www.muslimuz
Саҳифангизни эҳтиёт қилинг!
Бир киши Валид ибн Абу Хайра роҳматуллоҳи алайҳни сўкиб юборди. Шунда у зот: “Бу сенинг саҳифангдир. Шундай экан, унга хоҳлаган нарсангни ёздиравер!”, дедилар.
Унутмаслик керак, тил – Аллоҳнинг улуғ неъмати. Ҳар бир инсоннинг елкасида ҳаёти давомида амалга оширган, содир этган гуноҳ ёки савоб амалларини ёзиб борадиган фаришталар мавжуд. Инсонни оғзидан чиқаётган ҳар бир яхши-ёмон айтилаётган сўзларни, ҳатто тортган оҳ-воҳларини ҳам амал дафтарининг саҳифаларига ёзиб борадилар.
Аллоҳ ўз каломида бу ҳақида айтади: “У бирoр сўзни тaлaффуз қилсa, aлбaттa, унинг oлдидa ҳoзиру нoзир бўлгaн бир кузaтувчи (сўзни ёзиб oлувчи фaриштa) бoрдир”. (Қоф: 18).
Тилнинг зарари улкан бўлиб, хатарининг кўлами эса жуда катта саналади. Тил зарарли йиртқич ҳайвон, чақувчи илон ҳамда алангаланувчи оловдир. Тилингиз ила киши айбини гапирмангки, Сизнинг ҳам барча жойингиз айб, камчиликдан иборатдир.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: “Эй Аллоҳнинг расули, гапирганларимизга ҳам жазоланимизми?
– Сен ўлиб, онанг боласиз қолгур, эй Жабалнинг ўғли! Ахир, фақат тилларидан унган хосиллар туфайли одамлар жаҳаннамга юзлари билан қулайди-да”.
Ақаба ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: “Нажот нимада, эй Аллоҳнинг расули? – деб сўрадим.
– Тилингни тий, уйингни кенг қил ва хатоларинг учун йиғла, – дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам”.
Саҳобаи киромлар Қуръон ва суннат одоби ила тарбияланган вақтлариданоқ, лафзларини тўғирлаб, гапларига риоя қила бошладилар. Уларнинг нутқлари зикр, назарлари ибрат ҳамда сукут сақлашлари эса тафаккурга айланди. Мўмин инсон ўз тили орқали бошқа мусулмон биродарларининг қалби озор бермаслиги керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида марҳамат қилганларидек, “Мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир”.
Муқаддас Ислом динимиз инсонларни қалбига озор бермасликка чақиради. Бу амални Ислом ўзининг шиорлари даражасига кўтарди.
Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб, “Эй Оиша, мендан хоҳлаган нарсангни сўра” дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак аёл эдилар, бу фурсатни қўлдан бой бермаслик учун энг яхши нарсани сўрашни қасд қилдилар ва “Бу борада отам билан маслаҳатлашсам” дедилар. Чунончи Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб воқеъани баён қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра” дедилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Роббим менга меърож кечасида “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу даражада юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта жаннатий бўлади” деди”, дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни етказган эдилар Абу Бакр қаттиқ йиғладилар. Оиша розияллоҳу анҳо “Нега йиғлайсиз, ахир бу хурсандчилик хабар эмасми” деганларида, “Бу, мўминнинг қалби Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, ким унга озор етказса, дўзахийдир” дегани бўлади – дедилар.
Аллоҳ барчаларимизга ўз саҳифаларимизни солиҳ амаллар билан тўлдиришимизни насиб қилсин. Бир бир инсоннинг қалби озор беришликдан Аллоҳ паноҳ берсин. Омин!
Азизлар, Саҳифангизни эҳтиёт қилинг!
Нодирбек Нишонов,
Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжид имом-ноиби
Ота-оналар ва улар қилаётган ишларнинг фарзандлар тарбиясига таъсири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фарзандларни комил инсон қилиб тарбия қилишда, аввало, ота-оналарнинг ўзлари уларга ибрат мактаби бўлишлари лозим. Бу нарса ахлоқий тарбиянинг энг катта омилларидан биридир.
Дарҳақиқат, ота-она солиҳ бўлса, фақат хайрли ишлар қилса, ширин сўз, камтарин, хушхулқ, қўйингчи, гўзал хулқ соҳиби бўлса, бу нарса нафақат бу дунёда фарзандларнинг чиройли тарбия олишларида муҳим аҳамият касб этади, балки бунинг фойдаси фарзандларга охиратда ҳам тегади.
Шунингдек, ота-онанинг ахлоқсизлиги, ёмон амаллари фарзандлар тарбиясига ўта салбий таъсир кўрсатади. Хўш, тарбияга яхши амалнинг ижобий, ёмон амалнинг салбий таъсир этишига асосий сабаб нима? Бунинг сабаби, аввало, ота-онадаги хайрли амалларнинг баракоти, шу билан бирга Аллоҳнинг уларга амаллари учун ато этган мукофотидир. Қолаверса, халқимизда ҳам "Қуш уясида кўрганини қилади" деган ажойиб ҳикматли сўз ҳам шу тажрибадан келиб чиқиб айтилган. Худди шунингдек, ота-онадаги ёмон феъллар, ахлоқсизликларнинг касри фарзандларга уради ва келажакда ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Шу билан бир қаторда бу нарса Аллоҳнинг ўша ахлоқи бузуқ ота-оналардан ўч олиши, уқубати ҳам ҳисобланади. Яъни, фарзанди катта бўлганда гап қайтарадиган, итоат қилмайдиган, керак бўлса, ота-онасига қўл кўтаришгача борадиган беодоб бўлиб вояга етади. Албатта, бу ота-она содир этган жиноятларнинг фарзандларида акс этишидир. Шундай экан, биз ота-оналар фарзандларимизга, биринчи ўринда, ўзимиз ибрат бўлайлик.
Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссалом билан бирга бир қишлоқдан ўтаётганларида у ерда яшовчилардан таом сўрашди, меҳмон қилишларини илтимос қилишди. Қишлоқ аҳли уларни меҳмон қилишдан бош тортдилар. Шунда икковлари йиқилай деб турган бир деворга кўзлари тушди. Хизр алайҳиссалом ҳалиги деворни чиройли қилиб қайтадан қуриб тиклаб қўйдилар. Буни кўрган Мусо алайҳиссалом: "Агар хоҳласанг, бу (ишинг) учун ҳақ олишинг мумкин эди" (Каҳф, 77), деганларида, Хизр алайҳиссалом: "Энди девор эса, шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг отаси солиҳ киши эди. Бас, Раббинг улар вояга етиб, Раббингнинг раҳмати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди" (Каҳф, 82), деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло етимларнинг молларини, улар учун тайёрлаб қўйилган хазиналарни қандай асраганига, қандай муҳофаза қилганига бир эътибор қилинг! Нима учун Аллоҳ азза ва жалла ўша молни асради?!! Чунки, ўша етимларнинг оталари солиҳ киши эди! Сиз Аллоҳ асраган мазкур хазина ва моллар ҳаромдан топилган деб ўйлайсизми?!! Йўқ! Оятда отанинг солиҳ эканлиги айтиляптими, демак, солиҳ ота ҳеч қачон ҳаром молу дунё тўпламайди.
Аллоҳ таоло айтади: "(Васийлар) мабодо заиф (норасида) фарзандларни қолдириб, (вафот этганларида ўзлари ҳам) улардан хавотир олганлари каби, (ўзга етимларнинг ҳаққини ейишда) Аллоҳдан қўрқсинлар ва (уларга) тўғри гапирсинлар" (Нисо, 9).
Бу оятда Аллоҳга тақво қилиш, етимларнинг молини емаслик, уларга чиройли ва тўғри гапириш ҳақида сўз бормоқда. Бу нарсанинг тарбияга таъсири жуда катта. Чунки, Аллоҳдан қўрқадиган, етимларнинг бошини силаб, уларнинг молларидан ҳазар қилиб, уларга фақат ширин сўзлар айтадиган отанинг фарзандлари ҳам, камида, ўша оталаридек тақводор ва етимпарвар бўлиб етишадилар.
Муҳтарам ота-оналар! Таомларингизни, ичимликларингизни ҳамда киядиган кийимларингизни ҳалол ва покиза бўлишига эътибор қаратинглар. Токи, фарзандларингизнинг тақводор ва пок инсон бўлишларини сўраб дуо учун кўтарган қўлларингиз пок қўл, қалбларингиз ҳам пок қалб бўлсин. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи мажидида:
"(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур" (Моида, 27), деган.
Қурбонлик мисолида барча солиҳ амаллар, дуолар ҳам фақатгина тақволи кишилардан қабул қилинади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй инсонлар, албатта, Аллоҳ покдир ва пок нарсанинигина қабул қилади. Аллоҳ таоло пайғамбарларини буюрган нарсага мўминларни ҳам буюрди", дедилар-да, "(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) "Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман" (Мўъминун, 51) оятини ҳамда "Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!" (Бақара, 172) оятини ўқидилар. Кейин айтдилар: "Бир одам узоқ сафарга чиқса, юриб-юриб сочлари тўзиса, уст-боши чанг-тўзонларга беланиб, қўлларини Аллоҳнинг даргоҳига кўтариб: "Эй Роббим!.. Эй Роббим!.." деб дуо қилса-ю, ейдиган таоми, ичадиган ичимлиги, киядиган кийими ҳаром бўлса, ҳаром билан озуқаланса унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!!" Муслим ривояти.
Ҳурматли ота! Қўлларингиз бировнинг молини ўзлаштириш билан ёки бировга зулм қилиш билан нопок бўлган бўлса, қандай қилиб у қўлларни кўтариб: "Фарзандим солиҳ бўлсин", деб дуо қиласиз?!!
Ҳурматли ота! Оғзингиз ҳаром луқма билан, ёлғончилик билан, чақимчилик билан, ғийбат билан, бировларнинг обрўсини тўкиш билан, бировларни сўкиш, айблаш, қарғаш билан нопок бўлган бўлса, қандай қилиб у оғиз билан: "Фарзандим солиҳ бўлсин", деб дуо қиласиз?!!
Ейишингиз, ичишингиз, кийишингиз ҳаром бўла туриб, фарзандларимга чиройли тарбия бераман деб бекорга уринманг!
Уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимни Аллоҳ ижобат қилади деб ҳам ҳомтама бўлманг!
Аллоҳ фақат тақводорларнинггина солиҳ амалларини ва қилган дуоларини ижобат қилади!
Ота-она уйларида Қуръон ўқисалар, хусусан, Фотиҳа, Бақара, Ихлос, Фалақ ҳамда Нос сураларини ҳар куни тиловат қилсалар, бу тиловатни тинглаш учун фаришталар тушишади, шайтонлар эса қочади. Албатта, фаришталар билан бирга сакинат (хотиржамлик) ва раҳмат ҳам тушади. Булар эса фарзандларнинг тарбиясига, уларнинг саломатлигига жуда катта ижобий таъсир кўрсатади.
Аммо уйда Қуръон ўқилмаса, ота ҳам, она ҳам Аллоҳни кўп эсламаса, у уйдан фақат турли мусиқа-ю, куй қўшиқлар, дунё ва охиратга фойдаси йўқ кўнгилочар ўйинлар, телевизорларда ҳаё ва иффатни унуттирадиган, жанговарликни, қон тўкишни ўргатадиган, маъносиз ҳамда тутуриқсиз сериалу фильмлар жой оладиган бўлса, шайтонлар у ерни ўзларига макон қилиб оладилар. Шайтон бор жойда эса, ҳар куни жанжал, нотинчлик ва бошқа кўнгилсизликлар содир бўлади. Энг асосийси, бу нарсалар фарзандларнинг ахлоқсиз, ҳаёсиз, ор-номусни билмайдиган, вақтнинг қадрига етмайдиган, ота-онасини ҳурмат қилмайдиган, эл-юрт учун керакли инсон бўлишга интилмайдиган, дангаса, урушқоқ бўлиб ўсишига кўмаклашади. Натижада ундай хонадонларда бўлажак жиноятчилар, йўлтўсарлар, текинхўрлар, бир сўз билан айтганда, жамият учун ён унсурлар етишиб чиқади.
Отасини доим Аллоҳни зикр қилаётган ҳолда кўрган фарзанд зокир, отасининг доим шукр қилаётганини кўрган фарзанд шокир, турли мусибатларга чиройли сабр қилаётган отани кўрган фарзанд эса собир бўлиб етишади.
Фарзандларини доимо фақиру мискинларга таом беришга ундайдиган, қўлига бир коса овқатни бериб: "Буни фалон қўшнимизга олиб бор" дейдиган ота билан фарзандига: "Мана бу пулга дўкондан сигарет олиб кел" дейдиган отанинг ўртасида осмон билан ерча фарқ бор, албатта.
Отасининг доимо азон айтиб, Қуръон ўқиб юрганини кўрган, эшитган фарзанд ҳам шу нарсаларга ўрганади.
Отасининг доим қўшиқ ҳиргойи қилиб ёки сўкиниб юрганини кўрган фарзанд ҳам шу нарсаларга ўрганади.
Ота-оналар ўзларининг ота-оналарига қандай муомалани қилсалар, буни кўрган фарзандлари ҳам эртага уларга худди шундай муомалани қайтаради. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир! Чунки, ўғил отасидан, қиз эса онасидан иқтибос олади.
Отасининг тунда намоз ўқиб, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаётганини кўрган фарзанд ичида: "Нега отам тунда иссиқ ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб, муздек сувда таҳорат олиб, намоз ўқияпти?", "Нима учун отам йиғлаяпти?", "Нима учун отам берилиб дуо қиляпти?" деб ўйлайди. Шу саволлар унинг миясида айланади. Охир оқибат у ҳам, Аллоҳнинг изни билан, отасидан намуна олади.
Шунингдек, онасининг доимо бегона эркаклардан тўсилиб, уларга кўринмасликка ҳаракат қилаётганини, бундай қилишига, аввало, Аллоҳнинг буйруғи, қолаверса, ўзининг ҳаёси, иффати, ва бошқа нарсалар сабаб бўлаётганини билган қиз мазкур онадан худди шу нарсаларни ўрганади.
Онасининг доимо очиқ-сочиқ кийимларда юрганини, эркаклардан ҳам уялмай, улар билан бемалол гаплашаётганини, оғзини тўлдириб кулаётганини, номаҳрамларнинг олдида рақс тушаётганини кўрган қиз ҳам онасидан мана шу нарсаларни таълим олади.
Муҳтарам оталар! Муҳтарама оналар! Фарзандларингизга айтаётган панду насиҳатларингизга олдин ўзларингиз амал қилинглар. Зеро, Роббимиз шундай марҳамат қилади:
"Эй, имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир" (Саф, 2-3).
Фарзандларни бир яхшиликка буюриб, ўша ишни ўзлари қилмаса, ёки аксинча, уларни бир ёмон ишдан қайтариб, ўша ишни ота-онанинг ўзи қилса, бу улар учун улкан ор, катта шармандалик ҳамда нафрат белгисидир.
Фарзандларимизни тарбия қилишда ўзимиз энг гўзал намуна, энг гўзал ибрат бўлайлик.
Фарзанд тарбиясида ота-она қушга эмас, бамисоли қўйга ўхшаши керак. Хўш нега? Чунки, қуш ошқозонида олиб келган, ҳали ҳазм бўлмаган нарсани оғзидан чиқариб, полапонларига едиради. Қўй бўлса, аввал овқатни ўзи ейди, баданига сингдиради, кейин ўша еганидан ҳосил бўлган сут билан қўзиларини овқатлантиради.
Аллоҳ барчамизни фарзандларимизга ахлоқий тарбия беришда гўзал намуна ва ўрнак бўлишимизни насиб этсин! Омин!
Абу Абдуллоҳ Мустафо ибн ал-Адавий,
"Фарзандларни тарбия қилиш фиқҳи" китобидан таржима
Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Нури илоҳий ёғилсин
Беадад шукурлар бўлсинким, яқинда ҳожиларимиз муқаддас Каъба зиёратидан қайтдилар. Вилоятимиздан 950 нафар фуқарога муборак сафарга бориш, Пайғамбаримизнинг равзаи муборакларини зиёрат этиш насиб этди.
Ҳукуматимиз томонидан ҳожиларимиз учун эътибор ва ғамхўрлик, шароитлар йилдан-йилга мукаммаллашиб бораётгани, сафар харажатларининг сезиларли даражада камайгани, харажатлар миқдори камайгани билан хизмат кўрсатиш янада юқори босқичга кўтарилгани барчамизни хурсанд қилди. Бу йил 950 нафар наманганликлар муқаддас зиёратга бориш бахтига муяссар бўлдик.
Сафар чоғида ҳатто палаткаларга ҳам кондиционерлар ўрнатилди, аъло даражада тиббий хизмат ташкил этилди, саломатлик учун фойдали шифобахш неъматлардан баҳраманд бўлдик. Бизни қувонтиргани ўзбекистонлик ҳожилар тартиб-интизомда, муомала одобида, ибодатда ҳам барчага намуна бўла олдилар. Бунга сафар олдидан махсус тайёргарлик кўрилгани, бориб-келиш тартиб-қоидалари ҳақида амалий машғулотлар ўтказилгани ўзининг ижобий самарасини берди.
Ҳожилик қуруқ мартаба эмас. Уларнинг зиммасида эл ишончини оқлаш, кимгадир тиргак бўла олиш, адашганларга кўмак кўрсатишдек масъулиятли вазифалар турибди. Президентимиз томонидан минглаб инсонлар диний оқимларга хайрихоҳлар рўйхатидан чиқарилди. Улар билан маҳаллаларда тарғибот ишлари ташкил этиш, тинчлик ва биродарлик дини Исломнинг соф моҳиятини тўғри етказишимиз керак. Оила қуриш остонасида турган ёшларимиз билан суҳбатлар ўтказиш, ажралиш арафасида турган оилаларни сақлаб, фарзандларимизнинг ўксик, кўнгли ярим бўлиб қолишларининг олдини олишимиз зарур.
Юртимизда диний эътиқод эркинлиги борасида ҳам фақат ижобий фикрларни билдиришимиз мумкин. Айни пай тда вилоятимизда 187 та, Наманган шаҳрида 36 та масжидлар фаолият олиб бораётгани, кекса-ю ёш маънавий-маърифий суҳбатлардан баҳраманд бўлаётгани фикримиз исботидир. Янги ўқув йилидан бошлаб мактабларда имом-хатиблар ўқувчиларга тарғибот ишлари олиб борадилар. Чунки ахлоқ-одоб тарбияси болаликданоқ уларнинг онгига сингдирилса, тўғри йўл кўрсатилса, албатта, яхши натижа беради.
“Оила” илмий амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда бўлғуси келин-куёвларга 16 соатлик дарслар йўлга қўйилгани, бу жараёнда имом-хатибларимизнинг ҳам фаол иштирок этиши кўзланган манзилга етказишда муҳим омилдир. Оила қуриш остонасидаги ёшларга шариат илмида эр ва хотиннинг бурчлари, ота-онанинг фарзанд олдидаги, фарзанднинг ота-она олдидаги вазифалари ҳақида батафсил тушунтиришлар беряпмиз. Натижалардан кўриниб турибдики, маҳорат дарсларимизда иштирок этган ёшлар оилада, жамиятда ўзини тутиши билан кўпчиликка ибрат бўлмоқда.
Фаровон яшашимиз, бахтли ҳаёт кечиришимиз энг аввало дилдаги тоза ниятларимизга, амалий ҳаракатларимизга боғлиқ. Нотинчлик, совуқ урушлар элнинг тарқоқлиги, бир-бирини қўллаб-қувватламаслигидан. Шуни ишонч билан айта оламанки, муборак сафар давомида юртдошларимизнинг нақадар самимий, оқибатли, мурувватли, қўлни-қўлга бера олишдек саодатдан бебаҳра эмасликларидан фахру ифтихор туйдим.
Энг тароватли ва шукуҳли айём арафасида сиз азизларга гуруҳбоши сифатида барча ҳожиларимизнинг муборак саломларини етказиб, Аллоҳ уйида Каъба атрофида оилаларга тинчлик, хотиржамлик, файзу барака, эл бахти, фарзандлар иқболини тилаганликларини мамнуният билан изҳор этмоқчиман. Илоҳим, юртимизга, қалбларимизга нури илоҳий ёғилиб, босган қадамларимизни баракотли қилсин, илму мартабамиз бундан-да зиёда бўлсин. Барчангизга Истиқлол байрами қутлуғ бўлсин.
Мусахон АББОСИТДИНОВ,
Наманган шаҳар бош-имом-хатиби.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи
Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Мана шу қувончли айёмда сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни Мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклашга ижозат бергайсиз.
Бундан йигирма саккиз йил олдин Биринчи Президентимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.
Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди.
Бугун бир ҳақиқатни катта ғурур ва ифтихор билан айтишга тўла асосимиз бор: мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда.
Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Мамлакатимизни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Бу борада Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Миллий юксалиш деганда, биз мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтаришни тушунамиз.
Давлатимиз, эл-юртимизнинг салоҳияти ва куч-қудратига таяниб, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиб, биз ўз олдимизга қўйган ана шундай мақсадлар сари изчил қадам қўймоқдамиз.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Биз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни амалга ошираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси ягона, улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, мана шу меҳнаткаш, заҳматкаш, олижаноб халқимизни рози қилиш, ҳаётнинг барча синовларини матонат билан енгиб яшаётган ватандошларимизнинг ишончини оқлаш, оғирини енгил қилишдан иборатдир.
Лекин ҳаммамиз яхши тушунамизки, бундай улуғ мақсадларга ўз-ўзидан, қуруқ ва баландпарвоз гаплар билан эришиб бўлмайди. Бундай марраларга фақат тинимсиз, оғир ва фидокорона меҳнат билан эришилади.
Шу мақсадда сўнгги йилларда давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусий мулк ва тадбиркорлик учун кенг шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Макроиқтисодий барқарорлик таъминланмоқда.
Қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу йилги табиат қийинчиликларига қарамасдан, миришкор фермер ва деҳқонларимиз мардона меҳнат қилиб, кўплаб соҳаларда мўл ҳосил етиштирдилар.
Фурсатдан фойдаланиб, барча деҳқон ва фермерлар, дала меҳнаткашларини халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида эришаётган катта ютуқлари билан самимий табриклашни ўз бурчим, деб биламан.
Азиз дўстлар!
Юртимизда ижтимоий ривожланиш бўйича ўзига хос тизим шаклланмоқда. Бу борада “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби дастурларимиз аҳолини янгича фикрлаш ва ишлашга сафарбар этишда муҳим роль ўйнамоқда. Бунинг натижасида юзлаб туман, шаҳар ва қишлоқларнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланмоқда.
Илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида бўлаётган катта ўзгаришлар ҳам сизларга яхши маълум.
Биз умумтаълим мактабларида 11 йиллик тизимни тикладик. Мактаб таълимини ривожлантириш масаласи буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда олий таълим соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Фақат кейинги уч йилда 35 та янги олий ўқув юрти ташкил қилинди ва уларнинг умумий сони 112 тага етди. Буларнинг 13 таси нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари эканини алоҳида таъкидлаш лозим.
Соғлиқни сақлаш соҳасининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Юртимизда кўплаб янги шифохоналар, тиббиёт марказлари, оилавий ва хусусий клиникалар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Кейинги йилларда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонлар, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу борада Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги, Ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилганини қайд этиш лозим.
Аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш биз учун энг долзарб вазифа бўлиб келмоқда. Бизнинг барча иқтисодий ва ижтимоий дастурларимиз, йирик инвестиция лойиҳаларимиз, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларимизнинг марказида айнан шу муҳим масала асосий мақсад ва вазифа бўлиб турибди.
Узоқ вақт давомида ўткир муаммо бўлиб келган аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича ҳам юртимизда янги давр бошланди, десак, хато бўлмайди.
Мамлакатимизнинг маданий ҳаётида ҳам улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Биринчи марта Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани, Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали катта муваффақият билан ўтказилди. Куни кеча Самарқанд шаҳрида юксак савия ва баланд руҳ билан ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бетакрор мумтоз санъатимизни яна бир марта дунёга намоён этди. Сентябрь ойида эса Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказамиз.
Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир.
Мана шундай қараш бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан кенг ва қизғин қўллаб-қувватланаётгани маънавий тарбиянинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Азиз дўстлар!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича мустақил сиёсатини қатъий давом эттирмоқда ва бу сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда маҳбусларни афв этиш институти жорий этилди. Кейинги уч йилда етти марта афв эълон қилинди. Натижада қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 мингга яқин маҳбус жазони ўташ жойларидан озод этилди.
Куни кеча афв этиш ҳақидаги яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра жазо муддатини ўтаётган 65 нафар фуқаро афв этилди.
Тасаввур қилинг, ўз уйига, яқинлари бағрига қайтаётган бу инсонларнинг, уларнинг ота-онаси, фарзандларининг қувончи, хурсандчилигини “ойнаи жаҳон” орқали кўрган одам, бу ҳақиқатан ҳам эзгу ва савобли иш эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилади.
Мустақиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ифодаси бўлди.
Бу тарихий қадам мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш вақтинчалик кампания эмас, балки давлат сиёсати даражасидаги узлуксиз жараён эканини кўрсатади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда.
Чет элларда ишлаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз билан алоқалар мустаҳкамланиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда. Ўзбекистонга қайтиб, иш ёки ўқиш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган фуқароларимиз учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Бу йил 156 нафар ватандошимиз – асосан аёллар ва болалар жанговар ҳаракатлар давом этаётган Суриядан қайтариб олиб келинди ва уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари тикланди.
Албатта, кечиримли, меҳр-оқибатли бўлиш халққа ҳам, Худога ҳам манзур бўлади. Мана шундай эзгу фазилатлар бизнинг бағрикенг халқимизни янада улуғлайди.
Ҳурматли ватандошлар!
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ташқи сиёсат соҳасида ҳам фаол ва самарали фаолият олиб бормоқда. Узоқ ва яқиндаги барча давлатлар, халқаро ташкилотлар билан алоқаларимиз тобора кенгайиб, ривожланмоқда.
Аввало, Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилиб, ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилмоқда. Минглаб оддий одамларнинг чегаралардан бемалол ўтиши, минтақамиз бўйлаб эркин ҳаракатланиши, қариндош-уруғлари билан борди-келди қилишлари учун барча шароит яратилди.
Ўзбекистон минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда, Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган мулоқотларда фаол иштирок этмоқда.
Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишда, юртимизнинг дўстлари ва ҳамкорларини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, хайрихоҳ бўлиб келаётган, бугунги тантанада иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотлар вакилларига, чет эллик шерикларимизга, Ўзбекистоннинг барча дўстларига самимий ҳурмат ва миннатдорлик билдиришга ижозат этгайсиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Ҳаётимизда тинчлик-тотувлик, миллатлар ва динлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланиб бормоқда. Биз буни барча ислоҳотларимизнинг кафолати, энг муҳим натижаси, деб биламиз.
Бугунги кунда амалга ошираётган ислоҳотларимиз, халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилгани туфайли жамиятимизда очиқлик ва эркинлик муҳити тобора кучайиб бормоқда.
Одамлар ташаббус кўрсатиб, нафақат ўз шахсий муаммоси, балки кўпчиликнинг дарду ташвишларини ҳал қилиш учун давлат идоралари билан ҳамкорликда ишлашга ўрганмоқда.
Биласизлар, мен мамлакатимиз бўйлаб жуда кўп сафарларда бўламан. Жойларда, олис туман, қишлоқ ва овулларда бўлиб, янги-янги иқтисодий-ижтимоий лойиҳаларни жорий этишга, одамлар нима билан яшаяпти, уларнинг аҳволи, кайфияти қандай эканини яқиндан билишга, уларни қийнаётган муаммоларни ечиш учун ёрдам беришга интиламан.
Мана шундай очиқ, самимий мулоқотлар асосида бугун халқимиз билан кўп-кўп мураккаб, муҳим масалаларни биргаликда ҳал қилмоқдамиз. Ва бу одамларимиз қалбида келажакка ишонч уйғотиб, уларни янги, улкан марралар сари руҳлантирмоқда. Ҳеч шубҳасиз, бу – бизнинг энг катта ютуғимиздир.
Шу улуғ айёмда ҳар қандай оғир синов ва машаққатларда ҳам Ватанимиз мустақиллигини асраб, унинг барқарор тараққиётини таъминлаб келаётган мард ва бағрикенг халқимизга ҳалол ва фидокорона меҳнати, истиқлол ғояларига садоқати учун чуқур таъзим қиламан.
Муҳтарам ватандошлар!
Албатта, ҳаёт бор экан, унинг ўткир талаблари, муаммолари бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Лекин ҳар қандай муаммони оқилона ҳал қилиш учун, аввало, бирлик, ҳамжиҳатлик зарур.
Барчамизга, айниқса, раҳбар ва етакчиларга чуқур билим, ақл-заковат, сабр-тоқат керак. Шунинг учун “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган фикрда катта маъно бор. Бу ғоя фақат диний тарбия билан боғлиқ ишларда эмас, балки ҳаётимизнинг барча соҳаларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ҳар бир масалани маърифат асосида чуқур ўйлаб, халққа ҳурмат билан, такрор ва такрор айтаман, одамлар фикрини инобатга олиб, фақат қонун ва адолат мезонига таянган ҳолда ҳал этсак, эл-юртимиз биздан албатта рози бўлади.
Бугун замон ўзгарди. Энди ҳаммамиз эркинлик, очиқлик, ошкоралик шароитида ишлашга ўрганишимиз лозим. Барча ривожланган давлатлар, дунё ҳамжамияти шундай яшамоқда.
Даврнинг, ҳаётнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўқиб-ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз, билим ва савиямизни доимо ошириб боришимиз керак.
Бизнинг томирларимизда улуғ аждодларимизнинг қони оқмоқда. Буюк боболаримизнинг муносиб издошлари ва давомчилари бўлиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз.
Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна демакдир.
Шу кунларда ўзининг фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб, барчага намуна бўлаётган юртдошларимизга марказда ва жойларда давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари тантанали равишда топширилмоқда.
Эл-юртимизга садоқат билан хизмат қилиб, халқимиз ўртасида катта обрў-эътибор топган ана шундай ватандошларимизни ўз номимдан, сизларнинг номингиздан самимий табриклаб, эзгу тилакларимизни билдиришга рухсат этгайсиз.
Азиз дўстлар!
Бугун бир фикрни қатъият билан таъкидлашни зарур, деб биламан: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди.
Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати – мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз!
Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!
Қадрли ватандошлар!
Ҳаммамизга яхши маълумки, олдимизда катта сиёсий воқеа турибди. Шу йил декабрь ойида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади.
Бу сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтаришда яна бир муҳим амалий қадам бўлади.
Бу сайловлар бутун халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беради, деб ишонаман.
Бугунги кунда қанча-қанча билимли, нуфузли хорижий университетларда таҳсил олган, чет тилларни, замонавий бошқарув усулларини яхши биладиган навқирон ёшлар ҳаётимизга кириб келмоқда.
Улар бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз. Шунинг учун ёшларга кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш, уларга масъул лавозимларни ишониб топшириш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Азиз фарзандларимиз эл-юртимизнинг ана шундай юксак эътиборига муносиб бўлиб, ўз салоҳияти билан, миллий ғоямизга садоқати билан Ўзбекистонимизни бутун дунёга тараннум этишларига ишонаман ва бу йўлда уларга бахт ва омад тилайман.
Муҳтарам ватандошларим!
Сизларни Ўзбекистон давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан самимий табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, жонажон Ўзбекистонимиз омон бўлсин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
манба: https://president.uz/uz/2846
Илмсиз равишда фатво бериш
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз сафарга чиқдик. Орамиздан бир кишига тош тегиб, бошини ёрди. Кейин ўша одам эҳтилом бўлиб қолди ва шерикларидан “Менинг таяммум қилишимга рухсат топа оласизларми?” деб сўради. Улар “Биз сенга рухсат топа олмаймиз. Ваҳоланки, сен сувга қодирсан” дейишди. Ҳалиги одам ғусл қилди ва вафот этди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига қайтганимизда ўша иш ҳақида хабар берилди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Улар уни ўлдиришибди. Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрамайдиларми? Ахир билмасликнинг шифоси сўраш-ку! У одамнинг таяммум қилиши ва жароҳати устига бир латтани қўйиб ёки боғлаб (бу ровий Мусонинг шаккидир), сўнгра уни устига масҳ тортиб, қолган жасадини ювиши кифоя қиларди” дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда айтилишича, сафарга чиққан бир одамнинг бошига тош тегиб, бошини жароҳатлабди. Кейин у эҳтилом бўлиб қолиб, шерикларидан таяммум қилишга рухсат сўрабди. Шериклари унинг сувга қодирлигини айтиб, таяммум қилишига рухсат беришмабди. У одам ўша ҳолида ғусл қилибди. Ғусл қилаётган чоғида ҳавонинг совуқлиги ва бошидаги жароҳатга сув кириши натижасида вафот этибди. Бу воқеа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилганда, у зот алайҳиссалом ўша илмсиз равишда фатво берган кишилар ҳақида “Улар уни ўлдиришибди. Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин” деб, уларнинг қилган ишларини қоралабдилар. Кейин “Билмасалар сўрамайдиларми? Ахир билмасликнинг шифоси сўраш-ку!” дебдилар.
Бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам илмсиз равишда фатво берувчиларни қаттиқ қоралаб, бу ишдан қайтарганларини очиқ-ойдин кўришимиз мумкин.
Бу ҳадисдан келиб чиқиб, агар биз фатво бериш аҳлидан бўлмасак, бизда бирор масъала тўғрисида илм бўлмаса, фатво беришга асло шошилмаслигимиз, ўша масъала ҳақида гапирмаслигимиз лозим бўлади.
Биз бу ҳадисдан яна фатвони фақат илмли, унга аҳл бўлган уламолардангина сўрашимиз лозимлигини ҳам ўрганамиз.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳига Мадинанинг етмишта олими у кишининг фатво беришларига рухсат бергандан кейингина ижтиҳод қилиб, фатво берганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шунчалик олим бўлишларига, мужтаҳид бўлишларига қарамасдан, кўпинча “Билмайман” дер эдилар.
У кишининг Ҳайсам ибн Жамийл деган шогирдлари қуйидаги воқеани ривоят қилган: “Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан бир куни қирқ саккизта масъала сўралди. У киши олтита масъалага жавоб бердилар ва қолган қирқ иккита масъала хусусида эса, “Билмайман” дедилар”.
Бир куни бир киши узоқ шаҳардан у кишининг олдиларига келиб, бир масъалани сўради. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ унга “Билмайман” дедилар. У одам “Мен сизнинг олдингизга узоқ шаҳардан келдим. Энди аҳлимга нима дейман?” деди. Шунда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ у одамга: “Аҳлингга “Молик масъалани яхши билмас экан” деб айт” дедилар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ улуғ мужтаҳид бўлишларига қарамасдан одамларга билмаган нарсалари ҳақида савол берилса “Билмайман” дейишни шу тарзда таълим берардилар. Ваҳоланки, у киши ҳақларида шундай дейилган: “Модомики, Молик Мадина экан, ундан бошқа киши тарафидан фатво берилмайди”. Бундай дейилишининг сабаби бор, албатта.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг замонларида бир аёл вафот этган аёлни юваётган эди. Бир пайт юваётган аёлнинг қўли Аллоҳнинг қудрати билан вафот этган аёлнинг жасадига ёпишиб қолди. Одамлар нима қилишни билмай, ҳайрон бўлиб қолдилар. Уламолардан сўрашди. Маййитнинг жасадини кесиш мумкин эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Вафот этган мўминнинг суягини синдириш тирик ҳолида суягини синдириш кабидир” деганлар. Ҳа, вафот этган мўминнинг ҳам ҳурмати жойига қўйилади. Уламолар ҳам бунинг жавобини билолмадилар.
Кейин Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан сўрашди. Аллоҳ таоло у кишига бу масъаланинг жавобини билдирди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ичларида “Эҳтимол, вафот этган аёлнинг қўли ёпишиб қолган аёлда ҳаққи бордир” дедилар ва келганларга: “Ювувчи аёлдан сўрангларчи, вафот этган аёлни юваётган пайтда нима деган экан” дедилар. Улар бориб, аёлдан сўрашди. Аёл “Ҳеч нарса демадим” деди. Улар аёлни қаттиқ сўроққа тутганларидан кейин у вафот этган аёлни зинода айблаб, қазф қилганини тан олди.
Пайғамбар алайҳиссалом қазфни еттита ҳалок қилувчи кабира гуноҳлар қаторида санаганлар. Қазфнинг жазоси эса, саксон дарра урмоқликдир. Аёл ўз айбига иқрор бўлгандан кейин унга ҳад ижро этилди. Яъни унга саксон дарра урилди. Ҳад уриб бўлингач, ювувчи аёлнинг қўли вафот этган аёлнинг жасадидан ажради.
Шунинг учун “Модомики, Молик Мадинада экан, ундан бошқа киши тарафидан фатво берилмайди” дейилган. Шундоқ инсон “Билмайман”ни кўп айтганларидан кейин биз жуда ҳам ҳушёр бўлишимиз керак. “Билмайман” деган сўзни ўз ўрнида ишлатиш айб эмас.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу “Илм учтадир: гапирувчи Китоб (яъни Қуръон), Суннат (собит ҳадис), “билмайман” деганлар.
У киши “Билмайман”ни илмнинг учдан бири демоқдалар. Лекин баъзи кишилар кибр ёки одамларни юзхотир қилиб, “Мен ҳақимда нима деб ўйларкинлар” деган ҳадик билан илмсиз равишда фатво беришади, бу ишга журъат қилишади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким илмсиз равишда фатво берса, уни осмон ва ер фаришталари лаънатлашади”. Ибн Асокир ривояти.
Демак, илмсиз равишда фатво бериш гуноҳи кабиралардан экан.
“Илм шаҳрининг эшиги” дея васф қилинган Али розияллоҳу анҳу “Билмаган нарсам ҳақида сўралганимда “Билмайман” демоқлигим қандай ҳам яхши!” деганлар.
Али розияллоҳу анҳу “Илм шаҳрининг эшиги” деб сифатланганлар. Бунга сабаб у киши кўп масъалаларни билишлари, кўплаб муаммоларни ҳал қилиб беришлари эди. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу “Аллоҳдан Абулҳасан ҳал қилиб беролмайдиган муаммодан паноҳ сўрайман” деганлар.
Саҳобаларнинг афзали, Пайғамбарлар алаҳимуссаломдан кейин инсониятнинг афзали бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам “Билмайман” дер эдилар.
Бир куни у кишининг ҳузурларига бир одам келиб: “Аллоҳ таоло “Ва фаакиҳатав ва аббаа” деган. Шу оятдаги “Аббаа” нима?” деб сўради. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу “Агар мен Аллоҳнинг Китобидаги оят ҳақида билмасдан гапирсам қайси осмон менга соябон бўлиб, қайси ер мени кўтариб туради?!” дедилар.
Ўша пайтларда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга мазкур оятнинг тафсири етиб келмаган эди. У зот уни ҳали билмас эдилар. Шунинг учун у зот мазкур оятнинг тафсири ҳақида “Билмайман” дедилар, ўзларича тафсир қилмадилар.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислардан бирида “Ким Қуръон (оятлари) ҳақида ўз раъйи билан гапирса (тафсир қилса), тўғри қилган бўлса ҳам хато қилибди” деганлар. Термизий ривоят қилган.
Яъни ким бир устоздан илм олмай туриб, Қуръон тафсирига оид илмларни ўрганмай туриб, ўзича Қуръонни тафсир қиладиган бўлса, мабодо тўғри тафсир қилган бўлса ҳам, барибир хатога йўл қўйган ва оғир гуноҳни содир этган бўлади. Шунинг учун илмсиз равишда Қуръонни тафсир қилиш, илмсиз равишда фатво бериш ўта хатарли ишдир.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Муснад”ларида бир ривоятни келтирганлар. Бир киши келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, менга ернинг энг афзал жойи ва ернинг энг ёмон жойи ҳақида хабар беринг” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Билмайман. Биродарим Жаброилдан сўрайман” дедилар ва Жаброил алайҳиссаломдан сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом ҳам “Билмайман” дедилар. Оламларнинг Роббидан ваҳий орқали бу саволнинг жавоби келди: “Албатта, маконларнинг энг афзали масжидлардир. Энг ёмони эса, бозорлардир”.
Демак, инсониятнинг саййиди бўлган зот алайҳиссалом “Билмайман” деган бўлсалар, биз қандай ҳолатда бўлишимиз керак?!! Бу борада ҳам бизга у зот алайҳиссалом гўзал ўрнак бўлганлар. Ҳаммамиз у зот алайҳиссаломдан ўрнак олишимиз ва билмаган нарсамиз хусусида сўралсак, “Билмайман” дейишимиз керак.
Аллоҳ таолодан тилларимизни илмсиз равишда фатво беришдан сақлашини сўраймиз. Албатта, У Зот ҳамма нарсага қодирдир.
Манба: islom.uz
Шайх Иброҳим Аккоснинг “Калимату хойр” кўрсатувидан
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси