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ

“Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

 

Интернет манбалари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top