www.muslimuz
Агар ёмғир атомлари ёғса...
Агар осмондан сув эмас, балки унинг атомлари бўлган водород ва кислороднинг ўзи ёғса, одамлар куйиш, терининг ўйилиши натижасида ҳалок бўлган бўлардилар.
Агар фаразан ўша атомлар одамларни ҳалок қилмаган тақдирда ҳам, ҳеч бир лаборатория водород ва кислород атомларини бир-бирига қўшиб, сув ҳосил қилолмаган бўларди.
Ердаги лабораторияларда кислород ва водород атомлари бириктирилса, сув эмас, портловчи модда ҳосил бўлар экан.
Қолаверса, ҳеч бир олим, кимёгар, физик ва бошқа соҳанинг академиклари жам бўлиб, барча моддий ва техник имкониятларни ишга солсалар ҳам битта кичкина ёмғирли булутни ҳосил қила олмайдилар.
Бизга эса ҳеч бир сарф-харажатсиз осмондан барака ёмғирлари ёғади.
Бу Роббимизнинг биз ожиз бандаларига кўрсатган улкан марҳаматларидан биридир!
У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَهُوَ الَّذِي أَرْسَلَ الرِّيَاحَ بُشْراً بَيْنَ يَدَيْ رَحْمَتِهِ وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً طَهُوراً لِنُحْيِيَ بِهِ بَلْدَةً مَّيْتاً وَنُسْقِيَهُ مِمَّا خَلَقْنَا أَنْعَاماً وَأَنَاسِيَّ كَثِيراً
“У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув туширдик. У ила ўлик юртни тирилтиришимиз ва ўзимиз яратган кўплаб чорва ҳайвонлари ҳамда инсонларни суғоришимиз учун” (Фурқон сураси, 48-49-оятлар).
Аллоҳнинг улкан неъмати бўлмиш сувни истеъмол қилаётганимизда Роббимиз бизга нақадар Меҳрибон, Марҳаматли эканини ўйлаб кўрайлик!
Нозимжон Ҳошимжон
ФОЛБИНЛИК ҲАҚИДА
Жорий йилнинг 10 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова Тошкент шаҳар “Шайх Зайниддин” масжидида имконияти чекланганлар учун “Фолбинлик ҳақида” мавзусида слайд кўринишли маъруза қилди.
Кейинги вақтларда келажакдан башорат берувчилар, инсонни тақдири ҳақида хабар қилувчилар сони кўпайиб бормоқда. Башорат қилишнинг ҳам турли йўллари бўлиб, уларга: кафтга, юлдузларга, расмга, қартага, қаҳва қуйқасига, сувга ва бошқа нарсаларга қараб инсонларнинг тақдиридан хабар беришади. Башоратчиларнинг ўзларини эса: фолбин, коҳин, ромчи, мунажжим, арроф ва бошқа номлар билан номланади.
Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратар экан, жами маҳлуқоту мавжудотларининг ҳолатини, келажагини, тақдирини Ўзининг буюк илми ила тақдирга битик қилди. Шунингдек ғайб илми, эртанги кун ҳолати, келажакдаги бўладиган ишларни билиш фақат Аллоҳгагина хосдир.
Буюк Аллоҳ ғайб сирларидан ҳеч кимни, фаришталар, жинлар, ҳатто валийларни ҳам хабардор этмаган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ узилиб тушса ҳам билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом, 59 оят).
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдиларки: “Ким фолбин ҳузурига бориб бирор нарса ҳақида сўраса кейин фолбин берган жавобга ишонса, ўша кишининг қирқ кун ўқиган намози қабул бўлмайди”.
Маъруза сўнгида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларни беришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова
Татаристонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи 24 июлда Саудияга жўнаб кетади
Татаристон Республикасидан жорий йилги Ҳаж мавсумига жўнаб кетиши кутилаётган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи 2019 йилнинг 24 июль куни Саудия Арабистонига учиб кетиши маълум қилинди. Бу ҳақда Татаристон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилди.
24 июль куни татаристонликларнинг тўрт гуруҳи Москвадан парвозни амалга оширадилар. Ушбу гуруҳларда жами 196 киши бўлиши айтилган.
25 июль куни эса яна 49 нафар зиёратчилар Қозон шаҳридан Ҳажга жўнайдилар. Жорий йилда Россия Федерацияси учун ажратилган 20,5 минг кишилик квотадан 1800 ўрин татаристонлик зиёратчилар учун ажратилган. 2018 йилнинг декабрида ушбу квотадан тўлиқ фойдаланилгани хабар қилинган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Исиб кетдингизми?
Шу кунларда об-ҳавонинг кескин кўтарилиб кетиши оқибатида кўпчилик ўзини соя-салқин жойларга, сув ҳавзалари бўйига, тоғ олди дам олиш масканларига уряпти.
Маълумки, зилзила, сув тошқинлари, қаттиқ шамол эсиши, кучли ёмғир, қор ва дўл кабиларнинг ёғиши, момақалдироқ гумбурлаши ва чақмоқ чақиши Аллоҳ таолонинг қудратига, азаматига далолат қилувчи Унинг аскарларидандир.
Жазирама иссиқ ҳаво ҳам Унинг қудратига далолат қилувчи аскарлардан биридир. Жазирама иссиқ ҳақида ҳадиси шарифларда ҳам зикр қилинган.
حَدَّثَنَا عَلِيُّ بْنُ عَبْدِ اللهِ قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ قَالَ: حَفِظْنَاهُ مِنَ الزُّهْرِيِّ عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «إِذَا اشْتَدَّ الْحَرُّ فَأَبْرِدُوا بِالصَّلَاةِ، فَإِنَّ شِدَّةَ الْحَرِّ مِنْ فَيْحِ جَهَنَّمَ».
وَاشْتَكَتِ النَّارُ إِلَى رَبِّهَا فَقَالَتْ: يَا رَبِّ، أَكَلَ بَعْضِي بَعْضًا. فَأَذِنَ لَهَا بِنَفَسَيْنِ نَفَسٍ فِي الشِّتَاءِ، وَنَفَسٍ فِي الصَّيْفِ، فَهُوَ أَشَدُّ مَا تَجِدُونَ مِنَ الْحَرِّ، وَأَشَدُّ مَا تَجِدُونَ مِنَ الزَّمْهَرِيرِ».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иссиқ кучайганда намозни салқинлатиб ўқинглар, чунки иссиқнинг шиддати жаҳаннам тафтидандир», дедилар».
(У зот:) «Дўзах Роббига шикоят қилиб: «Роббим, ич-этимни еб юбордим», деди. Шунда У Зот дўзахга икки нафасга изн берди: қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга. Сиз дуч келадиган энг қаттиқ иссиқ ва энг қаттиқ совуқ ана ўшандандир», дедилар» (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).
Ушбу ҳадиси шарифда ҳавонинг ўта иссиқлиги жаҳаннам тафтидан эканини очиқ баён этиляпти. Шу кунларда иссиқ ҳавода юрар эканмиз, жаҳаннам тафти ҳақида тафаккур қилиб, ўзимизни ўнглайлик!
Жаҳаннамнинг бир марта нафас олиши шунчалик жазирама иссиққа сабаб бўлса, унинг ўзининг ҳарорати қандай экан?! Аллоҳ таоло бизни жаҳаннамдан асрасин!
Бу дунёнинг иссиғидан соя-салқин жойларга қочиб қутулармиз, аммо охиратдаги иссиқдан қаерга қочамиз?!
Шу кунларда “Аллоҳумма ажирний мин ҳарри жаҳаннам” дуосини кўпроқ ўқийлик!
Маъноси: “Эй Аллоҳ, мени жаҳаннам оташидан асрагин!”
Аллоҳ таоло барчамизни дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли бандаларидан айлаб, жаҳаннам азобидан асрасин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Ҳамдардлик мактублари
Ҳамдардлик мактублари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига укаси Исломхон Алимовнинг вафоти муносабати билан хорижий давлат муфтийлари номидан ҳамдардлик мактублари келмоқда. Уларнинг айримлари мазмунини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига,
Ҳурмали Муфтий ҳазратлари!
Укангиз Исломхон Алимовнинг вафоти ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан эшитдим. Шу муносабат билан шахсан ўз номимдан, Уламолар Кенгаши ва Қозоғистон мусулмонлари номидан Сизга чуқур таъзия билдираман. Аллоҳ таоло марҳумни Ўз раҳматига олиб, гуноҳларини мағфират этсин.
Ўзбек-қозоқ халқлари азал-азалдан бир-бирларига оға-инидир. Қадимдан қувончли ёки қайғули кунларида бир-биримизга елкадош бўлиб келаётган элмиз. Қозоғистон мусулмонлари Сизнинг бошингизга тушган мусибатга улуғ ажр-савоблар беришини Ҳақ таолодан сўрашмоқда. Дин хизматида бўлган Қозоғистондаги уламолар ва имом-хатиблар ҳам дуода бўлмоқда.
Ҳақ таоло Сизга ва марҳумнинг яқинларига чиройли сабр бериб, инингиз Исломхон Алимовнинг имонини саломат айлаб, жаннат хушхабари билан хушлантирсин.
Эҳтиром ила,
Қозоғистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий Серикбай ҳожи ОРАЗ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига,
Ҳурмали Муфтий ҳазратлари!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига укаси Исломхон Алимовнинг вафоти муносабати билан Қирғизистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ва шахсан ўз номимдан чуқур таъзия билдираман.
Бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилган инингиз Исломхон Алимовни Аллоҳ таоло ўз раҳматига олиб, гуноҳларини мағфират айласин. Ётган жойларини жаннат боғчаларидан бир боғча айлаб, Охиратда жаннатдан муносиб жой берсин.
Ҳақ таоло Сизга ва марҳумнинг яқинларига чиройли сабр бериб, ортда қолган фарзанду аржумандларини солиҳлардан айласин. Қилган амалларини мақбул қилиб, имонларини саломат айласин.
Эҳтиром ила,
Қирғизистон мусулмонлари идораси
Уламолар Кенгаши раиси Ҳабибуллоҳ ҳожи Қодирбердиев